Жокер – бу америкалик кионорежиссер Тодд Филлипс томонидан, Скотт Силвер билан биргаликда ёзилган сценарий асосида суратга олинган психологик триллер. Бош ролда голливуднинг супер актёрларидан бири Хоакин Феникс ўйнаган. (У сизга “Гладиатор фильмидаги император Комод роли билан яхши таниш) Филмнинг сюжети – DC Comics комиксларидаги Бэтмэннинг асосий душманларидан бири бўлган, жиноятчи социопат Жокернинг келиб чиқиши ҳақидаги ҳикоя қилади.
Фильм премьераси 2019 йил 31 августда 76-Венеция кинофестивалида бўлиб ўтди, унда бу фильм бош мукофот - Олтин Шерга лойиқ кўрилди.
Сюжет (Диққат спойлер!!!)
(Агарда сиз фильм воқеалари билан тўлиқ танишишни истамасангиз, Сюжет қисмини қолдириб, Таҳлил қисмига ўтиб кетинг)
Готэм Сити, 1981 йил. (Тошкент сити эмас) Шаҳарда коммунал хизматлар ишчилари қўзғолон қилмоқда, иқтисодиётда эса ишсизлик ҳукмрон. Артур Флек исмли омади чопмаган комик, касал онаси Пенни Флек билан бирга яшайди. У кичкина кўнгилочар агентликда масхарабоз сифатида ишлайди ва мустақил стендап-комик карьерасини орзу қилади. Унинг кумири - машҳур телебошловчи Мюррей Франклин, унинг кечки шоуларини Артур ва онаси ҳар куни томоша қилишади. Бундан ташқари, Артур неврологик касалликдан азоб чекади, бу уни ноқулай пайтларда кулишга мажбур қилаверади, бунга тўсқинлик қилиш эса у ижтимоий хизмат ходимининг назорати остида олган кучли дориларни қабул қилишига боғлиқ эди. Хиёбонда унга бир тўда безорилар ҳужум қилгандан кейин Артурнинг ҳамкасби Рэндалл унга ўз пистолетини беради. Артур ўзининг қўшниси, ёлғиз аёл Софини, кичик бир клубдаги ўзининг комедик томошасига таклиф қилади. Улар учраша бошлайдилар.
Болалар шифохонасидаги томоша пайтида Артурнинг қуроли томошабинлар кўз ўнгида тасодифан унинг чўнтагидан тушиб кетади. Артур ишдан хайдалади, Рандалл эса Артур қуролни ўзи сотиб олган деб ёлғон гапиради. Метрода, ҳали ҳам масхарабоз грими билан кетаётган Артур, бир қизга тегажоғлик қилмоқчи бўлаётган учта маст одамни кўради. Артур назоратсиз қах-қах отиб кулишни бошлайди. Артурга эътибор қаратган безорилар уни калтаклай бошлайдилар. Артур ўзини ҳимоя қилиб, уларнинг иккитасини ўлдиради, учинчисини эса ортидан қувиб етиб совуққонлик билан ўлдиради. Бу қотилликларни шаҳар мэрлигига номзод миллиардер Томас Уэйн қоралайди - марҳумлар унинг корпорацияси учун ишлаган менежерлар эди. Уэйн ўзидан бойроқ ва муваффақиятлироқ одамларга хасад қилувчиларни "масхарабозлар" деб атайди. Бу сўзлар эса оммавий норозиликларга олиб келади. (“Биз кўп гўшт еворяпмиз” деб ўзига тўқ, бой одам бутун халқ номидан гапирганидайда бу ҳам) Намойишчилар масхарабоз ниқобларини кийиб олишади. Уч бой менежернинг ўлдирилиши кўпчилик томонидан қўллаб қувватланади. Айни пайтда, инқироз туфайли, шаҳар ижтимоий таъминот дастурларини молиялаштиришни камайтирмоқда ва шу сабаб туфайли Артур ўзи доимий олиб турган дориларсиз қолади.
