Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (7-қисм)
— Анави, — дедим Барнога қараб, — кечаги вазелин қути қолиб кетдими?
— Олганман, — деди Барно киприкларини пирпиратиб, — холангиз: “Бу қиммат нарса. Кетаётганларингда менга берасизлар”, девди. Мен бермадим. Яшириб олиб келдим. Уйимиздаям озгина борийди, униям олволдим.
Барнонинг гапидан енгил тортдим. Айни дамда унга меҳрим ўн чандон ошди.
Қизлар ўтовга кириб кетгач, ташқарида Эгамқул ака иккаламиз қолдик. У дарахтлар тагига курсича ясаб қўйган экан. Қуёш забтига олаётган бўлса-да, бу жой одамнинг баҳри-дилини очадиган даражада салқин эди. Яна ҳаммаёқ кўриниб тураркан. Биз анчагача жим ўтирдик. Эгамқул ака ўз ўйлари билан банд, мен келгуси режаларим билан.
— Чўпон таёғини умрингда ушлаганмисан? — дея сўради ниҳоят чўпон.
Мен “йўқ”, дегандек бош чайқадим.
— Икки кун дам ол, кейин сени бир яйловга олиб чиқаман. Маза қиласан. Қўй боқишнинг ўзига яраша гашти бўлади, ука. Баъзилар чўпонларни одам ўрнида кўрмайди. Мен бўлсам, қайта туғилсам яна чўпонликни касб қилган бўлардим...
Эгамқул аканинг бундай гаплари мени ўйларимдан чалғитиш учун айтилаётганини яхши англаб турардим. Чунки мен одамнинг ичидаги фикрини қисман бўлса-да уқиш машқини олгандим-да. Шунинг учун ўзимни ҳамсуҳбатимнинг гапларини ниҳоятда диққат билан тинглаётган одамдай тута бошлагандим. Хаёлим эса отамда, ҳозир у қай аҳволда ўтирган экан?
— Синглингнинг мазаси йўқ экан, жўрам айтди, — деди Эгамқул ака.
— Ҳа, шундай.
— Бир пайтлар отам раҳматли ҳов анави, — тоққа ишора қилди у, — товнинг нариги тарафиги булоқчанинг лабида ўсаётган гиёҳни кўрсатиб: “Буни нашавандлар ичса яхши бўп кетади”, девди. Мен бориб шуни опкелай-чи, ажабмас, синглингга даво бўп қолса.
— Мен ўзим бориб кела қолай, — дедим Эгамқул акага қараб.
— Йўқ, сен чарчагансан. Буни ўзинг яширсанг ҳам, кўзинг айтиб турибди. Яхшиси, сен мана шу жойга кўрпача ёзиб, дамингни ол, — шундай дея Эгамқул ака ўрнидан турди. Сўнг эшагини эгарлаб, минди-да, йўлга тушди.
Ўтовга кириб кўрпача олиб келишга сабрим чидамай, столчага чўзилиб қўяқолдим. Шу бўйи уйқуга кетибман. Қанча ухлаганимни билмайман, бир пайт оёқ товушини эшитдим. Кўзимни очгим келмай қимирламай ётавердим. Оёқ шарпаси ёнимда тўхтади. Кейин қиз боланинг хўрсингани эшитилди. “Саида бўлса керак. Ишқилиб, касали яна қўзимаган бўлсин-да”, деган ўйда қарадим. Адашган эканман. Тепамда Саида эмас, Барно турарди!
— Саида тузукми? — дедим ўрнимдан турарканман.
— Нега бунақа аҳволда ётибсиз? — деди Барно ўпка-гина қилиб. — Айтсангиз, ўзим сизга кўрпача олиб келиб берардим-ку.
— Қандай ухлаганимни сезмай қолибман, — дедим ўзимни оқлашга уриниб. — Соат неча бўлдийкан?
— Соатни билмадиг-у, лекин қуёш ботай деб турибди, — деди Барно менга қараб жилмайиб. — Саида иккаламиз овқат қилмоқчи эдик. Эгамқул ака келиб қандайдир ўт бериб кетди, ундан ёғ, туз қаердалигини сўрашга уялдик. Ўзимиз излайлик десак, ноқулай.
— Эгамқул ака келиб кетганиниям сезмай қолибман-да, — дедим қотиб ухлаганимдан уялиб. Сўнг муздай булоқ сувида юзимни ювдим-да, синглимнинг аҳволидан хабар олгани ўтовга қараб юрдим.
Одамнинг иродаси мустаҳкам бўлса, ҳар нарсага чидаркан. Саиданинг, шунча азобга қарамасдан, ўзини тутиб туришига қойил қолмасдан иложим йўқ эди. Тўғри, у онда-сонда вазелин қутидаги нашанинг қорачасидан ялаб турарди. Лекин бу билан қонга юбориладиган оғу орасида осмон билан ерча фарқ бор-да.
Ҳартугул, Эгамқул ака олиб келган гиёҳ ҳам синглимга ёрдам берди. Эртасига уни қуритиб, чойга дамлаб Саидага ичирганимиздан сўнг чиройи очилди.
Синглимдан кўнглим хотиржам эди, бироқ отам ҳақидаги ўй мени баттар исканжасига ола бошлади. Эртароқ бу ердан кетишим, отамнинг ҳолидан хабар олишим зарур. Қолаверса, укамнинг хунини ҳам қиёматгача чўзиш ниятим йўқ. Шу боис, Эгамқул аканикига келганимизнинг учинчи куни унга уйимга бориб келмасам бўлмаслигини айтдим.
У ўйланиб қолди. Сўнг:
— Отангдан хабар олишинг яхши, лекин ўзингнинг жонинг хавотирда-да, — деди.
— Мени қўяверинг, уч кун мана шундай баҳаво жойда дам олдим. Бу менга анчага етади. Энди отамни кўрмасам бўлмайди. Лекин маълум вақтгача сингилларимни шу ерда қолдирмоқчиман.
— Сингилларингдан ташвиш чекма. Бу энг бехавотир жой. Бунинг устига, иккаласиям одобли қизлар экан. Қара, ҳаммаёқни чиннидай саришталаб қўйишди. Мен икковиниям ўзимнинг қизимдай кўраман... Сениям қўйворгим йўқ. Лекин ушлаб ҳам қололмайман... Майли, кетсанг омадингни берсин. Фақат ўзингга эҳтиёт бўл.
