Бир муддат аввал «Юксалиш» йиққан 100 экспертнинг 79 нафари «мажбурий меҳнат, шу жумладан болалар меҳнатига барҳам берилгани»ни «Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий аҳамиятга эга 10 та муҳим ташаббуслари»дан бири сифатида кўрсатган эди. Бу ташаббус 10 таликда учинчи бўлганди (яхши қўшничилик ва валюта либерализациясидан кейин).
Водийда Шуҳрат Ғаниевдек ҳокимларимиз бор экан, «барҳам берилган» деб ўйлаганимиз кўплаб иллатлар бирдан «қайта туғилиб» қолаверади. Нафақат қайта туғилади, балки давлат пропаганда машиналари орқали фаол (ва ноқис) пиар ҳам қилинади: «Риштонни обод қилиш учун 13 мингдан ортиқ одам икки кун кўнгилли-ихтиёрий ишлади», деб. Чиндан кўнгилли бўлса, «Фарғонаазот» заводидан 2379 киши (масалан) ҳашарга чиқади — териб олингандек бир текис 2500 киши эмас.
Халқимизга аталган қўрқмас юракларнинг бари битта қилиниб, Ўзбекистондаги 14 та ҳудуднинг раҳбарига бўлиб берилган бўлса керак — шунинг учун ҳокимларимиз қилаётган ишининг тўғри-нотўғри, қонуний-ноқонунийлигини ўйлаб ҳам ўтирмайди, умуман қўрқмайди-да чунки (қўрқса бутун бошли бир туманни ҳақорат қилармиди, Президентнинг тарихий ташаббусларига қарши чиқармиди?). Халқ эса чидайверади, чидаш — қонимизда. Сергели, Урганч ё Яккабоғдек бўлмагунича.
Фарғоналик муштарийларнинг маълум қилганлари:
1. «Салом, мен Фарғона вилоятиданман. Риштон туманидаги ҳашар тўғрисидаги мақолани янада кенгроқ ёритинг, чунки ташкилот раҳбарлари ходимларни мажбурлаб ҳашарга олиб боришмоқда. Соат 5:00 га ҳокимиятларга тўплаб, қул сингари автобусларга солиб жўнатишмоқда. Ундан ташқари соат 17:00 га қадар ишлаганинг етмасдан, иккинчи сменага ҳам одам қолади, деб ишлатишяпти. Бу раҳбарларга биров бирор чора қора оладими ўзи? Риштон биринчиси эмас».
2. «Мен Фарғонадаги электр тармоқлари корхонасида ишлайман. Ҳафтанинг беш кунида ўз ишларини сидқидилдан бажарган электр тармоқлари корхонаси, «Сувоқова», райгаз, ободонлаштириш, йўл бўлими ходимларига дам бериш ўрнига, 27—28 июль кунлари ихтиёрий ҳашар деб мажбурлаб ишлатишди. Шанба куни эрталаб ҳаммани тўплаб, бир форма кийган инсон: «Бу мажбурлаб ишлатиш эмас, кўнгилли тарзда», дейди, ахир ташкилот раҳбарлари ходимларни эрталаб ухлаб ётган жойидан ҳам олиб боришди. Тўғри, корхона раҳбарига ҳам шундай топшириқ бўлган бўлса керак. Яна бир гап. Муҳтарам Юртбошимиз халқ таълими ва соғлиқни сақлаш ходимларини мажбурий меҳнатдан озод қилганларидан роса қувонгандик. Минг афсуслар бўлсинким, шундан бери уларнинг ўрнига бизнинг ташкилотлар ишлаяпти. Бу ташкилотлар — «Фарғонаазот», Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, «Сувоқова», газ, электр, ободонлаштириш, йўл бўлимлари. Майли, меҳнатдан қочмаймиз, лекин энергетик уй бузмасдан симини тортиши керак, газчи газни тортсин, ҳамма ўз ишини қилса, Ватанимизнинг ривожлантириш тезроқ амалга ошарди».
PS. Бир вилоятда икки кунда 13 мингдан ортиқ одам мажбурий меҳнатга жалб этилгани бир муаммо; ЎзАдаги мақолада вилоят аҳолиси миллион-миллиард сўмлик қурилиш материалларини риштонликлар учун беғараз тақдим этгани ҳақида ҳам гаплар бор. 13 минг киши ҳашарга қандай «ихтиёрий» чиққан бўлса, уларнинг ҳисобидан олинган қурилиш материаллари ҳам шунчалик «беғараз» деган гумон бор.