Найти тему
16 подписчиков

➖➖➖😏😀😍😀😏😏😜🤥


ҲАЁТ

– Дўстим, камнамосан нега мактабда,
Айт, ахир йўлингни тўсаётган ким?
Бир мунча гап бўлди кеча сен ҳақда,
“Отасиз етимча”, деди муаллим.

– Товоним куйдирар ҳаёт номли чўғ,
Бировга кулгиман, бировга гапман.
Онам бетоб, уйда ейишга нон йўқ,
Ғишт ташияпман.

– Дўстим, болаликнинг ўтди севинчи,
Бугун олийгоҳда энг олди сафман.
Раиснинг ўғли деб олишди. Сен-чи...?
– Ғишт ташияпман.

– Дўстим, “ёғ”ли жойда бўлдим амалдор,
Ишонсанг, пул санаб адашаяпман.
– Менинг жўжабирдай болаларим бор,
Ғишт ташияпман.

– Дўстим, бир ишора қилар бўлсам бас,
Бир зумда ечилар ҳар қандай тугун.
Инсон борки, менга қилади ҳавас,
Еру кўк жилови қўлимда бугун.

Суф десам тескари оқа бошлар сув,
Иста, ўзгартирай умринг шарҳини.
– Дўстим, мен каби ғишт ташувчилар кўп,
Имкон бўлса, тушир ноннинг нархини.

✍️Ифтихор ХОНХЎЖАЕВ
Около минуты