Ўша куни кечаси кетишга чоғландим. Қўй жунидан нозик қилиб мўйлов ясаб, бурнимнинг тагига ёпиштирдим. Ярашди. Кейин шу тарзда қошимни ҳам энли қилиб ўзгартириб олдим. Гарчи жуда ўхшамаган эса-да, қўпол чиқмади. Мендаги ўзгаришларни Саида билан Барно кўриб, қотиб-қотиб кулишди. Лекин шунақа ҳам бўлиши мумкин, дейишди. Сўнгра икковлашиб мени сариқ сочдан халос этишди: умрларида соч олиб кўрмаган экан, бошимнинг бир-икки жойини қонатиб қўйишди.
Эртасига тонгда йўлга чиқдим. Мени кузатишаётиб Барно:
— Албатта, қайтиб келаман, деб ваъда беринг, — деди кўзига ёш олиб. Мен унинг кўз ёшини эҳтиёткорлик билан артиб:
— Келмай қаёққа ҳам борардим? — дея ҳазиллашдим-да, ортимга бурилиб, илдам юриб кетдим.
Бу ёққа келаётганимизда катта йўл унча узоқ туйилмаганди. Ёки машинада менга шундай кўринганмиди, билмадим. Икки соатдан мўлроқ юриб, асфальт йўлга чиқиб олдим. Сўнг машина кута бошладим. Тўртта енгил машина тўхтамай ўтиб кетди. Бешинчиси келаётганда йўлнинг ўртасига туриб олдим. Босиб кетгиси келмади, шекилли, тўхтади. Аввал-бошда: “Миндирмайман!” — деб тихирлик қилиб турди-да, “Яхшилаб рози қиламан”, деганимдан кейин кўнди.
Тахминан уч соат юрганимиздан сўнг қўшни вилоят марказига етиб бордик. Мен бозор ёнида тушиб қолдим. Мақсадим вазиятни билиш эди. Вазият мен кутганимдан ҳам баттарроқ экан. Ҳар қадамда менинг суратимни осиб ташлашибди. Ўта хавфли жиноятчи қидирилаётгани ёзилган. Ҳатто қаердалигимни билиб, хабар берганларга мукофот ҳам эълон қилинибди.
Ана шундай “реклама”ларимдан бирини ўқиётган ўзим тенги йигит билан қари чолнинг ёнига бориб турдим: “Эътибор қилармикин”, деган ўйда.
Боласининг гапларини тинглаб турган чол суратимнинг нусхасига термилиб турди-да: “Бу бола жиноятчига ўхшамайди. Кўзи айтиб турибди. Бошқа гап борми, дейман-да”, — деди. Унинг гапини эшитиб кўзимдан ёш чиқиб кетаёзди. Шу боис дарров ортга чекиндим.
Тахминан ярим соатлар бозор айланиб, ҳеч кимда шубҳа уйғотмаганимга амин бўлгач, бозордан чиқиб, универмаг олдига борсам, оломону милиса тўпланган, қий-чув.
— Нима гап, тинчликми? — деб сўрадим энг четда турган одамдан.
— Биттаси сотувчилар тушликка чиқишганидан фойдаланиб, универмагга ўғирликка кирибди. Сезиб қолишган чоғи, у дўконнинг ёнидан ўтиб кетаётган ёшгина аёлнинг беш яшар боласини қўлидан тортиб олиб, магазин ичига кирволган. Ҳозир болачанинг бўйнига пичоқ тираб, ҳамманинг бу ердан кетишини талаб қилаяпти, — деди.
Мен магазин ичига қарадим. Дарҳақиқат, боланинг бўйнига пичоқ тираб турган ўғри ташқарига қараб бақирарди. Ташқарида эса, боланинг онаси сочини юлганча дод-вой солиб йиғлар, милисалардан боласини қутқаришини ялиниб-ёлвориб сўрарди. Менинг ичим ёниб кетди, бу аҳмоқ пичоқни сал ботирса, болани ўлдириб қўйиши ҳеч гап эмас.
Атрофга қарасам, универмагнинг шундоққина ёнгинасида катта-катта картон қутилар турибди. Дарров милиса ходимларидан бирининг ёнига бориб:
— Мен кгбданман, ҳов анави қутиларни кўтариб, магазин ойнасига теккизинг! — дея буйруқ бериб, ёнимдан оддийгина қоғоз чиқариб унга кўрсатдим. Бу оддий қоғоз милиса ходимининг кўзига КГБ вакилининг гувоҳномаси бўлиб кўринди. Чунки бу орада гипноз қилишга улгургандим.
— Хўп бўлади, — дея у айтганимни бажариш учун югуриб кетди.
Картон қутилар дераза ойнасига текканини кўрган ўғри эътиборини шу томонга қаратди. Мен вақтдан фойдаланиб, югурганча дўкон эшиги ёнигача етиб бордим. Бу пайтда менинг ҳаракатимни кўриб қолган милиционерлар: “Ҳов, нима қилаяпсан?! Қайт, орқангга!” — деб бақириб қолишди. Уларнинг бақириши ҳам ўғрини бироз чалғитди. Бу яна менга қўл келиб, дўкон ичига кириб олдим ва кийим расталари ортига яшириндим. Буни шунчалик тез бажардимки, ўғри мутлақо сезмади. Аста-секин ўғрининг орқа томонига ўтиб, унга яқинлаша бошлаганимда, универмаг ичида бошқа одамлар ҳам борлигини кўриб қолдим. Улар бошларини кўтармай кассаларнинг ёнига бориб, пулларни ўмариш билан банд эди. Ўғирликнинг бунақа тури ҳам борлиги, очиғи, етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди.
Ниҳоятда эҳтиёткорлик билан боланинг бўғзига пичоқ тираб турган ўғрининг яқинига бордим. Падарингга лаънат, довдираганидан пичоқни шунчалик қаттиқ тираган эдики, боланинг томоғидан қон сизиб турарди. Агар пичоқни яна озгина ботирса, бола ҳаёт билан видолашиши тайин.
Бирдан ўғрининг пичоқ тутган қўлидан ушладим. У қўрқиб кетганидан, пичоқни боланинг бўғзига баттар ботиришга урина бошлади. Бироқ кучлар тенг эмасди. Дарров унинг пичоғи дамидан болани халос қилдим. Сўнг ўзини чунонам тепдимки, уч қадамча учиб, чалқанча тушди. Бола эса ўтириб қолди. Мен хавотир билан унинг бўйнини кўздан кечирдим. Ҳартугул, пичоқ фақат терисини тилибди.
