Найти тему
LifeHaq.uz

10та ўзбекистонликларга хос “мақтанчоқлик” (понт) турлари

Оглавление

Ўзбекистонда одамлар ўзини кўрсатиш ва атрофдагиларга ёқиш учун жон-жаҳди билан тиришадиган ҳолатларга деярли ҳар биримиз тўқнаш келганмиз.

Lifehaq.uz таҳририяти уларнинг энг кенг оммалашган шаклларини тўплашга ҳамда бундай ҳолатлар нега юз бериши ва уларни қандай йўқотиш мумкинлигини тушунишга ҳаракат қилдик.

“Мақтанчоқлик” (понт) ўзи нима?

“Мақтанчоқлик”, бу – маълум бир шахснинг атрофдагиларда кучли таассурот қолдириш ниятида ўзини афзал қиёфада кўрсатишга интилишидир. Хусусан, хизматларини бўрттириб айтадиган, бойлигини кўпайтириб кўрсатадиган ва ўзини кўз-кўз қиладиган одамлар ҳақида “мақтанади” деб айтамиз.

Ҳасад қиладиларми, демак ҳурмат қиладилар! Одатда инсон бирон-бир нарса билан мақтаниш орқали жамиятда ҳурматга сазовор бўлишга уринади.

“Мақтанчоқлик”, димоғдорлик, “қуруқланиш” манманлик ўзи нима? Масалан, бу ўртача моддий аҳволдаги одамнинг қиммат буюмларни харид қилишга, ойлик маошини энг замонавий гаджетлар ёки урфдаги кийимларга сарфлашга интилиши бўлиб, сўнгра эҳтиёжмандга айланиб, биринчи зарурат маҳсулотларини етарлича миқдорда сотиб олишга қодир бўлмаслигидир.

Мақтанчоқликнинг юзага келиши сабаблари

-2

“Димоғдорликни намоён этиш истаги дунёнинг ҳар бир бурчагида учрайди, аммо бу ҳолат айниқса собиқ совет ҳудудида, жумладан Ўзбекистонда жуда сезиларлидир”.

“Кўрпасига қараб оёқ узатмасликка” мойиллик, паст моддий мақомдан ташвишланиш Совет иттифоқи парчаланганидан кейин Ғарбдан келган истеъмолга оид топиниш натижасида шаклланган. Социологларнинг фикрича, собиқ совет ҳудудидаги республикаларда “мақтаниш”нинг ҳаддан ортиқ катталашган, ҳаттоки оғриқли шакллари юзага келди. Пуллар тобора камайиб боргани сайин одамларда аввалгидек нормал яшаётганликлари ва Совет иттифоқи даврида бўлганидек мақомга эга эканликларини намоён этишга интилиш кучайди.

Ҳозирда интернет туфайли “мақтаниш” осон бўлиб қолди. Ижтимоий тармоқларнинг фаол ривожланиши манманликнинг кенг тарқалишига хизмат қилди. Инстраграм пайдо бўлиши билан чиройли турмуши билан мақтаниш қулай бўлди. Авваллари фақат яқин одамлар олдида мақтаниш мумкин бўлса, эндиликда сурат саноқли сониялар ичида жамоатчилик эътиборига тушади.

Ёшлар орзуларидаги буюмни харид қилиш учун ўзларини овқатланишдан тийишади. Янада таптортмаслар ва таассурот уйғотишни истаганлар эса гаджетларни сотиб олиш мақсадида қарз олиб, сўнгра йиллар давомида уни тўлашга ҳам тайёрлар. Қимматбаҳо машиналарни сотиб олган одамлар эса кейинчалик ёнилғи сотиб олиш ёки таъмирлаш учун пул топа олмасликларини тушуниб етадилар.

Социологлар ва психологларнинг жамиятдаги мақтанчоқликка оид фикрлари

“Психологларнинг фикрича, мақтанчоқлик –  бу шунчаки инсон тортинишларининг ифодаси”.
“Инсон қанчалик етук бўлса, у омаднинг ташқи воситаларига шунчалик кам аҳамият беради”.

Психологлар мақтанчоқлик феноменини қуйидагича изоҳлайдилар:

“Ҳаттоки молиявий қийинчилик ҳолатида ҳам, гаджет ёки ҳашаматли машинага эга бўлиш бахтли бўлиб қолишга ёрдам беради. Одамларнинг аслида бой бўлмасалар-да, бошқаларда шундай тасаввур уйғотишга уринишлари ташқаридан анча кулгили бўлиб кўринади”.
“Одам қандайдир нуфузли буюмлари борлигини атрофдагиларнинг ҳурмати билан боғлайди. Ақл, истеъдод ёки меҳнат назардан четда қолади”.

