Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (9-қисм)
Машина Гулчиройни олиб шитоб билан тепага чиқиб кетди. Қоровулликка қолган пистирмачи эса шох-шаббалар орасига кириб яширинди. “Агар, тезда бунинг “ишини тўғрилаб” қўймасам, Гулчирой эрининг олдига етиб боргандан кейин Чаён бу ёққа рация орқали хабар бериб, менинг шу ердалигимни айтиб қўяди. Унда бу югурдак ҳушёр тортиб қолади”, дея хаёлимдан ўтказдим ва Шоҳсанамга:
— Шу ерда кутиб тур, мен чақирсам, орқамдан борасан, — дедим шивирлаб. Ўзим эса секин-аста қадам босиб, пистирмага яқинлаша бошладим. Тахминан манзилга етишимга саккиз-тўққиз қадам қолганда пистирмада ўтирган йигитни кўрдим. У ўтириб олиб қандайдир қўшиқни хиргойи қилганча, тўппончасини гоҳ у қўлида, гоҳ бунисида ўйнар, ора-сира йўлга, ён-атрофига қараб қўярди. Мен унга яқинлаша бошладим. Имкон қадар овоз чиқармасликка, шох-шабба, хас-чўпларни шитирлатмасликка ҳаракат қилдим. Бироқ барибир овоз чиқармай юришнинг имкони бўлмади. Пистирмада ўтирган йигит бирдан ўйинни тўхтатди-да, ўрнидан туриб, йўлга, сўнг атрофга қаради. Шу пайт сал нарироқдаги дарахт шохидан битта қуш потирлаб учди. Пистирмачи чўчиб тушиб, шу томонга тўппончасини тўғрилади. Дарахт шохини қимирлатиб товуш чиқарган қушлигини билгандан кейин чуқур нафас олди-да, яна жойига ўтирди. Аммо энди қўшиқ хиргойи қилмай қўйди. Ҳадиксираб атрофга аланглай бошлади. Бу пайтда мен унинг шундоққина орқасида турардим. Агар қаттиқроқ нафас олсам, эшитарди. Нафасимни ичимга ютиб, жуда чўзиб ўтирмасдан, тўппончасини уриб туширмоқчи бўлганимда, у орқасига қараб қолди. Иккаламизнинг нигоҳларимиз тўқнашди, саноқли сониялар ичида бир-биримизга тикилиб қолдик.
Яхшики, ундан аввал мен ўзимга келиб, нақ қорнимга тўғриланган тўппончани уриб туширдим. Мабодо у тепкини босишга улгурганида борми, бутун режаларим чиппакка чиқиши, ўзим ҳам нариги дунёга рихлат қилишим тайин эди.
Қуролидан айрилган шоввоз менинг юзимга ўнг қўлида зарба берди. Мен орқага қуладим-у, устимга ўзини отган рақибимнинг кўкрагига тепдим. У орқасига ағанади-ю, бироқ тезда ўзини ўнглаб, мени тепишга шайланди. Шунда унинг оёғидан ушлаб қолдим ва башарасига зарба бердим. Йиқилгач, қўлини орқасига қайирдим. У чиқиб кетишга бир-икки уринди, фойда бермагач, типирчиламай қолди.
— Ҳали ёш экансан, яшашни истайсанми? — дедим хотиржам сўзлашга уриниб. У бош ирғаб “Ҳа!” деган ишорани қилди.
— Яхши, исминг нима?
— Баҳром.
— Баҳромбек, агар сал типирчиласанг, иккаламиз келишмай қоламиз. Шунинг учун мен сўраган нарсаларга аниқ-тиниқ жавоб бер, кейин сени қўйиб юбораман.
— Мен сотқинлик қилмайман. Ўлдирсанг ҳам! — деди у башараси хас-чўпларга тегиб турганига эътибор қилмай.
— Бошқа пайт бўлганда бу гапинг учун мен сени мукофотлаган, ҳеч бўлмаганда, раҳмат айтган бўлардим. Чунки сендай содиқ йигитларни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди. Аммо ҳозир мен сенга ачинаяпман. Шундай йигит кимга хизмат қилиб юрганингни билишниям истамаяпсан.
— Мен-ку, бутун СССРда авторитети бор одамга хизмат қилаяпман. Ўзинг-чи?
— Мен бўлсам, ўша сен айтган СССРга бутун бошли умримни ҳадя қилишимга озгина қолган. Аҳмоқлигим сабаб мана шу кўйга тушиб ўтирибман. Энди билдингми, паразит?! — дея унинг қўлини қаттиқроқ қайирдим. Баҳром инграб юборди. Шу пайт Баҳромнинг ён чўнтагидаги рация “сайраб” қолди.
— Мени “Кўрмадим, ҳали келгани йўққа ўхшайди”, деб жавоб қиласан, агар битта ортиқча сўз айтсанг, қаҳрамонлигингга қараб ўтирмайман, тушундингми? — дея унга рацияда гаплашишига имкон бердим.
— Эшитаман! — деди у рацияни олиб.
— Баҳром, Собир шу яқин-атрофда. У янганг билан бирга келган, ҳушёр бўл, — деган овоз келди нариги томондан.
— Хўп бўлади! — деб рацияни ўчирди Баҳром.
— Ана кўрдингми, уларнинг ўзлари ёлғон гапиришингга йўл беришмади, — дедим истеҳзоли кулиб. Сўнг Баҳромни ўрнидан турғазиб, камарини ечиб олдим-да, иккала қўлини ҳам орқасига қайириб боғладим. Шимини ечиб олиб, дарахтга маҳкам боғлагач, шундай дедим:
— Энди сен ҳам менга ўхшаб чорасиз қолдинг. Мен-ку, озодман ҳали, аммо сенинг қўлинг боғлиқ, тақдиринг бошқа одамнинг қўлида, бундан беш минут олдин ўзингни ҳамма нарсага қодир деб ўйлаб ўтирган бўлсанг, энди бир нотавонсан. Хўш, сенга яна битта савол. Жавоб берсанг, жазонг енгиллашади. Умуман, сенинг бошингга ҳозир итнинг кунини солиб, ҳамма нарсани сўраб билиб олишим мумкин. Фақат бунақа қилсам, одамгарчиликка тўғри келмайди.