Қарасам, универмагнинг орқа томонидаги эшик очиқ, ўғрилар шу томонга қочишаяпти. Ҳозиргина мендан тепки еган ўғри ҳам шериклари ортидан жуфтакни ростламоқчи бўлиб инқиллаб эмаклаяпти. Унинг белига тепдим, ерга қапишиб қолди. Ўзим эса қолганларининг ортидан чопдим. Унвермагнинг орқа эшиги ёнида яна бири ер тишлади. Бу пайтда милиса ходимлари магазин ичига ёпирилишган эди. Мен қолган икки ўғри ортидан қува бошладим. Айни дамда ўзим ҳам қочаётган эдим. Шу боис, қоп орқалаб орқада қолаётган ўғрига деярли етиб олган бўлсам-да, унга бирданига ҳамла қилмадим. Фақат катта йўлга етар чоғда орқа миясига мушт туширдим. У шу жойнинг ўзидаёқ ерга қулади. Иккинчиси эса йўл четида тўхтаб турган машинага ўтирди. У энди машинани юрғизганида, мен орқа ўриндиққа ўтиришга улгурдим. Ўғри тезликда машинани жойидан жилдирди. Мен эса орқа ўриндиқда ястаниб ўтириб олдим.
— Сен кимсан?! — дея бақирди ортига бир қараб қўйган ўғри. Қўрққанидан унинг юзи докадек оқариб кетган эди.
— Агар тезроқ ҳайдамасанг, ажалинг бўламан, — дедим мен бамайлихотир.
— Ўзимизданмисан, аблаҳ? — деди у чуқур нафас олиб.
— Сен ким деб ўйловдинг? — дедим мен кулиб.
— Унда нега анавиларнинг дабдаласини чиқардинг? Вабше ишнинг белига тепдинг-ку! — деди у ойнадан менга ўқрайиб қараб.
— Менга ўдағайлама, ҳозир ўзингниям белингни синдираман.
— Синдирасан?! Хунимни тўлолмай қийналиб қолмагин. Ҳали анави учтаси учун бутун оила аъзоларинг ҳам товон тўлайди. Меники...
У охирги гапини айтолмади. Бўйнидан бўғиб олдим.
— Ифлос, оилам ҳақида гапирма-а-а, ўлдираман! — дедим асабий қалтираб.
— Бўлди... бўлди, гап йўқ! — деди у бўғилиб.
Унинг бўйнини қўйиб юбориб, ўриндиққа ястаниб ўтирдим. Шаҳар ичида кетаётсак-да, машинанинг тезлиги юқори эди.
— Хавфсиз жойга чиқиб олдинг, шекилли, — дедим кўзи чиққудек бўлиб машинани бошқараётган ўғрига.
— Энди ушлаб бўпти, — деди у иржайиб.
— Бўлмаса онангникига шошаяпсанми?
— Тезроқ узоқроққа кетсак, яхши-да, — деди у жиддий тортиб.
— Эртароқ етиб бораман деб биронтасини урворма, тағин. Кейин одам камроқ жойда тўхта, мен тушиб қоламан. Сен аҳмоқ билан яна бир ишкалга қўшилиб қолиш ниятим йўқ.
Гапим ўғрига мойдай ёқиб тушди. У оғзининг танобини тиёлмади ва дарҳол машинани йўл четига олиб тўхтатди. Шу пайт унинг биқинига пичоқ тирадим. Бечоранинг ранги ўчди.
— Нима қилаяпсан?.. — деди қалтираб.
— Агар айтганларимни бажармасанг, ўлдираман! Мен учун одам ўлдириш чумчуқ сўйишдай гап.
— Нима истайсан мендан?
— Музаффар қаерда?
— Қайси Музаффар?
— Танимайсанми? — унинг биқинига пичоқ учини ботирдим.
— Агар... Агар, — деди у оғриқнинг зўридан афтини бужмайиб, — сен “Чаён”ни сўраётган бўлсанг, у ҳозир дачасида. Мени кутиб турибди.
— Нега сени кутади?
— Қарзим бор.
— Қанақа қарз?
— Магазинлардан “доля” йиғаман. Шу сафар озгина ишлатиб қўювдим. Шунга универмаг директори билан келишиб, магазинига ўғирликка тушувдим.
— Демак, универмаг директори ўғирлик қилишларингни билган. У сенга “доля” бермайдими?
— Беради. Шу сафар ҳам берувди. Ишлатиб қўйиб, кейин яна пул сўраб боргандим. “Магазиндаги пулларни олиб кетавер, лекин мен аралашмайман”, деди. Шундай бўлсаям, магазиннинг орқа эшигини очиб берди. Биз ўғирликка тушган пайтимиз сотувчилардан биттаси обедга чиқмаган экан. Шунинг касофати билан ҳаммаёқ ишкал бўлди... Бу ёғини ўзинг биласан.
— Сен йиғилган пулларни нима қиласан?
— Прокурормасмисан мабодо?
— Жавоб бер, ит!
— Ярмини Чаёнга бераман. Кўрдингми, менам “доля” бераман. Бошқалардан кўпроқ.
— Ҳозир ўша Чаёнингнинг ёнига борамиз. Менинг кимлигимни айтмайсан. Оғзингдан гуллаб қўйсанг шу заҳоти ўлдираман, тушундингми? Энди машинани ҳайда. Айтмоқчи, исминг нимайди?
— Ғани, — дея машинани ўт олдирди у.
— Қани бўлмаса, Ғанивой, аканг билан бир салом-алик қилиб келайлик.
— Сал бўлсаям ёшимни ҳурмат қилсанг бўларди. Ҳарқалай, сендан беш-олти кўйлак кўпроқ йиртганман, — деди Ғани қовоғини уйиб.
— Сендаям кўнгил борми? Ҳей, кўнглингни кўчасига... Кўзингга қараб ҳайда, сени “сиз” десам, лафзим увол бўлади.
Аслида, бугун Музаффар билан учрашиш ниятим йўқ эди. Отамдан хабар олмоқчи эдим. Лекин вазият шуни тақозо қилиб қолди. Бир ҳисобдан, бу ишни ҳозир бажариб қўйсам, бир ташвишдан қутуламан. Жуда қулай вазият, ҳеч бир шубҳа-гумонсиз Чаённинг “даргоҳ”ига кириб бораман.
