Найти тему
euroasia.me

Ўлимга маҳкум қилинганлар (Ўнинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (10-қисм)

Икки соатлар чамаси юрганимиздан сўнг Эгамқул аканинг ўтовига яқинлашдик. Ўтов ёнида икки киши биз томонга кўз узмай қараб турарди. Мен уларни Барно билан Саида бўлса керак, деб ўйладим. Адашмабман. Ўтовга яқинлашганимиз сайин улар яққолроқ кўрина бошлади. Кўнглим бузилиб кетди. Ўзимни босишга қанча уринмай, кўзимдан ёш тирқираб чиқиб кетаверди.

Машина тўхташи билан Саида мен томон югурди. Эшикдан чиққаним ҳамон чопиб келиб бўйнимга осилди ва бақириб йиғлаб юборди.

— Мана, келдим-ку, йиғлама, — дедим унинг сочларини силаб, — қара, отамни олиб келдим.

Мен кўрсатган машина ўриндиғига қараган Саида жойида тошдек қотди. Сўнг:

— Отажон! — деди-ю, ёнига йиқилди. Мен югуриб келган Барнога:

— Сув олиб кел! — дея қичқирдим-да, эгилиб синглимнинг бошидан тутдим.

Аввалги қисм (9-қисм)

Юрагим қинидан чиқаёзди, хайрият, Саида юзига сув текканидан кейин ҳар тугул кўзини очди.

— Ота-жо-он! — деди у изиллаб йиғлаб. — Отажоним тирикми?

— Тирик! Хавотирланма, жон синглим, — дея юпатганча Барнонинг кўмагида уни ўрнидан турғаздим. У Барнога суянганча нима қиларини билмай отамга тикилиб турарди. Мен эса машинанинг орқа эшигини очиб, отамни секин кўтариб олдим-да, ўтов томонга юра бошладим. Барно Саидани қўйиб юбориб, югурганча мендан олдин ўтовга кирди. Отамни кўтариб етиб боргунимча у уч қават кўрпача тўшаб қўйишга улгурибди. Чаққонлигидан унга меҳрим товланиб кетди.

Саида кечгача отамнинг ёнидан қимирламади. Муздай сувга докани ҳўллаб юзини артар, сочиқ билан елпир, қандай бўлмасин, отамни ўзига келтиришга уринарди.

Кечқурун Эгамқул ака қўйларини ҳайдаб келди. Мени кўрганидан хурсанд бўлиб кетди. Тунд қиёфамга кўзи тушгач:

— Тинчликми? — дея сўради.

— Тинчлик, — дедим имкон қадар ўзимни бемалол тутишга ҳаракат қилиб, — фақат отамнинг бироз мазаси йўқ-да.

— Олиб келдингми? — деди Эгамқул ака юзи бирдан ўзгариб.

— Ҳа, — дедим бошимни эгиб.

У киши тез-тез қадам босиб ўтов томон юрди. Мен ҳам унга эргашдим.

Эгамқул ака кириши билан отамнинг пешонасини ушлаб кўрди, кўкрагини очиб қулоғини қўйди-да, юрак уришини эшитди. Сўнг синглимга қараб:

— Қизим, сен менга ёрдам берасан, — деди ва тезда ўтовдан ташқарига чиқди. Мен унинг орқасидан бориб:

— Аҳволи оғирми? — дея сўрадим безовталаниб.

— Тузатишга уриниб кўраман, — деди Эгамқул ака саволимга жавобан. Сўнг ўтовнинг манглайига илинган уч-тўртта тугунчакни олиб, ўчоқ бошига қараб кетди. Мен серрайганча унинг ортидан қараб турардим. Бироздан сўнг ўтовдан чиққан Саида унинг ёнига борди. Эгамқул ака бир нарсалар деган эди, у ўчоққа ўт ёқа бошлади. Мен бир-бир қадам босиб уларнинг ёнига бордим. Эгамқул ака ҳалиги тугунчалардан ҳар хил қуриган хас-чўпларни олар, уларни аралаштириб, кичкина кели ичига солиб туярди. Кўп ўтмай у кукун ҳолига келган хас-чўпларни пиёлага солди-да, устидан қайноқ сув қуйди. Сўнг пуфлаб совитиб, Саиданинг қўлига тутқазди.

— Ўтовга олиб бор. Ҳозир орқангдан етиб бораман. Унгача ичказиб қўйма, — дея тайинлади синглимга.

Саиданинг орқасидан Эгамқул ака ҳам кириб кетгандан кейин мен тол тагига бориб ўтирдим. Осмонда энди-энди юлдузлар пайдо бўла бошлаган, шимол томондан майин шамол эсарди. Ҳеч нарсани ўйламасликка ҳаракат қилиб кўзимни юмдим. Шу пайт узоқ-узоқларда бўрининг увлагани эшитилди. “Бечора, шунгаям қийин, — хаёлимдан ўтказдим мен. — Бутун тунни овқат қидириш билан ўтказади. Мабодо бирон жойдан егулик топса, хўп-хўп, агар ҳеч вақо илинмаса, кун бўйи силласи қуриб санқишига тўғри келади. Мен ҳам ундан қолишмайман. Фарқимиз, у қорнини ўйлайди, мен эса... Менинг дардим кўп... Бироқ мен ҳам у каби ёлғизман. Унинг осмонга увлаб ичидаги бор ғуборини чиқариб юборишга имконияти бор. Аммо мен-чи, ким менинг ҳасратимни эшитади?..”

Ҳорғинлик кучини кўрсатиб, кўзим уйқуга кетибди. Бир пайт юзимга нимадир теккандай бўлди. Хаёлимда: “Толнинг баргидир”, деб ўйладим ва аста қўлимни кўтариб, баргни юлиб ташламоқчи бўлдим. Аммо барг яна тегажоқлик қила бошлади. Қўлимни кўтарганимда, тағин четлашгандай бўлди. Учинчи бор барг “қилиқ кўрсата” бошлаганида чидаб туролмадим, пойлаб туриб шартта тутиб олдим-да, энди узиб ташламоқчи бўлгандим, “Вой!” деган овоз эшитилди. Шоша-пиша кўзимни очиб қарасам, ёнгинамда Барно турибди.