Баҳром иржайганча бош чайқаб:
— Барибир ҳеч нарса билолмайсан, — деди.
— Билишимниям ҳожати йўқ. Чаённинг қаердалиги маълум, бошқа ҳеч ким мени қизиқтирмайди. Сендан сўрамоқчи бўлганим: боя кетган машина қачон изига қайтади?
— Билмайман, — деди Баҳром юзини буриб.
— Начора, ўртоғинг билан мана шу ердан видолашиб қўя қоласан.
— Унинг ҳали бировга зиёни тегмаган. Ундан кўра, мени ўлдириб қўя қол.
— Лекин ҳаром иш билан шуғулланадиган одамларга қўшилибдими, нияти ёмон. Илоннинг туғилганидаёқ бошини янчсанг, бировни чақишга улгурмайди, — дедим-да, Шоҳсанамга қараб қўл силкидим. У мен томондан кўзини узмай ўтирган шекилли, тезда етиб келди. Келди-ю, Баҳромнинг аҳволини кўриб, кулди.
— Йигитнинг гулининг аҳволи танг бўлиб қолибди-ку, — деди.
— Сиз бу ерда нима қилиб юрибсиз? —сўради ундан Баҳром ажабланиб.
Улар бир-бирига тикилиб қолишди. Нигоҳларнинг бундай сирли тўқнашишида нимадир яширинганга ўхшарди. Шоҳсанам “балиқча” вазифасини бажараётганда, эҳтимол, уларнинг орасида нимадир бўлиб ўтган.
— Собир ака, — деди Шоҳсанам менга мурожаат қилиб, — бу Музаффарнинг йигитлари орасидаги энг виждонли йигит.
— Агар виждони бўлганда, бу ерда санқиб юрмаган бўларди. Қани, кетдик, — деб мен Шоҳсанамнинг қўлидан ушлаб етакладим. Аммо у юришни истамас, орқасига тез-тез қайрилиб, Баҳромга қараб қўярди.
— Уни яхши кўрасанми? — дея сўрадим Шоҳсанамнинг юзига қарамай. У жавоб бермади. Шунда Шоҳсанамни ўзим билан бирга олиб юрганимга афсусландим. Айни дақиқада унинг менга умуман кераги йўқ эди. Қайтанга, ташвиш келтириши мумкин. Бироқ ҳозир ташлаб ҳам кетолмайман. Агар у билан Баҳром ўртасида яқинлик бўлса, мен кетганимдан кейин у, албатта, Баҳромнинг қўлини ечиб юборади. Бошимга қўшимча ташвиш орттиришни эса истамайман.
Йўл ёқасига чиққанимиздан кейин ҳам Шоҳсанамнинг юзига қарамадим. У бир нарсаларни айтиб, менга тушунтириш бермоқчи эканлигини сезиб турардим. Лекин ундан ҳеч қандай тушунтириш олишни истамасдим. Умуман, унинг Баҳром билан қандай алоқаси борлиги менга қизиқ эмасди. Хаёлимда: “Бу қизни қаерда қолдириб кетсам экан?” — деб ўйлардим.
Биз бирпас турдик ва Гулчиройни олиб кетган машина қайтиб келди. Ҳайдовчи ўн-ўн беш метрлар чамаси нарида машинани йўл ёқасига тўхтатди. Ўзи эса илдам қадамлар ташлаб биз томонга яқинлаша бошлади. Орамиздаги масофа бир метр қолганида, унинг қаршисига чиқдим. У тўхтаб, ҳайрон бўлганча менга тикилиб қолди.
— Ишлар қалай? — дедим унинг довдираганидан фойдаланиб. У шошиб ёнидан қурол чиқаришга уринди. Мен шу заҳоти қўлидан ушладим-у, жағига мушт туширдим. Шоҳсанам кутилмаганда қўлидаги калтак билан унинг бошига савалаб қолди. Бечора бошини ушлаганча бўкириб йўлда думалай бошлади. Мен Шоҳсанамга ғазаб билан қараб қўйдим-да, бир қўлим билан йигитнинг оғзини ёпдим, иккинчи қўлим билан белидан ушлаб кўтардим. Дарахтзор ичига олиб кирганимдан кейин ҳам у оғриқ зўридан инграрди. Дарров унинг ҳам камарини ечиб, қўлини дарахтга қўшиб боғладим. Кўйлагини йиртиб оғзига тиқиб қўйдим...
— Чаённинг нариги дачасига қандай боришни биласанми? — дея сўрадим Шоҳсанамдан йигитнинг машинасига ўтирганимиздан сўнг.
— Шу йўл орқали тоғ тепасига чиқилади. Кейин иккита йўл келади. Бири пастга, иккинчиси Чаённинг дачасига олиб боради. Лекин тоғ тепасидаги ҳар қандай нарсани Чаённинг дачасидан туриб кўрса бўлади.
— Улар, ҳарқалай, таниш машинага индашмаса керак, — дедим жилмайиб.
Музаффарнинг ёниб кетган дачасига етмасдан яна битта пистирмага дуч келдим. Бу ерда ҳам иккитаси мени пойлаб турган экан. Уларнинг иккаласи ҳам машинани кўрибоқ йўлга чиқишди. Бирини отиб ташладим, иккинчиси эса пичоқ еб ҳаёт билан видолашди. Шундан сўнг тоғнинг ярмига чиққанимизда Шоҳсанамни машинадан туширдим.
— Менам борай, сизга ҳечам халақит бермайман, — деб ялинди у.
Бироқ мен унамадим. Мен-ку кутилаётган хавфдан бир амаллаб қутулиб қолишим мумкин, бироқ унинг ёш жони увол бўлиши ҳеч гапмас. Ҳарқалай, бир дунё орзулари бордир. Синглимнинг қасдини оламан, деб ўзи ҳам ўлиб кетиши аҳмоқликдан ўзга нарса эмас.
