Найти в Дзене
Alimoff

Атом бомбаси дунёни қандай ўзгартирди?

Бдшшш!
Бдшшш!


20-асрнинг ўрталарида, инсоният ядровий бомбани ихтиро қилди ва шундан кейингина у қандай даҳшатли махлуқ яратиб қўйганини англаб етди. Илгари, бутун бошли шаҳарларни бир зумда йўқ қилиб юбориш мумкинлигини ҳеч ким тасаввур ҳам қила олмаган. Атом бомбаси пайдо бўлиши билан ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳис қила олмай қолди. Аммо энг даҳшатлиси, ушбу қурол нафақат катта давлатларнинг сиёсатига таъсир қилди - у ўз изини санъат, маданият, илмий фантастика, ҳатто сиз ва менда ҳам қолдирди.

Атом асри

20-асрнинг бошларида илмий ва саноат инқилоби авжига чиқди ва дунё келажакка оптимизм билан қарай бошлади. Асосий сенсациялардан бири нурланишнинг кашф қилиниши эди. Газеталар, радиациянинг турли соаларда ишлатилишини муҳокама қилиш билан ким ўзарга ёзишарди. Радиация саратон касаллигини даволашга ёрдам беради, атом энергияси ҳар қандай ёқилғини ўрнини босади ва ҳаманингуйида ядро генераторлари ва ядровий двигателли автомобиль бўлади деб ишонилган.

Хиросима ва Нагасакининг бомбардимон қилиниши эса, дунёда ҳақиқий ваҳима уйғотди. Иккинчи Жаҳон урушида кўплаб шаҳарлар одатий бомбалар билан вайрон қилинган, аммо бу янги қурол инсонларни даҳшатга солиб қўйган эди. Матбуотда «дўзах олови», «қиёмат куни» ва ҳатто «Франкенштейн махлуқи» каби иборалари янграй бошлади.

АҚШ ва Совет Иттифоқи 1945 йилдан 1954 йилгача бир қатор ядровий ва термоядровий қуролларнинг синовларини ўтказдилар. Америка бомбалари асосан Невада штатидаги полигонларда ёки Тинч океанидаги Маршалл оролларида синовдан ўтказилди. Синов натижалари тўғрисидаги маълумотлар «сирли» сарлавҳаси остига яширинган, аммо ҳамма маълумотларни ҳам жамоатчиликдан яшира олишмаган.

Ядро бомбасининг сўнгги қурбони

1954 йилда Тинч океанидаги Бикини оролида “Касл Браво” деб номланган бомба синови ўтказилди - бомбалар шу қадар кучли эдики, синов қатнашчиларидан ҳеч бири портлашнинг оқибатларини башорат қила олмас эдилар. Улар эса ҳалокатли эди, натижада бутун бошли штатининг катталигича бўлган ҳудуд ифлосланган, ҳарбийлар аҳолини бир нечта ороллардан эвакуация қилишга мажбур бўлишган. Портлаш пайтида юзага келган радиоактив булут мингга яқин япон кемалари балиқ овлаётган улкан ҳудудга тарқалиб кетди.

Портлаш эпицентридан атиги юз километр нарида жойлашган «Фукурю-Мару» кемаси энг ёмон зарбани қабул қилиб олди. Экипажнинг барча аъзолари жиддий нурланиш дозасини олишди ва умрларининг охиригача ногирон бўлиб қолишди. Орадан олти ой ўтиб, ушбу кема радисти Айкити Кубояма нурланиш касаллигидан жуда қаттиқ азият чекди ва ўлим тўшагида эди. Айкити Кубояма: «Мен ядро бомбасининг сўнгги қурбони бўлишимга умид қиламан.» дея сўнгги сўзларини айтиб вафот этди.

Пандора қутисининг очилиши

Миллионлаб японияликлар балиқдан воз кечишди, қирғоқ аҳолиси болаларга океанда сузишни тақиқлади. Бутун дунёда ядро қуролини тақиқлашни талаб қилиб намойишлар бошланди. Касл Бравогача АҚШ ҳукумати ядровий портлашларнинг атроф-муҳитга таъсири ҳақида мунозараларни минималлаштиришга муваффақ бўлган эди. Аммо Пандора қутиси очилиб бўлган эди ва радиоактив булутлар узоқ масофаларга тарқалиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар оммавий онгга кириб улгурганди.

1957 йилда «Reporter» журналида журналист Пол Жейкобснинг «Невададаги булутлар» мақоласи нашр этилди. Жейкобс Невада полигонида амалга оширилган ядровий қурол синовлари маҳаллий аҳолига қандай таъсир қилганини билмоқчи эди. Унинг хулосаларига кщра, полигон атрофидаги жойларда касаллар ва ногиронлар сони жуда юқори эди. Журналист чорва молларини оммавий қирилиши ва бошқа муаммолар ҳақида ёзди. Ушбу мақола ҳам оммавий фикрга жуда катта таъсир қилди.