— Оғрияпти, — деди у ялинчоқ овозда.

— Ҳа, сенинг сочингмиди? Тол баргими, деб ўйлабман. Лекин баргга жуда ўхшаркан. Балки ҳақиқатан ҳам япроқдир, қани, яхшилаб бир қарай-чи?

— Ҳазиллашгандим... Бошқача уйғотолмасдим. Ширингина ухлаётган экансиз, анча вақт ёнингизда сизга термилиб турдим. Кейин бунақа аҳволда ухласангиз, белингиз қотиб қолади, деб...

Мен унинг сочини қўйиб юбордим-да:

— Кўп ухладимми? — дея сўрадим.

Барно бош ирғаб маъқуллади. Кейин:

— Эгамқул ака: “Индаманглар, шу ҳолатида бўлсаям озроқ ухласин”, девди. Шунга сизни ўз ҳолингизга қўйдик. Лекин бу ерда кечаси совуқ бўларкан. Ўтовга киринг, овқатни иссиғида еб олинг, — деди.

— Хўп, ҳозир бораман, — дедим-да, булоқ сувида юзимни ювдим. Бирпасда уйқум тарқаб кетди.

Ўтов ичига кирсам, синглим ҳамон отамнинг юзига термилиб ўтирибди. Отам эса, ухлаётир.

— Аҳволи қалай? — деб сўрадим Саидадан.

— Амаллаб Эгамқул ака тайёрлаган дорини ичирдик. Шундан кейин нафас олиши анча яхши бўлиб қолди. Яна икки-уч соатдан кейин уйғонаркан. Шунда озгина овқат берарканмиз, — деди синглим бироз кўтаринки кайфиятда.

Мен дастурхон четига келиб ўтирдим. Барно дарров бир коса қайноқ шўрва олиб келиб олдимга қўйди.

— Эгамқул аканинг ўзи қаерда? — сўрадим Саидадан.

— Тоққа кетди. У ерда ярим оқшомда қандайдир ўт ялтираб кўринар экан. Ўша ўт кўп касалликларга даво бўлармиш. Шуни олиб келгани кетди, — деди Барно синглимдан олдин жавоб қайтариб.

Бирдан хаёлимга бўрининг увлаган овози келиб, кўнглим ғаш тортди.

— Шундай қоронғида ёлғиз ўзи кетмай, мени уйғотганда, бирга бориб келардик, — дедим мен норози бўлиб.

Қизлар индашмади. Мен буғи чиқиб турган овқатни ея бошладим. Барно мендан нигоҳини узмас, мен эса ноқулай аҳволга тушганимданми, иштаҳам бўлса-да, овқат томоғимдан ўтмасди. Бир-икки қошиқ ичганимдан кейин қизиқчилик қилгим келиб қолди. Қошиқни дастурхон устига қўйдим-у, косани кўтариб “пуф-пуф”лаб хўриллатиб ичдим. Сўнг бошимни кўтариб Барнога қарасам, у менга тикилган кўйи анграйиб қолибди. Унга кўзимни олайтирдим. У сесканиб кетди-ю, кулиб юборди. Унинг кулганига Саида ҳам қўшилди. Шу билан мен ноқулай аҳволдан чиқиб, овқат тановул қилдим.

Овқатланиб бўлганимдан кейин Барно менинг қўлимга бир пиёла суюқлик узатди.

— Нима бу? — дедим ҳайрон бўлиб.

— Дори. Ичаркансиз. Эгамқул ака шундай деб тайинлаб кетди, — деди Барно.

Мен суюқликни ҳидлаб кўрдим, ёқимсиз ҳиди бор экан. Афтимни бужмайтириб Барнога қарасам, уям юзини худди шундай қилиб мендан кўз узмай турибди. Кулгим қистади. Зўрға ўзимни босиб, сўрадим:

— Қандай ичаман буни?

— Ароқни қандай ичсангиз, буниям шундай ичаркансиз. Эгамқул ака шундай деди.

— Эгамқул ака, Эгамқул ака... Нима, табибми у? — дедим Барнонинг ҳадеб ўтов эгасининг номини такрорлайверганидан норози бўлиб.

— У Саидани тўлиқ даволади, — деб юборди бирдан Барно.

Синглим унинг гапидан хижолат чекиб бошини эгди. Ўша пайтда у шунчалик бечораҳол кўринар эдики, уни кўриб турган кўзимни ўйиб олсам ҳам камлик қиларди...

Суюқлик мен ўйлагандан ҳам бемаза экан. Ичиб бўлгунимча бўларим бўлди. “Қайт қилиб юбормайин-да, ишқилиб”, деган хавотирда тезда дастурхонга фотиҳа қилдим-да, ташқарига чиқдим. Йўқ, ҳартугул эшикка чиқишим билан енгил тортдим. Бироз атрофни кузатиб туриб, сўнг толлар тагига бордим. Дарахт шохлари шамолда тебраниб ваҳимали “куй” чаларди. Шундай бўлса-да, ичкарида ўтиргандан кўра шу ер менга маъқул эди. Бу ерда мен синглимнинг маҳзун қиёфасини кўрмайман.

Кўп ўтмай ўтовдан Барно чиқиб, ёнимга келди-да:

— Ўтирсам майлими? — дея сўради.

— Яхши бўларди, — дедим мен унинг кўнглини кўтариш мақсадида. Назаримда, охирги гапидан кейин мени хафа бўлди деб ўйлаётган эди у.

— Мана шундай ҳавода кечаси ташқарида ўтиргим келади, — дедим мен.

— Шунинг учун очиқ ҳавога чиқдингизми? —сўради Барно.

