Добавить в корзинуПозвонить
Найти в Дзене
Eldar Asanov

БИРЛАМЧИ ҚАДРИЯТ

(мақола 2018 йил июлида “Тафаккур” журналида чоп этилган) Миллий қадриятлар, шарқона қадриятлар, ғарбона қадриятлар, исломий қадриятлар, умуминсоний қадриятлар... Қадриятлар азбаройи кўплигидан саноқдан адашиб кетасан киши. Тафаккурга қатъий чегаралар ўрнатиб, “таъсир доиралари”ни бўлишиб олган бу қадриятлар бир-бирини тўлдирадигандек, ўзаро ҳурмат ва муросада яшайдигандек гўё. Ваҳоланки, улар ҳам табиий-ижтимоий тараққиётнинг ўзгармас қонунларига бўйсунади: ўзаро ихтилофга киришади, бир-бирини сиқиб чиқаради, сулҳ тузади, иттифоқлашади, уруш қилади... Қадриятлар мафкуравий қурол сифатида миллионларни ўз ортидан эргаштиришга, уларни муайян мақсад томон етаклашга, айрим ғоялар атрофида бирлаштиришга хизмат қилади. Қадриятлар негизига мафкуралар, мафкуралар негизига эса жамиятлар қурилади. Бу жараёнга қатъиян салбий ёки ижобий баҳо бериб бўлмайди — кўзланган мақсадлар фароғатга ҳам, ҳалокатга ҳам элтиши ҳеч гапмас, тош билан мих қоқиш ҳам, бош ёриш ҳам мумкин. Қадриятларнинг бирлаштирув

(мақола 2018 йил июлида “Тафаккур” журналида чоп этилган)

Миллий қадриятлар, шарқона қадриятлар, ғарбона қадриятлар, исломий қадриятлар, умуминсоний қадриятлар... Қадриятлар азбаройи кўплигидан саноқдан адашиб кетасан киши. Тафаккурга қатъий чегаралар ўрнатиб, “таъсир доиралари”ни бўлишиб олган бу қадриятлар бир-бирини тўлдирадигандек, ўзаро ҳурмат ва муросада яшайдигандек гўё. Ваҳоланки, улар ҳам табиий-ижтимоий тараққиётнинг ўзгармас қонунларига бўйсунади: ўзаро ихтилофга киришади, бир-бирини сиқиб чиқаради, сулҳ тузади, иттифоқлашади, уруш қилади...

Қадриятлар мафкуравий қурол сифатида миллионларни ўз ортидан эргаштиришга, уларни муайян мақсад томон етаклашга, айрим ғоялар атрофида бирлаштиришга хизмат қилади. Қадриятлар негизига мафкуралар, мафкуралар негизига эса жамиятлар қурилади. Бу жараёнга қатъиян салбий ёки ижобий баҳо бериб бўлмайди — кўзланган мақсадлар фароғатга ҳам, ҳалокатга ҳам элтиши ҳеч гапмас, тош билан мих қоқиш ҳам, бош ёриш ҳам мумкин.

Қадриятларнинг бирлаштирувчилик миссияси, одатда, зиддиятли вазиятни юзага келтирадики, оқибатда ўзига хос дихотомия асирига айланади: бир тарафдан одамларни бир мушт қилиб жамлаш, бошқа тарафдан уларнинг “ўзга”дан фарқини белгилаб бериш тақозо этилади. Кимдир муайян гуруҳга нисбатан “биз” калимасини қўлласа, муҳаққақ савол туғилади: “биз” бир бутун эканмиз, бошқалардан фарқимиз қандай? Ҳар қандай ўзлик ўзига тақайдиган “бағрикенг”, “ватанпарвар”, “фидойи”, “доно”, “тиришқоқ” каби ёрлиқлар аҳамитини йўқотади, негаки улар универсалдир. Тафовут кийим-бошдан, ейиладиган овқатдан, айтиладиган сўздан, бошқа икир-чикирлардан қидирилади. Аммо бу ижтимоий келишувни янада чигаллаштиради — сен фидойисан, доносан, бағрикенгу меҳнаткашсан, бироқ қандайдир кийимни кийган-киймаганинг, бирор таомни еган-емаганинг учунгина жамиятдан ёт унсур мисоли итқитиласан. Пировардида келажак йўлини ёритишга, руҳий овунч бўлишга даъвогар мафкура ва қадриятлар маиший тақиқлар мажмуига айланади. Тафаккур уфқини кенгайтиришни ваъда қилган куч онг сарҳадларини иҳоталайди, зеро “онг торлиги — ижтимоий талаб”.

“Тафаккур ўйинлари”нинг бу телба-тескари парадокслари устида узоқ мушоҳада юритиб, ўзим учун маълум хулосалар чиқариб олганман. Кўзига идеологик “парда” тортиб, жамиятдаги ҳукмрон одатларга кўр-кўрона бўйсуниб яшайдиган одамлар олдида минг истиҳола қилган ҳолда, бундай қараш ва концепцияларга постмодернистик нуқтаи назардан ёндашишни маъқул кўраман. Ҳар қандай қадриятлар тизими, ғоя, мафкура моҳиятан ижтимоий тузилмадир. Улар қачондир сунъий моделлаштирилган ва муттасил ўзгариб, такомиллашиб боради. Бизнингча, бугунги “ўзбек миллий қадриятлари” нари борса 50­­­­–60 йил олдин тўкис тизим ҳолига келган. “Шарқона” ва “ғарбона” қадриятларни ҳамма ўзича тушунади. Қўйингки, “умуминсоний қадриятлар” ҳақида ҳам 1955 йилдан кейин гапира бошланди, у муайян мақсад йўлида аниқ принциплар пойдеворига қурилди.

Мукаммалликка ва абадийликка даъво қилувчи қадриятларнинг бундай ўтмишию келажагини билгач, беихтиёр асл ҳақиқатларни қидиришга тушасан. Инсоннинг инсонлигини белгилаб берадиган, тили, дини, миллати, ўзлигидан қатъи назар, ҳамма учун бирламчи бўлган қадрият борми? Бу саволга жавоб топиш учун китоб титкилаб, ундан илҳомланган мулоҳазаларимни баён этишга қарор қилдим.

