«Дарахтларни кессак майлими?», деб сўровнома бошлаб, сўнг сўровнома тугамасдан дарахтларни кесиб, сўровномани ўчириб ташлаган Тошкент шаҳар ҳокимлиги дарахтлар кесилгач Кичик ҳалқа йўлининг ўша муаммоли қисмида энди тирбандлик бўлмаётгани ҳақида видео чиқарибди. Манипулятив видео.
10 сентябрь деб кўрсатилаётган видеода дарахтлар ҳали кесилмаган бўлакда жуда катта тирбандлик, 9 октябрдаги видеода тирбандликдан асар ҳам йўқ. Бир полоса қўшилиши билан бир ой аввал Ҳиротгача чўзилиб ётган тирбандлик бирдан йўқолиб қолмаса керак. Балки 10 сентябрдаги видео кечки тиғиз вақтда олинган-у, 9 октябрдагиси сал эртароқ соатда олингандир. «Тирбандликлар ҳалиям бўляпти, аввалгидек катта эмасу, лекин бўляпти», деган гап ҳам бу видео манипулятив, алдоқчи эканини тасдиқлайди мен учун.
Фақат бир нарсани олқишлаш мумкин — чорраҳада бурилиш учун махсус бўлак пайдо бўлганини (29 сентябрда Фарҳод Файзуллаев шундай таклиф берганди, масалан). Тахминимча, мана шу бўлакнинг ўзи йўлнинг бу қисмидаги тирбандликни камайтириш учун кесилган дарахтлардан кўра кўпроқ фойда келтираётган бўлса керак. Яна менга шундай туюляптики, дарахтлар кесилмасидан илгари ҳам йўлнинг шу тор қисмида уч қатор машина сиғарди (бошқа томондан — ҳа, уч қатор автобус сиғмасди лекин, энди эса автобуслар ҳам бемалол пойга ўйнаши мумкин бу ерда).
Умуман олганда, бу воқеада менинг ғашимни келтирадиган ягона жиҳат — дарахтларнинг кесилгани эмас, ҳокимликнинг иккиюзламачилиги, «публика»га ўйнагани, холос. Тайинли Бош режаси йўқлиги боис бутун бошли бинолари нотўғри жойларда қурилган шаҳарларда ўн чоғли дарахт ҳам ноўрин жойда экилиб қолган бўлиши мумкин, вазиятни тўғрилаш учун дарахтларни кесмасликдан бошқа йўл қолмаган бўлиши ҳам мумкин. Жуда «публика»га ўйнагимиз келса, мана шу иложсизликни ҳам ўйнатиш мумкин, масалан, бундай қилиб:
«Ҳурматли ҳамшаҳарлар! Биз фалон кўчанинг фалон қисмини кенгайтиришга қарор қилдик. Бу қарорга келишдан аввал фалон, фалон илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институтларининг мутахассисларини жалб этган ҳолда, тегишли ўрганиш, ҳисоблаш ишларини олиб бордик. Хусусан, йўлнинг чорраҳага туташ қисмида бурилиш учун махсус бўлак бунёд этилиши билан йўлдаги тирбандлик фалон фоизга қисқариши маълум бўлди. Шунингдек, (яна қандайдир — дарахтларни кесишдан бошқа — қийинроқ вариантлар ҳам бўлиши мумкин, уларни ҳам санаш, афзаллик ва камчиликларини келтириш керак). Бироқ бу вариантларнинг барчаси ҳам кўзланган мақсад (тирбандликни фалон фоизга камайтириш) учун етарли бўлмагани боис, йўлни унинг ёқасидаги кўп йиллик фалонча дарахтни кесиш орқали кенгайтиришдан бошқа мақбулроқ вариант йўқ. Кесилган дарахтлар ўрнига фалонта дарахт экилади, кесилган дарахтлар эса фалон-фалон мақсадлар учун (масалан, шу яқин атрофда пайдо бўладиган хиёбон скамейкалари учун) ишлатилади».
Мана шунақа сал даҳмазароқ йўли ҳам бор «публика»га ўйнашнинг. Ҳа, дарахтофилларни барибир рози қилолмайсиз. Лекин, масалан, мен норози бўлмасдим. Ҳатто қойил қолган бўлардим: «Эринмай шунча ҳисоб-китоб қилишибди-я!», деб. Нималар деяпман ўзи — ер остида шаҳарнинг катта (катталар яшайдиган) қисмини сув билан таъминлайдиган қувур борлигини унинг устидан йўл қураётганидагина билиб қоладиган ҳокимликдан «публика»га бу қадар чиройли ўйнашни кутиш ўринсиз (бўлса керак, ҳозирча). Ўша ерда қувур борлигини билиш учун, менимча, бирорта профессор ё академик шарт эмасди — «Сувсоз» корхонасидан сўралса, телефонда ҳам айтворса керак.
PS. Телеграмда ҳам канал очволдим — @muhrim (ёки https://t.me/joinchat/AAAAAEG2GQMHhMdalJO5IQ)