— Албатта.

Барно чуқур хўрсинди ва узоқ-узоқларга қаради. Кейин кўзида икки томчи ёш пайдо бўлиб, ёноқларига оқиб тушди. Ой ёғдусида ялтираган кўз ёш юрагимни ўртаб юборди. Ўзи юрагим сиқилганидан қочиб бу ерга келгандим. Бўлмади...

— Бирон нарсадан қийналдингми? — сўрадим қиздан.

— Ҳа! — деди у баралла.

— Нимадан?

— Сизнинг келмай қолишингиздан...

Мен аста ёнимда ўтирган соҳибжамолнинг қўлидан тутдим. Шунда унинг аъзойи бадани титраётганини сездим. Уни бағримга босгим, юпатгим келди. Аммо қучишга ҳаддим сиғмади. Фақат қўлини кафтларим орасига олиб, ёноғидаги кўз ёшни артиш билан чекландим.

— Собир ака, — деди у кўзимга қараб, — ҳар доим тирик бўламан деб менга ваъда беринг, илтимос.

— Сенга ким айтди мени ўлиб кетади деб? — дея гапини кулгига олмоқчи бўлдим.

— Ҳеч ким айтгани йўқ. Мен ўзим... Қўрқаяпман... Билмайман нимадан... Сиз икки кунга кетдингиз-у, менга юз йилдай туйилди.

Мен ўзимни тутиб туролмадим — унинг елкасидан қучдим. Сочидан силаб, юзидан секингина ўпдим. Уни титроқ босди, мен Барно билан шу кунга довур бирор мартаям севги, муҳаббат тўғрисида гаплашмагандим. Бироқ муносабатларимиз аввалдан севишиб юрганларникига ўхшар эди.

Шу тахлит бироз ўтирганимиздан сўнг у мени ўзидан беозоргина итарди. Бироқ уни қўйиб юбормадим. Умуман, бағримдан бўшатгим келмасди. Иложи бўлса, тонгга қадар шундай ўтирсам.

— Синглингиз бошқача хаёлга боради, ўзиям анча чарчади, мен унга ёрдамлашай, — деди Барно. Мажбуран уни бўшатдим. У қўлимдан ушлади-да:

— Юринг, кетамиз, — деди.

Саида бизни табассум билан кутиб олди. Унинг кўриниши ҳам ўзгача эди.

— Отам қалай? — сўрадим хурсанд бўлиб.

— Кўзини очди. “Қизим, қийналиб қолмадингми?” — деди. Кейин: “Мен озгина ухлаб олай”, деб яна кўзини юмди, — деди Саида қувонч ёшларини тиёлмай. Бу гапдан юрагим орқага тортиб кетди: “Тузалмас касалликка чалинган одамлар умри тугай деб қолганда бир енгиллашиб ўзига келади. Атрофдагилар билан гаплашади, сўнг мангуга кўзини юмади”, деб эшитгандим. Отамнинг ҳозирги ҳолати шунга ўхшаб кетарди.

Отамнинг ёнига ўтиб ўтириб, нафас олишини кузатдим. Кўкраги бир маромда кўтарилиб тушар, лаби гоҳ-гоҳ қимирлаб қўярди. Анча муддат унга тикилиб турдим. Сўнг ўзимни ҳам қаттиқ уйқу боса бошлади. Кўзимни очишга қанча уринмай, барибир юмилиб кетаверди. Шунда ухламай туриб дам олишга ҳаракат қилдим. Фойдаси бўлмади. “Отамнинг ёнида озгина ёнбошлаб ётай”, деб ёстиққа суянишим билан пинакка кетибман. Шу бўйи қотиб ухлабман.

Кўзимни очсам, Эгамқул ака отам билан гаплашиб ўтирган экан. Дарров ўрнимдан турдим-да, ташқарига йўналдим. Қуёш терак бўйи кўтарилибди. Булоқ сувида ювинмоқчи бўлиб бораётганимда Барно қўлида офтоба кўтариб мени тўхтатди.

— Ўзим сув қуйиб тураман, — деди келинчаклардек ўзгача бир ибо билан.

— Йўғ-э, ўзим булоқда...

— Барибир Барно опамни янга қиламан, сув қуйсин, — деди ўтов орқасидан келган Саида айёрона кулиб.

Унинг гапидан Барно қизариб кетиб, синглимга қаради-да, қўлини мушт қилди.

— Ундай бўлса майли, нимаям дердим, — дедим мен кулиб.

Барно елкамга бир уриб қўйди-да:

— Эгилинг, — деди.

Сув муздай экан. Юзимни икки марта ювганимдан кейин:

— Қандай илиққина сув!.. — дедим бошимни кўтармай.

Барно “пиқ” этиб кулиб юборди.

Ўтовга кириб салом бердим. Эгамқул ака ўрнидан туриб мен билан икки қўллаб кўришди. Отам ётган жойида бош ирғади-да:

— Ке, болам, бир қучоқлашиб кўришайлик, — деди. Мен хурсанд бўлиб унинг ёнига чўкка тушдим-да, елкасидан кўтариб бағримга босдим. Биз шу ҳолатда талай муддат турдик. Сўнг отамни қучоғимдан бўшатиб, жойига ётқиздим. Унинг кўзидан ёш оқарди. Мен ҳам чидаб туролмадим.

— Болам, — деди отам йиғи овозида, — сендан ҳам айрилиб қоламанми, деб қўрққандим. Хайрият, Худо сени мендан айирмади.

— Ота, ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади, — дедим мен бошқа гап тополмай.

— Синглингни бу ерга олиб келиб яхши қилибсан. Энди учаламизам Эгамқулжоннинг қўлида, қўйларини боқиб, шу ерда яшаймиз.

— Ундай деманг, бу ер дала, насиб бўлса, яна битта ўтов тикамиз. Керак бўлса, қўйларнинг ярмини бераман. Ўзларинг боқиб кунларингизни кўраверасизлар. Менинг қўлимда ишлаш шартамас. Мен одам ишлатиб ўрганмаганман, — деди суҳбатга аралашган Эгамқул ака.