Тоғ тепасига чиққанимдан сўнг Чаённинг дачаси кўринди. Буни бир қарашдаёқ билиб олиш мумкин эди. Чунки тоғнинг бу ён бағри яккам-дуккам бутазорлар бўлиб, фақат бир жойида ғужғон дарахтлар яққол кўзга ташланарди. Шубҳасиз, ўша жой Музаффарнинг иккинчи қароргоҳи эди. Буни айнан шу томонга қараб кетган йўлдан ҳам билса бўларди. Машинани иккинчи тезликка қўйиб, секин боравердим. Кўзим бир йўлда, бир ўша ғужғон дарахтзорда. Озгина ҳаяжоним бор. Бу Музаффар, унинг йигитлари билан дуч келишим, қон тўкилишини сезаётганимдан эмас, балки отамнинг юзига қандай қарайман, “Болам, сен мени шу кўйга солиб қўйдинг”, деса қандай жавоб қайтараман, деган ўйдан эди.
Машинани Чаённинг дачасига етмасдан тўхтатдим-да, пастга тушиб, ёнимдаги иккита тўппончани текшириб кўриб, аста дача томонга яқинлаша бошладим. Дача олдидаги тўрт-беш чоғли йигитлар мени кўришди. Афтидан, улар ўзларига тегишли бўлган машина нега бирдан тўхтаб қолганига ажабланишиб, дурбинларини мен томонга тутишди. Сўнг биттаси қўлидаги рацияга нимадир деди. Қолганлари менга тўппонча ўқталишди. Мен ўзимни харсанг орқасига олиб яшириндим. Тўппончалар кетма-кет ишга тушиб кетди. Ўқлар тошга тегиб, визиллаб учарди. Мен жойимдан қимирламай, уларнинг отишдан тўхташини кутдим. Ниҳоят ўқ овозлари тинди. Секин пойлаб қарасам, иккитаси яқинлашиб келаяпти. Менимча, улар отган ўқлари тегиб, мени яраланиб ётиб қолган, деб ўйлашган бўлишса керак.
Иккови ҳам мен яширинган жойдан кўз узмас, қўллари билан тўппончаларини маҳкам ушлаб олишган. Мен ердан кичкинагина тош олдим-да, ён томонимга — турган жойимдан сал нарироққа отиб юбордим. Улар тош тушган жойга ўқ ёмғирини ёғдиришди. Уларнинг бу қилиғи кулгимни қистатди. Чунки бу тажрибасизликнинг оқибати эди. Тирноқларигача қўрқув босгани шундоққина билиниб турарди. Бир думалаб тошнинг орқасидан чиқдим-да, ётган жойимда икки марта ўқ узиб, яна жойимга қайтдим. Иккаласи ҳам чалқанча қулади. Дарвоза ёнидагилар эса менга қарата яна пала-партиш ўқ ёғдиришди. Мен кутиб турдим. Шу пайт улардан бири асабини жиловлаёлмай: “Ҳов ит, эркак бўлсанг, чиқ биқиниб ётмай!” — дея бақирди. Бироз ўтгач, тўппончадан битта-битта ўқ отилди. Бу уларнинг қайси биридадир патрони тугаганидан дарак берарди. Пойлаб қарасам, уч кишидан фақат биттаси қолибди. Уям аста-секин ортига чекинаяпти. Мен унинг манглайини мўлжаллаб тепкини босдим. У жойида бир лаҳза қотиб қолди-да, сўнг юзтубан қулади. Энкайиб унинг ёнига югуриб бордим. Шунда тўртта одам дарвоза томонга югуриб келаётганини кўрдим. Улардан учтаси серсоқол эди. Қўлимдаги тўппончани ишга солиб, биттасини қулатдим. Қолганлари ерга ётиб олишди ва мен томонга узуқ-юлуқ ота бошлашди. Мен дарвозага туташ девор бўйлаб бироз юриб, деворга чиқдим. Ётганлар ҳали ҳам жойларидан қимирлашмаган экан. Сакраб пастга тушдим-да, баланд, сершох арча ортига яшириндим. Кейин эмаклаб, ерга ётиб олган учта йигитга яқинлаша бошладим.
— Биронта ўқимиз текканга ўхшайди, жимиб қолди, — деди серсоқоллардан бири рус тилини бузиб, кавказча оҳангда.
— Тегмаган, — деди ёнида ётган йигит, — боя ҳам худди шундай қилганди. Бизнинг туришимизни кутаяпти.
Бу пайтда мен уларнинг оёқ учларидаги бута ортида эдим. Иккитасини асфаласофилинга жўнатиш қийин бўлмади. Бироқ учинчиси чаққон экан, тўппончамни тўғрилагунимча жойидан сакраб туриб, ўмбалоқ ошиб ёнимда пайдо бўлди. Шу ондаёқ ўртамизда қўл жанги бошланиб кетди. У аввал мени самбо усулида — икки оёғини белимдан ўтказиб ерга ағанатди. Тепмоқчи бўлганида, бир юмалаб чап бердим. Иккинчи бор оёғини кўтарганда эса, ушлаб қолиб, сонига тепдим. У ўтираётиб биқинимга мушт туширди. Мен эгилиб қолдим. Шу он қаердандир тўппончанинг овози эшитилди. Қарасам, рақибимнинг кўкрагидан ўқ тегибди. У ўз тилида алланималар деганча йиқилиб, бу дунё билан хайрлашди. “Кавказингда юравермайсанми, пишириб қўйибдими сенга бу ерда?” — дея ичимда сўкиндим.