Психолог-амалиётчи, “ПсихоМед” тиббий-психологик марказининг спикери Н.А. Ведмеш ҳикоя қилади

Чиройли хордиқ чиқариш давомида бой ва бахтли ҳаётини намойиш этадиган 80 фоиз одамлар ҳақиқатда банкротлик ёқасида турган бўладилар. Энг ёмони, ёшлар бюджетининг жуда катта фоизи айнан ўша “мақтаниш” ҳаётга сарфланади. Улар шу ҳаётнинг қулига ва асирига айланадилар.

-3

Бу орада, яхши пул топадиган ҳамда ўзига ёки оиласига молиявий зарар етказмаган ҳолда пул сарфлаши мумкин бўлган чиндан қимматли хизматлар ва товарларни истеъмол қиладиган одамларни бу сафга қўшмаймиз.

Психологларнинг қайд этишича,

“Одам қанча кам пул ишлаб топса, унинг ўз аҳамиятини исботлашга бўлган эҳтиёжи шунча ортади. Ҳаттоки, қарзга олинган моддий буюмлар эвазига бўлса ҳам”.
“Маълум даражадаги мақомга ва молиявий барқарорликка эришган одамда буни намойиш этиш эҳтиёжи бўлмайди”.

Бунинг нимаси ёмон?

Мақтанчоқликнинг экспертларни ҳавотирга соладиган бошқа томони ҳам мавжуд. У нафақат моддий йўқотишлар, балки шахснинг емирилиши эҳтимоли билан боғлиқ.

Шунчаки одамларда ҳаётий қадриятларнинг ўрни алмашади ва улар машина, ҳашаматли уйи борлиги ҳамда ҳамма нарсага қўли етиши ҳақида ўйлай бошлайдилар. Лекин, ички олам, шахсий ўсиш, руҳият борасида ташвишланмайдилар.

“Натижада одам ривожланишдан тўхтайди”.

Шунингдек социологларнинг таъкидлашича, мақтанчоқлик ўз ҳолича инсоннинг бой турмуши билан боғлиқ эмас. Ҳаттоки, ўртадан паст ойлик маоши оладиган мақтанчоқ одам унинг нафсини қондирадиган ва атрофдагиларнинг ҳайратига сабаб бўладиган (унинг фикрича!) буюмларни сотиб олиш учун маблағ топади.

- Бу дегани, - дея тушунтиради психолог Маховская, - одамда ҳатти-ҳаракатларга эмас, фақат “бошқалар нима деса, ўшанга ишонамиз” сўзларига шартли рефлекслар ҳосил бўлади.

Бошқа тадқиқотларнинг кўрсатишича, мамлакатимизда суҳбатдошни алдаш, бошини айлантириш жуда осон, чунки биз, ҳаттоки, сўзларга эмас, балки мақомнинг маълум аломатларига ишонамиз.

“Мақтаниш” – руҳий босим ўтказиш воситаларидан бири; ўзига хос психологик қуролдир”.

Етарлича маълумотга эга бўлмаган одамни “ҳашаматли” буюмлар билан мақтаниш орқали ишонтириш, кўзини шамғалат қилиш, миясига босим ўтказиш мумкин.

Агар Сиз қорайтирилган ойнали (тонировка) автомобиль ҳайдасангиз (ёки машҳур танишлар ва қариндошларингиз бўлса), бундай имкониятга эга бўлмаган кўп сонли аҳоли вакилларини қойил қолдирасиз. Бироқ, одамлар қойил қолиш ёки ҳасаддан ташқари, умид қилишга ҳам мойил бўладилар. Ушбу вазиятда Сиз билан мулоқот қилиш орқали унга ҳам бирон-нима тегиб қолишига умид қиладилар. Ана шундай ташқи аломатларга ишонган одамлар бошқа одам учун шунчаки қилмайдиган хизматларни бажаришга, тилёғламалик қилишга уринадилар.

Афсуски, “мақтаниш” шунчаки урф эмас, балки одамлар табиатига сингиб кетган ҳатти-ҳаракат услуби бўлиб, бу сўнгги 25 йил ичида МДҲ давлатларида одатий ҳолга айланди, дея хулоса қилади психолог.