— Раҳмат, — деб унинг қўлини ушлади отам, — биз сизнинг олдингизда кўп қарзга ботдик. Биздан қайтмаса, Худодан қайтсин...

Отам бошқа гапиролмади. Кўзидан тинимсиз қуйилиб келаётган ёш унинг товушини бўғиб қўйди.

Мен ўтовда бир ҳафта қолиб кетдим. Икки марта Эгамқул ака билан қўй боқишга чиқдим. Тоза ҳаво. Бировдан беркинмайсан, қочмайсан. Ювош қўйларни қаёққа ҳайдасанг, шу томонга кетаверади. Энг асосийси, ўтовга борганимда, мени Барно кулиб кутиб олади. “Яхши келдингизми?” — деб ҳол сўрайди майин овозда. Синглим нашани буткул унутган. Отам кундан-кунга соғайиб бораяпти. Ўша кунлари мен ҳатто Чаённи унутдим. “Дугона”сининг уйига қамалиб олган военком ҳам мутлақо ёдимдан кўтарилди.

Бир куни айни туш маҳали булоқ бўйида ечиниб ювинаётганимда Барно ёнимга келиб қолди. У баданимдаги яраларни қўли билан оҳиста силади-да:

— Оғрияптими? — дея сўради.

— Йўқ, — дедим кулиб.

— Намунча кўп, қаердан орттириб олгансиз шунча ярани? — деди юзимга ачиниб қараб.

— Йиқилиб тушганман, — дедим мен ёлғонлаб.

— Алдаманг, — деб бирдан йиғлаб юборди Барно, — одам йиқилса шунча ярани орттирмайди.

— Тузалиб кетган-ку, шунга шунча азами? — дедим унинг бурнидан чимдиб ва апил-тапил кўйлагимни кийдим. — Ана энди кўринмайди.

— Бошқа бунақа “йиқилсангиз”, мен сиз билан гаплашмай қўяман, — деди Барно аразлаб. Унинг арази ҳам ўзига ярашарди, қайта-қайта аразлатгим келарди.

Шу пайт эркаклар учун тикилган (отам иккаламиз, келганимиздан икки кун ўтгач, Эгамқул ака билан биргаликда бошқа ўтов тиккандик) ўтовдан отам чиқиб қолди. Отамнинг бу ерга келганидан бери энди қадам босиб юриши.

— Ана, дарров тузалиб кетдингиз, — дедим отамнинг ёнига бориб.

— Эгамқул барака топсин. Агар у бўлмаганида ўлиб кетармидим? — деди отам.

— Энди бунақа гапларни гапирманг, ота. Ҳали жуда узоқ яшайсиз, — дедим кўнглини кўтармоқчи бўлиб.

— Бу ёққа юр, сенда икки оғиз гапим бор, — деди отам ўтов ичига имлаб.

Ичкарига кирганимиздан сўнг отам кўрпачага ўтирди. Мен унинг рўпарасидан жой олдим ва нима деркан, деб юзига тикилдим. У эса шошилмасдан бир нарсаларни ичида мулоҳаза қилиб кўрган бўлди-да:

— Бугун эрталаб сен чиқиб кетганингдан кейин Эгамқул бир гап айтиб қолди. Тўғриси, бунақа гапни ундан эшитаман деб ўйламагандим, — деди.

— Нима гап экан? — дедим мен ҳайрон бўлиб.

— Синглингнинг қўлини сўради.

— Ни-ма?! — отамга тикилганча қотиб қолдим мен.

— Қизишма, болам, — деди отам босиқлик билан.

— Ота, унинг ёши сизники билан деярли тенг-ку! Саида келиб-келиб шунга тегадими? Ёки... бизга қилган хизматини пеш қилаяптими? — дедим мен жаҳлим чиқиб.

— Йўқ, ҳеч нимани пеш қилаётгани йўқ у. Ўзиям энди қирққа кирибди. Бошқа пайт шундай гапни айтганида, ўзим нима қилишни билардим. Лекин, ўғлим, ўйлаб қарасам, масаланинг бошқа томонлари ҳам бор экан. Синглингнинг номи чиқди. Номи чиққан қизларга одамлар оғиз солмайди. Оғиз солгандаям, хотин қўйган ёки аёли ўлганлар... Ана шундай, қиз боланинг нозик томонлари бор...

Шу маҳал миямга лоп этиб Чаённинг дачасида қўлимдан осилиб турган пайтимда мафиознинг “итвачча”си айтган гаплар келди. Қоним қайнади. Безовталаниб у ёқ-бу ёққа қарадим. Қўлим мушт бўлиб тугилди.

— Сен бола, қизишма, — деди отам менинг ҳолатимни бошқача тушуниб, — Эгамқулда ҳеч қандай айб йўқ... Синглинг унинг кўнглига ёқиб қолибди, бунинг учун уни айблолмаймиз.

“Ҳаммасига мен айбдорман, ота! Нега менинг айбимни айтмайсиз?! Токайгача менинг касримга бошқалар қурбон бўлади, эй Худо!.. Барибир ҳаммасидан ўч оламан. Барига улар жавоб беради!” Қалбим яраси қайта тирналди. Жойимда ўтиролмадим. Тишимни тишимга босиб, базўр чидадим-да, қизариб кетган кўйи:

— Ота, мен ҳеч нарса деёлмайман. Ҳаммасини синглимнинг ўзи ҳал қилади. Агар рози бўлса, менинг қаршилигим йўқ, — дедим.

— Йўқ, унақа дема, сен акасан. Бундай пайтда ака сингилга қайишиши керак. Эсингдан чиқарма, синглингнинг тақдири — сенинг тақдиринг. Насиб қилса, Эгамқул билан Саида бахтли бўлиб кетар. Балки... Энди бу ёғига худо пошшо.

