Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (12-қисм - финал)
“Мени шу даражага етказган Батинков, энди ўзи менинг изимга тушибди-да”, деган фикр ўтди хаёлимдан. Кўнглимда ўкинч пайдо бўлди. Айримлардан ҳар қандай разилликни кутгандим, аммо устозим шундай қилади, деб ҳечам ўйламагандим. На илож, агар мени Батинков ўлдирса, розиман. Фақат унгача ишларимни тугатиб олишим зарур.
— Сиз бунақа маълумотларни қаердан олдингиз? — сўрадим Александр Петровичдан бамайлихотир. Менинг хотиржамлигим рўпарамда ўтирган одамни ҳайратлантирди.
— Кремлдагилар билан ош-қатиқлигимни сенга илгари айтгандим. Дарров эсингдан чиқдими? — деди у кулиб.
— Тушунарли, — дедим мен мийиғимда кулиб, — бошим омон бўлса, ҳаммасини бир-бир кўравераман.
Мен ўрнимдан туриб дарвоза томонга юра бошладим. Александр Петрович бу сафар мени қолишга ундамади. Қолдирмоққа урингандаям ўзи изза бўлиб қоларди. Дарвозага етганимда йўлимни иккита барзанги тўсиб чиқди.
— Бу ердан фақат Александр Петровичнинг рухсати билан чиқиш мумкин, — деди улардан бири.
— Мен рухсатсиз чиқадиганлар хилиданман, — дедим асабим ўйнаб, — йўлимдан қочинглар, йўқса ўзларингга жабр бўлади.
Улар менга ўшшайишди.
— Майли, қўйиб юбораверинглар, кетаверсин, — деди орқадан Александр Петрович.
Барзангилар йўлни бўшатишди, мен уларга олақараш баҳонасида кўзларининг қорачиқларига эътиборимни қаратдим. Чунки бундай пайтда ҳар нарса бўлиши мумкин эди. Ҳар тугул уларнинг кўзларида ортиқча ҳаракатга дахлдорлик нишонаси кўринмади.
Йўлда кетаётиб: “Москвага бориб биронта меҳмонхонага жойлашсамми? — деб ўйладим. — Йўқ, ундай қиладиган бўлсам, имкониятим бирмунча чекланиб қолар экан. Яхшиси, шу атрофдан биронта жой топганим маъқул. Шундай қилсам, Александр Петровичнинг уйини кузатиб туришга имкониятим бўлади. Чаён, менимча, унинг уйида жон сақлаяпти. Бошқа жойга кетиш учун унда юрак иккита бўлиши керак”.
Узоқдан машина кўринди. У яқинлашгани сайин менга таниш туйила бошлади. Ниҳоят машина ёнгинамга келганида ҳайдовчи бирдан қаттиқ тормоз берди. Ундан сакраб тушган Маша югуриб келди-да, бўйнимдан қучоқлаб:
— Қаёққа кетаяпсан? — деди ҳаяжон билан.
— Сизларникида иссиғим битибди. Энди бошқа жойга кетаяпман, — дедим мен.
— Отам билан келишолмадингларми? — сўради у мени қўйиб юбормасдан.
— У ҳақ. Мен эса уни ўлимдан олиб қолганимни пеш қилолмайман. Миннат бўлиб қолади.
— Отамни сўнгги пайтларда умуман тушунмай қолдим. Ахир сен бебаҳосан-ку. Мен бунга йўл қўёлмайман. Сен бизникида турасан. Ана, ўзининг қанча ўртоқлари неча кундан бери шу уйдан кетмайди.
— Ким экан у одамлар? — дедим мен ўзимни гўлликка солиб.
— Худди сенга ўхшаган учта ўзбек. Эртаю кеч нарда, бильярд ўйнашади. Қиладиган ишлари йўқми, дейман.
— Отлари нима уларнинг?
— Биттасиники Миша, отам уни шундай деб чақиради...
— Яхши, — дедим Машанинг гапини бўлиб, — улар катта амалдорлар бўлишса керак-да.
— Кетдик, отам билан ўзим яхшилаб гаплашиб қўяман, — деди Маша бўйнимдан қўлини олиб. Унинг содда, беғубор гапи менга ёқиб тушди.
— Маша, отанг менга “қол”, деб айтди. Лекин ўзим қолмадим. Бошқа ишларим чиқиб қолди. Шуларни битиришим керак. Кейин балки қайтиб келарман.
— Унда бундай қиламиз. Бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда менинг квартирам бор. Уни отамдан яширинча ўзим олганман. Шу ерда турасан.
Мен Машага рози эканлигимни билдирмадим. Бироз ўйланган бўлдим-да:
— Отанг эшитиб қолса хафа бўлади-да, — дедим.
— Билмайди, — деди у ишонч билан.
— Анави-чи? — дедим мен секин кўзим билан ҳайдовчига имо қилиб.
