Найти тему
Alimoff

Яҳудий-Араб тўқнашуви. 6 кунлик даҳшатли уруш тарихи.

1967 йил 5 июнда Яқин Шарқда уруш бошланди, унда бир томонда Исроил, бошқа томондан деярли бутун араб дунёси турарди. 11 июнь куни сулҳ битими имзоланди. Демак, бугун олти кунлик уруш ҳақида.

Ҳеч ким омон қолмаслиги керак бўлган уруш учқунлари

1963 йил баҳорида Сурияда ҳокимият тепасига Баас миллатчи партиясининг экстремистик қаноти келди, бу эса Исроил ва араб давлатлари чегараларидаги зиддиятларни янада кучайтирди. Орадан бир йил ўтгач, Дамашқдаги янги раҳбарият Исроилни сув захираларидан маҳрум қилишга қарор қилиб, Иордан дарёсининг сув ўзанини буриб юбориш учун канал қазишни режалаштиради. Бутун Яқин Шарқдаги каби, Исроил учун ҳам сув муаммоси ҳаёт-мамот масаласидир. Агар дарё ўзани ўзгарса, бу Исроилдаги ичимлик сувининг асосий омбори бўлган Киннерет кўлини кескин сувсизланишга олиб келади. Исроил ҳукумати Суриянинг бу режасини уруш учун баҳона сифатида кўришини айтди.

Яҳудий давлатининг яна бир жиддий муаммоси Фаластиннинг ФАТХ (Фаластин миллий озодлик ҳаракати) жангариларининг Исроилга қарши бир қатор террорчилик ҳаракатларини амалга ошириши эди. «Яҳудийларни денгизга улоқтиришни» ваъда қилиб келган ҳаракат раҳбари Аҳмад Шукейри, араблар ғалабасидан сўнг, омон қолган исроилликлар келиб чиққан мамлакатларига қайтиб кетишлари мумкинлигини айтиб, «Менимча, ҳеч ким омон қолмайди» деб қўшиб қўярди.

Уруш олдидан

1967 йил май ойи бошида Совет Иттифоқи вакиллари Миср раҳбари Жамол Абдул Носирга Исроил қўшинларининг Сурия чегарасига тўпланаётгани ҳақидаги ёлғон маълумотни етказадилар. Носир ҳаракат қилишга қарор қилади. 17 май куни Миср аскарлари Исроил ва Миср чегарасидаги БМТ кузатув пунктларини эгаллай бошлайдилар. 22 май куни Миср, Исроил кемалари учун Тиран бўғозини ёпиб қўйганлигини эълон қилади. Носир шунингдек, агар уруш бошлангудай бўлса, бу урушнинг мақсади «Исроилни йўқ қилиш» бўлишини айтади.

Июнь ойи бошига келиб, яҳудий давлатига қарши ишчанлик ва ҳарбий техникалар сифати жиҳатидан ундан устун бўлган ҳарбий коалиция турарди. Исроилни қуршаб олган араб қўшинлари 360 минг аскар, 2 мингдан ортиқ замонавий танклар, 700 қирувчи ва бомбардимончи самолётлардан иборат эди. Деярли барча ҳарбий техника Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилганди. Исроил эса 800 га яқин танк, 300 га яқин самолёт ва 264 минг аскар билан ушбу кучга қарши чиқиши мумкин эди. 1967 йил 1 июнда Исроилда миллий бирлик ҳукумати тузилди, 1956 йилги Араб-Исроил урушининг қаҳрамони Моше Даян мудофаа вазири бўлди. Уруш муқаррар эди.