— Майли, бугун Саида билан гаплашиб кўрай. Агар рози бўлса, берамиз. Эгамқул ака ёмон одам эмас. Қўлида ҳунари бор. Синглимни ҳеч қачон ўкситиб қўймайди, — деб секин ўрнимдан турдим-да, ташқарига йўналдим.

Саида ўчоқ бошида куймаланар, Барно унинг ёнида ёрдамлашарди. Мен ҳеч нарсадан бехабар одамдай уларнинг ёнига бордим.

— Саида, — дедим кулиб, — янгангга овқат қилишни ўргатаяпсанми?

Саида кулиб юборди. Барно қизариб кетди.

— Ўзи мен ўргатмасам ҳам яхши билади, — деди синглим.

— Ҳа, энди айтиб бўладими, уйининг эркаси, балки...

— Янгамни кўп уялтираверманг, — деди Саида Барно безовталанганини пайқаб.

— Шундай овқат қиламанки, куни билан қорнингиз оғриб юради, — деди менга тегишли соҳибжамол ва аразлаб югурганча ўтовга кириб кетди. Мен Саидага бир кўзимни қисиб қўйдим-да, “қочқоқ”нинг орқасидан тушдим.

Ўтовга кириб боришим билан мени кўрган Барно юзини тескари бурди-да:

— Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, нега Саиданинг олдида мени уялтираверасиз? — деди.

— Мен сени яхши кўраман, — дедим унга жуда яқин бориб.

— А? — деди юзи ўт бўлиб ёнаётган Барно менга қараб. Шу ондаёқ уни қучоқлаб олдим. У бир-икки типирчилади-да, сўнг индамай қолди. Унинг юзидан, ёноғидан ўпдим.

— Бўлди, мени қўйиб юборинг, жуда ёмон бола бўлиб кетибсиз, — деди у бироздан кейин.

— Ҳозир далани бирга айланиб келамиз. Шунга рози бўлсанг, қўйиб юбораман, — дедим мен қайсарлик қилиб.

— Жинни бўлманг! Саида, отангиз нима деб ўйлайди? Ўзи нега менинг орқамдан кирдингиз? Саиданинг юзига қандай қарайман энди? — дея саволларни тизиб ташлади Барно.

— Улар ўзимизники, ёмон хаёлга боришмайди. Сенда гапим бор. Зарур гап, агар чиқмасанг, ичимда бир умрга қолиб кетади. Чунки эртага кетаман.

— Нима, кетаман? Қаёққа борасиз? — деди Барно энди пинжимга тиқилиб.

— Битмай қолган ишларим бор, — дедим чуқур хўрсиниш билан.

— Сиз унда чиқаверинг, ҳозир орқангиздан етиб оламан, — деди Барно.

Мен ўтовнинг орқа томонига ўтиб, пастликка туша бошладим. Ўн беш метрлар чамаси юрганимдан сўнг, ёлғиз ўсган ёввойи жийда орқасига ўтиб ўтирдим. Бироздан кейин Барно келди. Мен унинг қўлидан тутдим-да, ўтиришга ундадим.

— Тинчликми? — деди у ёнимга ўтириб.

— Мени севасанми? — сўрадим унинг елкасидан қучиб. У жавоб бермади. Саволни такрорладим.

— Шу ерга келганим сизга ҳеч нарсани айтмаяптими? — деди Барно ўпкалаб.

— Унда сенга бир илтимосим бор. Буни фақат сенинг ёрдамингда ҳал қилиш мумкин, — дедим мен.

— Сиз учун ҳамма нарсага тайёрман, — жавоб қилди Барно. Мен шу ондаёқ севган қизимнинг юзидан бўса олдим. У хавотир билан атрофга қараб қўйди.

— Илтимосим шуки, Саиданинг харидори чиқиб қолди. Нима дейишгаям ҳайронман. Умуман, синглимдан шу ҳақда сўрайман, деб ҳечам ўйламагандим.

Барно ҳайрон бўлиб юзимга тикилди:

— Бу ер чўлу биёбон бўлса. Беш кишидан бўлак ҳеч ким йўқ. Ким унга харидор бўла қолди?

— Эгамқул ака, — дедим мен бошимни эгиб.

— Ни-ма?! Эгамқул ака?! Қандай қилиб? Саида унинг фарзандидай-ку. Увол бўлади-ку!

— Биламан... Лекин Саиданинг ўзидан бу ҳақда сўрамай иложим йўқ. Тўғрироғи, сен сўраб берасан.

Барно гапларимдан титраб кетди.

— Акаси бўла туриб қандай тилингиз борди бундай дейишга?!

Барнонинг юзи қаҳрли тус олди. Унинг қарашидан ер ёрилмадики, мен кириб кетмадим. Елкамга шунчалик оғир юк тушгандай бўлдики, уни кўтаргандан кўра, қўш тортганим яхшироқ эди.

— Шундоғам эзилиб кетдим. Ҳаммасига ўзим айбдорман. Мен бунақа аблаҳ бўлмаганимда, оиламиз тинчгина яшаган бўлармиди.

Барно мени қучди. Илк бора юзимдан ўпди. Кейин секин қўлимдан тортиб турғазди-да:

— Ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Сиз айтганингиздай, бугуноқ ундан сўрайман. Лекин рози бўлишига кўзим етмайди, — деди.

Кечга яқин Абдукарим ака келди. У мен билан қучоқлашиб кўришди. Эгамқул ака билан эса роса кураш тушишди. Сўнг елкамга қоқиб:

— Сен чинданам қаҳрамонга айланиб кетдинг. Ҳаммаёқда дув-дув гап. “Собир Музаффарнинг одамларини бутунлай қириб ташлабди. Битта болакайни ўлимдан олиб қолибди ва ҳоказо”. Чоғимда, мелиса энди сени тақдирлаш учун қидираётган бўлса керак.

— Жа, унчаликмас, — дедим мен бош эгиб.

