Сизнинг ҳукмингизга оддийгина битта реклама ёрдамида товарни донгдор, брендни эса – машҳур қилган бир неча мисолларни ҳавола этамиз. Ва булар ҳақиқатан ҳам, жуда доҳиёнадир.
Red Bull қувватлантирувчи ичимлик
Ичимликни кенг миқёсда бозорга чиқариш вақтида Coca-Cola ва Pepsi унинг асосий рақобатчилари эди. Уларнинг моҳияти ҳам ўхшаш бўлган: тонусни ошириш ва тетиклантириш.
Ўшанда Дитрих Матешиц қалтис қадам қўйди: рақобатчиларга таққослаганда нархларни сунъий равишда 2 баробар ошириб қўйди, батарейкани эслатувчи шаклдаги идишнинг ҳажмини кичрайтирди ва банкаларни дўконларда алоҳида ичимликлар учун очилган бўлимларга эмас, балки бошқа исталган ерга жойлаштира бошлади.
Mike таксиcи
Жуда оддий ва таъсирчан маркетингнинг яна бир намунаси сифатида Mike Канада таксисини машҳур қилиш юзасидан амалга оширилган ҳаракатларни келтириш мумкин. Mike ўзи ҳақида брошюраларни чоп этиш ўрнига шаҳардаги кафе, бар ва бошқа муассасалар бўйича ҳақиқий гидларни босиб чиқарди.
HBO телеканали
HBO маркетинг кампанияси “Тахтлар ўйини” (Game of Thrones)нинг 3-мавсуми чиқиши олдидан чуқур жиддий ўйлаб, изчиллик билан ва кенг миқёсларда амалга оширилди. Янги мавсумнинг асосий мавзуси аждарнинг катта сояси бўлиб, кетма-кет одамларнинг кўзи олдида намоён бўлаверди. Дастлаб журналларнинг муқоваларида, сўнгра газеталарнинг саҳифаларида, ҳаттоки юз бераётган реаллик ҳиссини яратган ҳолда биноларга тасвири йириклаштириб туширила бошланди. Шундай қилиб, аждар ҳақида ўйламаслик ва янги мавсумнинг чиқишини кутмасликнинг ҳеч бир иложи ҳам қолмади.
Marlboro сигаретлари
Ҳозирда барча сигаретларнинг стандарт қадоғи бўлган - қалин картондан, устки қопқоғи қайтарма очиладиган қутичалар айнан Marlboro томонидан ўйлаб топилган. Ва бу нарса инновация ёки дизайнерлик ғоясини намойиш этиш мақсадларида бўлмаган. Балки, қатъиян реклама мақсадларида – Marlboro чекувчиларидан коммуникация канали сифатида фойдаланиш мақсадида амалга оширилган эди.
Бунинг моҳияти шунда эдики, истеъмолчилар юмшоқ қутичаларидан сигаретларни идишни ҳатто чўнтакдан ҳам олмасдан чиқариб олар эдилар, бунда эса, атрофдагилар сигарет брендини умуман кўрмасликлари аниқ эди. Йўл қўйиб бўлмайдиган номаъқулчилик!
Флип-топларни – ҳозирги сигарет қутичалари айнан мана шундай аталади – сигарет олишдан аввал чиқариб олишга тўғри келади, янги нарса эса доим ўзига эътиборни тортади.
IKEA- мебель ва уй жиҳозлари ишлаб чиқарувчиси
Дўконни бошдан оёқ айланиб чиқишга тўғри келадиган эгри-бугри йўлакчалар шунчаки ўйлаб топилган эмас. Улар бўйлаб юрганда, сиз ҳар бир товарни энг камида 3 марта, яна шуниси эътиборлики, турли тарафидан кўрасиз. Бу эса, беихтиёр, сизнинг товар сотиб олиш истагингизни, гарчи давтаввал у сизга керак бўлмаган бўлмаса-да, анча оширади.
Harley-Davidson мотоцикллари
Жаҳон бўйича энг машҳур байкларни ишлаб чиқарувчиси мана неча ўн йилларки, “брендланган” татуировкаларнинг сони бўйича 1-ўринни ҳануз қўлидан бой бермаяпти. Буларнинг барчаси эса, Harley мотоцикл харид қилиш учун келганлар орасида уларнинг логотиплари кўринишидаги татуировка туширилган харидорлар учун жуда катта чегирмаларни эълон қилганидан кейин бошланган.
