Найти в Дзене
Муҳрим блоги

Spark’даги «оператор» қочоқ Damas’ни тутиб бермагани ҳақида

ЙПХдан қочаётган Damas’ни видеога олган Spark ҳайдовчисини: «Шунча видеога олганига яраша охирида ўша Damas’ни тутиб беришга ҳам ёрдам бериб юборса бўларди-ку», деган мазмундаги айблаётган соғлом фикрлилар бор (кўрдим).

Мен Spark ҳайдовчисини айбламоқчи эмасман-у, лекин ростдан ҳам қочоқ Damas’ни тутишга ёрдам берса ёмон бўлмасди, деган фикрдаман. Видеони охирида Spark ҳайдовчиси Damas’ни сиқиб қўйишга урингандек жойи ҳам бор, ўша лавҳаларни кўраётганда: «Наҳотки тутиб берган бўлса?!», деган фикр менинг ҳам хаёлимдан ўтди. Тутиб берган бўлганида, тўғриси, ҳайрон қолардим. Кутганимдек (кутганимиздек), тутиб бермаган. Орамизда ўша вазиятда ўзида жасорат топиб, Damas’ни тутиб берадиган одамлар кўплигига ишонмайман.

Нега тутиб бермайди ва нима учун бу кўпчиликнинг назарида ҳатто тўғри ҳам (менинг назаримда тўғри эмас асло)? Биринчидан, Ўзбекистонда ҳайдовчи — мазлумлар мазлуми, ҳар ҳолда ҳайдовчилар ўзини шундай деб ҳисоблайди; тонировкадан фойдаланиш ҳуқуқи амалда йўқ (жуда қимматлигидан), чизиқлари чизилмаган йўлларда хаёлий чизиқларни босгани учун ҳам жаримага тортилиши мумкин, ёқилғи қиммат, жарималар эса ундан ҳам қиммат (қоида бузилмаса жарима тўланмаслиги ҳақида гап бу мазлум ҳайдовчиларга ўтмайди — «касал онам ё боламни, ҳомиладор аёлим ё опамни зудлик билан касалхонага олиб кетаётган бўлсам-чи, қоидани бузиб қўйишим мумкин-ку, жарима эса отнинг калласидек! Қуёш нуридан эртага қўлим саратон бўлиб қолса, ким даволайди мани?», деган нуқтаи назар кучлироқ).

Иккинчидан, Damas’ни «самосуд» ниятидаги аламзада «кўча безорилари» эмас, милиция қувлаяпти. Бу халқ милициядан қочишни, давлатни «кийдириш»ни эплаган шоввозларни яхши кўради, уларни қаҳрамонга айлантиради. «Эплабди — қочибди, ҳаммага ҳам эмас, духи бор экан», дея олқишлайди (шу қочиш эртага қимматга тушишини ўйламайди). Милицияни қоралайди: «Нима ҳақи бор қувлашга? Қувлашга запрет қўйилмаганми? Қувлаётганида бирор одамни уриб юборса-чи, ким жавоб беради?», деб. Милицияга тарихан ишонч йўқ — у бирор қоидабузарни қувлаётганида бирор одамни уриб юбориши гўёки аниқ; кескин манёврлар қилаётган мазлум ҳайдовчи ҳам одам уриб юбориши мумкин, лекин бунга жавоб тайёр: «ГАИ қувламаса, ҳайдовчи қочмасди, тез юрмасди, оқибатда ҳеч кимни уриб юбормасди».