— У, — деди Маша кўзимга қараб, — менинг энг ишончли одамим. Кўп нарсаларни отамга билдирмай иккаламиз қилганмиз. Бунинг устига, унинг тили қисиқлик жойи бор. Агар бирон ниманинг ҳидини отамга билдирса, ўзининг боши кетади.
— Унда мен розиман, — дедим Машага кулиб қараб.
Машанинг квартираси унчалик узоқда эмас экан. Манзилга етиб борганимиздан кейин, қиз ҳайдовчига ўзининг уйига бориб туришини тайинлаб, жавоб бериб юборди.
Биз тўрт қаватли уйнинг иккинчи қаватига чиқдик. Маша калитини чиқариб темир эшикни очиб, мени ичкарига таклиф қилди. Уй ниҳоятда дид билан таъмирланган, ҳамма хоналарда чет элда ишлаб чиқарилган мебеллар, деворларда турли хил суратлар осилган.
— Икки йил бўлди бу уйни сотиб олганимга. Зериккан кезларим биронта дугонамни олиб келиб шу ерда ўтираман. Лекин ҳали биронта ҳам эркак зоти қадамини босмаган, — деди хоналарни бирма-бир кўрсатиб чиққан Маша.
— Менга уйинг жудаям ёқди. Ўзимни қандайдир эркин ҳис қилаяпман, — дедим мен Машанинг кўнглини кўтариш учун. Умуман, унинг кўнглини кўтаришнинг ҳожати йўқ эди. У менинг келганимга хурсанд эди.
Биз ошхонага ўтдик. Маша музлаткичдан бир шиша коньяк, тўрт хил газак олиб стол устига қўйди.
— Бу шарт эмасди, — дедим мен коньякни қўлимга олиб, — Александр Петрович билан анча ичиб қўйибман. Агар яна ичсам маст бўлиб қоламан.
— Шунчаки удум учун, — деди Маша ва кўзини қисиб қўйди.
— Яхшиси мен дам олсам-чи, жудаям чарчаганман.
Шу гапни айтишим билан у менга қараб анграйиб қолди. Кейин қўлига олган ичимликни қайтариб музлаткичнинг ичига қўйди-да:
— Сен унда каравотга ётиб тур, мен чўмилиб оламан, — деди.
Икки кишилик каравотга ётдим-у, Александр Петровичнинг гапларини эсладим. Унинг менга қилган ноҳақлигидан жаҳлим чиқди: “Майли, менга ёрдам беролмас экан, Чаённи ҳам қанотининг тагида асрамаслиги керак эди... Тўхта, бу ерда бир гап борга ўхшайди. Ахир, бекордан-бекор мушук офтобга чиқармиди? Фикру ожизимча, Чаён унга бирон нима ваъда қилган. Пул бўлмасаям, шунга яқинроқ бирон нима. Эвазига Александр Петрович уни мендан ҳимоя қилади. Кўрамиз, ҳимояси қанақалигини...” Мени қаттиқ уйқу боса бошлади. Шунча кўзимни очишга ҳаракат қилмайин, барибир юмилиб кетаверди. Машанинг ички кўйлакда эшик ёнида пайдо бўлганини ҳам парда ортида кўргандай бўлдим. Унинг устидаги кийимни ечиб ташлаб, менга суйкала бошлаганини ҳам зўрға идрок қиларканман, ўзим, менга нима бўлаяпти, деб ўйлардим.
— Сен ухламаслигинг керак. Мен бу учрашувни қанчадан бери орзиқиб кутаман, — деди Маша юзимга оҳиста ураркан.
— Қаттиқроқ, — дедим унга.
— Нима қаттиқроқ? — дея сўради у.
— Қаттиқроқ ур юзимга.
— Ҳозир, — дея Маша бирдан ўрнидан туриб кетди. Кўзим яна илинган экан, юзимга муздай сув сепилди. Чўчиб тушиб, сакраб ўрнимдан туриб кетдим.
Батинков тайёргарлик ниҳоялаб бораётган кезлари: “Жосуслик шундай нарсаки, мақсадингга етишинг учун ҳеч нарсадан қайтмаслигинг керак. Агар тортинсанг, кимгадир хиёнат қилаяпман, деб ўйласанг, шу пайтнинг ўзида сенинг фаолиятингга нуқта қўйилади”, деганди. Ичимда Барнодан кечирим сўраётган бўлсам-да, Маша истаган нарсани бажардим. У шунақанги ҳаяжонга тушиб кетган эдики, ҳатто кўкрагимдан тишлаб олди...
— Сашка, негадир кўзларинг мунгли. Нималар сенинг бошингни қотираяпти? — деди шифтга қараб ётган Маша.
— Сенга айтганим билан, барибир, менга ёрдам беролмайсан, — дедим мен, — шунинг учун ҳеч нарса демаганим маъқул.