Артурнинг комедик шоуси муваффақиятсиз кетмоқда: у ўз чиқишлари давомида дориларини қабул қилмаслик сабаб, саҳнада назоратсиз кулаверади ва ҳазилларини зўрға ўйлаб топади. Артурнинг кумири, ток-шоу бошловчиси Мюррей Франклин, ўз дастурларининг бирида Артурни мазах қилади ва унинг чиқишларидан парча келтиради., Мюррей Артурни "Жокер" (ҳазилкаш) деб атайди. Артур ўз онасининг Томас Уэйнга ёзган хатини кўриб қолади, ундан Артур Томаснинг беникоҳ ўғли эканлигини тушунади. Онасини эса ҳақиқатни яширгани учун айблайди. Артур Томаснинг кичкина ўғли Брюс (Келажакда у Бэтмэн бўлиб етишади) билан суҳбатлашади, аммо Уэйнларнинг бош хизматкори Алфред Пенниуорт билан жанжаллашиб қочиб кетади. Алфред Артурга онаси руҳий касал эканлигини ва ҳамма нарсани ўйлаб топганини айтади. Артурнинг метродаги қотилликда иштирок этганлигини текшираётган Готэм полиция бўлимининг икки терговчиси ташриф буюргандан сўнг, унинг онаси инсултга чалинади ва Аркҳэм касалхонасига ётқизилади.
Оммавий тадбирнинг бирида Артур Томас Уэйнни учратади, у ҳам унга Пенни алдаётганини ва Артур аслида Пеннининг ҳам ўғли эмаслигини айтади. Ҳақиқатни аниқлашга ҳаракат қилган Артур Аркҳэм штат касалхонасига ташриф буюради ва Пеннининг шахсий ишини ўғирлайди. Ҳужжатларда айтилишича, Пенни Артурни асраб олган ва уни ўз эрига шафқатсиз калтаклашга рухсат берган. Хафа бўлиб, Артур касалхонага боради ва Пеннини ўлдиради. Кейин у Софи хонадонига огоҳлантиришсиз кириб келади. Қўрқиб кетган Софи уни кетишини айтади; шу пайтда уларнинг олдинги учрашувлари фақатгина Артурнинг хаёл махсули эканлиги аён бўлади.
Артурни Мюррей шоусига таклиф қилишади, чунки у кутилмаган машҳурлик туфайли томошабинлар орасида катта қизиқиш уйғотган эди. Тайёргарлик пайтида уни олдига собиқ ҳамкасблари Гари ва Рэндалл ташриф буюришади. Расмий равишда онасининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдириш, лекин аслида Рэндалл тўппонча юзасидан келишиб олишни истайди. Артур Рэндаллни ўлдиради, лекин Гарига тегмайди, чунки у ҳар доим унга яхши муносабатда бўлган ягона ходим эди. Студия томон кетаётган Артурни масхарабоз намойишчилар билан тўлдирилган поездда иккита детектив қидирмоқда. Детективлардан бири тасодифан намойишчилардан бирини отиб ташлайди ва ғалаён кўтаради. Артур юзага келган бетартибликдан фойдаланиб, қочади.
Шоудан олдин Мюррей Артур билан илиқ муносабатда бўлади. Артур Мюррейдан уни Жокер сифатида таништиришни сўрайди. Артур жонли эфирда ўз ҳаётининг бош орзусини амалга ошириб, кулгили бўлмаган ҳазилларни айтишни бошлайди. Кейин поездда одамларни ўлдирганини тан олади ва жамият бунга лойиқ деб таъкидлайди. Мюррей Артур билан жиддий гаплашмоқчи. Аммо Артур Мюррейни ўз шоусида уни масхара қилганликда айблайди ва бошловчини тўппончаси билан отиб ўлдиради. Кейин томошабинларга мурожаат қилади. Артурни полиция ҳибсга олади, ваҳима ичида томошабинлар студияни тарк этишади ва кўчада ғалаён кўтарилади. Уэйнлар оиласи бу вақтда кинотеатрда эди. Готэмнинг асосий кўчаларини босиб ўтган ғалаёнлар орасида улар машинада тинч кўчага бурилишади. Масхарабоз ниқоби кийган намойишчилардан бири Брюсни қолдириб, Томас ва унинг рафиқаси Мартани ўлдиради. Намойишчилар Артурни олиб кетаётган полиция машинасидан, уни озод қилишди. У оломоннинг қичқириғи остида кўтарилаётганида бурнидан қон келаётганини пайқайди, у ўша қондан юзларига суртиб, ўзининг юзига табассум чизиш учун фойдаланади ва кейин оломонга мурожаат қилади. Артур янги қаҳрамон деб эълон қилинади.