Учинчидан, «мол аччиғи» деган масала ҳам бор. Spark ҳайдовчиси жони ва молини хатарга қўйиб, ўзида зўр бир жасорат топиб, ЙПХ ходимларига ёрдам кўрсатди ҳам дейлик — Damas’даги шоввоз қочаман деб Spark’ни пачоқ қилди шу вақт. Spark’га етказилган зарарни ким, қачон қоплаб беради? Spark ҳайдовчиси судма-суд, идорама-идора овора бўлмаслигига кафолат борми? ИИББ бу ҳайдовчига битта ташаккурнома ва фахрий ёрлиқ берар, лекин Spark’нинг эгаси ўзига етказилган зарарни эсон-омон, ортиқча бошоғриқсиз ундириб олишига ишонч йўқ. Тизим уни қоидабузар Damas ҳайдовчиси билан яккама-якка қолдириши эҳтимоли юқори — Damas’чининг қариндошлари кейин Spark ҳайдовчисини тинч қўярмикин? Одамлар давлат унга ёрдам кўрсатган одамларни муносиб ҳимоя қила олишига кўп ҳам ишонмайди. Давлат ҳимоя қила олар ҳам, лекин одамларда бунга ишонч йўқ (халқни икки ойлаб палаткага кўчириб қўядиган давлатга ишониш қийинлиги табиий).

Тўртинчидан, бизда жамоатчилик назорати кўпинча нотўғри ишлайди. Янги тушган келин эри ва қайнонасидан муттасил калтак еб (камар ва ўқлов билан, масалан), охири чидолмай, турмушининг бешинчи ҳафтасида қизлик уйига кетиб қолса, маҳалла-кўй: «Қиз бечора тўғри қилди, бу хонадонда одамлар эмас, золимлар яшаркан», демайди. Аксинча: «Жанжалсиз оила борми? Қайнонам болта билан бошимни ёрган, уйга қайтиб борсам отамга юк, маҳаллага гап бўламанми, деб чидаб яшадим. Кам бўлганим йўқ. Битта калтакка дарров ойисиникига қочиб кетаверадими?», деган гапни эшитишимиз эҳтимоли юқорироқ; жамоат қораловидан қўрқиш шундай оқланади. Spark ҳайдовчиси ҳам Damas’ни тутиб берса: «Маладес!», деб олқишланмасди (мен олқишлардим), катта эҳтимол билан «терпила», «к*т», деган ном оларди. «Эртага ўзингни бошингга шунақа муаммо тушса, саниям тутиб беришсин!», деб қарғиш эшитарди. Spark’даги «оператор» Damas’ни тутиб беришига халал берган энг асосий омил, менимча, шу.

Мана шунақа жиҳатлар бор-да, менимча. Шунга ўхшаш мавзуда кеча @kurbanoffnet яхши бир пост ёзувди: «Бизда бирдан ишдан бўшатилган ва данғиллама уйи йўқ собиқ амалдор ҳақида одамлар одатда нима дейди? ‘Мана, неча йил ... (директор, банкир, вазир, бошлиқ) бўлиб ишлади ва ўзи учун ҳеч бўлмаса ... (данғиллама уй олмаган, ипотека кредини расмийлаштирмаган, машина сотиб олмаган, пул ишлаб олмаган), аҳмоқ!’. Тушуняпсизми, агар одам ҳалол ишлаган бўлса — у аҳмоқ... Бундан келиб чиқяптики, биз ҳалоллик рағбатлантирилмайдиган ва ҳатто калтабинлик деб баҳоланадиган жамиятда яшаяпмиз». Spark ҳайдовчиси Damas’ни тутиб берса яхши бўларди, лекин кейин одамлар уни «зўравон милициядан қочаётган мазлум ҳайдовчини тутиб берган к*т» деб ҳақоратлашларига чидаш керак; фарзандимизнинг ўқитувчиси бир кераксиз нарсага (аслида ўзи учун) асоссиз пул йиғаётгани аниқ, лекин шу иш нотўғри эканлигини овоз чиқариб айтиш йўқ, «Қолган ота-оналар ҳам жим ўтирибди-ку, ҳозир гапирсам, эртага боламга жабр бўлади», деган фикр бор. Ва ҳ.к., ва ҳ.к.

Одамларимиз нотўғри ишларни оқлаш учун нотўғри сўзларни топишни бас қилиб, нотўғри ишнинг нотўғрилигини якдил айтишни ўрганган замондан бошлаб, кўп муаммоларимиз ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетади. Унгача эса қонун-қоидани бузганлардан қаҳрамон ясаб юраверамиз.