Китоб қандай яшашни ўргатади дейишади. Қуйида тилга олинадиган китоблар, аксинча, қандай яшамасликни ўргатади; кўзни қамаштирар даражада ярқироқ шиорлар ортида баъзан қабиҳлик пинҳонлигини, эзгуликни осонликча ёмонотлиқ қилиш мумкинлигини, жамият ва шахсият ўртасида мувозанат бузилиши қандай мудҳиш оқибатлар туғдиришидан огоҳ этади. Уларнинг барчасида бош қаҳрамон ўша — бирламчи қадриятдир. Аниқроғи, унинг йўқотилиши, оёқости қилиниши одамни ҳиссиз маҳлуққа айлантириб қўйиши мен сўз юритмоқчи бўлган учта асарни бир шодага тизадиган қизил ипдир.

“Нима экан у, бирламчи қадрият?” деб сўрарсиз. Очиқ-ойдин айтилган гап доим ҳам нишонга тегавермайди — плюрализм шовқин-суронида қулоқларни четлаб ўтиши, популизм дея қабул қилиниши мумкин. Қолаверса, бу — бир кишининг шахсий фикри, холос. Кўтарилган мавзуни мендан теранроқ тушунадиган, ақлим етмаган нозикликларни ҳам фаҳмлайдиган, сермаъно хулосалар ясайдиган ўқувчилар кўплигига аминман. Шу боис бу саволга жавобни таҳлил ва мушоҳада йўли билан митти кашфиёт ўлароқ билиб олишингиз афзалроқ.

Ҳақиқат — ёлғон

Жорж Оруэлл, 1984

-2

Антиутопия жанри ҳақида сўз кетганда аввал эсга келадиган қаламкаш Оруэлл бўлса керак. Ундан иқтибос келтириш, сиёсий мубоҳасалар қизиганда дарғазаб бўлиб “1984 йилга марҳамат!” деб киноя қилиш зиёлилар орасида кўп учрайдиган ҳол. Бир сўз билан айтганда, роман ҳам, унинг муаллифи ҳам рамзга айланиб улгурганки, улар ҳақида бирор янги сўз айтиб, ўқувчини лол қолдириш мушкул. Шундай экан, “1984” романи фабуласи, кўлами ва ҳоказолар ҳақида узундан-узоқ мулоҳазаларга киришмай, асар билан танишувим хусусида сўз юритсам.

Одатда, ўқишга ҳозирланганинг китоб воқеаларидан хабардор бўлсанг, кўп нарса йўқотасан, қаҳрамонлар тақдиридан хавотирга тушмайсан, муаллиф топилмаларидан завқланмайсан, деб ҳисоблашади. Ваҳоланки, асар сюжетини аввалдан билиб, ижодкор яратган бадиий оламнинг ҳар бурчини тасаввур қилиб, қоғозга кўчган хаёлотга қадам қўйиш китобсеварга бошқача таассурот ва ҳаяжон бахш этади. Дейлик, Бора-Бора оролини киройи тасвирлаб беришди: ойнадай шаффоф сувлар, яшил либосга бурканиб, оқ булутларга бош қўйган тоғлар, денгиз томчилари-ла ўпишган ёмғир зарралари ва баҳри муҳит симфонияси — бу чизгининг ўзиёқ қалбингизни чиннидай жаранглатиб, вужудингизни ёқимли сескантиради, идрокингизни аллалаб, орзулар оламига етаклайди. Бора-Бора ишқи билан ёнасиз, у ҳақдаги маълумотни ютоқиб “ютасиз”, суратларига узоқ термуласиз. Лекин бундай танишув саёҳат ўрнини босмайди — оролнинг намчил тупроғига оёқ қўйиш, салқин ҳавосидан симириш, шаббодасидан баҳра олиш ўзгача фароғат бағишлайди.

Китоб мутолаасини ана шундай саёҳатга менгзайман: сафар қилаётганингиз макон ҳақида қанча тўлиқ тасаввурга эга бўлсанг, унинг жинкўчаларида адашиб қолмаслигингиз шунча кафолатланади.

Алқисса, қомуслар ёрдамида сюжети, моҳияти, аҳамияти борасида хийла маълумотга эга бўлганим, бир қанча тақризларни ўқиб чиққанимдан кейингина романни қўлга олдим. Нигоҳимни сатрлар узра сабрсизлик билан йўрғалатар эканман, соҳам тақозосига кўра, биринчи галда лингвистик деталларга эътибор қаратдим: асар тили бир қарашда унча сайқалланмагандек. Воқеалар ҳам анчай жўн, бир текис кечаётгандек. Лекин пировардида Оруэлл гавдалантирган хаёлий олам шу қадар чигаллашадики, буни англаб етиш ва қабул қилиш осон бўлмайди.

Адабиётшунослар бу ҳолни икки хил изоҳлайдилар. Айримларнинг фикрича, Оруэлл энг сара романини шунчаки адабиёт дурдонаси эмас, балки бир манифест ўлароқ яратган. Яъни адиб тунд оламни ортиқча жимжимасиз, ўхшатишу қочириқларсиз батафсил тасвирлаб, инсониятни бундай аҳволга тушишдан огоҳлантирган. Яна баъзиларга кўра, у “1984” кайфиятини тўлақонли юқтириш ниятида туссизлик ва тушкунлик руҳиятига мос услубни танлаган. Ўйлаб қаралса, икки кўзқараш бир-бирига зид келмайди.

Океаниянинг ўзида ҳам тилни соддалаштириш, синонимия, кўп маънолиликни йўқотиш, луғат бойлигини камайтириш, ўхшатиш ва образли ифодаларни истеъмолдан чиқариш юзасидан иш олиб борилиши диққатга сазовор. Бу мақсадда бутун бошли луғатлар қайта тузилади, сўзларни саралаш ва таснифлаш бўйича қизғин иш олиб борилади, лексемаларга сиёсий бўёқ ва бир маънолилик берилади, анъанавий тилни сиқиб чиқариш учун тинимсиз тарғибот юритилади. Партиянинг Newlang отлиғ тили Океания табааларининг фикрлаш доирасини торайтириш, ҳукмрон сиёсий қарашга мувофиққина ўйлаш ва гапириш, “фикр жинояти”дан (thoughtcrime) ҳаргиз тийилишга ўргатади — Партия наздида, Буюк оға қарамоғида яшар экансан, унинг доно сўзларини билишнинг ўзи кифоя.