Ушбу вазиятда манманликка мойилликни айнан қайси омиллар шакллантиришини айтиш қийин. Бу ўзини руҳий баҳолаш, ота-она тарбияси, атроф-муҳит таъсири, давр тақозоси ва талаби бўлиши мумкин. Аслида шу омилларнинг жамланмасидир.

Lifehaq.uz халқ орасида машҳур бўлган “мақтаниш”ларнинг рейтингини тузишга уриниб кўрдик. Қуйида рейтингимиз билан танишинг.

1. Мобил телефон рақамлари

Бугунги кунда кетма-кет бир хил сонлар, 999 4554 каби тескариси акс этган “кўзгули” сонлар ва ҳ.к.лардан иборат телефон рақамларини харид қилишга жуда катта маблағ сарфлаш кенг оммалашган. Шунингдек, “7” ва “0” каби “қофияланувчи” рақамлар ҳам жуда машҳур. Масалан, 77 70, 07 70 ва ҳ.к. Аслида “7” рақамининг оммалашиш тарихи ва унга бўлган муҳаббат қаерга бориб тақалиши тушунарсиз. Шу билан бирга, оддий рақамлар қай йўсинда мақом, нуфуз ва ҳурматнинг воситасига айланиши мумкинлиги ҳам номаълум.

Авваллари эсда қоладиган рақамлар йирик ташкилотлар ва жиддий компаниялар учун бренднинг танилишини ошириш усули ҳисобланган. “Чиройли” сонлар маркетинг сиёсатининг муҳим қисмига айланган, чунки статистикага кўра бундай рақамлар мижозларнинг қўнғироқлари сонини анча ошириб, корхонанинг даромадига бевосита таъсир ўтказади.

Масалан, учта бир хил сон билан бошланиб, сўнгра “0” ва “7” комбинациясига эга рақамнинг нархи 42 млн. сўмдан бошланади.

Бундай қимматли рақамга эга бўлиш жуда нуфузлидир, чунки катта ҳурмат ва эътиборга лойиқ бўлган машҳур шахслардан қай биридир ўхшаш рақамлардан фойдаланган бўлиши мумкин. Шу боис, ҳозирги рақам эгалари ҳам уларга тақлид қилишга уринадилар.

2. Давлат рақами белгилари (автомашина)

-4

Мақтанчоқликнинг яна бир кўриниши, бу – автомобиллардаги давлат рақамлари бўлиб, улар ҳам жуда катта пул сарфланадиган эсда қоладиган ёки қандайдир мантиқий изоҳга эга бўлган юқори талабли рақамлардан ташкил топади. Бир неча йил аввал бундай рақамларни яширинча сотиб олиш ёки таниш-билишчилик орқали қўлга киритиш мумкин эди. Ҳозирда эса мазкур жараёнга қонуний тус берилган бўлиб, бугун орзудаги рақам белгиларини айнан шу мақсадда махсус ишлаб чиқилган аукционлар орқали онлайн равишда расман сотиб олишм мумкин. Давлат учун, бу – даромад манбаларидан бири, чиройли рақамларни ҳуш кўрувчилар учун эса маълум даражадаги “мақомга” эга бўлиш имконидир.

Рақамлар неча пул туради? Ўзбекистондаги давлат аукциони маълумотлар базасига мувофиқ, 122, 133, 338 сон комбинациясига эга автомобиль рақамларининг бошланғич қиймати 669.000 сўмдан иборат; 707, 070 сонли рақамларнинг нархи ўртача 7 млн. сўм атрофида бошланади; 007, 700, 777, 555 рақамлари эса 22 млн. сўмдан сотила бошлайди.

3. Автомобиль ойнасини қорайтириш (тонировка)

-5

Яқин кунларгача автомобиль ойналарини махсус қорайтирилган қатлам билан қоплаш тақиқланган эди. Бугун эса истаган одам 1100 АҚШ доллари атрофида пул тўлаб, ўзига “нуфуз” орттириши мумкин. Айниқса, “нуфуз”ни сотиб олиш га сарфланган ҳаражатни қоплаш учун қарзга ботадиган ва такси ҳайдайдиган қорайтирилган ойнали автомобиль эгаларини кузатиш жуда қизиқ. Хусусан, қорайтирилган ойналарнинг эгалари қарзини қоплай олмагани сабабли, қора қатламни олиб ташлаб, оддий ҳаётга қайтишига тўғри келган ҳолатлар ҳам бўлган.