Энди ўқ қаердан отилганини аниқлашим керак эди. Шу боис, майса устига ётиб, атрофни кузатдим. Ҳеч зоғ кўринмайди. У ер-бу ерга арча дарахтлари, буталар экилган, ер эса майса билан қопланган. Алоҳида уй йўқ. Тоғ бағрига пишиқ ғишт терилган. Шоҳсанам айтган ғор, менимча, шу бўлса керак. Фақат ғор оғзига эшик қурилган эди. Ўқ шу тарафдан отилгани даргумон. Чунки у ҳолда мен кўрган бўлардим. Айни дақиқада битта жойда чўзилиб ётишим ҳам хавфли эди. Эртароқ жойимни ўзгартирмасам, эндиги гал нишонга олинишим ҳеч гап эмас. Эмаклаб кетаётганимда, ўнг томонимдан узилган ўқ қўлимни ялаб ўтди. Мен икки думалаб, ерга қапишиб ётавердим. Орадан маълум вақт ўтиб, кимдир ғор ёнидаги арча ортидан чиқиб, тўғри мен томонга кела бошлади. У қўлида тўппонча ўқталиб келаётганини ички бир туйғу билан ҳис этдим. Агар озгинагина қимирласам тепкини босиши аниқ. Шу боис, гарчи қўлим қаттиқ оғриётган бўлса-да, тишимни тишимга босиб, чидаб ётавердим. Ҳалиги одам ёнимга келиб, оёғи билан мени ўгирмоқчи бўлганида, бурилдим-у, унга тўппончани тўғрилаб тепкини босдим. Пешонасидан ўқ еган душман устимга қулади. Яхшиямки, қочиб қолдим. Бўлмаса, гавдалигина одам экан, бирон жойимни майиб қиларди. Чалқанча ётганча, нафасимни бироз ростлаб, ёнимдаги мурданинг кўйлагини йиртиб, қўлимнинг ярасини боғладим. Кейин арчанинг тагига кириб яшириндим-да, атрофни синчиклаб кузатдим. Ташқарида тирик жон қолмаганга ўхшади. Ҳатто қушлар ҳам шовқин-сурондан безиб, қаергадир жуфтакни ростлаган. Зийракликни йўқотмай ғор оғзига бориб, эшикни итариб кўрдим. Ичкаридан қулфланган экан, очилмади. Қалин ёғочдан нақш солиб ишланган эшикни тепиб ёки елка билан уриб очиш амримаҳол. Ажабмаски, бу эшикнинг нариги томони темир билан қопланган бўлса.
Атрофимга аланглаб, эшикни бузадиган нарсани қидирдим. Эътиборимни эгасиз қолган тўртта машина тортди. Улардан биттаси “Нива” эди. Миямга келган фикрдан хурсанд бўлиб, машина томон югурдим. “Яп-янги экан, увол бўладиган бўлди-да! Начора”, дея хаёлимдан ўтказиб, рулга ўтирдим. Барака топгурлар машинани ташлаб кетишибди-ю, калитини қолдиришни унутишган экан. Шундай машинанинг ичак-чавоғини чиқариб ташлашга қўлинг бормайди. Начора, зарур бўлгандан кейин бузмасдан иложинг йўқ.
Машина тез ўт олди. Ғор эшигига рулни тўғриладим-да, тезликни оширдим. Ўзим эса, мўлжалга етай деганда машинадан сакраб тушиб қолдим. Машина қаттиқ урилганидан эшик синиб кетди. Шу ондаёқ автоматнинг тариллаган овози эшитилди. Икки-уч дақиқа ўтиб, автоматнинг уни ўчди ва мен ичкарига кириб, тўхтаб қолган машина орқасига яшириндим.
— Машинада ҳеч ким йўқ, — деди ғор ичидан биттаси.
— Биз кутганданам айёр экан, эҳтиёт бўл, бирон жойда биқиниб турган бўлмасин, — деди иккинчиси.
Мен машина остидан уларни кўрмоқчи бўлдим-да, энкайдим. Худди ўша пайт ғор ичидагилардан бири энгашиб машина остига қаради. Ўшанда фақат чаққонлигим эвазига унинг бошини нишонга олишга улгурдим. Шериги эса, бирдан автоматини тариллатишга тушди. Бироқ шу қадар пала-партиш ўқ узар эдики, унинг бунақа уқувсизлигидан ҳатто жаҳлим чиқиб кетди. Агар ўша йигит ҳамроҳим бўлганида, уриб бошини ёрардим.
Ғорнинг ичи қасрдай безатилган. Шифтда қандиллар, девор ёнида шкаф, оёқ остида ёғоч пол. Ҳаммаси қимматбаҳо. Падарингга лаънат, автомати билан мени отаман деб шундай уйнинг расвосини чиқарди. Шкафдаги биллур идишларга қўшилиб, қандиллар ҳам чилпарчин бўлиб кетди. Автоматчининг ўқи тугади. Шундан сўнг у буткул довдираб қолди.
— Эркакмисан? — дея бақирди у. — Илондай писиб ётмай, чиқ, яккама-якка олишамиз.
— Агар ўзинг эркак бўлганингда, шунча ўқни бекорга кетказмаган бўлардинг, — дедим мен қаддимни ростлаб, у томон юрарканман.
Мени кўриб, унинг юзидан қони қочди. Орқасига тисланаркан, лаблари титрай бошлади.
— Қаёққа бораяпсан? Сен мен билан эркакчасига ҳисоб-китоб қилмоқчийдинг-ку. Қани, кучингни кўрсат! — дедим унга.
— Биласанми, илгаридан сенга ҳурматим баланд эди. Сенга мен умуман ёмонлик қилмаганман. Ишонмасанг, хоҳлаган одамингдан сўра. Мен Музаффарнинг ўнг қўли эдим. У мени ташлаб, ўзи Россияга қочиб кетди. Александр Петровичнинг ёнига.
— Хўш, гапир, гапир, — дедим мен унинг гапларига жиддий эътибор бераётгандай бўлиб, — балки Асланнинг ёнига қочгандир.
— Йўқ, унинг ёнига боролмайди. Асланнинг олдида ёлғончи бўлиб қолди. Сени ушладим, деб хабар берувди. Сен қутулиб чиқиб кетдинг. Энди унинг ёнига қуруқ қўл билан борса, калласини узади. Бунинг устига, сен Асланнинг биздаги учта вакилини ўлдириб қўйдинг.