Чаён деганларини мен ҳарбийга кетмасимдан бурун ҳам эшитгандим. У ҳақда тенгқурларим оғиз кўпиртириб гапиришар, қўлидан келмайдиган иш йўқлигини айтишиб, унга ҳавас қилишарди. Мана бугун ўзимнинг “иш”им унга тушиб турибди. Кўрамиз, ёшлигимизда тасаввур қилганимиздай, қўрқинчлимикан ёки ўзимизга ўхшаган одаммикан?..
Ғани шаҳардан чиққанимиздан кейин машинани тоғли район томонга бурди. Бу томонларга аввал келмаганман. Эшитишимга қараганда, роса дам оладиган жойлар. Яна нашанинг асосий қисми шу ерларда ўстириларкан. Бир синфдошимиз бўларди. Исми ёдимда йўқ. У билан тўртинчи синфгача бирга ўқиганмиз. Кейин у шу районга кўчиб келди. Асли ота юрти шу ер экан. Биз ўқишни битиришимиздан олдин, мактабимизга келди. Айтишича, бойликка кўмилиб қолганмиш. Наша экаркан. Ундан келадиган даромадни биз умр бўйи ишласак ҳам тополмасканмиз. Иккита яп-янги машина олибди. Яқинда уйланмоқчи, эртароқ бола-чақа орттириб, уларни ҳам бойликка кўмиб ташламоқчи шекилли.
Бу гапларга ҳам уч йилча бўлиб қолди. Балки у уйланиб, хотинини ўзи айтганидай зарга белагандир.
— Мен сен билан бирга Чаённинг ёнига киролмайман, — деб қолди бир пайт Ғани хаёлимни бўлиб.
— Нега киролмайсан? — сўрадим мен.
— Сени бошлаб борсам, мени ўлдиради у. Яхшиси, сал берироққа тушиб, ўзинг бориб қўяқол, сендан нима кетди? — деди у менга мўлтиллаб қараб.
— Шундай ақлинг борлигини билмаган эканман. Фақат ақлинг калтароқ экан-да. Мен билан бормасанг, мен сени ўлдираман. Шундай экан, ажалинг етибди. Ичингда калимангни келтириб машинани ҳайдайвер.
— Бола-чақам бор. Мен ўлсам, уларнинг ҳоли нима кечади? — деди у йиғламоқдан бери бўлиб.
— Мен сени бола-чақаси йўқ, етимча, шунинг учун ноилож магазинларни шип-шийдон қилиб юрибди, деб ўйлаган эканман.
Ғани яна жим бўлиб қолди. Унинг ҳоли танглиги рулни ушлаб турган қўли қалтирааётганидан ҳам билиниб турарди. Шу пайт миямга: “Ҳозир бу қўрққанидан машинани йўл четига буриб юбориб, биронта дарахтга урса, ҳамма режаларим чиппакка чиқади-ку”, деган ўй келди ва Ғанига машинани тўхтатишни буюрдим. У менга хавотирланиб қараган эди, “қўлимни чайиб” олишимни баҳона қилдим. Ғани хурсанд бўлиб машинани тўхтатди-да, эллик метрлар наридаги толни кўрсатиб:
— Шу ерга борсанг бўлади, — деди.
— Ҳайронман, — дедим унга қараб, — қайтиб кетди. Сендаям шунақаси бўлиб турадими?
— Бўмайди! — деди у асабийлашиб.
— Унда мана бу ёққа ўт, — деб унинг бўйнидан бўғиб орқага тортдим.
— Ўзим, ўзим ўтаман! — дея энди у йиғлаб юборди.
Мен уни қўйиб юбордим, у машинадан тушди. Ўзим ҳам пастга тушиб керишиб олдим.
— Керишишни ким чиқарган экан, одам роса маза қилади-да! Ўзиям белу оёқларим қотиб қолибди. Шунинг учун бу ёғига машинани ўзим ҳайдайман. Озгина бўлсаям оёғимнинг чигили ёзилади, — деб машинанинг ҳайдовчи томонидаги эшигини очдим, — дарвоқе, ярим метр бўлсаям ип топиладими?
— Нима қиласан? — деди менга Ғани ўқрайиб қараб.
— Керак, оғайни, керак. Қўрқма, бўйнингга солиб, сени бўғиб ўлдирмайман.
Ғани машина калитини олиб, юкхонани очди. Юкхонага оғзи боғланган бир қоп жойланганди.
— Нима бу? — сўрадим Ғанидан. У менга бир қараб қўйди-да, жим тураверди.
— Нима?! — дедим бақириб, жаҳл билан.
— Пул, — деди у қалтираб.
— Йўғ-э, шунинг ҳаммаси пулми? — дея қопнинг оғзини очдим. Бир даста ўнталик “ленинкалла” пуллар қопнинг оғзидан чиқди. — Вой-бўй, ҳали сенга шунча пул камлик қилдими?
— Бу пуллар меникимас, каттаники, унинг “доля”си, илтимос, тегма, шундоғам кам.
— Кам?! — дедим унга ҳайратланиб қараб, — бу пулга ярим шаҳарни сотиб олса бўлади-ку. Камига бало борми?
— Бу бир кварталники.
— Қойил-э, бутун СССРнинг пули сизлардайкан-да. Сенга битта таклиф. Мана шу пулларни арра қиламиз-да, йўқоламиз.
Ғанининг кўзи олайиб кетди. Ҳатто бир-икки қадам ортига тисарилди. Кейин қалтираб:
— Чаённинг донғи бутун саюзга кетган, ернинг тагидан бўлсаям у бизни топиб олади. Илтимос, ҳали менинг яшагим келаяпти.
— Ҳаҳ, бечора, ўзинг қуёнюрак экансан-у, яна магазинлардан пул йиғишингга бало борми? Қўрқма, менга сенинг ҳаром пулларинг керакмас. Буларни олиб ҳожатгаям бормайман. Ипни топ!
Ғани юкхонани кавлаштириб, бир метр келадиган, ингичка сим топди. Мен симни олдим-да, унинг қўлини махкам қилиб боғладим. Кейин орқа ўриндиққа ўтирғизиб қўйдим.