4. iPhone

-6

Бу – жуда антиқа “мақтанишдир”. Баъзан “олмали” телефонларнинг эгалари iPhone билан Android ўртасидаги фарқлар ва функциялар ҳақида бирон-бир тасаввурга эга бўлмай туриб, ўз орзуларига, яъни танишлар ва дўстлар олдида ўзини кўз-кўз қилиш учун қимматли гаджетни сотиб олишга интилишлари мумкин. Баъзида бу ғалати ҳолат маълум суммага iPhone қурилмасининг эскирган ишлатилган моделларини сотиб олиб, бир вақтнинг ўзига тез тайёрланадиган лағмон (масалан, BigBon, Rolton) билан овқатланишгача етиб боради.

5. Ақлга оид мақтаниш

-7

Ҳозирда у ёки бу муаллифлар, машҳур одамларнинг фикрларини такрорлаш, ҳинд фалсафаси, номдор шахсларнинг афоризмларини гапириш урфга айланган. Машҳур шахсларнинг айтган гапларида ёмон нарса йўқ, аксинча, аксарият ҳолларда улар яхшиликка ундайди ёки ўқувчиларнинг замонавий ҳаётга кўзларини очади. Шунчаки, бундай постларнинг эгаси кўпинча ўзи шу ғояларнинг биронтасига ҳам, масалан яхшиликка чақирувчиларига амал қилмайди. Мисол учун, навбатни кутмасдан дарчага тиқилиши, сўкиниши, ҳамма билан жанжаллашиб, ўзини катта тутиши мумкин бўлган одам қуйидагича постни жойлаштириши мумкин:

“Эркак кишини пастларча мақтаниш, ўзига юқори баҳо бериш ва узун тили эмас, балки учта нарса, яъни инсофлилик, характер ва қилган ишлари безайди”.

6. Олийгоҳ дипломи

-8

У албатта жуда муҳим, аммо мақтаниш учун қисман зарур бўлиши мумкин. Масалан, ғарб мамлакатларида ота-она фарзандини олий маълумотли бўлишга мажбурламайди. Бу давлатларда ёшлар аввалдан олий маълумот ўзларига керак ёки керак эмаслигини биладилар ва шунга қараб ҳаётларини қурадилар. Бизнинг мамлакатда эса бу бошқачасига ишлайди.

Дипломнинг мавжудлиги жуда катта талабга эга бўлиб, маълум даражадаги мақомнинг кўрсаткичи ҳисобланади. Ота-оналар фарзандларини у ёки бу муассасада таълим олишга мажбур қиладилар. Бўлажак келиннинг дипломга эгалиги – катта, баъзида эса жуда муҳим бонусдир. Кўп ҳолларда дипломдан фойдаланишга зарурат бўлмайди ва у узоқ вақт жавонда чанг босиб ётади. Мазкур вазиятда сарфланган вақт ва таълим олиш учун контрактга тўланган пулларга ачинасан.

7. Саёҳатга оид мақтанчоқлик

-9

Ушбу мақтаниш турида одамлар хориждаги саёҳатларида олинган суратларни ижтимоий тармоқларга жойлаштириб, гўёки бутун ҳаётлари саёҳатлардан иборатдек кўрсатишга уринадилар. Аслида эса, улар аксарият вақтларини уйда ёки ишда ўтказадилар.

8. Динга боғлиқ мақтаниш

Динга боғлиқ мақтаниш ҳолатида одамлар масжидга, ибодат жойларига боришларини намойишкорона тарзда ошкор қиладилар. Бу ҳолат ҳар доим ҳам иймон чуқурлигини англатмайди. Бунда асосий мақсад ижтимоий тармоқларда суратларни жойлаштириш орқали фахрланишдан иборат. Мазкур ҳолатда “мақтанаётган” одам барчага кўз-кўз қилинган ҳаётдан мутлақо фарқли турмуш тарзини кечириши, сўкиниши, ҳиёнат қилиши, гуноҳкор бўлиши, аҳлоқсиз ҳаёт ўтказиши мумкин.

9. Ватанпарварлик руҳидаги мақтанишда

-10

Ватанпарварлик руҳидаги мақтанишда одамлар байроқ фонида суратга тушадилар, ватанга муҳаббат билан боғлиқ постлар яратилади, аммо аслида бундай севгини намоён этаётган одам ватанпарварлик, тарих, маданият, анъаналар ва халқнинг аҳлоқий тушунчаларидан анча узоқда бўлади.