Парадокс шундаки, астойдил қиртишланган бу тил мутлақо акс натижа беради: телескринлар — универсал ахборот етказиш, назорат қилиш ва манқуртлаштириш аппарати воситасида Буюк оғанинг фаровонлик, биродарлик ҳақидаги маърузалари етказилади-ю, аммо қашшоқлик ва итоат назарда тутилади, ватанпарварлик, муҳаббатдан сўз юритилади-ю, илло нафрат ва адоват қўзғатилади. Моҳиятан, Океания турмуши шундай иккиюзламачиликка асосланган — Тинчлик вазирлиги тинимсиз уруш олиб боради, Ҳақиқат вазирлиги авомни уйдирма билан “боқади”, Тўкин-сочинлик вазирлиги рационни қисқартириш, озиқ-овқатни тежаш билан овора, Муҳаббат вазирлиги эса фикр жиноятчиларини пойлаш, тутиш ва йўқ қилишга пайида. Океаниянинг бош шиори — “Уруш — тинчлик. Эрк — қуллик. Жоҳиллик — куч!”. Бу шиор ҳақиқат ва ёлғон орасидаги чегара ювилиб кетиб, ҳамма йўллар бирдай маънавий қарамликка олиб бориши, бироқ шўрлик одамлар эшитганига астойдил инониб, асоратда хушбахт яшашини ажабтовур тарзда акс эттиради. Бир-бирини рад этувчи икки нарса аслида бир эканига сидқидилдан ишониш — икки фикрлилик (doublethink) Океаниянинг садоқатли табааларига қўйиладиган асосий талабдир.

Умуман, Оруэлл бутун фаолияти мобайнида тил масаласига алоҳида урғу бериб келган. Геббельс пропагандаси тилини, Сталин диктатураси ҳужжатларини узоқ вақт ўргангани, инглиз лисони адабиясининг дағаллашиб боришини таҳлилдан ўтказиш тилнинг сиёсатда тутган ўрни борасидаги муаллиф қарашларини шакллантирди. Лингвистик эҳтимоллар назарияси (Сепир-Уорф гипотезаси) принципларидан келиб чиқиб, забон онгни кодлайди, деб ҳисоблаган адибнинг тилни тил ёрдамида қутқариш ғояси бутун жаҳон зиёлилари орасида эътироф қозонди, муқаррар таҳликалар ҳақида ошкор гапирилишига замин яратди, тилнинг сиёсий қуролга айланишига қарши ҳаракатга ибтидо берди. “1984”да ҳам Оруэлл Европа давлатлари сиёсатдонларининг оқни қора қилиб кўрсатишга, фожиани хаспўшлашга, ютуқларни бўрттиришга қаратилган жимжимадор нутқларига ишора қилади. “Сиёсат ва инглиз тили” эссесида у айнан шу ҳолат мияларни заҳарлаётганини, ҳатто нацизмдек ғайриинсоний мафкураларнинг кучайишида бош омил бўлганини ўкинч билан таъкидлайди: “...Замонавий сиёсий хаос тил деградацияси билан боғлиқлигини англаш жоиз, ўшанда балки вазиятни ўнглаб, яқинлашиб келаётган фожиани бартараф этиш мумкин бўлар... Сиёсат тили... ёлғонни ҳақиқатга ўхшатиб айтиш учун яратилган ва у бизни, одамийликни унутиб, сафсатани мутлақ ҳақиқат дея қабул қилишга мажбур этади”.

Қизиғи, ҳар қадамда ўрнатилган телескринлардан ёғилаётган иғво ёмғири остида ҳам қадди букилмаган, иродаси эгилмаган одамлар охири жисмоний уқубатларга дучор этилганида сўзлар ростга дўниб, яна асл маъноларини англата бошлайди. Оҳанжама лофларга ўралган “Одамийликдан кеч!” буйруғига қатъий “Йўқ!” дейилганида ҳақиқатни англаш, мустақил фикрлашдек “жиноят”га қўл урган нотавон исканжага олинади ва Партия у билан ўз “тили”да гаплашади. Танаси эзиб ташланган, бироқ ўйлаш ва сўйлашга қобил бош қаҳрамон Уинстон Смитга О’Брайен айтган сўзлар романдаги энг ошкора ва мудҳиш жумлалар бўлса не ажаб: “Оёқости қилиш учун одам ҳар доим топилади. Устидан қайта-қайта ғалаб қозониш ва таҳқирлаш учун шаккок, жамият душмани ҳамиша топилади. Қўлимизга тушганингиздан буён бошингизга ёғилган ҳамма кўргиликлар ҳали давом этади, бундан-да оғирроқ бўлади. Айғоқчилик, сотқинлик, ҳибс, қийноқ, қатл, олиб қочишлар ҳеч қачон йўқолмайди. Бу нечоғли тантана дунёси бўлса, шу қадар террор дунёси ҳам бўлади. Партия қанчалик кучли бўлса, шунчалик тоқатсиз бўлади; қаршилик қанчалик заиф бўлса, зўравонлик шунчалик кучли бўлади. Голдстейн ва унинг бидъати мангу яшайди. Ҳар куни, ҳар дақиқа шаккоклар тор-мор келтирилади, шарманда қилинади, масхара этилади, камситилади — бироқ улар асралади. Сиз билан етти йил ўйнаганим бу драма қайта ва қайта намойиш этилади, авлод алмашган сайин найранглар ортади. Биз ҳар қачон бирор шаккокни топамиз — у бу ерда мудҳиш ва ачинарли аҳволда оғриқдан дод солади, охирида эса, ўзидан халос этилиб, дил-дилидан пушаймон бўлиб, оёғимиз остига ўзи ўрмалаб келади. Мана шундай дунё қураётирмиз, Уинстон!”.

Юқоридаги иддаолардан эт жунжикиб кетади, бош қаҳрамон елкасида синадиган калтаклару бошига тушадиган қийноқлар кишини даҳшатга солади. Партиянинг садоқатли аъзоси арзимас хатоси учун бир зайлдаги турмушдан “суғуриб олиниб”, мислсиз азоб гирдобига улоқтирилиши обрў, бахт, фаровонлик, осуда ҳаёт омонат эканини, буларни инсонийлик ва эрк эвазига сотиб олиш охир-оқибат мудҳиш якун топишини (тобе экансан, “савдогар” истаган пайти келишувни буза олади) “улуғвор” бир ваҳшийлик билан очиб беради. Беихтиёр бошқа мумтоз адибнинг хитоби эсга тушади: “Зўравонлик инсонларнинг осуда ҳаётига бостириб кирганида юзи ишонч-ла ёришади, у яловини баланд кўтариб, ҳайқиради: “Мен — Зўравонликман! Чекин, тарқал — янчиб ташлайман!”... У биздан ёлғонга бўйсунишни, ҳар куни унга қулоқ тутишни талаб қилади — бутун табаалик мана шунда”. Хайриятки, “зўравонлик ўзининг оғир панжасини ҳар қандай елкага ҳар қандай куни қўявермайди”.