Таҳлиллар
“Ўз жонига қасд қилувчилар отряди” (Suicide Squad) (2016) фильмидаги Жаред Лето ижросидаги Жокер онгимизда қолдирган ёмон таъмдан кейин, ким бизга Warner Bros ва DC томонидан ишланадиган бу йўналишдаги "Жокер" мустақил фильми муваффақият қозонишини ишонч билан айта оларди? Буни кўпчилик муҳлислар ҳам танқидчилар ҳам детектив комикснинг интеллектуал хусусиятларини амортизация қилишнинг яна бир уриниши каби ҳис қилди. Лекин гениал актёр Хоакин Феникс ижросидаги ушбу фильм натижада Венеция кинофестивалида ўзининг "Олтин шер" мукофотига лойиқ кўрилди ва кенг жамоатчилик томонидан яхши қабул қилинди.
Эҳтимол, бу тан олиниш ва жамоатчиликнинг қизиқиши, сўнгги йилларда яратилган ва деярли DC кино оламидан мутлақо мустақил бўлган филмга дуч келганимиз билан боғлиқдир. Жокер - Готэм Сити инқирозга юз тута бошлаган саксонинчи йилларга бағишланган фильм. Ушбу ҳикоянинг бош қаҳрамони Артур Флек, у комедиант ва "одамларга табассум" қилишни хоҳлайди, аммо жамият буни осонликча қабул қилмоқчи эмас.
Жокер фильмининг асосий калитларидан бири, унинг пастки қисми бўлган қаттиқ ижтимоий танқид, афсуски, абадий. Фильмда бугунги кунда имтиёзларга эга бўлган айримлар ўзини "элита" деб атайдиган жамият ва ўз холига ташлаб қўйилган, кунини зўрға кўраётган инсонлар муаммоларига ўхшашликни топиш қийин эмас. Элитаризм, камбағал ва ногиронларни тан олинмаслиги, бойликни тақсимлашдаги тенгсизлик ва бошқа шу каби ижтимоий муаммолар ҳозирги бизнинг раҳбарлар учун ҳам аниқ сигнал бўлиб кўриниши керак (шуни унутмангки, Готэм-сити ўйлаб топилган шаҳар бўлсада муаммолар реал ҳаётимизда мавжуд).
Актёр ижроси
Бутун фильм Хоакин Феникснинг мукаммал маҳоратига асосланган бўлиб, у шу қадар хавфли ва мураккаб характерга эга ролки, Жокер образи Хит Леджердан кейин деярли лаънатланган деб ҳисобланади. (Америкалик Актер Хит Леджер хозирда Жокер ролини энг маъромига етқазиб ўйнаган актёр ҳисобланади аммо у ёш бўлишига қарамай, ушбу ролидан кейин вафот этган ва бу рол учун берилган Оскар мукофоти унга ўлганидан сўнг топширилган) Актёр бизга унинг ҳаётидаги энг яхши ролларидан бирини беради, савия шу даражада баландки, уни кейинги Оскарда энг яхши актёрликка номзодлигини кўриб ҳайрон қолмайман. Бошқа томондан, унинг машҳурлиги шундан иборатки, уни фильмдаги кўпгина иккинчи пландаги лекин жуда таниқли шахсларнинг ҳеч бири (Роберт Де Ниро ҳам булар орасида) ўз соясида қолдира олмади. Мен бу фильмда камдан-кам ҳолларда бўладиган, бош қаҳрамоннинг қўллаб-қувватланишга муҳтожлиги бўлмаган кинони кўрдим.
Жокерни кулишига сабаб бўладиган унинг образини яна бир устунларидан бири бу руҳий касалликлар ёки неврологик муаммолари бўлган одамлар мўрт бўлиши, жамиятда ўз ўрнини эгаллашга қодир эмаслиги билан боғлиқ. Хоакин Феникс ўзининг "оғриқли табассум" ҳақидаги ғояси билан бизни ҳайратга солишга муваффақ бўлди, эҳтимол бу ҳиссий заифлик ёки псевдобулбар синдроми ҳолатларига асослангандур, лекин эътибор беринг, Жокер доимий табассум ва кулгуни ўз юзида ифодаласада аслида бу кулги ва табассум хурсандчилик ортидан эмас, аксинча жуда ҳам оғриқли эмоцианал холатларни акс эттиришини яққол кўришимиз мумкин. Бу гўёки музни ўчоққа ўтин қилиб ишлатишдай гап. Буни иложи йўқ, аммо актёрнинг генийлиги шундаки у бунинг “қаловини”ни топа олди ва ўт қўйиб юборди.