— Чаён қандай қилиб бу ердан қочиб кетди? — дедим унинг кўзига тикилиб.
— Мана бу ёқда — орқадан чиқиб кетадиган йўл бор, — деб у ғор тубини кўрсатди.
— Бошла бўлмаса, — дедим унга.
У кўзлари жовдираб, атрофига бир қараб олди-да, мендан нигоҳини узмай ортига чекина бошлади. Ғор охирига етганимизда шкафдаги кўк тугмачани босди. Шу онда шкаф бир четга сурилиб, қоп-қоронғи йўлак пайдо бўлди. Мен ўша томонни кузатаётганимда, Чаённинг “ўнг қўл”и бирдан шкафни очди-да, тортма ичидаги тўппончани олишга интилди. Ўша заҳоти унинг қорнига тепдим. Тўппонча учиб кетди. Унинг шунақа ҳийласи борлигини сезгандим. Бекордан-бекорга ўзини оппоқ қилиб кўрсатишга уринмаётганди у. Бир тепки билан қониқиш ҳосил қилмай, белига ҳам мушт туширдим. У йиқилди. Сўнг сочидан бураб, ўрнидан турғазиб:
— Отамни қаерга яширдиларинг?! — дея бақирдим.
У бош чайқаб “билмайман” деган ишорани қилди. Менинг жаҳлим чиқиб кетди. Бармоқларини ушлаб, қайира бошладим. Оғриқ забтига олиб, унинг ингроқ овози ғорни тутиб кетди, мен бармоқларини шу ҳолатда ушлаб туравердим.
— Отанг яширинча йўлнинг ўнг томонидаги қафасда-а! — дея қичқирди у.
— Итдан тарқаганлар! — дея сўкинганча асирни етаклаб, у айтган томонга юрдим. Шу пайт қулоғимга ғор ичкарисидан сувнинг шовуллаган овози эшитилди.
— Бу йўлнинг охири берк-ку!
— Сув орқали ташқарига чиқиб кетадиган йўл бор, — деди “йўл бошловчи”.
Бироз юрганимиздан кейин отам ётган қафасга дуч келдик, у ёниб турган иккита шамга тикилганча мунғайиб ўтирарди. Отамнинг аҳволини кўриб, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Жаҳл билан “асир”нинг жағига мушт туширдим-да, отамнинг олдига эмаклаб бордим. У мен томонга бир мартаям қараб қўймади, шамга тикилганча ўтирарди.
— Ота-ж-ж-о-н! — дедим унинг рўпарасига бориб. Аммо отам миқ этмади. — Бу мен — бадбахт ўғлингизман, ота!
Отамдан садо чиқмади. “Наҳотки ўлиб қолган бўлса”, деган ўй яшин тезлигида миямга урилиб, орқага тисландим. Сўнг яна отамнинг қошига эмаклаб бордим-да, унинг қўлини ушлаб юз-кўзимга суртдим, оёғини ўпдим. Ҳартугул, тириклик аломати бор эди. Шунисигаям шукур қилиб, уни кўтариб олдим.
У енгил бўлиб қолган эди, худди ёш болага ўхшарди.
Отамни ёруғликка олиб чиққанимдан сўнг, уни кўриб қўрқиб кетдим. Юзини буткул ажин босган, бошида бир дона ҳам тук йўқ! Мен отамни ҳар қандай ҳолатда тасаввур қилгандим, аммо бунақа аҳволда эмас. Ўкиниб йиғлаб юбордим-да, отамни маҳкам қучоқладим. Шунда у алланима деди, бироқ мен тушунмадим. Сўнг уни яна даст кўтариб, кўздан панароқ жойга ўтқиздим-да, ўзим ғор ичига югурдим. Жағига мушт теккандан кейин ҳалиги “ит” ҳушини йўқотган экан. Бориб юзига бир-икки шапалоқ ургандим, кўзини очди.
— Тур ўрнингдан, ҳали сенинг ўлишингга эрта, қани, ичкарига йўл бошла. Чаённи ернинг тагидан бўлсаям топиб берасан!
У гандираклаб олдимга тушди-да, секин юра бошлади. Орқасига бир тепиб:
— Бўл тез! — деб бақиргандим:
— Ҳозир... ҳозир, чироқни ёқай, — деди у йиғламсираб. Биз беш-олти қадам босганимиздан сўнг “ўнг қўл” деворни пайпаслаб “чиқ” этказиб босган эди, ҳаммаёқ чароғон бўлиб кетди. Кўз ўнгимизда эса бўйи-ю эни ўн метрдан кам бўлмаган бассейн пайдо бўлди. Унинг атрофидаги деворда бир нечта туйнук бор эди. Оғиз-бурнигача сувга тўлган бассейнда шифтга қараганча бир қиз ўлиб ётарди. Бу Гулчирой эди. Мен ҳайратдан донг қотиб қолдим. “Наҳотки Чаён шундай гўзал хотинидан ҳам воз кечган бўлса?! Ахир, Гулчирой эрига вафодорлигини кўрсатганди-ку. У эрининг душманига нафратини яширмаганди. Нима гуноҳи учун уни бундай хор қилиб ўлдирибди?” — деган ўй ўтди хаёлимдан.
— Чиқар, — дедим мурдага тикилиб турган “ўнг қўл”га. У бассейнга яқин борди-да, бирдан ортига қайтди.
— Сувга электр токи уланган! — деди қалтираб.
— Қаердан ўчирилади? — сўрадим жаҳл билан. У девордаги автомат-шитни кўрсатиб:
— Қулфланган, калити фақат Музаффарнинг ўзида бўлади, — деди.
— Ҳозир Музаффарни онангникидан топаманми? — дея сўкинганча автомат-шит қопқоғини ён томонидан қаттиқ тепган эдим, очилиб кетди. Токни ўчирадиган асбобни пастга туширдим, бирдан чироқ ўчиб, ҳаммаёқ қоп-қоронғи бўлиб қолди. Яхшики, дардисарнинг қўлидан ушлаб турганим, бўлмаса у жуфтакни ростлаган бўларди.