Alka-Seltzer дори воситаси
60-йилларда, савдо ҳажмини икки баробар ошириш мақсадида Alka-Seltzer ишлаб чиқарувчиси оддий бир нарса ўйлаб топди: реклама роликида стакандаги сувга аввалгидек, битта таблетка эмас, балки дорининг иккита таблеткасини сола бошладилар. Бу эса иш берди.
Мана шунга ўхшаш яна бир доҳиёна маркетолог ҳақида афсона бўлиб, бунда шампунни қўллаш бўйича йўриқномани тушунтириш давомида у шампунь сочларга икки маротаба суртилиши ва сўнг ювиб ташланиши кераклигини ўқтиради. Мана шу хийла ҳам унинг савдо ҳажмини икки маротаба ўсишига олиб келди. Ўзингиз ҳам ёстиқчали сақичларга оид реклама роликларини бир эслаб кўринг. Реклама қаҳрамонлари оғизларига нечтадан ёстиқча солишарди-а? Мана шунақа.
Pampers тагликлари
Procter & Gamble компаниясининг етакчи кимёгар-технологи Виктор Миллзнинг набираларини боқиш давомида қизига ёрдам бериши чоғида кўп бор уларининг тагидан хўл тагликларни олиб ташлаш, уларни ювиш ва қуритишга тўғри келган. Мазкур жараённи у, албатта, ёқтирмас эди ва шунда ўз ҳаётини бирмунча енгиллаштириш истаги туғилди. Ўшанда унинг миясига бир марталик “тагликлар” яратиш ғояси келди.Турли материаллар билан бир нечта тажриба ўтказгандан сўнг Миллз P&G учун янги маҳсулот яратишга муваффақ бўлди ва булар Pampers савдо маркаси остида ишлаб чиқарила бошланди.
Snickers шоколадли батончиклар
Ўзбекистонда Snickers шоколадли батончиклар илк бор 1992 йилда тўлиқ тушликнинг ўрнини боса оладиган снэк сифатида пайдо бўлди. Собиқ совет истеъмолчиси узоқ вақт давомида тушликдаги суюқ овқат ўрнига қандай қилиб шоколад ейиш мумкинлигига ҳеч ҳам ўргана олмади ва Snickersни “чой билан ширинлик” сифатида сотиб олар эди. Брендга креатив хизмат кўрсатиш сифатида BBDO Moscow агентлиги шуғуллана бошлагандан сўнг, Snickersни катта қисми ширинликларни яхши кўрадиган ва суюқ овқат тановул қилишни ёқтирмайдиган ўсмир ёшлар учун ширинлик сифатида ташвиқот қилина бошланди.
Starbucks кофейняси
АҚШда Starbucks билан рақобатлаша оладиган Seattle’s best кофе тармоғи қарор топганига ҳали унчалар кўп вақт бўлгани йўқ. У «но-Starbucks» сифатида йўл тутмасдан, балки ўзини тубдан фарқли тарзда намоён эта бошлади: одатий кофе эмас, ўзгача мебель, тубдан фарқ қилувчи мусиқа, ўзгача муҳит, ноодатий хизмат кўрсатиш. Мазкур кофейня Starbucksни ёқтирмайдиган мижозларни ўзига кўпроқ торта бошлади.
Starbucks тармоғи ниҳоят даражада оддий бир нарсани амалга оширди: у ўзига халал бераётган рақибини сотиб олди. Ва бу кутилган йўлдир. Бироқ сотиб олгандан сўнг Starbucks кофейняларни ёпиб ташламади. Балки аксинча, ундаги ҳамма нарсани Starbucksдагидан янада кескинроқ фарқ қиладиган тарзда амалга ошира бошлади ва бу орқали мана шу икки бренд ўртасидаги рақобатни янада кескинлаштирди.
Натижада эса, Starbucksни ёқтирадиган одамлар Starbucksга боришда ва унинг ғазнасини бойитишда давом этдилар. Аксинча, бу кофейняни ёқтирмайдиганлар эса, айнан Seattle’s bestга борардилар – ва таъкидлаш жоизки, яна ...Starbucksнинг ғазнасини пул билан тўлдирардилар. Шундай қилиб, компания ўз мижозлари аудиториясининг бир қисмини рақибига ўтиб кетишининг олдини олиш билан чекланибгина қолмай, балки Starbuckни ёмон кўрувчиларнинг қўшимча аудиториясини ҳам ўзига тортиб олди, бунга эса ўзгача йўл билан эришиб бўлмас эди.