— Камтарлик қилмай қўяқол, бу гапларга ҳеч ким ишонмасаям, мен ишонаман. Шунинг учун бу ёққа қушдай учиб келдим. Музаффарнинг кетиши, бу — оламшумул воқеа! Падарингга лаънат, қанча одамларнинг шўрини қуритганди. Буни ювиш керак. Барно! — дея қизини чақирди Абдукарим ака.

— Лаббай, дада, — дея биз томонга қаради Барно.

— Машинанинг багажини оч, бир нарсалар бор. Ҳаммасини опке, — дея қизига тайинлади Абдукарим ака, сўнг Эгамқул акага ўгирилиб, — сенам қотиб қолмассан? Ўлдими энди, биронта қўзи-пўзи сўярсан? — деди.

— Камситма одамни, уккағарнинг боласи, битта қўй еб кетасан бугун, — деди Эгамқул ака.

Абдукарим ака ўтовга кириб, отам билан қуюқ сўрашди. Кўнглини кўтарди. Унинг гапга чечанлиги отамга ҳам ёқиб тушди.

Мен Эгамқул ака кўрсатган қўйни сўйиб, терисини шилдим. Бир пасда базм бошланиб кетди. Анчадан бери бунақа хушчақчақ ўтирмаган эдим. Абдукарим аканинг аскиялари кўнглимда йиғилиб қолган ғуборни, озгина муддатга бўлса-да, унуттирди. Давра қизиб, тўрт шиша ароқ ичилса-да, ҳеч ким маст бўлмади.

Тун яримлаб қолганида Барно билан учрашдим. У ғамгин кайфиятда: “Мени энди бўй йигитлар олмайди”, деган Саиданинг гапини айтди. Бу гап яна бир марта юрагимга тиғдай ботди. Лекин начора, ғишт қолипдан кўчган.

Тонггача Барно билан гаплашиб ўтирдик. Хушмуомалалиги, сўзларимни ниҳоятда эътибор билан эшитиши, гапларининг содда, самимий, беғуборлиги унга бўлган меҳримни янада ошириб юборди. Шу пайтгача ҳеч ким билан чин дилдан бундай очилиб гаплашмагандим.

— Барно, — дедим унинг сочини эҳтиёткорлик билан силаб. — Қозоғистон чўлида бир кампирга дуч келгандим. У менинг ҳаётимни сақлаб қолди.

— Қандай қилиб? — деди Барно қизиқиши ортиб.

— Йўлда машинамни тўхтатди, кейин келини кўзи ёраётганини, ёрдам бермасам бўлмаслигини айтди. Дарров кўмакка ошиқдим. Беш-олти километр юрганимиздан кейин у бирдан ғойиб бўлди. Мен кўп овора-ю сарсон бўлиб чўлдан чиқиб олдим. Йўлда келаётсам, бир туяга урилган тўртта машинага дуч келиб қолдим. Машиналардаги одамларнинг бари ўлибди. Уларни бирма-бир кўриб чиқдим. Не ажабки, менинг орқамдан тушган газандалар экан. Ўшандан бери кампир ҳақида кўп ўйладим. Лекин кимлигини ҳануз билолганим йўқ. Бу ҳақда ҳали ҳеч кимга, Саидага ҳам, отамга ҳам айтмаганман. Сенга айтаяпман, холос. Бунинг қандай сирлигини биласанми?

Барно “билмайман”, дегандек бош чайқади.

— Ўзимам билмайман... Билганим, сен кўзимга мутлақо бошқача кўринасан. Сени нафақат севиб қолганман, сен энди мен учун нажот фариштасисан! Ўша чўлда йўлиққан кампир ҳам, сен ҳам фариштасан.

Барнонинг кўзига ёш қалқди. Бу сафар унинг юзида пайдо бўлган кўз ёшни лабларим билан артиб олдим.

Шундан кейин анча вақт гаплашиб ўтирдик. Мен унга кўп нарсалар ҳақида гапириб бердим-у, аммо эрталаб кетишимни айтмадим. Шундай ширин оқшомни бузгим келмади.

Қуёш кўтарилиб, атрофни иссиқлик домига ола бошлаган маҳал мен отамнинг олдига кириб мақсадимни айтдим. Отам ўйланиб қолди. Сўнг менга ғамгин кўзлари билан боқиб:

— Болам, балки бормассан? Аста-секин ҳаётимизни изига тушириб олармиз. Бу қайғулар ҳам унут бўлиб кетар? — деди.

— Йўқ, ота, қарорим қатъий, ишимни охирига етказмасам, кўнглим тинчимайди. Қолаверса, узоқ муддат таҳликада яшолмайман, — дедим.

Ноилож отам оқ фотиҳа берди. Бироқ энди кетишга чоғланаётган маҳалим Саида билан Барно “Кетмайсиз!” дейишиб изиллаб йиғлашди. Амал-тақал қилиб, тезда қайтиб келишга ваъда бериб, розиликларини олдим.

Шаҳаргача Абдукарим аканинг машинасида кетдим. Йўлда суҳбатимиз қовушмади. У кўп гапирмади. Назаримда, Барно иккимизнинг муносабатимизни сезганга ўхшарди.

Фақат шаҳарга етиб келиб, машинадан тушаётганимда:

— Эҳтиёт бўл, ҳали кўп керак бўласан, — деди. Унинг гапини тушунгандай бўлдим ва бироз қизарган бўлиб, “Хўп”, дедим.

Шаҳарда айланиб юрарканман, одамларнинг менга эътиборини кузатдим. Ҳеч кимнинг мен билан иши бўлмади. Ҳатто иккита мелисанинг олдидан ўтдим. Улар менга “Кимсан?” ҳам дейишмади. Шундан сўнг бемалол шаҳарни айландим. Яхшиямки, Александр Петрович пул берган экан. Акс ҳолда, анча қийналиб қоларканман.