Номаълум онларда ўз ўзидан келиб қоладиган Жокер кулгисини қандай тақдим этилиши, деярли гипнозга ўхшайди. Худди шу белги унинг руҳий ҳолати ҳақида тўлиқ тушунча беради ва уни оғриқли йўллар билан бошқаришга ҳаракат қилади. Феникс бир вақтнинг ўзида иккита ҳиссий ҳолатни қандай кўрсатиши кераклиги моҳирона кўрсатиб берди. Бурундан пастда, оғзида бўғилиб қичқириқ билан баланд овозда кулади. Унинг бурнидан, кўзларидан ва юз ифодасидан эса у йиғлай олмай қандай ёмон қийналаётганини сезиш мумкин. Жокер трагикомедиянинг иккала томонини ҳам бошқаришга қодир.
Характернинг бу руҳияти ҳақиқатга шунчалик яқинки, ҳатто у салбий қахрамон бўлсада оммауни тушуниши ва қўллаб қувватлаши мумкин. Шубҳасиз, айрим давлатлар расмийлари қўрққанидай, бу филмни томоша қилгандан кейин биз психопат бўлиб қолмаймиз, аммо албатта, ёвуз инсонга нисбатан инсонпарварликни хис қилишимиз мумкин. Бу бизга оқкўнгил Артур Флек қандай қилибжамиятдаги ноҳолислик, адолатсизликлар таъсирида ёвуз Жокерга айланганлигини жуда кучли ва умуман шубҳа қолдирмас даражада очиб беради.
Шунга қарамай, филм барча томошабинлар учун мос келади, яъни кинога бориш ва Жокердан тўлиқ завқланиш учун Жаред Лето ижросидаги аввалги яшил сочли “молпаросат” Жокер тарихини билиш шарт эмас. Менга аслида комиксларга асосланган суперқахрамонлар хақидаги фильмлар унчалик ҳам ёқавермайди, лекин айнан шу фильм, мен кинодан излайдиган иккита устунда тенг даражада улуғвор ва мукаммал бўлиб қолади: инсон ва унинг мураккаб психикасини эзадиган жамият.
Сценарий
Сизнинг қаҳрамонингиз комикслар томонидан илҳомлантирилганида, сценарий борасида ҳаддан ошмаслик жуда қийин. Тодд Филипс, Скотт Силвер ( Эминем ижросидаги 8 Мил фильми сценаристи) билан ҳаммуаллифликда ёзган сценарийси орқали ишончли воқеани аниқ айтиб беришга муваффақ бўлди. Фильм давомида ҳақиқатан ҳам бўлмайдиган, бадиий фантастик ва поп-корн ҳиди анқиб турадиган бирон бир элемент мавжуд эмас. Афсуски, хозирги пайтдаги кўп ўзбек фильмларида, ҳатто бирорта реал шахс хақида биографик фильм бўлса ҳам бу нарса бизда имконсиз. Бу ерда эса тўқиб чиқарилган нореал шахс хақида ҳаётий фильм ишланган.
Бизнинг масалан халқ эртакларимиздаги Жодугар капир, Ўгай она, Ялмоғиз кампир, Ёсуман, (негадур фақат аёлларми? 😂) каби персонажларнинг хечқаерда бэкграунди йўқ. Улар нега бундай ёвуз бўлиб қолишган, ёшлигида қандай инсон бўлган эди? Уларнинг мотивлари одамдан ўч олишми ёки жамиятданми? Ёки улар шунчаки садистми? Деган саволлар ҳамиша очиқ қолади. Улар шунчаки ёмон, тамом. Уларнинг характерлари реал инсонларда бор камчиликлар йиғиндисидан тўпланган бўлсада хақиқий бўлиб туюлмайди.
Жокер шунчалик фараз қиларли даражада хақиқий-ки, Бу бизнинг, шахсларнинг, жамият аъзоларининг энг ёмон портрети, аммо, хайриятки, барчамиз бу даражага етиб бормаймиз... Яна ким билади... Буларнинг барчаси, Америкада қурол олиш осонлиги сабабли, ўз ҳаёт тизгинини йўқотган ҳар қандай одамдан, Флекникига ўхшаш таҳдид бўлиши мумкинлигини яширмайди. Ҳақиқий ҳаётда бугунги кунда кўплаб Жокерлар мавжуд. Шундай қилиб, Тодд Филипс кетма-кетликда ифода этмоқчи бўлган сиёсий ғоялар реаликга жуда ўхшашдир, "Жокер" - бу сиз ҳатто Бэтмен ва унинг душманлари кимлигини билмасангиз ҳам, биз яшаётган ҳозирги дунёнинг воқелиги тўғрисида ўйлашга имкон берадиган фильм.