— Энди сувга тушиб олиб чиқ қизни! — дея буюрдим унга.
— Сувдаги ток ўчганмикан? — деди у овози қалтираб. Назаримда, “ўнг қўл”га индамасам, “ади” десам “бади” деб турадиганга ўхшайди. Шу боис, сувнинг қаердалигини тахмин қилиб, уни итариб юбордим.
— Ток йўқмикан? — дея ундан сўрадим.
— Бу ердаям ўчибди, мана олиб чиқаяпман, — овоз берди у.
— Бўл тез, йўқса чироқни ёқаман! — дея пўписа қилдим. У менга ялиниб-ёлвора кетди. Сўнг сувни шалоплатган кўйи ташқарига чиқди.
— Узоқроқ тур, бўлмаса, ҳозир ўлиб кетасан, — дедим унга. У эса югуриб келиб қўлимни ушлаб олди. Бу аҳволда мен чироқни ёқолмас эдим, чунки ўзимни ҳам ток урарди. Шу пайтгача оғзидан биронта ҳам ақлли гап чиқмаган “ўнг қўл”нинг, бир маротаба бўлса-да, калласи ишлаб қолганди.
— Келган йўлимизни эсингдан чиқариб қўймадингми? — сўрадим ундан юмшоқ оҳангда.
— Қайтамизми орқага? — деди у.
— Ҳа, ишимиз битди, қайтамиз, — дедим мен. У менинг қўлимни қўйиб юбормасдан тез-тез юриб келган йўлимизга қараб кета бошлади. Бироз юрганимиздан сўнг мен уни тўхтатдим-да:
— Сен шу ерда туриб тур, — деб ортга қайтдим. Секин-аста, девордан ушлаб автомат-шит ёнига бориб чироқни ёқдим. Худди шуни кутиб тургандек шоввоз қочишга тушди. Тўғриси, унга мен ортиқча жабр қилмоқчи эмасдим. Жабр қилишгаям арзимайдиган одамлигини аллақачон сезгандим. Бироқ унинг бу қилиғи асабимни яна жунбушга келтирди. Ким билади, ўзича нималарни мўлжаллаган.
Мен орқасидан қувишга тушдим. У узоққа қочиб кетолмади, ҳатто ғорнинг кошона қисмига ҳам етмади. Оёғи нимагадир қоқилиб, йиқилиб тушди ва бирдан бошини қўллари орасига олиб яширди. Унинг бу қилиғи кулгимни қистади. Лекин ҳовуримдан тушмаганим боис, оч қорнига бир-икки тепдим. У дод-вой қилди, “Урма”, деб ялиниб-ёлворди. Менинг эса, авжим келарди. Бироқ жирканишга-да нолойиқ одамни ортиқча вақтимни кетказиб дўппослаб ўтирмадим. Ёқасидан ушлаб, ғор ичкарисига етакладим.
Одамзод ўлганда чиройли бўлиб кетади, деб эшитгандим. Бироқ Гулчиройнинг очиқ кўзлари олайиб, гўзал юзи қўрқинчли тусга кирганди. Агар уни ўлмасидан аввал бетакрор гўзал эди десангиз, бировнинг ишониши қийин. Унга ачиниб қараб турган кўйи:
— Йўлнинг давомини кўрсат, — дедим “Яна уриб қолмасмикан?” — деган хавотирда менга жовдираб қараб турган “ўнг қўл”га.
— Хўп... хўп, — деди у шоша-пиша ва ғор ичкарисига йўл бошлади. Ичкарилаганимиз сайин сувнинг шовқини қаттиқроқ эшитила бошлади. Йигирма қадамлар юрганимиздан кейин ғор тугади. Бундан бу ёғига юришнинг иложи йўқ эди. Чунки шундоққина ғор тугаган жойда булоқ отилиб чиқиб турар ва шовуллаб тоғнинг тешигига оқарди.
— Қани йўл? — сўрадим “ҳамроҳ”имдан.
У қўли билан сув оқиб кетаётган томонни кўрсатиб:
— Агар шу тешикка кирилса, сувнинг ўзи тоғнинг нариги томонига олиб чиқади, — деди.
— Нега қасамхўрлик қилаяпсан? Нафасинг етмай бўғилиб ўласан-ку! Ёки мени алдаб яна калтак емоқчимисан?
— Шунча нарсани қурган одам, нима, битта ғоввослар кийими билан кислород баллонини тополмайдими? Ўзингам ёш болага ўхшаб фикрлама-да.
— Яхши, “ катта одам”, энди орқага қайтамиз, — дедим.
Биз бассейн ёнига борганимизда деворлардаги туйнукларни бирма-бир кўриб чиқдим. Бу районда наша кўп бўлишини илгари эшитгандим. Бироқ туйнуклардаги қопчаларга солинган марихуанна эканлигини кўриб ҳайрон қолдим. Тахминимча, ўттиз килолар чиқадиган (ҳар бир туйнукда ўн-ўн бештача целлофан қопчада марихуанна бор эди) бу матоҳ қаердан келиб қолгани одамни ўйлантирарди. Хаёлимдан: “Бу “жоннинг роҳати” тўғрисида милисага хабар бериш керак экан”, деган ўй ўтди. Текширишни бас қилиб, Гулчиройнинг мурдасини “ўнг қўл”нинг елкасига ортиб, ташқарига олиб чиқишни буюрдим.
— Бу ерда телефон борми? — сўрадим кўзи қуёш нуридан қамашиб турган “ҳамроҳ”имдан.
— Ичкарида, чап томонда, — дея жавоб берди у.
Шундан сўнг Чаённинг ишончли одамининг оёқ-қўлини боғладим ва ўзим Музаффарнинг “уй”ига кирдим. Дарҳақиқат, телефон бор экан. “02”га қўнғироқ қилиб, бу ердаги аҳволни ва манзилни айтдим. Албатта, улар бу ер кимга тегишли эканини яхши билишади. Келишга ҳайиқишса ҳам керак. Лекин мен қилган қўнғироқ уларни қизиқтирмасдан қўймас.
