Найти тему
Муҳрим блоги

Таҳририятга «Сталин»дан хат келди!

Бугун эълон қилинган «Туркманистонлик Супермэн» ёки кўзбўямачилик ҳақида» деган постга жавобан Твиттердаги @stalin_kgb тахаллусли фойдаланувчи кескин муносабат билдирди. Блогпостларга ҳар доим муносабатлар билдирилади, бироқ бу сафаргиси алоҳида эътиборга лойиқ. Ўртоқ «Сталин»нинг 14 твитдан иборат муносабатини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Айрим, одамни қалбида йўқ туйғулар сунъий тарзда экилади. Ўзбек халқи азал-азалдан меҳмондўст ва меҳнаткаш халқ. Авваллари ҳашар деса одамлар нима учун, нима мақсадда ҳашарга чиқишларини билишар эди. Ва бу ишларидан ғурурланишарди.
Ўзбек халқининг меҳнатсевар ва меҳнаткашлигига «тирик ҳайкал» — бу Фарғона канали. Ўзбек халқининг меҳрига, саҳоватпеша ва меҳмондўст халқ эканига ёдгорлик — бу тошкентлик Шомуродов оиласи (муаллиф Шомаҳмудовлар демоқчи бўлган — изоҳ Муҳримдан).
Мана, вақтлар ўтиб, чет элдаги ёт ғоялар таъсирида кеча уят ҳисобланган ишлар бугун ғурурга, кеча ғурур ҳисобланган ишлар бугун уятга айланмоқда. Агар бугунги ёшларга ҳашарга чиқинглар, канал кавлаймиз деса, борми чиқадиган марди? Албатта, саноқли чиқади. Ҳозирги ёшлар тили билан айтганда: «Нима, улар харипми, сизга канал кавлагани?».
Лекин тунги клубга кириб олиб, ярим-яланғоч ўйинга тушиш, калта юбка, тор кофта кийиш, оёқда тура олмас даражада ичиш, мақтаниб, бу ҳақида селфи қилиш ва бошқа — миллатимизга, маънавиятимизга ёд ишлар ғурурли ҳисобланмоқда.
Яна камига айримлар, қўпол қилиб айтганда, иштонини ҳўллаб қўйса ҳам суратга олиб, «Озодлик» ва бошқа чет эл разведкасига тегишли бўлган қўштирноқ ичидаги «ахборот воситалари»га ҳамма нарсани тарқатиб ётибди. Қайси замонда четдаги одам бир давлатни фойдасига ишлаган?!
Ҳамма нарсани интернетга олиб чиқиш шартми? Нега аввал одамлар ўз бурчини ва мажбуриятини бажариб, кейин ҳуқуқни талаб қилмайди? Қайси давлатда ҳукумат одамларни бизнинг ҳукуматчилик ўйлаб, ғамхўрлик қилади? Меҳмон баҳона янги асфальт бўлса, нима, ёмонми?
Эртага бу асфальтни ўзи билан олиб кетадими меҳмон? Шу йўлда сиз ва бошқалар юради-ку. Машинангиз бўлмаса, автобусда юрасиз. Ҳеч бўлмаса, равон, текис, ёруғ йўлда пиёда юрасиз. АҚШда ҳали ҳам ҳиндуларнинг чекланган алоҳида шаҳри борлигини биласизларми?
1970 йилгача Европа зоопаркларида ҳиндулар, Австралия абориген халқлари ҳайвонлар билан ёнма-ён қафасда европаликларга кўрсатилганидан хабарингиз борми? Бизга шу одамлар нима тўғри, нима нотўғрилигини ўргатиши керакми? Тўғри, камчиликлар бор, лекин қаерда камчилик йўқ?
Ёзиш экан, эркинлик экан деб ҳамма нарсани интернетга олиб чиқиб, дастурхон қилиш шарт эмас. Одам бир нимани ёзишдан аввал унинг мақоласи кимга қандай зарар етказиши ва ким бу нарслаардан қандай мақсадда фойдаланишини ўйлаши лозим.
Биз учун қадрдон, қўшни, тарихимиз чамбарчас боғлиқ бўлган ва стратегик ҳамкоримиз бўлган Туркманистон президентини одамлар ўзи истаб онгли равишда чиқиб, кутиб олмаслиги — бу бизнинг миллат учун уят. Ким ватанпарварликни хариплик ҳисоблаётган бўлса, ўзи натуралний оми экан.
Кейин, бу мақолангизни юқори қисмида Ислом Каримов даври билан ҳозирги даврни солиштирибсиз. Нима, Каримов даврида ёмон яшаганмидингиз? Агар у одам таъминлаб турмаган тинчлик бўлмаганида, сиз бу даражага етармидингиз?
Сиз ким бўлиб қолибсизки, у одамлар (муаллиф, менимча, Биринчи Президентни назарда тутяпти — изоҳ Муҳримдан) ҳақида умуман фикр юрита оласиз? Сиз у одам ҳақида гапиришдан аввал ўзингиз ватанингиз, халқингиз учун нима қилганингизни сарҳисоб қилиб олинг. Агар Каримов давридаги тинчлик, таълим соҳаси бўлмаганида, сиз ҳам бу ҳолатда бўлмас эдингиз.
Замонни қаранг! Кимни қўлида телефон, бекор вақти, бемаъни фикри бўлса, ўзини «блогер» деб олиб, истаган сафсатасини истаган ҳолатда ёзиб ётибди. Унутманг, сизнинг эркинлигингиз бошқалар ҳуқуқини бузмаслиги ва юрт қадр-қимматини туширмаслиги керак.
Умид қиламиз, сиздек тили узун, ақли калта «блогер»лар билан тегишли органлар гаплашиб, тегишли чорани кўришади. Ва, албатта, бу суҳбат сизга ижобий таъсир этсин.
Твиттердаги @stalin_kgb

Тўғриси, бу фикрлар чин кўнгилдан билдирилганига ишонмайман — бунақа бўлиши мумкин эмас. Кейин, менимча, бу ҳаммаси киноя, кесатиқ — чунки, ҳозиргина ёзганимдек, бунақа бўлиши мумкин эмас. Мен ростдан ҳам шунақа фикрлайдиган одамлар борлигига ишонмайман. Бундай гапларни гапираётган одамлар ё киноя йўли билан бирор танқидий муносабатини очиқлаётган бўлади, ё 1984 йилда қолиб кетган бўлиши мумкин. Ташқарида 2018 йил экани аниқлиги, 1984 йилда қолиб кетишнинг ҳеч бир иложи йўқлигини ҳисобга олсак, фақат бир вариант қоляпти — бу бор-йўғи киноя.

Менга ёқди. Кўп муаммолар — мажбурий меҳнат, кўзбўямачилик, чет элликларни душман ва шпион деб билиш, «сўз эркинлиги — фақат зарар» деган хато тушунчалар яхши кўрсатилган; ҳар баҳсда ўзини ғолиб деб ҳисоблайдиган, бироқ аслида ҳар сафар мағлубиятга учрайдиган демагоглар томонидан кўп ишлатиладиган: «маънавиятимиз қаерда қолди?», «сан ўзи Ватан учун нима қилиб қўйгансанки, бундай гапларни гапирасан?», «бу одамлар ҳақида гапиришга маънан ҳаққинг йўқ!» каби шаблон гаплардан ҳам ўринли фойдаланилган.

«Сталин» тахаллусли бу муаллифнинг равон ёзилган муносабатига — респект! Зўр провокатор!