Найти тему
Муҳрим блоги

Блогерларнинг биринчи чемпионати ҳақида

Олдиндан огоҳлантириш: мақтанчоқлик руҳи билан суғорилган блогпостларни ўқиш кўнгил айнишига сабаб бўлиши мумкин.

Блогерлар чемпионатининг 2014 йили ўтказилган биринчи мавсумида қатнашмоқчи бўлмаганман. Саралаш босқичи учун блогпостлар қабули ёпилишига бир соатми қолганида Тоҳир Қаҳҳор домланинг дарсида ёзганим фелъетонни юборганман. Шуни ҳам юбормасдим, Қобил ака қўймаган: «Қатнашмасанг, бир умрга татигулик гап-сўзнинг тагида қолиб кетасан», — деб роса сўккан.

Ўшанда қатнашгим келмаганининг биринчи сабаби — назаримда чемпионатда қатнашишга арзигулик бирор блогпостим йўқ эди. Иккинчи — энг асосий сабаб — танлов ташкилотчиси Хушнуд мени атайлаб, шарманда қилиб чемпионатдан чиқариб юборишидан қўрққанман (ҳам ҳазил, ҳам беҳазил).

Хуллас, «Қонун ҳимоячиси лейтенант Тўхтасин» фелъетони билан биринчи босқичдан ҳатто кутганимдан ҳам яхшироқ ўтгандим — 2-босқичга йўл олган 64 блогер орасида рейтинг бўйича иккинчи эдим (биринчи ўринда фелъетондаги қаҳрамонлардан бирига прототип бўлган Диёр эди). Иккинчи босқичда иштирокчилар жами саккиз гуруҳга бўлинган, мен «Д» гуруҳига тушганман. Бу босқич учун «Илҳомбахш The Village, таржима ва «Копи-паст МЧЖ» деган пост ёзган эканман (ҳали ҳам бўлса шу постда ёзилган шаҳар нашрларида йўналишида ишлаб кўриш керак, ҳеч бўлмаса, шаҳар Телеграм-каналларини юритиш керак).

Гуруҳда биринчи бўлганман. 3-босқич учун додам (раҳматли) мисолларида орзудаги милиция ҳақида ёзгандим. Блогпост ҳақида кўп илиқ фикрлар эшитганман. Ҳатто «ўша хизмат»даги бир таниш киши ҳам алоҳида телефон қилиб, раҳмат айтганди. 4-босқичда эса, назаримда, ичидаги таклифлари ҳали ҳам яшашга ҳақли «Gov» деган блогпост ёзган эканман. Тушунишим бўйича, бу постнинг нафаси 3-босқичдаги «Додам»никидан сезиларли паст эди, бироқ ҳакамлар айнан «Додам»нинг ҳурмати сабабмикин, адашмасам, нисбатан юқори баҳо қўйишганди.

Финалга саккиз блогер йўл олган. Ҳозир Америкада яшаётган Аброр Қодиров ва ўтган йиллар давомида «Уммон»нинг бир машҳур қўшиғининг сўзларини ёзиб берган Кама Ноир ака нега охирида қатнашмаганини эслолмайман, қолган олти блогер орасида қирғизистонлик Шермуҳаммад ака учинчи, бу йилги Блогерлар чемпионатида ҳакам сифатида қатнашаётган Иноятхон опа иккинчи бўлган. Мен эса, ҳиҳи, «Занжир» деган блогпост билан биринчи бўлганман (нокамтарлик учун узр). Чемпионат олдидан қўрқитган Хушнуд тақдирлаш маросимида менга бир нарсалар ва 1 миллион сўм пул берган (ўша вақтда бу бозор курсида 300 доллардан кўпроқ эди, адашмасам).

Фото: Гулрухсора Худойбердиева
Фото: Гулрухсора Худойбердиева

Шундай. Биринчи Блогерлар чемпионатидан илиқ хотиралар кўп. Тақдир экан, ўша чемпионат ғолиб ва совриндорлари номи эълон қилинганидан бир ой ўтиб додам қазо қилганлар. Ўша чемпионатдан менга энг азиз нарса чемпионлик, қандайдир ном, эътироф эмас, балки — додам ҳақида ёзган блогпостим. Мен қилган камдан-кам арзирли ишлардан бири шу, холос.

Бу йил, Хушнуд айтмоқчи, Блогерлар чемпионатининг учинчи мавсуми. Албатта қатнашаман (лекин назаримда ҳозирча чемпионатда қатнашишга арзигулик блогпостим йўқ). Умид қиламанки, омадим келса, чемпионат давомида қилган камдан-кам арзирли ишларим қаторига яна бирор нарса қўшилади.