“1984” бизга яна нималарни ўргатади? Романни, таъбир жоиз бўлса, кўзгуга ўхшатаман. Аммо ушбу “қоғоз кўзгу” саҳифаларига қараб, ўзимни эмас, яна қоғозни кўраман. Зотан, одамзодга аввало руҳоният, микрокосм эмас, бир уюм қоғоз — туғилганлик ҳақида гувоҳнома, паспорт, диплом, ўлганлик ҳақида гувоҳнома — сифатида қараладиган оламда кўзгуда қоғоздан бошқа яна нимани кўриш мумкин?

Бир оз кескин туюладиган бу хулоса билан ижтимоийлашувга зинҳор эътироз билдираётганим йўқ. Оруэлл ҳам анархистик дунёқарашдан узоқ бўлиб, коллективизмдан буткул воз кечишга даъват этмайди. У “ижтимоий келишувлар”, “бирдамлик”, “ахлоқ”, “бахт”, “фаровонлик” сингари мавҳум тушунчаларга қатъий чегара белгилаб, уларнинг фойдасига жамият аъзоларидан танлов ҳуқуқи буткул тортиб олинишига қарши исён қилади. Ҳатто, у индивидуал эркинлик ғоясини утопия деб баҳолайди, фақат жамият таркибида, бошқалар билан бирга тўкис эркка етиш мумкин, деб таъкидлайди. Бу билан ёзувчи реал ҳаётдан узилиб, “ички эркинлик” билан қаноатланадиган зиёлиларни қоралайди, уларни тоталитаризмни ҳимоя қилишда айблайди. Унинг эътиқодича, инсон ёлғиз яшай олмайди, яшаса ҳам, салоҳиятини тубан инстинкт ва эҳтиёжларга сарфлашдан бошқасига ярамайди, шундай экан, ўзаро мулоқотгина тараққиёт ғилдирагини айлантиради, кўп томонлама алоқаларда ижод, муҳаббат, меҳр-оқибат туғилади. “Агар Дефо кимсасиз оролда яшаганида, у “Робинзон Крузо”ни ёза олмас эди, буни хоҳламас ҳам эди”, дейди Оруэлл.

Шундан ҳам билса бўладики, Оруэлл ижтимоий бурч ва шахсий ҳуқуқ дилеммасида олтин ўрталиқни сақлашга тарафдор бўлган.

Бир сўз билан айтганда, Оруэлл “мен” эмас, “биз” бўлиб яшашни, шунда ҳам инсон бўлиб қолишни ҳимоя қилган. “Биз” бўлишнинг муаммоли томонларини эса кейинги китоб очиқлайди.

Алгебраик севги, шафқатсиз севги, девонавор севги

Евгений Замятин, Биз

-3

“Ажиб янги олам” муаллифи Олдос Ҳаксли ёки “Фаренгейт бўйича 451 даража” муаллифи Рэй Брэдбери ёнида Евгений Замятин бирмунча камтарин ижодкор туюлиши мумкин. Қолаверса, унинг шоҳ асари — “Биз” бу иккисидан ҳам, “1984”дан ҳам анча олдин ёзилган. Шундай экан, нега Оруэллдан кейингина Замятинга сўз бериляпти? Бунинг сабабини шарҳлаш учун яна китоб билан танишувимга тўхталиш керак бўлади.

Биринчидан, Замятин ҳақида Оруэллнинг “Биз”га тақризи орқали билганман. Ҳакслидан фарқли ўлароқ, Оруэлл антиутопия жанрига қўл уришида Замятиннинг таъсири кучли бўлганини инкор этмайди. Ўз-ўзидан, бундай таъриф рус ёзувчиси ижодига қизиқишимни алангалатди.

Оруэлл “Биз”нинг кўпгина ютуқларини эътироф этгани ҳолда, унинг сюжети “сўлғин ва узуқ-юлуқ”, айни пайтда мураккаблигидан ёзғиради. Менинг таассуротларимга кўра, аксинча, роман, “1984”дан фарқли, том маънода бадиий асардир. Оруэллда биз турғун тоталитар жамиятнинг рангсиз қиёфасини кўрамиз, шу жамият аъзосининг зерикарли, бир хилдаги кундалик маишатини кузатамиз. У энди мана шу бир хилликдан безиб, ўзгаришларга қадам қўяман деганида Муҳаббат вазирлигининг ғалвиридан ўтказилади.

“Биз” воқеалари эса саргузашту сир-синоатга бой. Замятин китобхон қўлига ўзи тасаввур этган олам харитасини тутқизмайди, балки уни мураккаб лабиринтга чорлайди, ўқувчига жумбоқларни мустақил ечиб, чиқиш эшикларини ҳам мустақил топишни таклиф этади. Асар тили ҳам муҳташамки, муаллиф қайд этганидек, қалб олмосини ёриб ўтишга қодир ҳаяжон бағишлайди.

Икки турдош роман ўртасидаги бундай тафовут яна муаллифларнинг мақсад-муддаоларига бориб тақалса ажабмас. Юқорида айтганимдек, Оруэлл ижод уммонидан эстетик завқ дурларини қидириш ўрнига инсониятга чақириқ йўллашни, бир шеърда айтилганидек, “Сайламанг, Заххокни пошшо сайламанг!” дея хитоб қилишни ўз бурчи деб билади — зотан, тарих инсониятни ана шундай таҳдидларга рўбарў қилган эди. Чор Россияси даврида ва Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида умргузаронлик қилган Замятин эса келажакка разм солишни, кишилик тадрижининг фожеий сценарийсини моделлаштиришни маъқул кўради. Технологиялар ва машиналаштириш биздан қалб самимиятини, туйғулар жунбушини, ижтимоий ҳаёт асоси ва зийнати бўлмиш хилма-хилликни тортиб олишидан, инсонни яшашга ва яратишга ундовчи энг гўзал ҳиссиёт — муҳаббатни шафқатсиз алжабр тенгламасига айлантириб қўйишидан хавотирга тушади.

Иккинчидан, “Биз” қайсидир маънода “1984”ни давом эттиради. Ундан салкам 30 йил олдин ёзилган бўлишига қарамай, негадир бу икки роман мантиқини айнан шунақа тартибда кўраман — “Биз” “1984”да кўтарилган саволларга жавоб беради гўё.