— Ёрдам бераман, — деди Маша мен томонга ўгирилиб, — менга ишонавер. Мен сени бир кўришдаёқ севиб қолганман. Севгим учун ҳамма нарсага тайёрман.
— Агар менинг ишим сенинг отанг билан боғлиқ бўлса-чи? Айтайлик, мен ишимни адо қилаётганимда отангга зиён етиб қолса-чи? Шунда ҳам отангни ташлаб менга ёрдам берасанми?
Маша бошини кўкрагимга қўйиб ўйланиб қолди. Мен ундан жавоб олиш учун беш дақиқа кутдим. Ахийри у бошини кўтарди.
— Мен отамнинг нима ишлар билан шуғулланишини биламан. Сенга инсофсизлик қилганини ҳам кўнглимда ҳис қилиб турибман. Лекин нима бўлган тақдирдаям агар сен қилаётган иш отамнинг ҳаёти билан боғлиқ бўлса, унда сенга қарши курашаман. Агар шунчаки, унинг асаби бузилса ёки бирон жойига озгина зиён етса, унда ҳечқиси йўқ. Мен сенга ёрдам бераман, — деди у.
— Раҳмат, — дедим мен унга ва бурнидан чимдиб қўйдим, — сенинг отанг билан ишим йўқ. Менга уйларингдаги анави учта ўзбекнинг кимлигини аниқлаштириб берсанг бўлди.
— Шу, холосми? — деди у кулиб. — Мен жуда қилиб бўлмайдиган бирор оғир юмушни айтасанми, деб ўйлагандим. Буни бугуннинг ўзидаёқ ҳал қиламан.
Кейин у кийиниб чиқиб кетди. Менинг уйқум буткул ўчганди. Ҳайронман, илгари суткалаб ҳам ухламай юрсам-да, бунақа уйқу босмас эди. Бемалол, ухламасдан ҳам ўзимни дам олдиролардим. Лекин... Назаримда, Александр Петрович берган ароқда бир гап борга ўхшайди. Ҳақиқатан ҳам мен унга ортиқча ишониб юбордим. Яхшиям, қизининг ҳаракати билан тезда ўтиб кетди.
Маша анча кетди. Балконга чиқаман, атрофни кузатиб зерикаман, кейин яна уйга кириб, телевизорни қўяман, лекин кўргим келмайди, зерикиб кетаман.
Ниҳоят, эшик тақиллади. Бориб очсам, Маша жилмайиб турибди. У бирдан менинг бўйнимга осилиб, қулоғимга:
— Мен сени севаман, — деди пичирлаб. Мен уни кўтариб уйга олиб кирдим.
— Нима бўлди? — сўрадим Машага диққат билан тикилиб.
— Сенинг топшириқларингни бажардим. Ўзиям бопладим. Уйга борсам, улар отам билан бирга ташқарида ароқхўрлик қилишаётган экан. Ёнларига ўтириб олдим. Отам бир-икки марта мени ҳайдаб юбормоқчи бўлди. Лекин кетмадим. Иржайиб-тиржайиб ўтиравердим. Кейин Миша амакидан, «Асли исмингиз нима?» — деб сўрадим. У “Музаффар”, деди. «Намунча узун исм?» деб унинг устидан кулдим. У отамга қараб, “Худди мана шу қизингга ўхшаган менинг ҳам қизим бор, бирам шаддодки, умринг узоқ бўлгур”, деди...
— Шунақамикан? — дедим мийиғимда кулиб, хаёлимдан эса Чаённинг қизининг ўлими олдидан айтган гаплари ўтди.
— Сен унинг қизини танирмидинг? — деб сўраб қолди Маша.
— Йўқ, танимайман, — дедим ёлғон гапириб, — хўш, кейин нима бўлди?
— Нима бўларди, мен улар билан озгина шўхлик қилдим-да, ўрнимдан турдим. Кетар чоғимда отамнинг Миша амакига “Эртага йўлга чиқасан”, деган гапини эшитиб қолдим. Бор-йўғи шу, — деб мени қучоқлади Маша.
— Улар қайси уйда ётиб туришади? — деб сўрадим.
— Иккинчи қаватдаги битта хонада. Шунақа ёмон туришадики, фаррошларимиз нолигани-нолиган.
— Сенинг бу ерга келганингни ҳеч ким кўрмадими?
— «Дугонамнинг туғилган кунига кетаяпман. Кеч қайтаман», деб айтиб келдим отамга, — деди Маша, — юр, бирон жойга бориб овқатланиб келамиз.
— Тузукроқ жой борми, ўзи? — дедим мен норози қиёфада.
— Битта зўр тунги клуб бор. Москвалик мафиозники. Отам шунча қилсаям ололмади ўша клубни.
— Ким экан ўша мафиоз?