10. Спорт зали

-11

Бугунги кунда инсон саломатлигини парвариш қилаётганини ва фитнесга бораётганини томоша қилиш урфга кирган. Бунинг учун машғулот вақтида селфи олишнинг ўзи кифоя, жумладан аёл киши албатта пардоз ва соч турмаги билан бўлиши шарт. Одатда, мақтанчоқлар биринчи машғулотдан кейиноқ ижтимоий тармоқларда саноқсиз суратларни жойлаштириб, шаҳарда ёзги майка кийиб юрадилар ва ўзига эътибор жалб қилиш учун соатлаб спорт зали ёнида тураверадилар. Кузатишимизча, ҳақиқий спортчилар, аксинча, ўзига эътибор қаратмасликка уринадилар, чунки ҳеч нарсага чалғимасдан, машғулотга тўлиқ киришишни афзал кўрадилар.

Ўзингдаги “мақтанишни” қандай йўқотиш мумкин?

1. Режалаштириш сарҳадларини кенгайтирамиз

Одамлар кўпинча буюмларнинг асл қийматини англаб етмайдилар. Шунинг учун, ҳақиқатда муҳим нарсалар улар учун қиммат бўлиб туюлиши мумкин. Масалан, молиявий маслаҳат бериш ва шахсий бюджетни тузиш 500 минг сўм атрофида бўлиши мумкин. Ўртача даромад 5 млн. сўм бўлганида, бу – жуда катта ҳаражат. Шу билан бирга, бир кечада барда 500 минг сўм қолдириб кетиш ҳеч ким учун қўрқинчли эмас.

Бироқ, барга ташрифдан завқни ҳозирнинг ўзида олиш мумкин, аммо шахсий молия режасининг фойдаси фақат бир неча йилдан кейин кўзга кўринади.

Келажакда бекорга сарфланган пулларга ачинмаслик учун камида беш йиллик стратегияни ишлаб чиқиш ва харидларга оид қарорларни унга боғлиқ ҳолда қабул қилиш керак.

2. Бегона мақсадлардан воз кечамиз

Бир одам барчанинг истагига қараб iPhone Х сотиб олишни ёки ҳамма танишлари ва дўстлари аллақачон бориб келганлиги учун Мальдив оролларида дам олишни орзу қилса, демак бу одамда шахсий мақсадларини белгилаш кўникмаси мавжуд эмас. Буни ўрганиш ҳамда бошқаларнинг орзуларига ёпишмасликка ҳаракат қилиш керак.

3. Шахсий ривожланишга тикамиз

Қоидага кўра моддий нарсалар қисқа муддатли бўлади. Қимматли маҳсулотнинг харид қилиниши фақат сизнинг ҳаражатларингизда акс этади, аммо даромад кўпайиб қолмайди. Бу ҳудди кўп шакар истеъмолига ўхшайди – сиз ортиқча вазн ва саломатлик ёмонлашишидан бошқа нарсага эришмайсиз. Аслида, касбий ва шахсий ривожланиш ёки бошқача айтганда, маълумотингиз устувор бўлиши керак. Натижада, тез орада ўзингизга зарар етказмаган ҳолда, истаган қимматли пойабзалингизни сотиб олиш имконига эга бўласиз.

4. Спорт билан шуғулланамиз

Албатта, спорт молиявий фаровонлик учун зарур кўникмаларни бевосита ўргатмайди. Бироқ, у одамда бунинг учун зарур ҳатти-ҳаракат моделини шакллантириш орқали ижобий таъсир кўрсатади. Яъни, натижага эришиш учун машқ қилиш керак. Ҳамма нарса бир кунда берилмайди, тайёргарликсиз рингга чиқиб, жаҳон чемпионини енгиш мумкин эмас. Ҳудди шундай тарзда юқори даромад манбаисиз қимматли товарларни сотиб олишнинг имкони йўқ. Бу нарсалар ўзаро боғланган, айрим одамлар бунга рози бўладилар ва янада бойга айланадилар, бошқалари эса – рад этадилар ва ёшлари ўтиши билан камбағаллашиб борадилар.

Хулоса:

Муваффақиятли одамлар атрофдагиларнинг эътиборидан четда қолмайдиган шахсий сифатларни ривожлантирадилар. Булар – характер иродаси, жозибалилик, тегишли имо-ишоралар ва мимика тўплами. Бу нарсалар сиздаги кераксиз буюмлардан кўпроқ натижа беради. Қимматли буюмлар даромад манбаи имкон берганида сотиб олинади, аксинча эмас. Натижада, бу шунчаки мақтаниш эмас, балки янги ҳаётий даражангизнинг бир бўлаги бўлади.

Мақола сизга ёқдими?
Like босинг ва улашинг ва бу биз учун энг яхши миннатдорчилик бўлади!