Дейлик, Оруэлл Океаниясида ҳукмрон мавқега эга бўлмиш Newlang тилида “эркин” сўзи ҳали мавжуд, аммо уни фақат “бўш, банд эмас”нинг синоними сифатида қўллаш мумкин. “Сиёсий эркинлик” бирикмаси эса бундай тушунчанинг ўзи йўқлиги боис секин-аста истеъмолдан чиқаётган эди.

“Биз”даги Ягона Давлат жамияти эса шу даражага олиб келиб бўлинганки, “эркинлик” сўзи луғатлардан ўчириб ташланиши етмагандай, бахт ва тараққиёт кушандасига ҳам чиқарилган. Ягона Давлат мафкурасига биноан, эркинлик бахт билан қўшничилик қилолмайди, бутун инсоният бахт-иқболи йўлида Мурувватпеша раҳнамолигида бир ёқадан бош чиқариб, жамият манфаатларига бўйсуниб яшаш зарур. Бунинг учун ҳамма кийиниш, овқатланиш, яшашда бир хил қоидаларга бўйсунади, қатъий белгиланган соатларда муайян ишлар билан шуғулланади; бундай тенглик ва бахт ҳиссини йўқотиб қўймаслик, одамлар орасида тафовут келтириб чиқармаслик учун ҳатто шахсий исмлардан воз кечилиб, рақамларга ўтилган.

Қиёсни давом эттирсак, Уинстон Смит аввал-бошдан Партия сиёсатига шубҳа билан қарайдиган, ундаги камчилик ва нуқсонларни кўра оладиган, сурбетларча юритилаётган мантиқсиз пропаганда бўш челакка кийдирилган тўн эканлигини пайқайдиган (пайқамай ҳам кўрсин-чи — ахир унинг ўзи эски китоб ва газеталардаги зиддиятларни тузатиш, янги факт ва рақамларга мослаштириш билан шуғулланади) инсон. Шунга қарамай, у ўзини ўтга-чўққа урмайди, дунёни яхши тарафга ўзгартириш, адолатсизликка қарши туриш ҳақида ўйламайди. Нима берилса шуни олади, ортиқчасини талаб этмайди, шу билан бирга, ҳақиқатни ёлғиз ўзи билиши билан қаноатланади. Оруэлл Смит тимсолида юқорида тилга олинган “руҳан эркин”лигидан кеккаядиган, лекин реал ҳаётда Буюк оға чизган чизиқдан чиқа олмайдиган зиёлиларни аёвсиз танқид қилади. Бош қаҳрамон кичик бир хато важидан аянчли аҳволга солиниши ҳам бежиз эмас — бу билан муаллиф “ички эркинлик”дан ўзича мамнун шахс адолатсизлик қўлидан барибир қочиб кета олмаслигини, бир куни қоралама мисоли ғижимлаб, ахлатхонага улоқтирилишини таъкидламоқчи бўлади.

Замятиннинг қаҳрамони — Д-503 эса ўзи қилаётган ишга, Ягона Давлатга сидқидилдан ишонади, садоқатли “рақам”, жамиятнинг тўлақонли аъзоси, “биз”нинг кичик бир бўлаги бўлишга интилади. Атавистик туйғулар бўғови қўл-оёғига банд солаётганидан юраги тилка-пора бўлган бу фуқаро жон-жаҳди билан инстинктларга қаршилик кўрсатади. Алжабрага, тартибга ва ақл кучига чексиз эҳтиром туйган Д-503 танасини чулғаётган девонавор муҳаббатдан даҳшатга тушади.

“Наҳотки бу ақлсизликлар — севги, рашк — аҳмоқона эски китоблардан ташқарида ҳам мавжуд бўлса? Қўрқинчлиси — менда мавжуд бўлса! Тенгламалар, формулалар, рақамлар...”, деб ҳайратини ифодалайди у.

“Биз”ни “1984” билан узвий боғлайдиган муштаракликлардан бири ҳам шу — қаҳрамонларнинг осуда ҳаётига айнан севги чек қўяди, уларнинг ақл қобиғидан ташқарига мўралаб, “телбалик” қилишига туртки беради. Таассуфки, ҳар икки ҳолатда ҳам бу кутилмаган уйғониш, кеч бошланган ҳаракат саодатсиз якунланади, имконсизлик деворига урилиб, чил-чил синади.

Яна бир жиҳат. Оруэлл тоталитар тузумнинг оммавий уйғонишга, исён кўтаришига йўл қўймас қатағон машинаси индивидуал чиқишларни қанчалик шафқатсиз топташини бор бўйича тасвирлар экан, барибир жамоавий бахт, умуминсоний манфаатлар, ўзгалар учун яшаш, бунёд этиш позициясидан чекинай демайди. Жамият ва шахсият ўртасидаги чуқур зиддиятларни ижтимоий келишув ва ўзаро ҳурмат йўли билангина ҳал этиш зарур деб билувчи интеллектуал коллективизм танлов ҳуқуқини ҳам тақозо этишини бот-бот таъкидлайди, жамиятдаги тартиб-таомил ислоҳ қилинса бас, деб ишонади.

Замятинга Оруэлл билан ҳамфикр бўлишга унинг сиёсий қарашлари шаклланган муҳит имкон бермас эди: Русия империясидаги ёввойи сиёсий муҳорабаларга гувоҳ бўлган, инқилобий кўтарилиш йилларида сўл эсерлар ҳаракатига яқин турган адиб Европа ойдинларининг маданий коллективизмини ва барча билан муроса қилиш истагини тушуна олмас эди. Ўша давр сўл ҳаракатларига хайрихоҳ бошқа зиёлилар сингари, Замятин ҳам инқилобни барча дардлар давоси, жамиятни ўзгартирувчи жарроҳлик амалиёти деб билди. Мамлакатни бир йилда икки карра ларзага келтирган сиёсий талотўп — либералларнинг буржуа-демократик ҳамда большевикларнинг социалистистик инқилоблари фаровонлик ўрнига уруш, очлик ва диктатура келтиргани ҳам уни ўз эътимодидан қайтара олмади. У анархист ва сўл эсерлар уюштирадиган учинчи инқилоб ғоясини дилига тугди. Романда исёнчилар тайёрлаган тўртинчи инқилоб мана шу ғояга ҳамоҳангдир. “Кишилик жамияти чексиз такомиллашиб бориши”га ишонган Замятин ўз қарашларини энг охирги ҳақиқат, шу тобдаги тартиботни эса энг охирги воқелик деб билувчи кучлар устидан кулади ва сўнгги инқилоб, сўнгги тузум, сўнгги аср, сўнгги раҳнамо каби даъволарнинг асоссизлигини оддий аналогия ёрдамида далиллайди:

“- Наҳотки тушунмасанг: сизлар уюштираётган нарса — инқилоб.