— Асланми, Арманми? Ишқилиб, исми эсимда йўқ. Лекин ҳақиқатан зўр жой... Эй-й, сенга айтиш эсимдан чиқибди. Мен боя отамларнинг ёнига бораётганимда отам Миша амакига: “Аслан сени сўраб қўймаяпти”, деганди. Шунда Миша амакининг бирдан ранги оқариб кетди. Бу ер ўша Аслан деган одамники бўлса керак. Лекин Миша амакининг нега ранги оқариб кетди, ҳайронман, — деди Маша ўйланиб.
— Қандайдир ўзаро гапи бўлса керак-да. Улар билан бизнинг нима ишимиз бор? Тунги клуб масаласига келсак, тўғриси, бугунча шу ерда ўтира қолайлик, эртагами-индинми борармиз.
— Унда мен овқат пишираман. Овқатим бирам зўр чиқадики, шу пайтгача ҳамма мақтаб еган.
— Менинг эса гумоним бор. Уйларингда шунча хизматкор бор-у, сенга овқат қилдириб қўйишадими? — дедим мен кулиб.
— Баъзан мен ўзим овқат қиламан. Дам олиш учун. Бувим уста ошпаз бўлган эканлар. Менгаям ўргатганлар. Ҳозир овқатни тайёрлай, бунга ўзинг ҳам амин бўласан, — дея Маша юзимдан ўпиб қўйди-да, ошхона томонга юрди.
Ҳақиқатан ҳам у пазанда экан. Мен номини билмайдиган бир таом тайёрладики, мазаси оғзимда қолди. Роса тўйиб еганимдан кейин:
— Сендан яхши хотин чиқади, — дея уни мақтадим.
Биз ярим тунгача бирга ўтирдик. Гаплашмаган мавзумиз қолмади ҳисоб. Менинг гапларимни ниҳоятда эътибор билан эшитганидан, ўзининг ҳам мазмунли гапларидан шунга амин бўлдимки, ҳақиқатан ҳам ундан яхши уй бекаси чиқар экан.
Аммо унинг ўрнидан қимирлаши қийин бўлди. Менинг эса ичим қизий бошлади. Агар шу аҳволда ўтираверсак, тонг ҳам отиб қолиши ҳеч гап эмас, ишларим қолиб кетарди.
— Бугун сен мен билан қоласанми? — дея сўрадим унинг кетиш-кетмаслигини билиш учун.
— Афсуски, сени ёлғиз қолдиришимга тўғри келади. Агар уйга бормасам, отам одамларига мени қидиртириши мумкин. Кейин қанча маломатга қоламан. Бунинг устига, мени деб тансоқчим ҳам жабрланиб қолишини истамайман. Сен хафа бўлмассан?
— Нега хафа бўларканман. Менга биринчи навбатда сенинг тинчлигинг керак.
— Майли, унда мен борай, ширин тушлар кўргин, — дея Маша ўрнидан турди.
Мен уни кўчагача кузатиб келганимдан кейин соат ўн икки ярим бўлишини кута бошладим. Бу пайтда одамни кундузи қанча дам олган бўлмасин, барибир уйқу босади. Ҳеч қурса эснайди. Айни дақиқа эса менга қўл келади.
Кутилган вақтда мен йўлга чиқдим. Кўчада онда-сонда учраётган одамларни айтмаганда, ҳеч ким йўқ. Ярим соатлар юрганимдан кейин Александр Петровичнинг уйига етиб келдим. Дарвозанинг ташқи томонига қурилган ойнали қоровулхонада ўтирган йигит, узоқдан қараганда, кўринмасди. Бу унинг жойида йўқлигидан ёки столга ўтириб ухлаётганидан дарак берарди. Шундай бўлса-да, эҳтиёт шарт мен уйни айланасига ўраб турган девор ёқалаб бордим. Худди кутганимдай, қоровул йигит столга ўтирган кўйи уйқуни урарди. Секин эшигини итариб кўрдим. Эшик очилганини йигит сезмади. Оҳиста кирдим-да, унинг орқа миясига зарба бердим. У бир марта “ҳиқ” этди, холос. Қоровулхонадан ҳовлига кириладиган эшикни кўргандим. Бемалол ичкарига кирдим-да, уй томонга юра бошладим. Қоровулхонадан чиққанимни кўриб, ҳовлидаги эшакдай келадиган ит бир ириллади-да, яна жимиб қолди. Уйнинг иккинчи қаватига ҳам эсон-омон чиқиб олдим. Бу ерда бешта эшик бор экан. Хоналардаги чироқлар ўчиқ. Айнан Чаён қайси хонадалиги номаълум эди. Шу боис, ҳар битта хонага кириб кўриб чиқишимга тўғри келди. Учинчи хонадан ҳар тугул уни топдим. Бир ўзи чалқанча пишиллаб ухларди. Бир хаёл бўғиб ўлдириб кетсамми, деб ўйладим. Бундай қилсам, у осонлик билан жон берар, менинг эса уни қийнаб, азоблагим келарди. Ечиб қўйган шимининг камарини олдим-да, оғзини маҳкам қилиб боғладим. Чаён бир-икки марта типирчилаган эди, биқинига пичоқ тираб: “Қимирласанг ўлдираман”, дедим. Менинг овозимни эшитгандан кейин у дарров тинчиб қолди. Чойшаб билан қўлини орқасига чандиб боғлаганимдан кейин ўрнидан турғазиб ташқарига олиб чиқдим.