Уруш бошланди. Биринчи кун

5 июнь, душанба куни Исроил ҳаво кучлари Миср ҳарбий аэродромига кучли бомба ҳужумини амалга оширди. Ҳарбий кемалардаги радарларда кўринмаслик учун самолётлар Синай ярим ороли устидан жуда паст баландликда учиб ўтдилар ва Миср аэродромларига етиб борганларида, ҳужумни бошладилар. Исроил авиация ҳужумининг биринчи тўлқини нишонга етган пайтда, иккинчиси йўлда эди, учинчиси эса юқорига кўтарила бошлаганди. Шундай қилиб, ҳар 10 дақиқада тинимсиз янги-янги самолёт ҳужумлари амалга ошириларди. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ҳужумларининг дастлабки уч соатида Мисрнинг камида 300 та жанговар самолётини йўқ қилди. Шу жумладан узоқ масофали бомбардимончи бўлган 30 та Ту-16, шунингдек Ил-28, Су-17, МиГ-17, МиГ-19 ва МиГ-21 қирувчи самолётларини ишдан чиқарди. Ушбу ҳужумлар оқибатида Миср авиацияси реал ҳарбий куч сифатида йўқ бўлиб кетди. Урушнинг биринчи куни охирига келиб, Суриянинг ҳам 60 та самолёти йўқ қилинди, Иордания эса урушнинг иккинчи кунининг охирига қадар 40та самолётини йўқотди. Бу йўқотишлар бутун уруш кампаниясининг натижасини олдиндан белгилаб қўйган эди.

Ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан бироз олдин, Исроил Бош вазири Леви Эшкол, Қуддусдаги БМТ кузатувчилари қўмондони, канадалик генерал Одд Булл орқали Иордания қироли Ҳусайнга: «Биз Иорданияга қарши ҳеч қандай чора кўрмаймиз. Аммо, агар Иордания урушга қўшилса, биз бор кучимиз билан жавоб берамиз». – деб айтган эди. Шунга қарамай, қирол Миср қўшинлари Негев чўли орқали Исроил ҳудудига ўтгани ҳақидаги хабарларга ишониб, Қуддуснинг яҳудий қисмини ўққа тутиш ҳақида буйруқ берди. Натижада Қуддус учун жанглар бошланди. Исроил артиллерияси шаҳардаги Иордания қўшинларининг асосий таянчи - Гиват ҳа-Таҳмошетга зарба берди.

Шу билан бирга, генераллар Исраэл Тал, Ариел Шарон ва Авраам Иоффелар қўмондонлиги остидаги учта зирҳли бўлинма, Синай ярим оролининг шимолидан ҳужум бошлади. Миср мудофаа тизимининг мустаҳкам чизиқларидаги танклар, танкка қарши қуроллар ва мина зарбаларини ўз ичига олган оғир жанглар бир кун давом этди. Исроилликлар 35 нафар танк командирини йўқотишди. Шунга қарамай, Синайда чегараларни ҳимоя қилаётган Миср қўшинлари мағлубиятга учрадилар. 6 июнь куни эрталаб соат 6 да сўнгги қаршилик марказлари бостирилди.

Иккинчи кун. Ғазо сектори

6 июнь, сешанба куни Ғазо сектори босиб олинди ва Синай саҳросининг марказидаги Миср армияси қуршовга олинди. Марказий фронтда Иорданиянинг Женин, Калкилия, Хеврон ва Байт-Лехем шаҳарлари ҳам эгаллаб олинди. Шу куни эрталаб Исроил парашютчилари муҳим стратегик нуқта бўлмиш Латрунни эгаллаб олишди; Бу ерда монастирни ҳимоя қилган иордан аскарлари ва Миср командослари ҳеч қандай қаршиликсиз орқага чекинишди.

Учинчи кун. Қуддус

Исроил Бош штаби бошлиғи ўринбосари генерал Ҳаим Бар-Лев 7 июнь, чоршанба куни эрталаб соат 5 да Қуддусдаги Эски шаҳарни штурм қилишга буйруқ берди. Эрталаб соат 9 да генерал Мордеҳай Гур бошчилигидаги парашютчилар Эски шаҳарга бостириб киришди. Қудс ал Ҳарамда ҳам шиддатли жанглар бўлиб ўтди. У ердаги Умар масжидида ўтирган бир неча ўнлаб араб аскарлари парашютчиларни олов билан қарши олишди. Кечқурун, қонли кўча жангларидан сўнг Шарқий Қуддус босиб олинди ва 1948 йилда Иордания томонидан босиб олинган Эски шаҳар озод қилинди. Қирол Ҳусайн ўз армиясига Иордан дарёсининг нариги томонига чекинишни буюришга мажбур бўлди. Бу орада Ғарбий Соҳил бўйлаб Исроил кучлари жадал суръатлар билан силжиб борарди.

