Найти тему
Муҳрим блоги

ЎзА, нималар қиляпсан, етар энди!

Авваллари Телеграмдаги каналлар мана шунақа хабарлар билан аудитория йиғишарди: «Тамиланинг бу ишига нима дейсиз?». «Тамиладан ҳеч ким бунақасини кутмаганди! Ўзингиз кўринг!» ва ҳоказо. Яқинда шунинг антиқароқ версиясини кўргандим:

Бундан бадтарини кўрмасам керак, деб ўйлагандим. Йўқ, ЎзА қаттиқроқ ҳаракат қилиб кўрибди (материал Фалончи Пистончиевнинг эмас, ЎзА номидан чиққан, энг даҳшатлиси):

-2

ЎзАдаги хабар ичида «ўзбеклардан ўғирлангани» даъво қилинган қўшиққа ҳавола йўқ эди, дўстларимиз топиб беришди кейин. Мана у, «ўзбек хонандасининг ижод маҳсули» (видео Фейсбукдаги гуруҳга қўйилган, лекин у ердан видео кодини олиш имкони бўлмади, шунга ўзим Ютубга қайта жойладим):

Аслида эса бу «ўзбек хонандасининг ижод маҳсули» эмас, буни ўша аудиода ўша ўзбек хонандасининг ўзи ҳам айтиб турибди. Бу — Misirlou. У камида 1927 йилда ёзилган юнон қўшиғи. Мана буниси камида 1963 йилдаги сайқалланган версияси («Такси»да шунисидан фойдаланилган):

ЎзА, икки йиллар аввал биз сенинг ўзгаришингни кутардик, лекин бунақасини эмас. Фейсбукдаги бу видео — аслида муҳокамага ҳам арзимайдиган бир нарса. Дунёқараши торроқ бир йигит ҳеч-йўғи Google'дан бир сўрамай, ўзи тўғри деб ўйлаган нарсани оммага олиб чиққан. Ўша йигитга ўхшаган бошқа ҳамюртларимиз орасида: «Муаллифлик ҳуқуқи деган нарсалар бор, «Такси»чиларни судга берайлик», деганлари ҳам бор. «Берди»сини эшитмай, Худойбердини тошбўрон қилган оломон вакиллари.

Ҳақсиз, мен бир шу нарсани билиб қолганим, улар билмай қолгани учун уларни оломонга чиқариш тўғри эмас. Жуда тўғри — улар билган кўп нарсаларни мен билмаслигим ҳам факт. Бу ерда муаммо — ЎзА шу нарсага эътибор қаратиб, унга ўз саҳифасидан жой берганида. Бу мавзуни ёритиш шунчалик қизиқ бўлган тақдирда ҳам, буни ҳозир ЎзА қилганидек эмас, балки бошқачароқ қилиш керак эди — бу мусиқа ҳеч қанақасига ўзбекларга тааллуқли эмаслиги, Фейсбукда эса ваҳима муҳокамаларга ўрин йўқлиги ҳақида хотиржамликка чақирадиган материал чиқарса бўларди.

Бунақа материал бирор янги очилган, ҳали тажрибасиз бир таҳририят томонидан чиқарилса ҳам тушунардик, лекин ЎзА — давлат ахборот агентлиги, миллий агентлик. Унга ярашмайди. Биз ундан қичқириқ сарлавҳаларни эмас, текширилган, аниқ ахборотларни кутамиз.

«За державу обидно», дейди-ку ҳалиги машҳур фильмда. Шунақа гап.