Найти в Дзене
Муҳрим блоги

Давлат «одамларнинг устидан кулаётгани» ҳақида

Бир муштарий ёзяпти, тунов кунги автобуслар ҳақидаги пост бўйича: «Muxrim aka bu nima degan gap to'g'ri sizlar toshkentliksizlar Isuzu avtobusiga chiqmazsiz lekin shuniyam bilib qo'ying viloyatlarda faqat Isuzu avtobusi qatnaydi
Demak davlat shu paytgacha hammani ustidan kulyapti ekanda».
Афсуски, кўнглимиз жуда нозик. Атрофимиз тўла муаммолар, уларни ҳар куни кўрамиз, кўнглимиз ҳеч бузилмайди, лекин шу муаммоларни сал эътиборга тушадиган қилиб айтсанг, одамлар хафа бўлиб қолади. Хуллас, 1999 йили Самарқандда турклар билан ҳамкорликда «СамКочАвто» деган автобус ва юк машиналарини йиғадиган завод очилган. «Отойўл» бренди остида чиқариладиган шу автобус ва юк машиналарининг ТВда роса рекламаси кетарди ўша вақтларда. «Отойўл» (ҳозирги «Исузу») автобуслари шаҳар жамоат транспорти учун эмас, балки кўпроқ шаҳарлараро қатновлар учун мўлжалланган эди (ҳар ҳолда, мен шундай тушунганман). 2000 йиллар бошида Тошкент жамоат транспортида биринчи «Отойўл»лар пайдо бўлган. Ўша вақтда улар «РАФ» ва

Бир муштарий ёзяпти, тунов кунги автобуслар ҳақидаги пост бўйича:

«Muxrim aka bu nima degan gap to'g'ri sizlar toshkentliksizlar Isuzu avtobusiga chiqmazsiz lekin shuniyam bilib qo'ying viloyatlarda faqat Isuzu avtobusi qatnaydi
Demak davlat shu paytgacha hammani ustidan kulyapti ekanda».

Афсуски, кўнглимиз жуда нозик. Атрофимиз тўла муаммолар, уларни ҳар куни кўрамиз, кўнглимиз ҳеч бузилмайди, лекин шу муаммоларни сал эътиборга тушадиган қилиб айтсанг, одамлар хафа бўлиб қолади.

Хуллас, 1999 йили Самарқандда турклар билан ҳамкорликда «СамКочАвто» деган автобус ва юк машиналарини йиғадиган завод очилган. «Отойўл» бренди остида чиқариладиган шу автобус ва юк машиналарининг ТВда роса рекламаси кетарди ўша вақтларда. «Отойўл» (ҳозирги «Исузу») автобуслари шаҳар жамоат транспорти учун эмас, балки кўпроқ шаҳарлараро қатновлар учун мўлжалланган эди (ҳар ҳолда, мен шундай тушунганман).

Фото: Telegram / @KoDnu
Фото: Telegram / @KoDnu

2000 йиллар бошида Тошкент жамоат транспортида биринчи «Отойўл»лар пайдо бўлган. Ўша вақтда улар «РАФ» ва энди-энди бозорни эгаллаётган «Газель»ларнинг рақобатчиси — «маршрутка» эди. «Отойўл» — катта маршрутка, деган тасаввур шу қадар кучли илдиз отгандики, давлат жамоат транспорти таркибида илк «Исузу»лар пайдо бўлганида, кўпчилик йўловчиларни ўйлантирган нарса: «Проездной ўтарканми? Отойўл бўлса ҳам ўтарканми?», деган савол бўлган.

«Исузу» (ёки ўша эски «Отойўл») — бу шаҳар жамоат транспорти учун мўлжалланган автобус эмас, менимча. Ҳа, «СамАвто»нинг сўнгги ишланмаси — SAZ LE 60 шаҳар автобуси номига лойиқроқ: паст полли (аравачаларда ҳам чиқса бўлади), каттароқ. Лекин бугун Ўзбекистон шаҳарларида асосий автобус вазифасини бажараётган SAZ HC 40 — тўлақонли шаҳар автобуси эмас. Унга оналар боласини аравачаси билан олиб чиқа оладими? Унга ногиронлик аравачасидаги ҳамюртимиз чиқа оладими? Икки саволнинг ҳам жавоби: «Йўқ».

Энди, «davlat shu paytgacha hammani ustidan kulyapti ekanda» деган масалага келсак. Кўнглингизга тегса ҳам, сиз учун бир ҳақиқатни айтишим керак — давлат нафақат автобуслар масаласида, балки бошқа масалаларда ҳам шу пайтгача вилоятларда яшайдиган аҳолининг устидан куляпти, агар буни «одамларнинг устидан кулиш» деб ҳисоблаш мумкин бўлса.

Тошкентда электр, газ, сув таъминоти барқарор, канализация тизими, сўнгги вақтларда айрим муаммолар юзага чиқаётганини айтмаса, амаллаб ишлаяпти. Вилоятларда эса электр, газ таъминотидаги узилишлар одатий ҳол, сув билан атиги 2 фоизга таъминланган бутун бошли ҳудудлар бор, канализация ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади — айтишларича, айрим вилоят марказларида канализацияга уланмаган (чунки канализация йўқ) кўп қаватли уйлар (!) қурилаётган экан.

Тошкентда театрлар бор, кинотеатрлар кўп. Айрим вилоятларда эса кинотеатр деган нарсанинг ўзи қолмаган, ҳисоб. Тошкентда парклар, хиёбонлар кўп. Вилоятларда эса одамларнинг қаерда, қандай ҳордиқ чиқариши ҳақида яқин-яқингача ҳеч ким ўйламаётганди. Тошкентда касалхоналар кўп, вилоятларда-чи? Тошкентда ўнлаб олий таълим муассасалари ишлаб турибди, вилоятларда-чи? Бутун бошли Жиззах вилояти тарихидаги учинчи ОТМ (у ҳам филиал, тўлақонли университет эмас) ўтган куни ишга тушди, масалан.

Ҳабибулла Мўйдинов чизган карикатура
Ҳабибулла Мўйдинов чизган карикатура

Тошкентда доимий яшовчи аҳоли Ўзбекистоннинг исталган нуқтасидан ер, уй-жой сотиб олиши мумкин. Лекин Ўзбекистоннинг Тошкентдан бошқа исталган нуқтасида яшовчи аҳоли Тошкентдан ярим хона ҳам сотиб ололмайди — доимий пропискаси бўлмаса. Мана шу прописка — давлат вилоятларда яшовчи аҳолининг устидан шу пайтгача кулиб келаётганига энг катта мисол, агар буни одамларнинг устидан кулиш деб ҳисоблаш мумкин бўлса. «Исузу» автобуслари энг охирги ўринда бу масалада.

PS. Телеграмда ҳам канал очволдим, мана манзили — @muhrim