Биз яна ярим соатлар юрганимиздан кейин тоғ бошланди. Йўлнинг икки томони ёнғоқзор, онда-сонда арча дарахтлари учраб туради. Ҳавонинг тозалигидан одамнинг дили яйрайди. Қани энди ташвишинг бўлмаса-ю, маза қилиб шу ерларда дам олсанг. Бутун чарчоғинг чиқиб кетади. Манави итлар эса бу ерни ҳам ифлос қилиб ин қуриб олишибди. Бир кун келиб бу жаннатмакон жойларнинг уволи тутиши хаёлигаям келмайди бу маразларнинг. Анча вақт атрофдаги гўзал манзарани кузатиб бордим. Охири чидолмадим, машинани тўхтатдим-у, шундоққина йўл четида оқаётган зилол сувда юзимни ювдим. Очиғи, бунақанги роҳатни умримда кўрмаган, сезмаган эдим. Бутун вужудим шунақа бир енгил тортдики, қанотим бўлса-ю, учсам.
Кейин машинанинг ёнига бориб, букчайиб кичкина бўлиб қолган Ғанига:
— Ҳов, олифта, сенам машинадан тушиб бир юзингни чайиб олсанг бўларди, — дедим.
У менга бироз қараб турди-да:
— Яна икки юз метрдан кейин Чаённинг дачасига етиб келамиз, — деди.
Чаёнлар пана-пастқам, овлоқ жойлардан уя қуришади. Кейин ўша уйларидан ҳеч кимга билдирмасдан чиқишади-да, тўғри келган жонзотга ўзининг заҳарли нишини суқади. Эшитишимча, агар чаён чақишга биронта ҳам жонзот тополмаса, чидолмаганидан бошқа чаённи, яъни, “қариндош”ини чақармиш.
Қайсидир маънода овлоқ ҳисобланмиш бу жойларни Музаффар бежиз танламаган. Бу ерда туриб “жонзот”ларни чақиш анча қулай.
Ғани айтган икки юз метрдан кейин йўлнинг чап тарафида икки томони қизил пишиқ ғиштдан гул солиб терилган дарвозага дуч келдик. Дарвозахонада икки йигит қарта ўйнаб ўтиришарди. Улар машина тўхтаганини кўришди-ю, истар-истамай машғулотларини йиғиштиришиб, биз томонга юришди. Мен бу пайт Ғанининг қўлларини ечишга улгургандим. Йигитлардан бири машина ойнасидан бизга кўз ташлади-да, Ғанига қараб иржайди. Кейин:
— Чувалчанг, ўзингмисан? Одамни жа-а куттириб қўйдинг-ку, туш, бу сафар сенга шу ердан бошлаб хизмат кўрсатамиз, — деди.
Аввал Ғани, кейин мен тушдим. Ғани йигитларга қараб ғалати қараш қилди. Бундан безовталаниб қолишган йигитлар ёнимга келишди-да:
— Кечирасиз, меҳмон, сизни кўрикдан ўтказмасак бўлмайди, — дейишиб, кийимларимни пайпаслаб чиқишди. Кейин дарвозадан ичкарига киришимга рухсат беришди. Шу пайт кутилмаган ҳолат юз берди. Ғани юз қадамлар наридаги ҳашаматли уйга қараб қочди. Мен уни қувмадим. Аста-секин ўша томонга боравердим. Бу ерда уйга олиб борувчи махсус йўлак йўқ. Ҳаммаёқда текис қилиб ўрилган кўм-кўк майсазор, бамисоли ям-яшил гилам тўшалгандай. Ҳар-ҳар жойга экилган арчалар кузалган. Бунақа манзарани мен Германияда кўргандим. Фақат бу ернинг майдони кенг, гольф ўйнайдиган майдончалари ҳам бор экан.
Ғани ҳашаматли уйга етмасдан, тол соясида оппоқ стол атрофида ўтирган уч киши ёнида тўхтади. Улардан иккитаси аёл эди. Ўтирганларга алланималарни айтгач, Ғани қўлини қовуштириб сал нарига бориб турди.
Шу пайт орқа томонимда тўртта барзанги пайдо бўлди. Мен уларга эътибор бермай боравердим.
— Ким бизни сўроқлаб келибди? Биздай фақирларни ҳам сўраб келадиганлар бор экан-ку, — деб семизлигидан ияги кўкрагига бирикиб кетган одам ўрнидан туриб мен томонга қараб юрди. — Мен сени кутгандим.
Орамизда икки метрча масофа қолганда у тўхтади. Менга синчиклаб қараб турди-да:
— Бу аҳволингда ўзингга ўхшамай қолибсан. Қошингдаги матоҳни олиб ташла, бурнингнинг тагидагиям ўзингникига ўхшамайди, — деди тиржайиб.
Мен ундан кўзимни узмай туриб, ясама қошу мўйловларимни юлиб ташладим.
— Ана, бу бошқа гап, — деди у ва Ғанига қараб: — бу бола сен ўйлаган ментларданмас. Ментларинг бундай бўлолмайди. Буни менга қўйиб беришса, миллий қаҳрамон, деган бўлардим. Бугун қадрдон меҳмоним бўласан. Манави жононларнинг ёнига ўтир-чи...
Мен жойимдан қимирламадим. Кўкрагигача очиқ, оппоқ бўлиқ сонларини кўз-кўз қилиб ўтирган жувонлардан бири нозланиб ўрнидан турди-да, қўлимдан оҳиста ушлаб:
— Марҳабо, — дея стол томон етаклади.
— Биз эркаклар ҳар доим гўзаллик қаршисида қулмиз, — дея иржайди Чаён. Менга унинг гапи бачкана, беўхшов туйилди. Гапига қарши биронта чиройли гап қилмоқчи бўлдим-у, аммо ўзимни босдим.
Чаённинг имоси билан стол устидаги ҳали қўл урилмаган сархил мева-чева, газак ва таомлар ўрнига янгилари келтирилди. Шундан сўнг жувонлардан бири ароқ шишасини очиб, қадаҳларга қуйиб чиқди.
— Қани, олинглар! — хитоб қилди Чаён. — Абадий дўст бўлиб қолайлик.
Мен қўлимдаги қадаҳни лабимга теккизмасдан столга қўйдим. Қадаҳини бир кўтаришда бўшатган Чаён менинг қилиғимни кўриб афти бужмайди. Кейин ёйилиб, хандон отиб кулди. Унга жувонлар жўр бўлишди.
— Ичмайман, демоқчисан-да, — деди бирдан кулгидан тўхтаб, — мени хафа қилаяпсан.