Тушлик қилиб, Шоҳсанам турадиган ётоқхонага бордим. У мени кўрибоқ, кўчадаги одамлардан тортиниб ҳам ўтирмай, қучоқлаб:

— Мен сизни келмайсиз, деб қўрққандим! — деб йиғлаб юборди.

— Сен менга ҳали кўп кераксан, — дедим унинг қўлини секин бўйнимдан олиб. Кейин етаклаб четроққа тортдим-да: — Сен билан ресторанда бир ўтирмоқчиман. Ташвишлар билан бўлиб, бир бундай кўнгилхушлик қилишни ҳам унутибман, — дедим.

Шоҳсанам кулиб қўйди-да:

— Ҳозир, кийиниб келай, — деб ётоқхона томонга югуриб кетди.

Мен студент бўлмаганман. Шунданми ўзим қатори йигитларни кузатиб, шунга амин бўлдимки, улар ўқишдан кўра кўпроқ олифталаниб юришни ёқтиришаркан. Мен студентлар қўлида, албатта, дипломат, унинг ичи тўла китоб бўлади, деб ўйлардим. Кўрганларим эса бутунлай бошқача: қўлтиқда иккита дафтар, оғизда сақич. Балки мен ҳам студент бўлганимда шунақа қилиб юрармидим?

Шоҳсанам кўп куттирмади. Ўзига ниҳоятда ярашадиган кийимда ёнимга югуриб келди ва бирдан мени қўлтиқлаб:

— Қани, бошланг, — деди. Мен яна ноқулай аҳволга тушиб қолдим. Шундай бўлса-да, унинг қўлини олиб ташлолмадим. Чунки ёнимиздан ўтиб кетаётган йигит-қизлар қизиқиб бизга қарар, бундай пайтда қўполлик қилишим одобга тўғри келмас эди.

Биз унчалик ҳам кўркам бўлмаган, аммо сўлимгина ресторанга кирдик. Столга ўтириб егуликлар билан бир шиша коньяк буюрганимиздан кейин:

— Мен сизни ҳеч қачон бунақа жойга олиб келасиз, деб ўйламагандим, — деди Шоҳсанам.

— Мен одамлар ўйламаган ишни қилишни яхши кўраман, — дедим.

Шоҳсанам бош ирғади-да:

— Кўрган-кечирганларим тушга ўхшайди. Гўё сиз билан ўқиш даврида танишганман-у, севишиб бу ерга учрашувга келганман, — деди.

— Яхши гап. Мен эса, қисқа вақтда ўзингизга келганингиздан хурсандман, — дедим.

Шоҳсанам ўйланиб қолди. Кўзида икки томчи ёш пайдо бўлди. Сўнг ютиниб, кўзига оппоқ дастрўмолини босиб:

— Кўринишим шунақа, аслида ичим ҳалиям ўт бўлиб ёниб ётибди. Курсдошларимнинг кўзига кўринишдан уяламан. Ҳамма мени қўлини ниқтаб кўрсатгандай бўлаверади. Билмадим, бундан қачон қутуламан? Менимча, Чаённинг ўлимиям энди ўзимга келтиролмаса керак. Бунинг устига, синглим ҳечам хаёлимдан кетмайди. Уфф, — дея бошини кафтлари орасига олди Шоҳсанам.

— Қайғурманг, ҳамма нарсанинг давоси — вақт, боя ўзингиз айтдингиз-ку, кўрганларим тушга ўхшайди, деб. Ҳали тушингизданам узоқлаб кетади ўша кунлар, — дедим Шоҳсанамни чалғитиш мақсадида.

Хизматчи қиз буюрган нарсаларимизни олиб келиб қўяётганда ёнгинамиздаги столга бир қиз билан йигит келиб ўтирди.

Қиз сумкасини кавлаб, сигарет олиб тутатди. Мен Европа томонларда қизларнинг сигарет чекишини кўп кўргандим. Лекин ҳозир бу ерда ғалати туйилди. Нигоҳим қўшни столга қадалганини кўрган Шоҳсанам ҳам ўша томонга назар ташлади-да:

— Вой, — деб менга юзланди.

Унинг овозини эшитиб, сигарета чекаётган қиз ҳам бизга қаради. Сўнг тиржайди-да, ўрнидан туриб, столимиз ёнига келди.

— “Балиқча”, ўзингмисан? — деди у ичига тортган тутунни Шоҳсанамнинг юзига пуфлаб. Кашанданинг қилиғидан жон-поним чиқиб кетди. Шоҳсанам унга қараганча қалтирай бошлади.

— Озодликка чиқиб, ўзингга келишгангина йигит топвобсан-да!.. — сўнг йигити томонга қараб деди: — Манави “балиқча”ни эслайсанми, Шукурчик?

— Қани? — деб йигит ҳам бизнинг ёнимизга келди. — Во!.. Бунга тўрт марта тўр ташлаганман. Барибир қочган, қисталоқ. Лекин бешинчисида илинганди, кейин зўр бўлган...

Қарасам, улар ҳаддидан ошишаяпти. Секин ўрнимдан турдим-да, йигитнинг билагидан тутдим.

— Жўра, бориб жойингда ўтир, — дедим ёвқараш қилиб.

— Сен ўзинг кимсан? — деди у.

— Сен ҳақоратлаётган қизнинг йигитиман, — дедим ёлғон гапириб.

— Ҳали шу “шилта”нинг йигитман, деб керилиб юрибсанми?! — дея у шарақлаб кулиб юборди. Унга ёнидаги қиз ҳам қўшилди.

— Илтимос, — дедим ўзимни зўрға босиб, — ташқарига чиқайлик. Ўша ерда гаплашамиз.

— Бу боланинг томи кетганга ўхшайди, — деди қиз менинг кўкрак тугмаларимни ўйнаб, — менимча, сен бизнинг кимлигимизни билмасанг керак!

