16 подписчиков
⚡️🌎ТАЛОФАТЛАР ТАРИХИ: НЕГА ТЎФОНЛАРГА АЁЛЛАР НОМИ БЕРИЛГАН?
Ҳар гал қаердадир тўфон содир бўлгани ҳақида ўқирканмиз, албатта, унинг номига кўзимиз тушади: «Яги» тўфони, «Изабелл» тўфони, «Ҳарви» тўфони... Тўфонларга нега асосан аёллар исми қўйилади? Сўнгги йилларда содир бўлган энг йирик тўфонларни биласизми? Қуйида шулар ҳақида.
➖Номланиш тарихи
Йирик тўфонларни номлаш ХХ асрнинг бошларига бориб тақалади. Илк бор тўфонларни австралиялик Клемент Рагг номлай бошлаган.
Рагг тўфонларни табиат ҳодисаларини ўрганиш учун маблағ ажратишда жонбозлик кўрсатган парламент аъзолари номлари билан атаган.
Иккинчи жаҳон уруши пайтида америкалик ҳарбийлар Кариб ҳавзасида содир бўлган тўфонларга турмуш ўртоқлари ёки оналарининг исмларини қўйишган.
1950 йилдан бошлаб эса тўфонларга ҳарбий алифбо фонетикаси асосида ном бериш тизими жорий этилади. 1953 йилда тўфонларга яна аёллар исмини қўйиш тартибига қайтилади. Эркакларнинг фикрича, аёллар тўфонга ўхшашади ва ҳеч нарса ғазабланган аёл каби бузғунчи кучга эга эмас.😜
😀Сўнгги йиллардаги энг йирик тўфонлар
➖«Ҳайян» тўфони
Тўфон 2013 йил 3 ноябрь куни Тинч океанида шаклланади ва асосан Филиппин, қисман Хитой ҳамда Вьетнамга зарар етказади. БМТ маълумотига кўра, 8 кун давом этган тўфон туфайли 11 миллион одам жабрланади. Етказилган зарар 3 млрд. доллар ҳисобланган.
➖«Ҳарви» тўфони
«Ҳарви» АҚШ тарихида юз берган энг йирик табиий офатлардан бири бўлиб, 2017 йил 17 август куни Кариб ҳавзасида шаклланган ва 2 сентябрда тўхтаган. Натижада 107 киши ҳаётдан кўз юмган, мамлакат иқтисодига 125 млрд. доллар зарар етказилган.
➖«Айк» тўфони
2008 йил 1 сентябрь куни Атлантика океанининг Африка қитъаси ғарбий қисмига яқин ҳудуддан бошланган офат 214 кишини ҳаётдан олиб кетади ва АҚШга 38 миллиард доллар зарар келтиради.
➖«Наргиз» тўфони
2008 йил 27 апрель. Ҳинд океани шимолидаги Бенгал қўлтиғида шаклланган тўфон 5 кун давом этади. Табиий офат туфайли қарийб 100 000 одам ҳалок бўлади, 56 000 киши бедарак йўқолади. Юз минглаб оила бошпанасидан айрилади. Умумий ҳисобда 2,4 млн. одам жабрланади.
➖«Катрина» тўфони
«Катрина» тўфони 2005 йил 23 августда Кариб ҳавзасида, Багам ороллари яқинида шаклланади. 30 август куни сўнади. Оқибатда 1 836 киши ҳалок бўлади. 700 минг одам уй-жойсиз қолади. Умумий ҳисобда «Катрина» АҚШга 125 млрд. доллар миқдорида зарар етказади.
1 минута
12 сентября 2024