Машанинг уйига етиб борганимиздан сўнг уни “кишан”дан озод қилдим. Шу ондаёқ Чаён ўзини менинг оёғим остига ташлаб:
— Тавба қилдим, укажон, тавба қилдим! — дея ўкириб йиғлай бошлади.
— Тур ўрнингдан, ит! — дедим мен унинг ёқасидан ушлаб. — Шунчалик қуёнюракмисан?!
— Укажон, болаларим бор, ҳеч қурса шулар учун бир қошиқ қонимдан кеч! — деди у кўзида ёш билан менга бечорасифат қараб.
— Сенинг болаларинг ҳам борми, ҳали мен билмай юрган эканман-да. Менда бўлса, на ота-она ва на яқин қариндошлар бор. Мен осмондан тушганман, осмондан! — дея бақириб, унинг башарасига мушт туширдим.
У ўмбалоқ ошди.
— Тур ўрнингдан! — дедим.
У мутлақо дармонсиз одамдай базўр гавдасини кўтарди-да:
— Отангга тегинмадим-ку, атайлабдан тегинмадим. Сен билан дўст бўлиш учун! Сенинг хизматингни қилиш учун! — деди.
— Шунақа дегин. Мен билан дўст ҳам тутинмоқчимидинг? Вой, қандай олижаноб одам экансан! Ҳали мусичаи беозорман ҳам дерсан, ит! — деб унинг биқинига тепдим. Чаён яна полга ағанаб тушди.
Кейин негадир уни ургим келмай қолди. Чаёнга кўнглимда нафрат ҳам йўқдай эди.
— Тўғрисини айт, — дедим уни столга ўтқазиб. — Нечта одамнинг бошига етгансан?
У бурнидан оқаётган қонни қўли билан артди. Аммо “ғинг” деб овоз чиқармади.
— Агар нечта одамни ўлдирганингни айтсанг, сени қўйиб юбораман. Бола-чақангнинг олдига бориб маза қилиб яшайсан.
У менга ўқрайиб қараб қўйди-да:
— Менинг ўзим одам ўлдирмаганман, — деди.
— Ким орқали ўлдиргансан? — дея сўрадим мен киноя билан.
— Мен биронта одамни шу кунгача ўлдиринглар деб айтмаганман.
— Унда одамларинг сени “чумо” қилиб ташлашган экан-да. Биронтаси айтганингни бажармаскан-да. Унда шунча йигитни қандай бошқардинг, илтимос қилибми?! Демак, сен яшашни истамай қолибсан. Майли, унда ҳозир секин-аста эрталабгача терингни шилиб ўлдираман сени. Менда бунинг учун вақт бемалол. Барибир бугун мен ўлдирмасам, эртага Асланнинг одамлари каллангни олиб кетишади.
— У кеча кечқурун асфаласофилинга жўнаган. Италия мафияси ўз уйида отиб кетибди.
— Наҳотки, унда сен ҳақиқатан ҳам омадли одам экансан. Қизинг ўзини-ўзи пичоқлаб қўйди, ўғлинг наркоманга айланган. Кичик хотинингни ўзинг ўлдириб кетдинг, каттаси эса жиннихонада, бундан чиқди, сен учун қайғурадиган ҳеч ким йўқ. Ўлдирсам-да, мурданг устида биров уввос солиб йиғламайди. Ҳеч ким уввос солмагандан кейин мен лаззатланолмайман.
У менинг гапларимни эшитиб бақа бўлиб қолди. Менга қадалган кўзларида эса ҳеч қандай маъно йўқ эди. Бироз ўтиб кўзида ёш пайдо бўлди, сўнг:
— Нега мен шунчалик ўлиб-тирилдим? — деди.
— Менам шунга тушунмадим-да, — дедим ўзимни ҳайронликка солиб.
— Сен одаммассан, — деди у қаҳр билан боқиб.
— Ана энди ўзингга келдинг, — дедим мен мийиғимда кулиб.
— Нима истайсан, мендан? — деди у жаҳл билан. — Бутун оиламни хонавайрон қилдинг-ку.
— Ўзинг-чи, менинг оиламни хонавайрон қилмадингми? — дедим мен унга жиддий қараб.
— Сенинг уруғинг паст, паст табақасан! Сен хор-зор яшашга маҳкумсан!
Бу гап менинг юрагимга тегди. Жоним ҳиқилдоғимга келди. Бироқ ўзимни босдим. Унинг асл башарасини кўришни истадим.