— Ичмайман, деб айтмадим. Ҳозир ичмайман, — дедим мен унинг кўзига тикилиб.
— Яхши, — деб у қизларга бир имо қилганди, дарров иккаласи ўрнидан туриб кетди. Шундан сўнг Чаён биздан беш-ўн қадам нарида қўлларини қовуштириб хизматга шай бўлиб турган девдай-девдай беш нафар йигитига ҳам жавоб бериб юборди.
— Сен билан ўғил болачасига гаплашмоқчиман. Ана кўрдинг, ҳаммасига жавоб бериб юбордим. Бу — сендан қўрқмайман деганим, — деди Чаён менга асабий тикилиб.
— Мен сизни қўрқитиш учун келганим йўқ, — дедим овозимни бир парда кўтариб.
— Оббо, Собиржон-эй, қара, дарров тортишамизми? Бу, одобдан эмас. Мен сенинг кимлигингни жуда яхши биламан. Ҳатто қўлингда қўғирчоқ қилиб ўлдирганинг ўша Владимирдан ҳам яхшироқ.
— Мен уни ўлдирмаганман.
— Қўй, менга чўпчак айтма.
Шу пайт Чаённинг одамларидан бири келиб унинг қулоғига алланималар, деб пичирлади. Музаффар унинг юзига бир ўқрайиб қаради-да:
— Чўмилтиринглар яхшилаб, — деди. Сўнгра менга юзланиб: — Қара, Собиржон, бир итим бор, ҳаммаёғини кир қилишибди, бефаросатлар. Хуллас, менинг ёш дўстим, сен ҳақингда билганларимни йиғсам, бир уй бўлади.
— Наҳотки, — дедим мен киноя билан.
У менинг киноямга эътибор ҳам қилмади.
— Александр Петрович менинг қалин ошнам. Сенинг олдингда унинг катта қарзи бор экан. Ҳаётини сақлаб қолибсан. Қизи сенга ошиқ бўлиб қолган экан. Шундай гўзал қизга бирор марта ҳам қарамай чакки қилибсан. Отасининг обрўси, қизнинг малоҳати учун қанчадан-қанча одамлар жонини беришгаям тайёр. Агар ўша ерда қолганингда, шоҳона яшаган бўлардинг. Сен бўлсанг... Майли, буларнинг бари чепуха. Ёмони, сен арининг уясини қўзғаб қўйгансан.
— Қанақа ари? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Асланнинг одамларини гум қилгансан.
— Қанақа Аслан? Мен ҳеч қанақа Асланни танимайман!
— Қозоғистон чўлида кимларни гумдон қилганингни биларсан, — деди Чаён менга иржайиб қараб.
Мен бошимни кафтларим орасига олиб сиқдим. Иблиснинг, ҳақиқатан ҳам, ҳамма балодан хабари бор экан. Ҳозир унга “Мен ўлдирмадим”, деб ҳар қанча уқтирмай, барибир ишонмайди.
— Улар изимдан тушган эди.
— Бунинг учун ўлдириш шартмиди?
— Ўлдирмадим мен уларни! — қичқириб юбордим.
Қичқиришим оғир ботди — унинг афти гезариб кетди.
— Ўзингни бос, ука, дунёда мана шунақа жавоб бериш қийин бўлган саволлар ҳам кўп. Яна бир гап. Сен бошқа давлатга сотилганинг учун хоҳ ўлигинг-хоҳ тиригингни олиб борган одамга бир миллион рубль ваъда қилишган, Аслан бўлса, тирик бошингга худди шунча АҚШ доллари тиккан.
— Арзимайманми? — дедим мен энди ошкора кулиб.
— Нима десам экан?.. Умуман олганда, арзийсан. Ҳатто мен сендай тилло бошли ҳамюртим борлигидан хурсандман, — деб Чаён қадаҳларга ароқ тўлдирди-да, менга ичишни таклиф қилди. Мен бу сафар унинг раъйини қайтармадим. Чаённи кутиб ўтирмасдан бир кўтардим-у қадаҳни бўшатдим. Шундан сўнг:
— Билсанг, борган сайин СССРнинг куни тугаб бораяпти. Латвия, Литва, Эстония чиқиб кетди. Қолганларам қараб турмаса керак. Бу менга ўхшаганларга кўп қийинчилик туғдиради. Сенга эса яхши бўлади, ҳеч бўлмаганда бир томоннинг жазосидан қутулиб қоласан, — деди. У бу гапларни худди ўзига-ўзи сўзлагандай гапирди. Худди шу ҳолатида Чаён чорасиз қолган нотавонга ўхшарди. Кейин унинг ранги-қути ўзгарди, қовоқлари уюлиб, ёвузлашди.
— Универмагда одамларимга бекор тегинибсан, мен билан Россиядагилар ҳам ҳисоблашишади.
— Гўдакнинг бўғзига пичоқ тираб туриш сиздай обрўли одамнинг шаънига тўғри келмаса керак, — дедим мен ҳам асабийлашиб.
Шу гапимдан кейин у баттар тундлашди. Худди нафас олишга қийналаётгандай кўйлагининг юқори тугмаларини ечди. Сўнг боғ сайрига таклиф қилди. Биз анча муддат жим кетдик.
Чаённинг дачаси ҳақиқатан ҳам жаннатнинг ўзгинаси экан. Узоқдан оқимтир кўриниб турган уйнинг ёнига бориб қарасангиз, пуштиранг. Мен ҳайратимни яширолмай анча вақт термилиб қолдим. Бундан Чаённинг завқи келди.
— Рассом ҳиндистонлик эди. Ўзимам биринчи кўрганимда қотиб қолганман. Менга: “Бу ерда саккиз хил ранг бор”, деганди у деворни кўрсатиб. Лекин ҳар сафар келганимда термиламан, икки рангдан бошқасини ажратолмайман. Эсим қурсин, бир марта эрталаб кўкимтир рангни ҳам кўрувдим. Афсус, ўша уста ўлиб кетди. Меникида ишни тугатгандан кейин Ҳиндистонга бориб бир ҳафтагина яшабди. Шундай одамларнинг эрта хазон бўлгани ёмон-да. Сенам ёшсан. Энди ҳаётнинг бўсағасида турибсан. Сендаги қобилият... миллионтадан биттада бўлади. Битта ўзинг қанча ишни бажаришга қодирсан... Менда битта таклиф бор. Кел, иккаламиз бирга ишлаймиз. Ваъда бераман, на бирор ҳукумат одами, на “авторитет”лар сени безовта қилади. Отангни эшитдим, анча мазаси қочиб қолибди...