- Ҳа, инқилоб. Нега буни бемаънилик деб ўйлаяпсан?

- Бемаънилик-да, чунки инқилоб бўлиши мумкин эмас. Чунки бизнинг инқилоб охиргиси эди. Бошқа ҳеч қандай инқилоб бўлиши мумкин эмас. Буни ҳамма билади...

- Азизим, сен математиксан. Менга охирги сонни айт-чи.

- Қанақа охирги сонни?

- Охирги, энг юқори, энг катта сонни.

- Лекин, Бир, бу — бемаънилик. Сонлар миқдори чексиз-ку, охиргисини қаердан оламиз?

- Шундай экан, охирги инқилоб дея ҳукм чиқариш тўғрими?”

Русия империясини ва икки инқилобни кўриб, уларнинг барига мухолиф бўлган, умрининг ниҳоясини қувғинликда ўтказган ёзувчидан жамиятга ишончни кутиб бўлармиди? Таққосланаётган икки китоб орасидаги яна бир зиддият шундан илдизланади: муштарак “олтин қафас”, ўхшаш фабула, бир хил лейтмотив, эгиз олийжаноб мақсад ва мудҳиш хотимага қарамай, Оруэлл ёрқин оптимизмга содиқ қолади, жамиятни таҳдидга қарши бирлашишга чорлайди. Замятин эса “ҳақиқатнинг зарурий белгиси унинг шафқатсизлигидир”, деган хулосага келади ва ўқувчиларига танлов имкониятини қолдиради. У тарғиб этишни, ўзгаларни етаклашни эмас, сўз ғиштларидан ҳаётий мураккаблик ва зиддиятлар иншоотини барпо этишни ўз миссияси деб билади. Зеро, “бутун ҳаёт ўз мураккаблиги ва гўзаллиги билан сўз ёмбисига мангуга зарб этилган” экан, калом бизга чалкаш илонизи сўқмоқларда йўл топишда ёрдам беради. Бу йўл қайсидир жиҳатдан тўғри, қайсидир жиҳатдан эса нотўғридир. Бу ҳақиқатни қабул қилиб, инсоннинг номукаммалигига иймон келтириб, мазмунли умр кечиришга интилишнинг ўзиёқ ҳаёт мазмунидир балки.

“Биз”нинг сўнгги саҳифасини ёпгач, ўйга толасиз: ёзувчи нима демоқчи ўзи? Менга нимани ўргатмоқчи? Инсонийликни асраш учун нима қилиш керак — муроса йўлини танламоқми, қалам, ғоя, сўз билан қуролланиб, майдонга чиқмоқми? Атрофдагиларга эзгу сўз, эзгу амал хислатларини етказмоқми, яхшилар ҳаётини яшамоқми? Ёхуд сайёранинг бирор тинч бурчагига қочмоқми? Овора бўлманг, китобда бу саволларга жавоб йўқ. Жавобни ичкари ва ташқаридан — қалб қатлари, ҳаёт тажрибалари, гавжум кўчалар, бепарволик, қувонч, ҳамдардлик, хавотир, ғазаб, севги, рашк, нафрат, бахт, ташвиш ифодаси муҳрланиб қолган нигоҳлардан қидириш керак. Ва бу нигоҳлар, сўзлар, кўчалар, юрак саси ҳаммага ҳар хил жавоб айтади. Ахир дунё мана шу хилма-хиллиги билан гўзал ва бетакрор эмасми?

“Биз” — “1984” ва навбатдаги китоб ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ҳам ўтайди. Омма ва индивид орасида тенгли сақлаш, мувозанатда яшаш ҳикматини ҳар ким ҳар хил тушунади. “Бизми, менми?” саволига Оруэлл ишонч ила “Биз!” дейди, Замятин эса иккиланаётганини тан олади. Лекин адабиётда баралла янграган “Мен!” деган жавоб ҳам бор.

Олам — истеъдод кифтида

Айн Рэнд, “Атлант қаддини ростлади”

-4

Алиса Зиновьевна Розенбаум босиб ўтган ибратли йўлнинг ўзиёқ қалбга ажиб илҳом бағишлайди. Худди Замятин каби Русия империясида туғилган, ёшлиги инқилоблар авжига тўғри келган Айн Рэнд умрини бошқача яшаб ўтишга қарор қилди. Англияда истиқомат қилаётган Замятин инқилобий еллар эса бошлаганидан хабар топиб, 1917 йил сентябрида Россияга қайтиб келган ва сиёсий жараёнларда фаол қатнашган эди. Янги сиёсий тузумга катта умид боғлаган адиб тез орада янглишганини тан олди ва қазосига қадар қалами ила ўз идеаллари учун курашди. Сиёсатдан мутлақо узоқ, кўнгил дафтарини варақлаш, онг пучмоқларига етишгагина иштиёқманд Айн Рэнд эса келажагини инқилоб билан ҳам, Россия билан ҳам боғламасди. Унинг бош истаги сиёсий воқеалар гирдобидан юлқиниб чиқиб, сўлларга ҳам, ўнгларга ҳам, ватанпарварларга ҳам, миллатчиларга ҳам, байналмилалчиларга ҳам тупуриб, ўзи хоҳлагандай турмуш кечириш эди. Бу талпиниш унинг ижод йўлини белгилаб берди, у ўз иштиёқини миллионлаб одамларга юқтирди.

Хуллас, 21 ёшли қиз Рига орқали Берлинга кўчиб ўтди, у ердан АҚШга йўл олди. Етти–саккиз йил Чикаго ва Лос-Анжелес тамаддихоналарида идиш-товоқ ювди, газета сотди, Ҳолливудда либос устаси ва статист бўлиб меҳнат қилди, доимий иш ва даромад манбаи қидириб сарсон кезди. Ниҳоят, катта кинокомпаниялардан бирига мўмайгина ҳақ эвазига сценарий сотиб, пул ташвишидан бир муддат қутулди-да, ижодга шўнғиди.

Баён этилган таржимаи ҳолни ҳар ким ўз маслагига қараб турлича талқин қилади. Кимгадир етук иқтидор соҳибасининг шундай даврда ватанини тарк этгани уятли туюлади. Яна кимдир уни жамият хизматидан кўра шахсий фароғатини афзал кўрган деб ёзғиради, бунинг “яхши” ёки “ёмон”, “тўғри” ёки “нотўғри” сифатида баҳоланиши — алоҳида масала.