— Мени ўлдирмоқчимисан, ўлдир! Нега қараб турибсан?! — дея бақириб юборди у бирдан.
— Йўқ, — дедим мен бамайлихотир, — сен ҳам камида менчалик азобланишинг керак. Чунки шунга лойиқсан. Биласанми, мен сенга яқинлардан кимларга кўпроқ ачиндим. Аввал кичкина хотининг — Гулчиройга. Бечорани электр токи уланган сувга ташлабсан. Бунга қандай кўнглинг бўлди?
— У менга барибир хотинлик қилмасди. Бир кунмас-бир кун барибир хиёнат қиларди, — деди у пешонасини ушлаб.
— Жа унчалик эмас. Мен уни қўлга олганимдаям сенга содиқлигини кўрсатганди.
— Зўрлаганмидинг уни? — дея менга қаради кўзи олайган Чаён.
— Ҳаммани ўзингга ўхшатма. Мен сенга ўхшаб паст кетадиганлардан эмасман. Ҳатто қизинг ўз хоҳиши билан танасини менга тақдим қилмоқчи бўлганида ҳам яқинига йўламадим. Агар ўрнимда сен...
— Сен барибир ҳаммаси учун жавоб берасан. Менинг ўрнимга сендан қасд олувчилар бор. Улар менинг шогирдларим! — бақирди Чаён.
Мен бирдан пиқиллаб кулиб юбордим. У эса менга ҳайрон бўлиб термилиб турарди.
— Қизингни ўйнаш қилиб олган шогирдингни айтаяпсанми?
Бу гапга Чаён чидаб туролмади. Бирдан менга ўзини отди. Мен эса чап бериб қолдим. У мен ўтирган столга гавдаси билан тушиб, қасирлатиб синдириб юборди. Унга бироз қараб турганимдан кейин ўйинни ортиқ чўзиб ўтиргим келмай қолди ва чўнтагимдаги қайирма пичоқни олдим-да, Чаён ўтирган столнинг устига қўйиб, ўзим ошхонага ўтдим. Совуқ чойдан бир пиёла қуйиб энди ичмоқчи бўлсам, Чаён югургилаб келиб қолди.
— Сен мени аҳмоқ деб ўйладингми? «Пичоқни ташлаб кетсам, ўзини-ўзи пичоқлайди», деган хом хаёлга боргансан-да. Мен бўлса ўзини бекордан-бекор нобуд қиладиганлардан эмасман. Ҳар битта имкониятдан унумли фойдаланаман, — деди у хунук иржайиб.
— Фойдалан унда, — дедим мен ҳам тиржайиб.
— Мана! — дея у қўлини олдинга чўзиб менга ҳамла қилган эди, қўлини қайириб, пичоқни ўзининг юраги устидан санчиб қўйдим.
У икки қўллаб пичоқни ушлаганча чўккалаб қолди. Сўнг ёнига қулади. Очиқ қолган кўзини эса, юмиб қўйдим. Шу билан елкамдаги тоғ ағдарилди ва музлаткични очиб, кеча ичилмай қолган коньякни олдим-да, ётоқхонага ўтдим. Коньякни шишаси билан икки марта кўтариб ичганимдан кейин, бошимдан ўтган ҳамма воқеаларни бирма-бир хотирлай бошладим. Бир кулдим, бир йиғладим...
Эрталаб, соат ҳали саккиз ҳам бўлмасидан эшик қўнғироғи чалинди. Эшикнинг кўзчасидан қарасам, Маша саросималаниб турибди. Секин очдим. У мени кўриши билан тикилиб қолди. Сўнг:
— Миша амакини сен ўғирлаб кетдингми?! — дея сўради ютиниб олиб.
— У бирон буюммидики, ўғирлаб кетилса? — дедим ўзимни бемалол тутишга ҳаракат қилиб.
— Туни билан ухламай чиқдингми?! — деди Маша безовталаниб.
— Сенга нима бўлди? Ичкарига кир, ичкарида гаплашамиз, — дедим.
— Йўқ кирмайман, мен сендан қўрқаман! — деди у энди қалтираб. — Сендан қўрқаман!
Мен бирдан унинг қўлидан ушлаб ичкарига тортдим.
— Қўйвор, — бақирди у.
Шу пайт иккита барзангидай йигит пастки қаватдан югуриб чиқа бошлади.
— Тўхтанглар! — деди Маша уларга қараб. — Сен, — деди у сўнгра менга ўгирилиб, — Миша амакини нима қилдинг?!
— Юр, ўзинг кўрасан! — дедим мен ҳам энди бақириб.