Тўртинчи кун. Миср армиясининг мағлубияти

8 июнь, пайшанба. Ғарбий Соҳилнинг бутун ҳудуди Исроил қўшинлари томонидан босиб олинди. САХАЛ нинг илғор бўлинмалари Сувайш каналини кесиб ўтиб, унинг шарқий соҳилига кириб борди. 8-9 июнга ўтар кечаси Миср ҳукумати сулҳга рози бўлди. Бу вақтга келиб, Миср армияси мағлубиятга учраб бўлганди. Исроил кучлари Синай ярим оролини тўлиқ назоратга олди. Шу билан, Тирана бўғозидаги блокада тугади, Исроил учун Эйлатдан Қизил денгизга чиқиш йўли очилди.

Бешинчи кун. Голан тепаликлари

9 июнь, жума куни Исроил танклари ва пиёда аскарлари авиация кўмаги билан Голан тепалигидаги Сурия истеҳкомларига ҳужум қилди. Қалъалар пўлатдан ясалган бункерлардан иборат эди. Сурияликлар томонидан миналаштирилган қияликлар бўйлаб Исроил қўшинларининг олд қаторида бульдозерлар боришарди. Бу операцияда кўплаб бульдозерчилар ҳалок бўлди. Кун охирига келиб, Сурия мудофаасининг биринчи чизиғи исроилликларнинг қўлига ўтди.

Олтинчи кун. Якун

10 июнь, шанба куни эрталаб Сурия қўшинлари истеҳкомларини портлатиб, чекинишни бошладилар. Голан тепаликлари тортиб олинди: вертолётлар Исроил аскарларини фронтнинг энг муҳим стратегик нуқтаси бўлган Хермон тоғига олиб чиқди. Дамашққа йўл очиқ эди: Исроил танклари Сурия пойтахтидан 40 км узоқликда эди.

Соат 19.30 да БМТ Хавфсизлик Кенгашининг такрорий чақириғидан сўнг томонлар ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олдилар.

Ҳозир дунёнинг ҳарбий академияларида ўрганиладиган машҳур олти кунлик уруш шу билан тугади. Исроил яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилди. Бирлашган Қуддус мамлакат пойтахти деб эълон қилинди. Стратегик аҳамиятга эга бўлган Голан тепаликлари, Синай ва Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили Исроил назорати остига ўтди.

Аммо уруш тугаб орадан тўққиз кун ўтгач, Исроилнинг бўлғуси президенти Ҳаим Герцог «Исроил ҳукумати бир овоздан бутун Синайни Мисрга тинчлик эвазига қайтариб беришга овоз берди ... Исроил тинчлик шартномаси эвазига Суриянинг Голан тепаликларини ҳам қайтаришга тайёр» - деб айтди. Жавоб август ойида келди. 1967 йил Судан пойтахти Хартумда тузилган Хартум резолюциясида араб давлатлари раҳбарлари учта «йўқ» сиёсатини маъқулладилар: Исроил билан тинчлик - йўқ, Исроилни тан олиш - йўқ, Исроил билан музокаралар - йўқ.

Шунга қарамай, Олтинчи кунлик урушдаги ғалаба Исроилга 1979 йилда Миср билан тинчлик шартномасини тузиш имкониятини берди ва 1993 йилда Фаластин озодлик ташкилоти билан ҳам тинчлик шартномаси имзоланди, аммо вақт кўрсатиб турибдики, бу тинчлик шартномалари амалда Яқин Шарққа тинчлик олиб келмади ва ушбу урушнинг акс-садоси шу кунларгача тинмади...