Отамнинг ёнига бордим. У мен қандай ўтқазиб кетган бўлсам, худди шу аҳволда бир нуқтага термилганча ўтирарди. Кўтариб машиналар ёнига олиб бордим ва биттасининг орқа ўриндиғига ётқиздим, ўзим рулга ўтирдим-да, нарироқда мўлтираб менга қараб турган “ўнг қўл”га:
— Мабодо Чаёнга яна дуч келгудай бўлсанг, айт, сен ўнг қўл бўлишга арзимайсан. Яхшиси, сен оёқ кийим тозалайдиган бўл, мана шу касб сенга ярашади, — дедим ва машинани жойидан жилдирдим.
Биз Чаённинг яна бир қароргоҳидан чиққанимизда қуёш тепага келган эди.
Тоғнинг нариги томонига ўтганимиздан сўнг йўлнинг ўртасида Шоҳсанамни кўрдим. Ёнига боргандан кейин машинани тўхтатиб, деразадан бошимни чиқаздим. У бирдан юзимдан ўпиб олди.
— Нега йўл ўртасида турибсан? — дедим жаҳл билан. — Чаённинг одамлари келиб қолганда нима бўларди?
— Уларнинг келмаслигини яхши биламан, — деди у менинг юзимни силаб.
— Бўпти, ўтир, бу ердан тезроқ кетишимиз керак, ҳали замон милисалар келиб қолади.
Шоҳсанам машинага ўтиргандан сўнг орқа ўриндиқда ётган кичкина одамга қаради.
— Бу одам менинг отам бўлади, — дедим ютиниб, — бор-йўғи бир ҳафтада шу кўйга тушиб қолибди.
— Тезроқ касалхонага олиб бормасак, бўлмайдиганга ўхшайди, — деди Шоҳсанам отамга ачиниб қараб.
Буни ўзим ҳам билардим. Аммо касалхонага олиб борсам, отамни ўз қўлим билан ажал домига топширган бўламан.
Шоҳсанамга ҳеч нарса демадим. Фақат йўлдан кўзимни узмаган кўйи тишларимни ғичирлатдим. Шоҳсанам эса менга бошқа савол бермади. Афтидан, у менинг ҳолатимни тушунган эди.
Чаённинг дала ҳовлисидан ўтганимиздан кейингина мен тезликни оширдим. Қаттиқ ўйга берилиб кетганим боис, тезлик кўрсаткичи бир юз ўттизга қараб кетганига, машина титрай бошлаганига эътибор ҳам қилмабман.
— Секинроқ ҳайданг, — деди Шоҳсанам, — бу ерларнинг йўли текис бўлгани билан, катта тезликда машина ҳайдаб бўлмайди.
Унинг ақл ўргатиши энсамни қотирди. Шундай бўлса-да, айтганини қилдим. Яна ярим соатлар юрганимиздан сўнг машинани ўнг томонга бурдим. Бу яккам-дуккам тупроқ йўл қаёққа олиб боришини билмасдим. Билишим муҳим ҳам эмасди. Асфальт йўлдан узоқроққа — кўздан панароққа бориб, мени ушлаб шон-шуҳратга кўмилишни орзу қилаётганларга кўринмай турсам бўлгани. Бирор километрлар юриб, бутазорлар ёнида машинани тўхтатдим. Шоҳсанам ҳайрон бўлиб менга қаради.
— Ҳозир “мент”лар келиши керак. Уларни ўтказиб юбориб, кейин яна йўлга тушамиз, — дедим. Кутилганидек, ўн беш дақиқалар ҳам ўтмасдан тўртта милиция машинаси катта тезликда ўтиб кетди. Уларнинг қораси кўринмай кетгач, биз яна йўлга тушдик.
“Таажжуб! — дея ўйлар эдим мен. — Эндигина йигирма ёшдан ўтаяпман-у, бошимда шунча қайғу. Мен билан бир синфда ўқиганлар ҳозир оиласи даврасида, бировдан бекинмайди. Қасд олиш учун бировнинг орқасидан тушмайди. Менинг эса, ҳар бир дақиқам таҳлика остида. Онамдан, укамдан айрилдим. Отамнинг абгор аҳволга тушишига, синглимнинг ҳаётига зомин бўлдим. Хўш, менинг яшашга ҳақим борми?.. Нега ўзи шу кўйга тушдим? Нега менинг тақдирим бунақа? Йигит ўз тақдирини ўзи яратади, дейишади. Ахир, мен тақдирим шунақа бўлсин демагандим-ку... Балки, Анна менга ёрдам бермаганида, кўнглимда тирик қолишга интилиш бўлмаганида, ҳозир ота-онам одамларга ўхшаб яшашаётган бўлишармиди?.. Эсиз, бекор ўшанда мени ўлдиргани келганларнинг ўқларига ўзимни тутиб бермабман... ”
— Тормозни босинг!!! — дея бирдан қичқириб қолди Шоҳсанам.
Мен чўчиб тушдим ва хаёлимни йиғиб йўлга қарасам, чамаси ўн метрлар нарида бир бола йўл ўртасида ўйнаб ўтирибди. Жон алфозда тормозни босиб, машина рулини четга қаратиб бурдим. Машина чийиллаб овоз чиқариб, боғлиқ турган эшакни уриб юбориб тўхтади. Пешонамдан совуқ тер чиқиб кетди.
Пастга тушиб югурганча болакайнинг ёнига бордим. Шўрлик қўрқиб кетганидан изиллаб йиғларди. Энди уни кўтаришим билан шундоққина йўл ёқасидаги уйдан рўмоли елкасига тушган жувон югуриб чиқди-да:
— Бола-а-а-м! — дея чинқириб қўлимдаги гўдакни олди, онасини кўрган болакай баттар чинқириб йиғларди.
— Опажон! Ҳеч нарса қилмади, қўрқиб кетганидан йиғлаяпти! — дедим мен шошиб.
— Кўзингизга қарасангиз бўлмайдими?! — дея жувон боласига қўшилиб йиғлади ва гўдакнинг юз-кўзидан ўпа бошлади.