Маша менга термилган кўйи бирор икки дақиқа қотиб қолди. Сўнг кўнглида менга нисбатан яна ишонч пайдо бўлди шекилли, аста юриб уйга кирди. Мен уни ошхонага бошладим. Маша кўкси қонга беланиб ўлиб ётган Чаённи кўриши билан “Вой-й-й!” дея бақириб юборди-да, бирдан юзини кафти билан беркитди. Подъездда турган барзангилар унинг овозини эшитиб, бостириб уйга киришди. Уларнинг қўлларида тўппонча бор эди. Барзангилар Машага ҳеч нарса бўлмаганини кўрганларидан кейин, жойларида тек қотишди.
— Нега бундай қилдинг?! — сўради Маша йиғламсираб.
— Шунга лойиқ эди у, — дедим пинагимни бузмай.
Менинг қаҳрим қўзиётганини кўрган Маша ортиқча савол бермади. Фақат эшик томонга юраётиб:
— Отам сени сўраяпти. Албатта, борармишсан... Биз сени пастда кутиб турамиз, — деди.
Барзангилар ҳам қизнинг орқасидан тушиб кетишгач, мен ётоққа кирдим-да, тагида озгина қолган коньяк шишасини бир кўтаришда бўшатиб қўйдим.
Подъезд олдида учта қоп-қора “Газ-31” машиналари турарди. Мен ташқарида кўринишим билан ўртадаги машинадан сакраб тушган Маша югуриб ёнимга келди-да, бўйнимга осилди ва лабимга лабини босди.
Александр Петровичнинг ҳовлисида мен ҳеч қачон бунча одамни кўрмаган эдим. Ўттизга яқин узун-калта, лекин бари бирдай бақувват йигитлар қўлларида тўппонча ушлаган кўйи туришарди. Биз машинадан тушишимиз билан улар менга қўлларидаги тўппончаларини ўқталишди. Маша мени маҳкам қучоқлади-да:
— Ота-а-а! — дея бақирди. Шунда уй ичидан Александр Петрович вазмин қадам ташлаб чиқиб келди. Негадир у костюм-шим кийган, бўйинбоғ тақиб олганди. “Ўн бешинчи йигит ҳам “манзил”га етиб келди. Ҳозир битта буйруқ берилади-ю, менинг танам темир парчаларига тўлади”, дея ўйладим. Бироқ Александр Петрович аввал қизига, сўнг менга разм солди-да, бошқача буйруқ берди:
— Ҳамманг қуролларингни тушир! Жой-жойларингга тарқалинглар! Сиз иккингиз менинг ёнимга келинглар!
Мен унинг нега бунақа буйруқ берганига ҳайрон эдим. Маша мени қучган кўйи отаси томон юрди.
— Мен сенинг шундай қилишингни билгандим, — деди Александр Петрович ёнига борганимиздан кейин, — сен шунчаки ён бериб кетадиган йигитлардан эмассан. Сенинг қаҳрамонлигингни кўриш ниятида кеча қўпол муомала қилгандим. Ичган ароғингга ҳам атайлабдан димидрол қўшгандим. Шунга қарамай сен ўзингнинг ишингни қойилмақом қилиб бажардинг. Албатта, бунда Маша ўзи билмаган ҳолда ёрдам бериб юборган.
Александр Петрович аввал қизини қучоқлаб ўпди. Сўнг мени. Шунда ҳам мен огоҳликни йўқотмадим. У қучоқлаш баҳонасида менга зиён етказиб қўймасин, деган ўйда қўлининг ҳаракатига эътиборимни қаратдим.
Ўша куни Александр Петрович ресторанда базм уюштирди. Маша менинг ёнимдан бир қадам ҳам жилмади. Таомлардан аввал ўзи тотиб кўрар, ундан кейин менга ейишга рухсат берарди.
Эртасига нонушта пайти:
— Биз билан қоласанми энди, ҳар тугул ҳамма ишингни тугатдинг-ку? — дея сўради Александр Петрович.
— Кетишим керак, — дедим мен.
— Мен-чи? — деди бирдан Маша.
— Мен сени хавф остига қўёлмайман. Гарчи Александр Петрович менинг ҳамма ишим тугаганлигини айтган бўлса-да, аммо ҳали жуда кўпчиликнинг менда иши бор.
— Тўғри айтаяпти, — дея гапимни маъқуллади Александр Петрович, — мен бошқа томонларни эсдан чиқарган эканман.
— Яна қанақанги бошқа томонлар, ота? — деди алам билан Маша.
— Қизим, сен кўп нарсаларни билмайсан. Ҳозир Собирнинг танҳо ўзи юргани маъқул. Вақти келиб яна ёнингга қайтиб келар.
— Ҳижрон азоблари-чи? — деди титраб кетган Маша.
— Иложим йўқ, — дедим мен чуқур нафас олиб, — пешонамга шунақанги кунлар ёзилган экан.
Маша мени қучоқлаб, йиғлаб юборди. У кўп йиғлади. На мен, на Александр Петрович уни юпатдик.
