Найти в Дзене
Муҳрим блоги

Олий суд раиси Козимжон Комилов, ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва ҳеч кимга ишонмаслик ҳақида иқтибослар

Май ойи охирида Ўзбекистон адлия вазири Руслан Давлетов блогерлар ва журналистлар билан учрашган эди. Мен ҳам қатнашгандим. Жуда яхши, очиқ, самимий учрашув бўлганди. Лекин шу ҳақда ёзишга ҳеч қўлим тегмаётганди. Ваҳоланки, вазир Давлетов учрашувда бир қатор ўлмас (ҳар ҳолда, яқин орада ўлмас) фикрларни айтган, зўр-зўр таърифлар, прогнозлар берганди. Адашмасам, ўша учрашувда бўлган журналистларнинг ҳаммаси ҳам барча тафсилотларни ёзгани йўқ. Мен сизга бир-икки иқтибосларни илинмоқчиман.

Биринчи фикр — Олий суд раиси Козимжон Комилов ҳақида. Вазир Давлетов бу фикрларни тергови ҳали давом этаётган иш тафсилотларини ОАВ орқали чиқаришнинг ўзига хос мураккабликлари борлиги ҳақида тўхталаётиб, айтиб ўтганди.

Ўнгдан биринчи — Олий суд раиси Козимжон Комилов
Ўнгдан биринчи — Олий суд раиси Козимжон Комилов
Судга ортиқча босим бўлишига йўл қўймаслик керак. Шу суд тизимига ишондикми, шунга судья деб ном бердикми, у Президент номидан тайинланяптими — ишонч билдириш керак. Агар у нотўғри қилиб қўйган бўлса — албатта, нотўғри ишлар ҳам бўлади — биринчи инстанцияда қабул қилинган суд қарорларининг 20—25 фоизи иккинчи инстанцияда бекор бўляпти. Демак, бу ерда одамларнинг алоҳида муносабати эмас, балки тизим ишлаши керак. Апелляцияси бор, кассацияси бор, Олий суд бор — энди, буларга ишонмасак, кимга ишонишимиз керак? «Олий суд раисига ҳам ишонмайман», дейди, масалан. Кечирасиз, лекин биз цивилизацион давлатда яшаяпмиз, Ўзбекистон ҳам анча босқичдан ўтиб, жамиятимиз ҳам ривожланган. Агар суд тизимига, Олий суд раисига ишонмасангиз, бу жамият ҳеч қаерга бормайди. Мен Олий суд раисини шахсан биламан — жуда ҳалол, жуда яхши инсон.
Руслан Давлетов, Ўзбекистон адлия вазири

Иккинчи фикр — ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ҳақида. Вазир Давлетов ДХХ тушларимиздан бошқа ҳамма нарсани билиши мумкинлиги қандай ҳолат экани ҳақидаги ғалати саволга жавоб бераётиб (бу таъкид айнан қандай контекстда айтилгани номаълумлиги боис, бу бўйича бирор изоҳ бериш ўринсиз деб топилди ва бу ҳам тўғри), умуман олганда ДХХ қандай ташкилот экани, унинг раҳбари қандай инсон экани ҳақида тўхталиб ўтган эди.

Ихтиёр Абдуллаев
Ихтиёр Абдуллаев
...Лекин Давлат хавфсизлик хизмати — давлатимизнинг хавфсизлигини таъминлаётган катта орган. У соҳада бўлган муаммоларни Президентимиз айтиб ўтдилар. Лекин бу ерда янги — бизнинг фидойи устозимиз Ихтиёр Бахтиёрович (Абдуллаев) ишлаяпти. Масалан, мен бундай ҳалол, бундай жонкуяр, бундай ишчан одамни ҳаётимда учратмаганман. Чет элда ҳам, бу ерда ҳам. Масалан, бугунги тўққиздан эртага эрталаб саккизгача ишлаган ҳолатлари бўлган. Кўрганман. Бу 23 соат бўлади. Кейин соат 9 да Президентнинг олдига кетиб, келиб, яна шу куни ҳам ухламасдан, кечқурун яна иккиларгача ишлаганини кўрганман. Бунақа фидойи одамлар ўзидан ўзи бўлмайди. Кўп одамлар нима бўлаётганини билмайди... Ҳамма ҳар доим ўзида бўлган маълумотлар асосида хулоса қилади. Маълумот етарли бўлмаганидан кейин мана шунақа тескари фикрлар ҳам кетиб қолади. Бу одамлар тўғрисида биров гапирса, шахсан мен ҳар доим, ҳар қандай жойда кафолат беришим мумкин. Бунақа ишлайдиган одам республикада йўқ. Сиз 23 соат ишлаб кўринг — соат 7 га келганда қанақа ҳолатга тушасиз, соат 5 га келганда қанақа ҳолатга тушасиз. Умуман бошқача фантазиялар бошланади. Буни 23 соат ишлаб, кўриш керак-да.
Руслан Давлетов, Ўзбекистон адлия вазири

Рости, мен ҳам ҳаётим давомида Руслан Давлетов каби амалдорни кўрмагандим — юқоридан келмайди, диққат билан тинглайди, дунёқараш ростмана кенг, расмиятчиликдан анча узоқ, берган саволингга ҳам айлантирмай, очиқ ва аниқ жавоб беришга ҳаракат қилади. Ўзаро кўришиб турганимизга ҳали ярим соат ҳам бўлгани йўқ, лекин ўзини худди узоқ йиллик қадрдонингдек тутади. Билмасам, балки (ҳозир) кўп амалдорлар шунақадир — амалдорлар билан кам мулоқотда бўлганим учун балки бундан бехабардирман.

Руслан Давлетов (блогерлар билан бўлган ўша учрашувдан олинган сурат)
Руслан Давлетов (блогерлар билан бўлган ўша учрашувдан олинган сурат)

Вазир Давлетовда яна бир яхши, аслида ҳар бир журналистнинг (ва бошқаларнинг ҳам) ҳаётий қоидаларидан бири бўлиши лозим фазилати бор экан — у ҳамма нарсага шубҳа билан қараркан, ҳеч кимга ишонмас экан (интернетда ўқиган биринчи маълумотига ишониб, текширмай, сўнг аптекачиларга буйруқ бериб, охири шарманда бўлгандан кўра, ҳар нарсага шубҳа билан қараб, текшириб, ишонч ҳосил қилиб, сўнг баёнот бериш ҳар доим яхши). Ўзи айтди. Учрашувда қатнашган ЎзА мухбири қайсидир бир ҳужжат лойиҳаси бўйича бир ҳуқуқшунос аввал айтган гапидан кейин қайтгани, интервью бераётган экспертларга ҳам ишониб бўлмай қолганидан шикоят қилганида, вазир Давлетов шундай деди:

«Ҳуқуқшунос қонунни яхши деб айтганди, биз ҳам унга ишониб яхши деб ёзгандик», деб айтяпсиз. Ишонмаслик керак-да. Мен, масалан, ҳеч кимга ишонмайман. Ҳаётимда умуман ҳеч кимга ишонмайман. Умуман. Ҳеч кимга ишонмаслик керак. Ўзингиз кириб, ростдан ҳам шунақами-йўқми, кўришингиз керак.
Руслан Давлетов, Ўзбекистон адлия вазири

Зўр-а? Менга ёқди.