Найти тему
Муҳрим блоги

«Озодлик» ва «Кабминдаги Ойбек»лар ҳақида

1. Кеча бир видеони бир марта кўриб қўйишни тавсия қилгандим. Видеодаги «Кабминдаги Ойбек», муштарийларнинг ёзишича, 2015, 2016 ёки 2017 йилдаёқ фош этилган экан. Кечаги видеонинг аввалгиларидан фарқи — у Бернора Қориева ҳақидаги тафсилотлар билан тўлдирилган. Муштарийларга раҳмат!

2. Хос суҳбатни рухсат сўрамай, огоҳлантирмай ёзиб олиш, сўнг уни эълон қилиш, камига бошқача талқинларга сабаб бўладиган даражада ўзгартириб, гапларни контекстдан юлиб олган ҳолда эълон қилиш — этикага ҳам, қонунга ҳам, одамгарчиликка ҳам зид. Агар «Озодлик» шундай қилган бўлса, унинг бу иши қораланиши керак; агар ЎзА шундай қилган бўлса, ЎзАнинг бу иши қораланиши керак. Бу иш учун ҳамма бирдек қораланиши керак. Бу — ёмон иш.

Бу ерда яна камида учта масала бор. Бири: «Овозингизни ёзиб оляпман десам, ҳеч қайси давлат органи маълумот бермайди-ку». Икки йил аввал прокуратура матбуот хизматига телефон қилиб тушиб бўлмасди, ҳозир эса Сурайё Раҳмонова шов-шувларга алоқадор ахборотларни сўрашингиздан аввал етказяпти. Қолганларни ҳам шу даражага олиб чиқиш керак. Бу қийин, жуда оғир. Лекин, мана, ҳеч қачон ўзгармайдигандек кўринган прокуратура ўзгарди-ку.

Иккинчи масала — исталган давлат идорасига «Кабминдан Ойбекман», «Аппаратдан Аҳмадман» деб деярли исталган ишни қилиш мумкинлиги — бу муомалани билмайдиган амалдорларимиз, қўпол мансабдорларимизнинг юзига тутилган кўзгу. Қўрқув шу даражадаки, биров дўқ билан «фалон ташкилотданман» деса, кимсан, қани ҳужжатинг, дейиш йўқ. Аксинча: «Ростдан Кабминдан бўлса-чи, кейин бошим балога қолмасин», деган хавотир бор, тахминан.

Учинчи масала — агар «Озодлик» Прагада ўтириб, «фол оч» режимида ишлашда давом этадиган бўлса, «Кабмин»дан янги-янги «Ойбеклар» чиқаверади. Расман Ўзбекистонда «Озодлик»нинг фаолияти тақиқланган — у ТИВда аккредитациядан ўтмаган, сайти блокировкада. Лекин унинг мақсади — Ўзбекистон ҳақида ёзиш. Ноқонуний ОАВ ўзи хоҳлаб эмас, кўпроқ мажбурликдан ноқонуний методларга мурожаат қилади. Эҳтимол, айнан мана шунақа ноқонуний фаолият «Озодлик» ахборотларининг бир ёқлама, «тирноқ остида қидирилган кир»дек қилиб қўяр? Ечим борми? Менимча, бор: «Озодлик»нинг Ўзбекистонга қайтишига рухсат бериш керак. Келсин, шу ерда ишласин. Шунда эътирозларимизга ҳам жавоб олишимиз мумкин бўлади.

3. Аввал ҳам айтгандим, яна такрорлайман: Ўзбекистонга «Озодлик» каби муросасиз, бўй бермайдиган ОАВ (иложи бўлса, ОАВлар) керак — аслида «Озодлик»га ўхшаганлар Ўзбекистонга эмас, Ўзбекистон «Озодлик»га ўхшаганларга муҳтожроқ. Масалан, бир амалдор мактабгача таълим, иккинчиси мактаб таълими устида ишлаётган бўлса, ЎзА уларни мақтаб ёзгани учун, «Озодлик» эса камчиликларини кўрсатиб бергани учун пул олади. Ҳа, «Озодлик» ёмонлашда бўрттиради — ЎзАсимонлар ҳам мақташда кимўзарга пойга ўйнайди-ку ахир. Камида мувозанатни сақлаш учун ҳам, ҳушёрликни йўқотмаслигимиз учун ҳам, хотиржамликка берилмаслигимиз учун ҳам, маддоҳлар армияси «осмонимиз мусаффо, халқимиз фаровон, далада байрам!» деб кўзларимизни кўр қилиб ташламаслиги учун ҳам «Озодлик» ёки унга ўхшаш «ичиқора» ОАВлар керак.

4. Ўзини «душман овозлари»ни блокировкадан чиқариш («техник камчиликларини бартараф этиш»)га ваколатли орган деб эълон қилганлар бор-йўғи «Озодлик»нинг «техник камчиликлари» нима сабабдан «бартараф этилмагани»ни айтса кифоя эди. Ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафлари бор. «Озодлик»нинг ҳам. Ва унинг ёмонликларини буни билиши керак бўлганларнинг деярли бари билади — бунга алоҳида урғу бериш, бешта жавобидан тўрттасининг таржимаси «Озодлик — ёмон» деган маънони берадиган сўровномалар ўтказиш шарт эмас. Шунчаки, Фейсбукка кириб: «Мана бу, мана бу ва мана бу сабабларга кўра ‘Озодлик’нинг техник камчиликлари бартараф этилмади», дейилса, бўлди. Менимча.

Мен ортиқ бу мавзуга қайтмоқчи эмасман. Эътиборингиз учун ташаккур!

PS. Телеграмда ҳам канал очволдим, мана манзили — @muhrim.