Жодугарлар ови

1940 йилларнинг охири ва 1950 йилларнинг бошларига келиб, ҳар бир америкаликнинг ҳаётига коммунистик таҳдид қўрқуви кириб кела бошлади. Совуқ урушнинг таъсирини биринчи бўлиб касаба уюшмалари сезди. Президент Гарри Труман уларни Қўшма Штатлардаги коммунистик таъсир манбаи сифатида кўриб, касаба уюшмаларини кўплаб ҳуқуқ ва имкониятлардан маҳрум қилди. Давлат хизматида тозалаш ишлари бошланди: 1951 йилга келиб, 200 га яқин амалдор СССРга хайрихоҳликда айбланиб ишдан бўшатилди. Америкага қарши ҳаракатларни текшириш бўйича комиссия ҳаттоки Голливудга ҳам етиб борди. Бир нечта киноижодкорлар қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар ва бундан ҳам кўпроғи қора рўйхатга киритилди, бу эса уларнинг кинодаги фаолиятлари якунини англатарди.

Ядро бомбаси яратган санъат ва адабиёт

Совет ядро бомбасининг биринчи синови ўтказилгандан сўнг, АҚШ ядро уруши бошланишига жиддий тайёргарлик кўришни бошлади. Мактабларда ҳаво рейди пайтида қандай ҳаракат қилиш кераклиги бўйича машқлар ўтказилди. Уйларда энг яқин бомбадан яшириниш мумкин бўлган жойларни кўрсатувчи белгилар қўйилди ва шаҳар атрофидаги майдонларда бункерлар қурилиб, консервалар билан таъминланди. Радио ва телевиденияда тез-тез овоз тизимининг шошилинч синовлари ўтказиб турилди.

Болаликдан даҳшатли ва ноаниқ муҳитда ўсган ёшларга бу нарсалар қаттиқ таъсир кўрсатди. Мусиқада бу рок-н-ролнинг пайдо бўлиши ва Элвис Преслининг машҳурлигини олиб келди, экранларда эса ёш «сабабсиз қўзғолончи» Жеймс Дин порлади ва адабиётда бит-авлод ёзувчилари Жек Керуак ва Уилям Берроузлар катта саҳнага чиқдилар.

Илмий фантастика жанрининг гуллаши

Ядро таҳдидидан қўрқиш илмий фантастика жанрига машҳурлик олиб келди. Иккинчи Жаҳон Урушидан олдин ушбу жанр унчалик катта муваффақиятга эришмаганди, аммо энди жавоб беришга айнан у тайёр эди: атом асри бизга нималарни ваъда қилмоқда?

Ўша йиллардаги фантастик фильмларининг аксарияти битта нарсага устига қурилганди: ядровий бомба яратилиши ва атом энергиясини кашф қилиниши нафақат инсоният муаммоларини ҳал қилмади, балки янги муаммоларни ҳам олиб келди. Эллигинчи йилларнинг иккинчи ярмида, кино ва адабиётда, радиация таъсири остида жонзотлар мутацияга учраши ҳақидаги миш-мишлардан кенг фойдаланилди. Қоида тариқасида, барча асарлардаги радиоактив ҳайвонлар одатдагидан кўра каттароқ ва уларни ўлдириш жуда қийин. 1945-1965 йилларда мутантлар ҳақида 500 га яқин (!) фильм суратга олинди.

Яна бир даҳшатли мавзу радиация ёки атом портлашидан уйғонган қадимги ҳайвонлар хақида эди. Бу фильмларда денгиз остидан кўтарилган қадимги йиртқич ҳайвонлар, энг яқин катта шаҳарни - одатда, Токио ёки Нью-Йоркни вайрон қилишга ҳаракат қиларди. Ушбу жанрнинг энг эсда қоларли иккита фильми 1954 йилда чиқди. Бири АҚШдасуратга олинган «Улар!» фильми эди, унда Америка армияси баҳайбат чумолиларга қарши курашади, Японияда эса ҳозир классик жанрга айланиб улгурган «Годзилла» фильми суратга олинди.

60- йилларга келиб, Кубада Кариб инқирози юз берди ва дунё ҳақиқий ядровий уруш ёқасига келиб қолди. 1964 йилнинг ўзида Учинчи Жаҳон Урушига бағишланган бирданига учта фильм чиқарилди: Стенли Кубрикнинг «Доктор Стренжлав» фильми, «Май ойининг етти куни» ва «Хавфсизлик тизими»фильмлари дунё юзини кўрди. Ушбу фильмларни урушга қарши йўналтирилганлиги, АҚШ Мудофаа вазирлигини Америка аскарларининг жасорати ва тайёргарлигини мадҳ этувчи фильмларни молиялаштиришга мажбур қилди.

Хулоса

Эллигинчи йилларда Америка жамиятининг энг онгли қисмининг асоси илмий фантастика бўлди. Бошқа жанрларда Маккартизм ва “жодугарлар ови” гуллаб-яшнаган бир пайтда, фантаст ёзувчилар коммунизмда айбланишдан қўрқмасдан ёзишлари мумкин эди. Улар ўз асарларида навбатдаги Жаҳон Уруши ёки ядровий қурол синовларининг даҳшатли оқибатларини кўрсатиб берардилар.

Учинчи жаҳон уруши олдидаги қўрқувлар бекор кетмади. Бу қўрқув урушга қарши жиддий ҳаракатга айланди, шу жумладан Ветнам урушига қарши ҳам. Кўплаб инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари пайдо бўлди. Афсуски, оқибатларнинг ҳаммаси ҳам ижобий бўлмади. Ядро бомбасидан қўрқиш умуман атом энергиясидан қўрқишни келтириб чиқарди ва келажакда Чернобил ва Фукусима каби даҳшатди аварияларсодир бўлди.Аммо бу энди умуман бошқа ҳикоя...