Бироқ Айн Рэнд асос солган объективизм (ёки рационал индивидуализм) таълимотининг моҳияти ана шунда. Унга кўра, одамлар маълум даражада худбин бўлиши, ўз орзу-мақсадларига интилиши лозим. “Бахтга эришиш — ҳаётингиздаги ягона ахлоқий мақсад”, — дейди адиба қаҳрамони тилидан. “Ҳаётингиз сизга тегишли, яхшилик — ўзингиз учун яшашдир”, деб таъкидлайди у.

Бу ёндашув кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлади, албатта. Чунки худбинликнинг жиддий нуқсонлиги, омма манфаати ҳар нарсадан устунлиги миямизга қуйиб келинган. Айтиш жоизки, Ғарбда ҳам коллективизм ихлосмандлари Айн Рэнднинг ғайриижтимоийлигини “фош этиш”дан бирор сония тўхтагани йўқ.

Ваҳоланки, рационал индивидуализм ғояси замирида буюк ҳикмат ётади. Аслида, шахсий ва жамоавий эгоизм ўзаро зид эмас, мутаносиб тушунчалардир. Жамият шахслардан таркиб топган экан, унинг алоҳида аъзолари қалбидаги матлаб ва ниятлар ҳам уюшиб, жамоавий манфаатларни ташкил этмоғи лозим (умумий деб қаралган мақсадлар эса кўпинча муайян гуруҳлар манфаати бўлиб чиқади). Ҳар ким ўз бахти, такомили йўлида саъй қилса, бу охир-оқибат бутун жамият такомилига элтади. Жамиятнинг вазифаси ҳар бир аъзосини ўз мафкурасига хизмат қилдириш эмас, унинг ўзи хоҳлагандек яшашига, севимли иши билан шуғулланишига шароит яратиб беришдир. Жамиятга хизмат сиёсатнинггина имтиёзи эмас. Қўли ширин ошпаз, уддабурон кашфиётчи, ҳалол фаррош ўз вазифасини маҳорат ила адо этиши эвазига мукофот олиши учун капитализм оламида капиталист, коммунистик давлатда коммунист бўлиши шарт эмас. Ҳар бир кишининг салоҳиятини рўёбга чиқарадиган, ўз аъзосини табаа эмас, биринчи галда инсон деб биладиган жамият ҳам ўз фуқаролари томонидан қадрланади, ардоқланади, ҳимоя қилинади.

Рэнд объективизмнинг яшовчанлигини ўз ҳаёти мисолида исботлаб берди. У “Сен сиёсат билан шуғулланмасанг, сиёсат сен билан шуғулланади”, деган ибора мағзини жуда эрта чақди. Инқилобдан сўнг Розенбаумлар оиласининг мол-мулки мусодара этилди, улар Қримга кўчишга мажбур бўлди. Ҳар қандай сиёсий ҳаракатлардан четда туришига қарамай, “насл-насаби буржуа” бўлгани сабаб Петроград университетидан ҳайдалди. Бироқ бу кўргуликлар унинг иродаси мустаҳкамлади, холос. Баъзи танқидчилар таъбирича, “худбин мақсадлар йўлида” яшаган Айн Рэнд ўзидан бой ижодий мерос қолдирди, миллионлаб қалбларга таъсир ўтказди, уларнинг ҳаётини ўзгартирди. Яъни унинг эгоизми ахийри альтруизмга дўнди.

Фаолияти давомида Рэнд тўртта роман, шунингдек, фалсафага доир талай рисолалар ёзди. “Атлант қаддини ростлади” — тўртинчи ва охирги роман унга оламшумул шуҳрат келтирди, миллионлаб ўқувчиларнинг китоб жавонидан ва қалб тўридан жой олди, жаҳон адабиёти хазинасининг нодир гавҳарига айланди. Учта катта-катта жилд, салкам минг бетдан иборат, услуби мураккаб, воқеалари суст кечадиган бу китоб қисқалик ва жўнликка ўрганган асримизда юксак эътирофга сазовор бўлишининг ўзи бир мўъжиза.

Роман мени серқирралиги, кўп мақсадлилиги, ҳар бир ўқувчига ўзгача хулоса тортиқ этиши билан лол қолдиради. Тожир билан гаплашсангиз, “Атлант”ни “капиталистлар китоби” деб атайди; ҳассос қалб соҳиби билан даврадош бўлиб қолсангиз, Айн Рэнднинг асари унга ўзида куч топишга ёрдам берганини тан олади. Мен учун эса бу яна бир сара антиутопиядир. Аниқроғи, унда антиутопия остонасидаги жамият қисмати ифодаланган.

Воқеалар яқин келажакда “Атлант” оламида, АҚШда рўй беради. унда Замятиндагидек ноёб илмий-фантастик технологиялар, Оруэллдагидек ялпи назорат ва тақиқлар йўқ. Барчага яхши таниш, одатий технологик ечимлар қўлланади, бугунга қадар деярли ўзгармаган сиёсий ҳаёт дарёси мавжланади. Муаллиф яқин келажак тавсифи баҳонасида ўз замонасига чизги беради, одамийликдан маҳрум бўлиш учун диктатура шарт эмас, ёппа иккиюзламачиликнинг ўзи кифоя эканидан огоҳлантиради.

Рэнд АҚШида Оруэлл Океаниясидаги янглиғ телескринлар мавжуд эмас, лекин оммавий ахборот воситалари оқни қора, қорани оқ қилиб кўрсата олади; ҳеч нарса расман тақиқланмаган бўлса-да, de facto номақбул шахсни “фош қилиб”, лойга ботириб, “ўз ихтиёрига кўра” ижтимоий фаолликдан четлатиш мумкин; ингсоц (Engsoc — инглиз социализми) ҳокимият тепасида эмас, бироқ “умумий манфаатлар-у инсонпарварлик”ни дастак қилиб, жамият фикрини у ёки бу томонга буриш — карнайчидан бир пуф; рақобатда бир томон ўзиб кетса, “жабрланувчилар”ни “ҳимоя қилиш” мақсадида иқтисодий санкциялар қўллаш, монополия ўрнатиш ҳеч гапмас. Тобора гуллаб-яшнаш, жамият манфаатлари устуворлигидан бонг урилади-ю, давлат орқага кетаверади, темир йўллар занглаб, яроқсиз бўлиб бораверади, турмуш тарзи ёмонлашаверади, ғазнанинг туби кўриниб қолади, зиёлилар маънавиятни, ҳалолликни тилдан қўймайди-ю, аммо ўғрилик, иккиюзламачилик, қаллоблик, бепарволик гуркирайверади. Яқинлашаётган ҳалокат сабабларини ўзидан қидиришни хаёлига ҳам келтирмайдиган сиёсатдонлар, журналистлар, олимлар ва шоирлар ҳадеб авомнинг ахлоқсизлиги-ю, тадбиркорларнинг юлғичлигидан нолийди...