Мен унинг юзига термилиб жим туравердим. “Гапим яхшигина таъсир қилди”, деб ўйлаган қиз лабидаги сигаретни йигитга узатди-да, менга янаям яқинроқ келиб:

— Музаффар деган исм сенга яхши таниш бўлса керак, — деди.

— Таниш бўлганда қандоқ, — дедим унга кулиб, — фақат бу исмнинг сиз ойимтиллага нима алоқаси бор?

— Мен ўша одамнинг арзанда қизи бўламан, — деди қиз кибр билан.

— Шунақами?! — дедим мен қувончимни яширолмай. — Сиз билан танишганимдан ниҳоятда хурсандман. Ўзи қандай учрашсам экан, деб юргандим.

— Шукурчик, бу бола ақллигинага ўхшайди. Қара, яримта гапдан ҳамма нарсани тушунди!.. Ўзиям-чи, хушбичимгина, дарров юракнинг оловини ёқиб юборадиган. “Балиқча” билади кимнинг тўрига илинишни. Сенга ўхшаганлар минг марта тўрини отсин, илинмайди. Лекин манави йигитларнинг тўрига ўзиям келиб тушади...

— Ўзингдан кетма! — деди ҳақоратларга чидолмаган Шоҳсанам. — Сендан покизароқман.

— Вой, тилинг чиқиб қолибдими? — дея Музаффарнинг қизи унга яқин борди ва секин Шоҳсанамнинг сочига қўлини юборди.

— Энди давринг ўтди! — деди унинг қўлини ҳаводалигидаёқ ушлаган Шоҳсанам.

— Ни-ма?! Шукурчик, қаёққа қараяпсан?! — деб бақирди Чаённинг эркатойи.

Шукурчикни мен тўхтатдим. Лекин унга қарши куч ишлатмадим. Сабаби, ресторандагиларнинг кўзи бизда эди.

— Тўхта, ташқарига чиқайлик, ҳаммасини гаплашиб оламиз, қарзимиз бўлса, тўлаймиз, — дедим.

Йигит бир менга, бир хўжайинининг қизига қаради.

— Айтдим-ку, бу йигит одоблигина экан, — деб қиз менинг ёнимга келди-да, секин қўлимдан ушлади. — Қани, кетдик.

Унинг қилиғини кўрган Шоҳсанам қизариб кетди. Алланималар дейишга чоғланганда мен кўзимни қисиб, уни шаштидан қайтардим.

Ташқарида ойналари қорайтирилган оппоқ “Жигули” турарди. Чаённинг қизи шу машинага ўтиришимни таклиф қилди. Қарасам, Шоҳсанам ташқарида, машинага чиқмай турибди. Менга қадалган кўзлари нафратдан ёнаяпти. Эшикни очдим-да: “Ўтир”, дедим унга. У бошини қимирлатиб, “йўқ” ишорасини қилди. “Бунча овсар бўлмаса бу қиз”, дея машинадан тушдим-да, унинг қўлидан етаклаб машинага ўтқиздим. Шу орада қулоғига: “Менинг айтганларимни бажар”, деб шипшишга ҳам улгурдим.

Машина жойидан енгил қимирлагандан кейин менинг ёнимга ўтириб олган Чаённинг қизи секин белимдан қўлини ўтказди. Унга жилмайиб қараган эдим, менга ҳаволатиб ўпич юборди. Қўли билан белимни силай бошлади. Ғашим келди. Бироқ чидашга мажбур эдим.

Машина шаҳар марказидаги кўп қаватли уйлардан бирининг ёнида тўхтади. Биз машинадан тушиб Чаённинг олифта қизи орқасидан юрдик. У тўрт қаватли бинонинг биринчи қаватидаги «25» рақами ёзилган эшикни калити билан очди-да, ичкарига аввал ўзи кирди.

Уйга кирган Шоҳсанамнинг оғзи очилиб қолди. Мен эса бунақанги манзараларни кўп кўрганим учун хонанинг дид билан безатилганига эътибор қилмадим. Шоҳсанамга энди тегажоқлик қила бошлаган Шукурчикнинг қулоғи орқасига битта зарба бериб, ҳушидан кетказиб қўйдим-да, шу пайтгача керилиб келган қизнинг қўлидан ушлаб:

— У энди бизга керакмас, ҳаммасини ўзимиз эплаймиз, тўғрими? — дея сўрадим. Шеригининг ағанаганини кўриб ранги оқариб кетган қиз менинг юмшоқ гапимдан кейин озгина тетикланди.

— Мен сизни тушундим, яхши йигит, сиз битта эмас, иккитани бир ўзингиз эпламоқчисиз. Шоҳсанам иккаламиз, менимча, уддалаймиз, — деди у.

— Шоҳсанамнинг кераги йўқ, мен сен билан шуғулланаман, — деб унинг қўлини маҳкам қисдим. У титраб кетди-да:

— Мен билан шуғулланиш учун азоб бериш шарт эмас, — деди.

— Майнавозчиликни йиғиштир, — деб унинг юзига тарсаки туширдим. — Нималар деб ўзингча валдираяпсан?

— Менга ёқиб қолгандингиз, шунинг учун уйга таклиф қилгандим. Сиздай йигитни ҳар қандай қиз орзу қилади, — деди у.

— Ҳамма орзу қилсаям, сен хаёлинггаям келтирма, мен сен ўйлаган одам эмасман. Отанг қаерда?!

— Айт, — дея менинг ёнимга келди Шоҳсанам, — бу гал мен сенинг устингдан куламан. Ўшанда мен сув ютиб, бўғилиб қийналганимни биласанми? Сенинг анави ўйнашчанг қанча азоб бергани эсингдами? Билмайсан, у пайтларда сен отангнинг соясида маишат қилиб юрардинг. Энди отанг думини қисиб қочиб қолди. Унинг учун биринчи навбатда сен жавоб берасан. Чунки сен ўзингга ўхшаган қизларга азоб беришда отангдан ҳам ўтиб тушардинг!

(Давоми бор)