— Укамни-чи?.. Уни ўлдириб кетишганларини-чи? — дедим мен унинг кўзига тикилиб. — Отамнинг мазаси йўқлигидан хабари бор одамнинг укам нима сабабдан ўлдирилганидан хабари йўқми?
— Айтдим-ку, сен ҳали кўп нарсани тушунмайсан, деб. Мана бунақанги қилиб юрганингдан кейин ҳар қандай ота азобланади-да. Шуни кўзда тутиб айтаяпман бу гапларни.
— Она азобланмайдими? Нега онамни гапирмай, бирдан отамдан гап очдингиз?.. Айтмоқчисизки, “Онанг ўлган. Онанг тўғрисида гапиришнинг ҳожати йўқ”, демоқчимисиз?
— Ҳов, телбамисан?! Ким билан гаплашаётганингни биласанми?! Жа, индамаганимга ҳаддингдан ошаяпсан! — бирдан ўкириб юборди Чаён. — Мен сендан бутун бошли область КГБ бошлиғини нега ўлдирдинг менинг бошимга бало орттириб, деб сўраяпманми? Бир қарашда, туппа-тузук одамсан. Яна бир қараса ғалчага ўхшайсан.
Бошқа пайт бўлганида суҳбатимизни билардим қандай давом эттиришни. Бироқ ҳозир вазият бошқа. Ажабмас, мени қайсидир бир бурчакда снайпер мўлжалга олиб турган бўлса. Бирор ортиқча ҳаракатимни ёки хўжайинининг имо-ишорасини интизорлик билан кутаётгандир... Айни дақиқада менга нафақат Чаённинг, балки укамнинг қонини тўккан малайларининг жони ҳам зарур эди.
— Юр, сенга қанақа бассейн қурганимни кўрсатаман. Бунақасини ҳеч қаерда кўрмагансан, — деди Чаён.
Биз уйнинг орқа томонига ўтдик. Бу ерда мутлақо бошқача манзара. Каттагина сув тўла ҳовуз, атрофида мажнунтоллар, тагида ўриндиқлар. Ётиб дам оладиган каравотлар. Хуллас, маза қилиб дам олиш учун ҳамма шароит муҳайё.
— Қани, балиқларим! — дея ҳавзада чўмилаётган қизларга бақирди Чаён ва мажнунтол тагидаги толлардан бирининг остидаги ўрадан қандайдир майда урвоққа ўхшаш нарсадан бир сиқим олиб ҳовузга сочди. Қизлар урвоқ сочилган жойга шошиб сузиб келишди-да, оғизлари билан урвоқларни ейишга тушиб кетишди.
Чаён уларнинг ҳаракатидан завқланиб куларкан:
— Мен бундан лаззат оламан, — деди менга қараб. — Бунданам зўри бор. Ҳозир сенга кўрсатаман. Ўзингам ишқибоз бўлиб қолмасанг менга кел, — деб у қўлини юқорига кўтарган эди, уй ичидан иккита озғин йигит югуриб чиқишди.
— Қани, — деди Чаённинг кўзи қувнаб, — менга балиқларнинг зўрини тутиб беринглар-чи...
Чаённинг оғзидан шу гап чиқиши билан ҳовуздаги қизлар тўрт томонга сузиб қоча бошлашди. Йигитлар эса ҳавзанинг атрофини айланиб уларнинг устига тўр отишарди. “Балиқ”лар чаққон экан, усталик билан тўрга чап беришар, ҳовузнинг бошқа бурчагига сузиб қочишарди. Бундан Чаён боши осмонга етгудай хурсанд бўлар, гавдасига ярашмаган ҳаракат билан ўзини осмонга отар, “Бос! Бос!” — дея қичқирарди. “Балиқчи”лар кетма-кет тўр отишиб, ниҳоят биттасини илинтиришди. Тўрга илинган қиз осонлик билан “эрк”ини бой бериб қўйгиси келмай, уч-тўрт марта тўрни сув остига тортди ва охири тақдирига тан берди. Уни “қирғоқ”қа олиб чиқишди. “Балиқ” икки-уч марта биланглади-да, тинчиди. Чаён эса унинг олдига лапанглаб югуриб бориб бўғзидан ушлаб, юқорига кўтарди.
— Мана, менинг тилла балиқчам! — деди у. Кейин бўғзини қўйиб юбориб, менинг ёнимга етаклаб олиб келди-да: — Ҳаммаси табиий! Шундайми? — деди менга қараб иржайиб. Сўнг “тилла балиқча”сининг сочини силаб:
— Бугун мана шу аканг сени ейди. Қандай хоҳласа, шундай, — деди. Қип-яланғоч “балиқча” шўрлик “хўп”, дегандек бошини қимирлатди. Менинг эса бу пайтда юрагим эзилиб кетганди. Шундай сулув қизнинг устидан бу тарзда кулиш ҳар қандай махлуқнинг ҳам қўлидан келмаса керак. Лекин Чаён бундан лаззат олади. Шундай қилса, куни мазмунли ўтадиган кўринади.
— Керакмас, — дедим мен бошимни чайқаб, — қўйиб юборинг бечорани. Кийиниб, дамини олсин.
Чаён менга еб қўйгудек тикилди. Алами бўғзига келгани шундоққина юзидан кўриниб турарди. Қизнинг эса кўзида ёш ҳалқаланди. Бироқ Чаён унга шафқат қилмади. Орқасига бир тепиб: “Йўқол”, деди. Қутулганига шукур қилган қиз югуриб бориб ўзини сувга отди. Мен бир муддат кўзимни юмиб, вужудимни титратган қизиққонликни ичимга ютишга ҳаракат қилдим.
— Бунақа раҳмдилсан, деб ҳечам ўйламагандим. Мен ҳаммага ҳам бундай томошани кўрсатавермайман. Бунга фақат улуғ одамларгина лойиқ. Сен бўлсанг, иззатингни билмаяпсан, — деди Чаён кўзимни очганимда.
— Менга керакмас томошангиз. Мен томоша кўраман деб келганим йўқ. Айниқса, қандайдир эрмак учун қизларнинг хўрланишини.