Мен дир-дир титрардим. Нима бўлганини ҳали ўзим ҳам тушуниб етмагандим.
— Эшакни ўлдирибсан-ку! — деган қичқириқ эшитилиб қолди бир пайт. Ўгирилиб қарасам, машина уриб юборган эшакнинг ёнида бир чол турибди. — Одамнинг боласимисан ёки ҳайвондан тарқаганмисан!
— Ота, — дедим мен ҳамон титрашда давом этиб, — атайлабдан қилмадим, йўлимдан бола чиқиб қолди.
— Нима чиқиб қолгани билан менинг неча пуллик ишим бор! Эшакни топ! — деб у менинг ёқамдан олди.
— Ота, айтдим-ку, йўлимдан бола...
— Бус-бутун одам чиқиб қолмайдими, менга деса! Сенга ким ҳовлиқсин, деди. Одам қишлоқнинг ичидаям ҳовлиқадими? Эй-й, падарингга лаънат сендақа болани! — деди у бўйнимдан бўғиб.
— Ҳақорат қилманг, ота! — дедим бир нарса қилиб қўймайин, деган хавотирда иложи борича ўзимни босиб.
Шовқинни эшитиб бир зумда катта-кичик ўн беш чоғли оломон йиғилди. Бирови машинага қараган, бирови ўлиб ётган эшакка. Қолганлари бизни ўраб олди. Бир-иккита ёшгина йигит мени уришга хезланиб турибди.
— Нормурод, — деди орқада турган бошқа бир чол, — палакат-да энди. Мол топилади. Тирриққина эшагинг учун шунча ғовға кўтарасанми?
— Эсингиздами, Саидқул ака? Мана шу эшакминан арава тортиб келаятганимда, икки тош нарида сизди миндирувдим. Шу пайт тирриқ демовдингиз-ку! Энди манави падарингга лаънат мошинасиминан уриб ўлдирганда тирриқ бўп қолдима! — деди ва ёқамни қўйиб юборди эшакнинг эгаси. — Агар эшакни топмасанг, энангни уч қўрғондан кўрсатаман.
— Ота, қаранг! — деди боя менга хезланиб турган йигитлардан бири машина ёнига бориб Шоҳсанамни кўрсатаркан.
— Ҳа-а, — деди чол менга иржайиб, — гап бияхтайкан-да, майшатдан қайтибсан-да-а, ҳаром иш қип келаятганакансан-да! Сенга ўхшаганлар шу кўчадан ўтавриб ҳаммаёқни булғадиларинг. Сенларди дастларингдан бизди қишлоқданам барака учди!
— Ўчир, ҳов чол! — дедим мен қоним қайнаб. — Агар яна бир марта ҳақорат қилсанг, эшагинг билан қўшмозор бўласан!
Қалтираб турган қўлларимни чўнтагимга тиқиб бир даста қизил ўн сўмликларни чиқариб унинг башарасига отиб юбордим. У лом-мим деёлмай серрайганча менга қараб қолди. Ўзим тезда машинага ўтирдим-да, йўлга тўғрилаб газни босдим.
Бошим ғувиллар, қулоғимдан чолнинг ҳақоратлари кетмасди.
— Нега қишлоққа кирганимизни айтмадинг? — ўшқирдим Шоҳсанамга.
— Ўзингиз кўрдингиз деб ўйлабман-да, — деди у киприклари пирпираб. Мен аламдан машина рулини бир муштладим. Кейин отам эсимга тушиб, ойнадан қарадим. Отам кўзи юмуқ, оҳиста нафас оларди. Шундан сўнг бироз ўзимни босдим.
Шаҳарга етгунимизча на мен, на Шоҳсанам чурқ этдик. Мен-ку, гапирадиган аҳволда эмасдим. Шоҳсанам бўлса, бирон нима дейишга ҳайиқарди, чамамда...
— Энди сен тушиб қол, омон бўлсак, яна кўришамиз, — дедим мен шаҳарга етиб келганимизда ёнимда ўтирган қизга.
— Нега? — сўради у ҳайратланиб.
— Бу ёғига йўлимиз бошқа-бошқа, бунинг устига, Чаён қочишга улгурган. Мен уни ернинг тагидан бўлсаям топишим керак.
— Биргалашиб қидирсак бўлмайдими?
— Йўқ, сен ёрдам беролмайсан. Қийналиб қоласан. Агар кейинчалик сени қаердан топишимни айтсанг, ўзим ёнингга келаман.
— Отангиз-чи? Бу кишини ҳозироқ касалхонага ётқизиш керак.
— Биламан. Мени қийнаётган нарсаям шу. Ишқилиб, отам мен мўлжаллаган жойгача етиб борсин-да. Кейин, насиб бўлса, соғайиб кетади. Хўп, хайр.
Шоҳсанам ўзини мажбурлагандай оғриниб эшикни очди. Бир оёғини ерга қўйди-да, сўнг яна кўтарилиб мени қучоқлади, йиғлаганча юз-кўзимдан ўпа кетди.
Шоҳсанамнинг машинадан тушиши қийин бўлди. Йиғлаганиданми ёки кўнглим юмшадими, бироз индамай турдим. Қарасам, қиз тобора эҳтиросга берилиб кетаяпти. Шартта икки елкасидан ушладим-да, нари итардим, кейин машина бардачогини очдим. Бахтимга, қоғоз-ручка бор экан, уларни олиб Шоҳсанамнинг қўлига тутқаздим-да:
— Телефонингни ёки уй манзилингни ёзиб бер, — дедим. У киприкларини пирпиратиб менга бироз қараб турди-да, сўнг:
— Ёзиш шартамас, мен институт ётоқхонасида бўламан. Истаган пайтингиз келиб, мени топишингиз мумкин. Сизни кутаман, — деди-ю, машина эшигини очиб пастга тушиб кетди. Мен машинани жойидан жилдирдим, отамни тезроқ хавфсиз жойга олиб боришга шошдим.
(Давоми бор)