Аслида жамият вабоси бўлмиш бу иллатларни ҳар қаерда топиш мумкин. Дунёнинг ҳар бир давлатида меҳр-оқибатдан гапириб, чўнтагингга қўл соладиган ахлоқ жарчилари-ю хавф туғилганда дуч келган тешикка кириб кетадиган сохта фидойилар бор. Манипуляция қилиш учун Newlang кашф этишга ҳожат йўқ, Рэнд хаёлоти яратган АҚШдагидек чўзиқ, баландпарвоз, маъносиз жумлалар тизиш, аниқ жавоб беришдан қочиб, гапни биродарлик ва меҳр-мурувват атрофида айлантириш кифоя. Илмий комиссиянинг Реарден металли юзасидан берган хулосаси ғаройиб: бир-бирига боғланмаган илмий атамалар-у сиёсий қолипда пишитилган шаблонлар қоришмасидан иборат матнда металлнинг хавфи, зарари ҳақида лом-мим дейилмайди, “қотишма маълум шароитларда ўз мустаҳкамлигини йўқотиши мумкинлиги назарий жиҳатдан истисно этилмайди” қабилидаги умумлашмалардан нарига ўтилмайди. Бу “олимлар” на тажриба ўтказиб кўргани, на етарли назарий билимга эгалиги маълум бўлади. Шунга қарамай, аввал-бошдан шакллантирилган оммавий нуқтаи назар сабаб ҳужжат металлнинг зиёнини аргументлади, деб топилади (табиийки, манипуляцияга лаққа тушган жамоатчилик мужмал тили боис хулосани ўқиб ҳам кўрмайди). Бундай усти ялтироқ, ичи қалтироқ ҳужжатлар, матнлар, мақолалар бизнинг замонимиздаги ахборот маконида ҳам кам эмас.

Демак, Айн Рэнд романда қандайдир антиутопик оламни эмас, ўзимизнинг кунларни акс эттиради, ҳар қадамда учрайдиган нуқсонларни, ғирромликларни нишонга олади. Шу маънода, у Замятин ёки Оруэллдан кўра шафқатлироқ — инсоният ҳали тубсиз ботқоққа ботгани йўқ, ҳали нажот имконияти бор деб ҳисоблайди. Бунинг ечимини ҳавола этади. Чунончи, жамиятда турли-туман қарашлар бирга яшаши ижтимоий қонуният эканини, улардан бири бошқаларидан юқори мавқе эгаллаши хавфли оқибатларга олиб келишини, тенглик бузилишини уқтиради. Яъни гап яна ўша олтин мўътадилликка бориб тақалади.

Доимий ўсиш, ўзгариш учун эса Рэнд Атлантга айланишни таклиф қилади. Унинг фикрича, олам иморати айнан Атлантлар — истеъдодли бунёдкорлар, кашфиётчилар, ижодкорлар, турли соҳа усталари кифтида турибди. Бундайлар қанча кўпайса, замин шунча мустаҳкам таянчга эга бўлади. “Минглар бўламиз — ва ҳеч ким бизга бас кела олмайди, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди. Ўн минглар бўламиз — ва биз ўз юртимизни танимай қоламиз!”

Новвой епган нон қорнимизни тўйдирса, ҳайдовчи, учувчи узоғимизни яқин қилади, ёзувчи асаридан эстетик завқ олсак, муаллимлар қўлида билимимизни оширамиз. Кишилик жамияти бамисоли мозаикадир — одамлар, соҳалар, қарашлар ҳурмат ва тоқат елими ила жипслаштирилиб, бир-бирини тўлдириб, гўзал расм шаклига киради. Бирор бўлагини нокерак деб олиб ташласак, кемтик ҳосил бўлади. Ўрнини бошқаси билан ёпмоқчи бўлсак, мутаносиблик бузилади, бир вақтлар суқланиб боққанимиз расм қуроқлардан тикилган Франкенштейн қиёфасини касб этади.

* * *

Тунги фонусларни сир тўла чақноқ кўзлар, маъюс шивалаётган ёмғирни — улардан тўкилаётган кўзёшлар деб тасаввур этиб, бу манзарани дераза ортидан хаёлан томоша қилар эканман, ўйлаб ўйимга етолмайман. Мен қаердаман? Катта оламдами, Кичик оламдами? Эркдами, тутқунликдами? Мени моҳиятдан нима ажратиб турибди — дераза, қатра ёш, ёмғир ва тунги фонусларми, ёки онгимни қоплаган қўрқувлар, тақиқлар, кўникмалар чакалакзорими?

Қаердалигимни, кимлигимни, нималигимни, келажакда мени қандай қисмат, қандай қувончу қандай синовлар кутаётганини билгим келади. Уддалай олмай ҳалак бўламан, вужудим саросимадан бўшашади. Уфққа тикилиб, сассиз савол бераман, сассиз жавоблар келади, уларни-да англашга қурбим етмайди, зеро “Чархдин ком истамак эрмас бани одамға қурб”. Курашмоқ керакми, қочмоқ керакми? Балки қочмоқнинг ўзи бир курашдир? Балки яшамоқнинг ўзи бир қаҳрамонликдир...

Шарҳимга ана шундай мавҳумлик ҳисси билан хотима ясайман, чунки мавзу тўлалигича очилмади, ўқувчида ундовлар эмас, сўроқлар пайдо бўлди. Тан оламан, ўзимнинг ҳам ҳафсалам пир бўлди, ёзганимдан қониқмадим, инсон идрокининг чеклангани панд берди. Бу чекловни енгиб ўтсак, балки бир кун аниқ жавоблар, аниқ ечимларга ҳам эга бўлармиз. Ҳозирча ҳамманинг ўз ҳақиқати борлигини эътироф бошқа хулоса айта олмайман.

Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор экан, бу ҳақиқатлар рўёбга чиқсин. Одамга нон, китоб, танлов ҳуқуқи беринг. Қорнини тўйдириб, китоб ўқиган одам тўғри танлов қилади. Одамга ишонинг, ва у ишончингизни оқлайди.