Найти в Дзене
Муҳрим блоги

Президент матбуот хизматининг брифинглари ҳақида

Макаренконинг тунов куни «Газета»да чиққан мақоласини ўқидингизми? Тошкентда амалга оширилаётган «Замонавий маҳалла» лойиҳасини роса (асосли) танқид қилган, лекин шундай ёмон ишнинг ҳам ҳеч бўлмаса битта фойдали жиҳати борлигини, қанчалар оғир бўлмасин, тан олган:

«...Лойиҳа ҳозирги кўринишида тошкентликларнинг фақат ва фақат норозиликларига сабаб бўлади. Умид қиламанки, бу лойиҳа тўхтатилади ва тузатиб, қайта ишланади. Лекин, шундай мўжиза рўй бермаса ҳам, бу лойиҳа барибир фойда келтириб улгурди.
«Замонавий маҳалла» билан тўқнаш келган тошкентликлар уйғонишди ва ўзларининг фуқаролик бурчларини ривожлантиришга киришди. Улар гуруҳларга уюшишяпти, қонун ва қарорлар билан яхшилаб танишишяпти, шаҳарсозлик нормаларини синчиклаб ўзлаштиришяпти ва йиғилишлар ўтказишни ўрганишяпти.
Анъанавий равишда суст ва ташаббуссиз бўлган ҳамшаҳарларимиз «Замонавий маҳалла» лойиҳаси шарофати билан ўз ҳуқуқларини биргаликда, уюшган ҳолда ҳимоя қилишдек муҳим бир тажрибани орттиришмоқда. Шунинг учун ҳам биз бу лойиҳадан миннатдор бўлишимиз керак...»

Мана, «Озодлик»ни ёмон деймиз. Лекин шу ёмон «Озодлик»нинг ҳам камида бир яхши тарафи бор — масъуллар айнан «Озодлик»да бирор материал чиққанидан сўнг, гўё бунинг ток урганчалик таъсири бордек, ҳаракатга тушишади. Охирги мисол — Президентнинг Жиззахга сафари вақтида кўзбўямачиликлар юз бергани ҳақидаги материал. Шахсан мен, агар раддия берилса, бу ишни бошқа бир тузилмалар қилса керак деб ўйлагандим. Бироқ, кутилмаганда, «Озодлик»га жавоб Президент матбуот хизмати тарафдан янгради. Бу қанчалик кутилмаган бўлмасин, шунчалик яхши ҳолат, биринчидан.

Комил Алламжонов — Президент матбуот котиби (сурат қаердан олингани кўриниб турибди, деб ўйлайман)
Комил Алламжонов — Президент матбуот котиби (сурат қаердан олингани кўриниб турибди, деб ўйлайман)

Иккинчидан, Президент матбуот котиби Комил Алламжонов «Озодлик»да чиққан материални рад этдими ё тасдиқладими, буни салкам 8 дақиқалик видеомурожаатни ўзингиз кўриб, хулоса чиқарганингиз маъқул (асосийси ва энг яхшиси — шу мурожаатнинг борлиги!):

Учинчидан, Комил Алламжонов у раҳбарлик қилаётган матбуот хизмати 2018 йил 12 январдан бошлаб тизимли равишда матбуот анжуманлари ва брифинглар ўтказишни йўлга қўйишини эълон қилганида, мен («биз» деб бошқалар учун жавоб бермай) айнан тунов кунги видеомурожаатдаги каби анжуманларни тасаввур қилгандим. Худди Россияда Путиндан кўра Песков, Лавровдан кўра Захаровадан, Обама замонидаги АҚШда — Обамадан кўра Жош Эрнест, Жон Керридан кўра Жен Псакидан кўпроқ тилга олинганидек.

Лекин биз сал бошқачароқ нарсага гувоҳ бўлдик. Биринчи брифинг қандай бўлганини билиш учун қуйидаги видеони кўринг:

Иккинчи брифингда энг кўп муҳокама қилинган масала «Ўзбекистон ҳаво йўллари» бўлди, у қарийб Ақтўбе фожиаси билан бир вақтда юз бергани оқибатида (бу — оқибат, шубҳасиз) авиакомпания раҳбарияти «учиб кетди». Учинчи — анжуманга йиғилган ўнлаб журналистларга Президент қарорини бир киши, қарор шарҳини иккинчи киши ўқиб берган ва ҳеч қандай саволларга жавоб берилмаган брифинг нега ўтказилганини, менимча, ташкилотчилар ҳам тушунишмаган чоғи, ё кейин бошқа брифинг бўлмади, ё бўлган бўлса ҳам, мен кўрмай қўя қолдим.

Лекин энди а-ля Песков/Захарова/Псаки стайл брифинглар бўйича почин бор. «Фейсбук»да тўсатдан жонли эфирга чиққан Алламжонов аслида муҳим саволлар бўйича брифинг ўтказди. Мана шундай брифинглар энди «Фейсбук»да эмас, кунда-кунора, жуда бўлмаса ҳафтада бир ўша матбуот марказида ўтказиб турилса, журналистлар ҳафта давомида йиғилиб қолган саволларини Комил Алламжоновга бемалол бера олса, ўйлайманки, Ўзбекистонда Президент ёки унинг номидан матбуот котиби муносабат билдирмаган бирор масала қолмайди.

Тўғри, баъзан мана бунақа ҳолатлар ҳам бўлиб қолиши мумкин:

Лекин бундай ҳолатлардан қўрқмаслик керак ва, Алламжонов айтганидек, бу «тўғри қабул қилинса», менимча, зарари йўқ.

Блогдаги аввалги блогпостлар:

Президентни (яна) алдашгани (ёки алдашмагани) ҳақида

Қурилишлар ҳақида

Блог. Навбатдаги