Режиссёрлик иши
Камеранинг орқа томонидаги жой албатта режиссёр Тодд Филипсга тегишли. Ушбу лойиҳа учун режиссёр эълон қилинганида, жуда кўпчилик бу лойиҳани суратга олиш учун унинг муносиб режиссёр эканлигига шубҳа қилишди. Унга энг катта эътирофни “Вегасдаги куёвнавкар” ва “Вегасдаги куёвнавкар-2” ҳамда унчалик ҳам яхши чиқмаган “Вегасдаги куёвнавкар-3” комедик жанрдаги фильмлари бўлганлигини ўйлаб, мен Жокернинг янада "ўйноқи" томонини танлайди деб тасаввур қилган эдим. Бироқ, тўлақонли драмани ташкил этадиган картина ва жамоатчиликни кулдира олмайдиган комедиячининг ҳикоясида, у бир қатор идеаллар ва муаммоларни усталик билан тақдим этди. Готэм-ситининг бизни кўзимиз ўрганган тунги кўринишининг аслида деярли ҳеч қандай кучи йўқлиги, визуал тилни ҳар қандай вазиятга қандай мослаштиришни билган ҳолда, хақиқий усталик мукаммал фотосуратга боғлиқ эканлигини ушбу режиссёр бизга кўрсатиб берди.
Соундтрек
Одатда агар бирорта элемент фильмга мос келмаса, асосан ўша элемент мусиқа бўлар эди, лекин бу фильмда бундай эмас. Исландиялик бастакор Ҳильдур Гуднадоттир (Чернобил сериали бастакори) торли чолғулар учун устувор йўналишдаги саундтрек билан деярли фильмдаги сўнги штрихни якунлайди. Артур йўқ бўлиб, Жокер пайдо бўлишни бошлаганида, мусиқалардаги бас товушлари тобора кучайиб бориши кутилаётган фожеаларга бизнинг ментал холатимизни тайёрлаб боради. Саундтреклардаги эволюцияни кўздан (қулоқдан) қочирмасликни маслаҳат берган бўлар эдим, чунки улар ҳам сюжетга хамоханг равишда динамик ўзгаришга юз тутади ва бу жуда зўр. Ўша даврнинг баъзи ҳақиқий қўшиқларидан фойдаланиш ҳам фильмга ўзгача атмосфера берган..
Плюслар:
Хоакин Феникс, эҳтимол ҳаёти давомидаги энг кучли рол ижросида.
Жокер комик характерга асосланган нореал персонаж бўлишига қарамай, уни ҳайратланарли даражада инсонийлаштиришга эришилинди.
Жокер кулгиси... охир оқибат бу кулгу гўёки ўзига хос алоҳида персонажга айлангандай.
Абадий ижтимоий танқид.
Саундтреклар.
Минуслар:
Айрим жойларида динамика етишмаслиги ва зерикиб қолишга олиб келувчи эпизодлар. Албатта агар бу классик “Суперқаҳрамонлар” хақидаги поп-корн фильм бўлганида бу нарса бўлмаслиги мумкин эди, бу камчиликни албатта Жокернинг реал ҳаётга мос фильмлиги ювиб кетиши мумкин.
Жокернинг генийлиги очиб берилмаган картинада, у кўзимизга асосан дойимо ерга урилувчи ва камситилган инсон сифатида кўринади. Балки фильмнинг кейинг қисмлар режада бордур ва тўлиқ биз таниган Жокер мантиқан ҳам уларда намоён бўлса тўғри бўлар эди.
Хулоса
Бундай машҳур қаҳрамоннинг пайдо бўлиш тарихи ҳақидаги филмни тақдим этиш мажбурияти билан DC компанияси, комикслардан келиб чиқадиган табуни йўқ қилишга муваффақ бўлди. Ушбу филм кинематографик тил учун жуда мос ва замонавий жамиятлар юзига тутилган катта ойнага айланди, мустақил филм даҳосидан баҳраманд бўлиш учун ҳеч ким "Жиноят оламининг масҳарабоз шаҳзодаси" кимлигини билиши шарт эмас. Агар бу фильмни " Қайғули масхарабознинг ҳикояси" деб аташганида ҳам фильм ўз мақтовларига сазовор бўлаверган бўлар эди деб хисоблайман. Фильмга 10 баллик системада 8 балл қўйган бўлар эдим.