Найти тему
Муҳрим блоги

Кўчалар, кўчалар, номи муаммо бунчалар

Чингиз Айтматов — буюк адиб. Номи Тошкентнинг бир кўчасига, бўлганда ҳам марказий кўчасига қўйилишига лойиқ-да лозим одам. Ўзимизникидек бўлиб кетган бу адиб номи шу вақтгача Тошкентдаги бирор кўчага қўйилмагани ҳайрон қоларли ҳатто. Лекин XXI аср бошида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар қай даражада «илиқ» бўлгани, шунингдек, деярли шу даврда Ўзбекистонда географик жой номларини тартибга солувчи қонун қабул қилиниб, айниқса бирор жойни бирор шахснинг номи билан аташ Ўзбекистон фуқаролигини олишдан-да қийин ҳам мураккаб бир жараёнга айланганини эсласак, Чингиз Айтматов номи нима учун шу вақтгача Тошкентнинг бирор кўчасига қўйилмагани аниқ-равшан англашилади.

Тошкент шаҳар депутатлари ҳам айнан шу даврда пойтахтдаги жой номларини мустақиллик даврига мослаштириш ё нейтрал бир кўринишга келтириш учун зўр бериб ҳаракат қилишди. Ҳатто ошириб юборишди. Ҳамроқул Турсунқулов каби совет меҳнат қаҳрамонлари маҳаллаларимизни тарк этди, лекин уларнинг ўрнига Иссиқсув каби кулгили, Узумбоғ, Хазинабоғ, Ўлкаобод каби зўраки номлар келди. Ислом Усмонов каби уруш қаҳрамонлари кўчаларимизни тарк этди, лекин уларнинг ўрнига Кўнгил, Хушнаво, Сабо каби абстракт номлар келди. Пушкин номидаги 100 йиллик кўчанинг номи Мустақиллик деб ўзгартирилди — Мустақилликка ҳеч кимнинг қаршилиги бўлиши ҳам мумкин эмас, лекин 100 йиллик ном — бу 100 йиллик ном; ҳар ҳолда, тарих — шаҳарда яна қай бир кўчанинг номи 100 йилдан бери ўзгармай турибди экан, қизиқ.

Эътиборга молик томони, Тошкентдаги кўча номлари ўзгаришлари орасида 2008 йилгиси нисбатан кенг миқёсли ва бирмунча мантиқлиларидан бўлган (албатта, улар орасида, менинг фикримча, Пушкин ёки Халқлар дўстлиги каби ўзгармай қолгани маъқулроқ вариантлар ҳам етарлича). Масалан, Файзулла Хўжаев кўчасининг номи Дўрмон йўли деб ўзгартирилган (ростдан ҳам Дўрмонга олиб чиқувчи йўл, зўр ном; Файзулла Хўжаевни ҳам қайтариш керак лекин); Генерал Комил Ғофуров кўчасининг номи Келес йўли деб ўзгартирилган (ростдан ҳам Келесга олиб чиқувчи йўл учун бундан яхшироқ ва тушунарли ном бўлиши мумкин эмас!); Ғани Мавлонов ва Ғофир Абдурашидов кўчалари бирлаштирилиб, Бодомзор йўли номини олган (супер ном!).

Бодомзор йўли номи аввало шуниси билан суперки, «исми жисмига монанд» деб айнан шу кўчага айтилади. Йўл ҳақиқатан ҳам Бодомзорга олиб чиқади. Бодомзор масжиди айнан шу йўл ёқасида жойлашган. Келес йўлининг атрофида «Келес йўли» деган метро бекати йўқ, Дўрмон йўлининг яқинида ҳам «Дўрмон» ё «Дўрмон йўли» деган метро бекатини учратмайсиз, бироқ Бодомзор йўли яқинида эса «Бодомзор» метроси бор. Бодомзор деганда одамлар айнан «Бодомзор» метроси ва Бодомзор йўли оралиғидаги ҳудудни тушунади. Бодомзор — бу бренд. Бу бренд атрофида кўчани, ҳудудни ривожлантириш, унинг қиёфасини шакллантириш, шаҳарнинг янада таниқли жойига айлантириш мумкин. Кўча номини 2008 йили Бодомзор йўли деб ўзгартириб, менинг назаримда, жуда тўғри иш қилишган.

Тошкент ҳокимлиги 26 июнь куни «Тошкент шаҳридаги Бодомзор йўли кўчасига буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов номини бериш тўғрисида»ги қарорини жамоатчилик муҳокамасига қўйибди. Муҳокама 11 июлга қадар давом этади. Яна такрорлайман — Чингиз Айтматов буюк адиб, унга адабиёт йўналиши бўйича Нобель мукофотининг берилмагани, менимча, қандайдир адолатсизлик ҳам. Лекин Бодомзор йўлида ҳам айб йўқ. Мен айнан қайси марказий кўчага Чингиз Айтматов номини бериш мумкинлигини билмайман (чунки, назаримда, ҳозир деярли барча марказий кўчаларнинг номи ўз ўрнида, ўзига ярашиб турибди, танилиб улгурган). Лекин бирор иккинчи даражали, номи абстракт ёки янги кўчага унинг номини бериб, ўша кўчани алоҳида режа асосида ривожлантириш, ўзига хос қиёфасини шакллантириш мумкин, менимча. Худди Маҳтумқули кўчаси билан бўлгандек (кўчада Маҳтумқули ҳайкали бор, ундан ўтиб «Ашхобод» боғига борасиз). Худди Абай кўчаси билан бўлганидек (кўча охирида Абай ҳайкали ва Қозоғистон элчихонаси бор; Абай кўчаси варианти шуниси билан эътиборга сазоворки, у бир кўчанинг тўлиқ эмас, балки бир қисмининг номини ўзгартиришни тавсия этади).

Билмадим. Ҳар ҳолда, Бодомзор йўли, Фарғона йўли, Келес йўли, Паркент йўли, Оҳангарон йўли, Дўрмон йўли каби ҳар қанақасига тушунарли ва чиройли кўча номлари ўзгармаса маъқул эди.

С подпиской рекламы не будет

Подключите Дзен Про за 159 ₽ в месяц