Ўша куни кечқурун мен поездга чиқдим. Машани ўзимга ўргатиб қўйиб, номардлик қилган эсам-да, қушдайин енгил эдим. Чунки энди мен қўлимни қонга бошқа ботирмайман, дея ўзимга-ўзим сўз бергандим.
Бу сафар қозоқ йигитларга худо инсоф бердими ёки бошқа сабабданми, улар поездни тунашга чиқишмади. Поезд Ўзбекистон ҳудудига кириб келганда эса шу пайтгача мусиқа қўйиб келаётган кузатувчи бирдан радиони қўшиб юборди. Унда эса Ўзбекистон мустақил бўлгани ҳақидаги сўзлар янграр эди.
Хурсанд бўлганимдан ўрнимдан сакраб туриб кетдим. Поезд деразасини очиб бақирдим!..
Эгамқул аканинг ўтовига бориб қарасам, ҳеч ким йўқ. Ўтовнинг ичидаги ашқол-дашқоллар ҳам йиғиштириб кетилган. Кўнглимда ғалати бир ҳадик пайдо бўлди. Нималар содир бўлганига ақлим бовар қилмасди. Ҳамма тарафни айланиб чиқдим, лекин ҳаракатларим бекор кетди. Қўранинг ёнига борганимда эса ёғочга ёпиштирилган бир парча сарғайиб кетган қоғозчани топиб олдим. Унда “Собир ака, сизнинг эсон-омон етиб келишингизга ишонаман... Биз уйимизга кетаяпмиз. Ҳамма нарса жойида. Дадам келиб: «Ўзбекистон мустақил бўлди, энди бемалол қайтаверсанглар ҳам бўлаверади», деди. Бу ерга келсангиз, тезда ортимиздан етиб боринг. Сизни соғиниб, Барно”, дея ёзилган эди. Уни ўқиб хурсандлигимдан йиғлаб юбордим ва осмонга қараб ярим соатдан кўпроқ ётдим.
Уйга етиб келсам, ҳовлимиз тўла одам. Уларнинг ўртасида отам чир айланиб, рақсга тушиб:
Омон, омон, омон-а,
Бўлди яхши замон-а!
Улим қайтди, элим-ов!
Бошим бўлди осмон-а!
– дея қўшиқ айтар эди.
Кимдир мени кўриб қолиб “Собиржон келди!” — дея бақирди. Йиғилганлар мен томонга югуришди. Аммо уларнинг очган қучоқларини очиқ қолдириб, отамнинг ёнига интилдим. Унинг қошига етгач тиз чўкдим-да, йиғлай бошладим. Аммо отам менга эътибор ҳам бермай қўшиғини давом этказар эди. Одамлар боя отамнинг атрофини қандай ўраб олган бўлса, яна шундай айлана ҳосил қилишди. Қаёқдандир Саида пайдо бўлди-да: “Отажон-н-н!” дея бақирганча отамни қучоқлади. Шундагина отам рақс тушишни тўхтатиб, синглимни бағрига босганча: “Қизим, аканг энди тирик қолади. Энди биз билан бирга яшайди”, деди. Мен эса тиззалаб юрганча отамга яқинлашиб, “О-о-т-а, мен келдим!” — дедим кўзимдан оқаётган ёшни тиёлмай.
— Со-би-ир! — деди отам менга қараб. — Болам, келдингми?!
— Ота, бутунлай, доим ёнингизда бўлиш учун келдим!
Ўша куни уйимизда байрам бўлиб кетди. Ҳамма мени бағрига босар, соғ-саломат келганим билан табрикларди. Мен ниҳоятда таажжубда эдим. Чунки аввалги келганимда кўпчилик мендан ўзини олиб қочган, иложи борича ўзини кўрмаганга олганди. Энди эса... Айниқса, холамнинг эри келиб маҳкам қучоқлаб олганида ўзимни базўр тутиб турдим. Мени уйига сиғдирмай, ярим кечаси кўчага ҳайдаган одам елкамга бошини қўйиб, уялмай-нетмай кўз ёш тўкарди...
Эртасига қаердандир хабар топган Батинков келди. У мен билан худди биродаридай қучоқлашиб кўришди.
— Мен сизнинг ихтиёрингиздаман, — дедим унга, — энди нима қилсангиз қилаверинг.
— Йўқ, — деди у кулиб, — энди сен отангнинг ихтиёридасан. Сенга фақат угина хўжайин.
— Ахир, сизни мени ушлаш учун юборишган.
— Шундай эди. Лекин мен буйруқни бажармайман. Йигитларимдан фақат омон қолгани сенсан! Сен яшашинг шарт! Сенга берилган охирги буйруғим шу! — деб у мени қайта бағрига босди...
Мен бу буйруқни жон-жон деб адо этишга тайёр эдим...
* * *
Орадан уч ой ўтиб Барно иккаламизнинг тўйимиз бўлди. У шунақанги чиройли эдики, таърифига тил ожиз!
Биринчи китоб тугади.