Чаён индамади. Афтидан, менга гап уқтириб бўлмаслигини тушунди. Айни дақиқада унда чўчиш, хавотир аломатини ҳам сезиб қолдим. Бу менинг энг катта ютуғим эди. Бундан фойдаланиб қолишим лозим эди.
— Менга уларни беринг, — дедим Чаёнга қарамасдан гапириб.
— Кимни? — дея сўради Чаён ўзини гўлликка солиб.
— Укамнинг қотилларини.
— Ким айтди улар менинг йигитларим орасида деб?
— Биламан.
— Яна нимани беришимни истайсан? Ўжарлигинг ошиб тушаётганини ўзинг тушуниб етмаяпсан чоғи?
— Балки... Лекин мен барибир мақсадимга етаман.
— Шунақа дегин. Начора, ўзинг хоҳладинг. Мен сенга уларни бермасдан иложим йўқ. Дарвоқе, сендан битта нарсани сўрасам майлими?
— Бемалол.
— Военком қаерда?
— Тирик.
— Биламан тириклигини. Лекин...
— Келинг, шу саволингизни очиқ қолдирайлик.
— Юр, унда мен сенга яна бошқа нарсаларни кўрсатаман, — дея Чаён йўл бошлади.
Мен индамай унга эргашиб боравердим. Уйнинг кунботар томонида каттагина спорт зали қурилган экан. Унинг ичига кирдик. Спорт залининг ўртасидаги сувга лиқ тўла бассейнга кўзим тушди. Сув юзида эса кимдир тош қотиб ётарди. Мен савол назари билан Чаёнга қарагандим, у қўл силтаб қўя қолди. Бироз ижирғанди ҳам. Мен бассейн ёнига бориб сувда бўкиб ётган одамга қарадим. Не ажабки, Ғани шишиб ўлиб ётарди. Бечора нима гуноҳ қилибдики, уни шу кўйга солишибди?..
Чаён атрофга аланглаган эди, тўртта барзанги югуриб келди. Уларга ўликни олиб чиқиб ташлашни буюрди.
Орадан бироз ўтиб, саккизта йигит ва мен бу ерга келганимда Чаён билан бирга ўтирган иккита қиз спорт залига кириб келди.
— Бошланглар, — дея Чаён буйруқ бериши билан улар менга ташланишди. Мен ортиқча ҳаракат қилмай турдим. Фақат қўлимни арқон билан боғлашаётганларида билакларимни шиширдим. “Энди мен ҳам сувга чўктирилсам керак”, деб ўйлагандим. Унақа бўлмади. Чаённинг буйруғи билан унинг йигитлари мени қўлимдан осишиб, кўйлагу шимимни ечиб олишди. Битта турсида осилиб турардим.
— Сен билан муросамиз келишмади, — деди қўлига қамчи олган Чаён. — Бунинг устига, мени ҳурмат ҳам қилмадинг.
Қамчининг биринчи зарбаси кўкрагимга тегди. Шу ондаёқ баданим қонталашди. Иккинчи, учинчи зарбалардан кейин оғриқ суяк-суягимгача етиб борди. Лекин обрўйимни сақлашга, инграмасликка ҳаракат қилиб, тишимни-тишимга босдим. Ёвузлик отига минган Чаён мени қамчилашни кучайтирди. Беш дақиқалардан кейин у ҳансираб қолди. Менинг эса, баданимда соғ жойим қолмади.
— Сени итдан баттар қилиб ўлдирардим. Лекин тирик ушлаб бераман, деб ваъда бериб қўйганман, — деди у ниҳоят мени уришдан тўхтаб. Кейин қизларга:
— Қолган-қутган кучини сенлар суғуриб олинглар, — дея амр қилди.
Залда икки қиз ва учта барзанги қолди. Қизлар менинг сўнгги кийимимни ҳам ечиб олишди. Сўнг ечинишиб, устимдан асал қуйишди-да, иккаласи икки томонимда туриб ялай кетишди. Кўчада бундай гўзал қизларни учратиб қолсанг, ҳеч бўлмаганда эҳтиросга берилиб, ортидан бир марта қарайсан. Аммо ҳозир буларнинг қилиғини кўриб, очиғи, ғижинасан киши. Битта оилани обод қилишга қурби етадиган қизларнинг ҳозирги амалидан ҳайвонлар ҳам ор қилса керак... Баданимда пайдо бўлган яралар уларнинг тилларига бардош беролмай ачишиб оғрий бошлади. Қизларнинг турли-туман қилиқларига қарамай, менда ҳиссиёт уйғонмади.
— Эркакмисан ўзи? — деди охири биттаси чидолмай. — Ёки аллақачон эркакликдан мосуво бўлганмисан?
Бу ҳақоратдан асло хафа бўлмадим, аксинча, кулгим қистади.
— Бунисини сизларга кейинроқ исботлайман, — дедим жилмайишга уриниб.
Бироқ улар гапимга эътибор қилишмай, яна машғулотларини давом этказишди. Бир соатлар чамаси уринганларидан сўнг, иккаласининг ҳам ҳафсаласи пир бўлиб, кийинишди-да, залдан чиқиб кетишди. Орадан бироз ўтиб, ташқаридан машинанинг овози эшитилди.
— Шеф кетдими? — деди югурдаклардан бири.
— Шунақага ўхшайди, — жавоб қилди иккинчиси ва секин дераза ёнига бориб ташқарига мўралади. Кейин шерикларига қараб қувноқ оҳангда: — Кетди! — деди.
— Энди бизам бир базму жамшид қилайлик, шеф келганидан бери тинка-мадоримизни қуритиб юборди-ку, — деди учинчиси. Шундан сўнг улар маслаҳатлашиб, биттаси менга қараб турадиган, иккитаси овқатланиб, қизлар билан айш қилишга келишиб олишди. Бу пайтда ташқарига қоронғилик чўккан эди.
Ёши тахминан ўттизлардан ошган, гавдали, мўйлови қалин, жингалаксоч барзанги шериклари чиқиб кетгандан кейин ёнимга келди-да, қорнимга мушт туширди.
— Сени жа тенгсиз деб таърифлашганди, ҳолинг шуми ҳали?.. — деди иржайиб. — Сендан ҳатто анави Саида синглинг ҳам беҳроқ экан. Қизлигини олаётганимда шунақа типирчилагандики...
Бошимга биров гурзи билан ургандай бўлди. Кўзим ўт бўлиб ёнди.
(Давоми бор)