16 подписчиков
🙄🤣😀🤬😑😀😓😀🤥
“НИМА БИЛАН УРДИ?”
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида вилоят партия қўмиталари иккига бўлинган: саноат партия қўмитаси, қишлоқ хўжалиги партия қўмитаси. Шу даврлар ҳар бир майда-чуйда гаплар билан ҳам партқўмларга шикоят қилиш авж олган экан.
Вилоятнинг нуфузли идорасига бошини дурра билан боғлаб олган аёл келибди. Эшикбонлар ундан келишининг мақсадини сўрашипти.
– Обқўмга арзим бор, – депти аёл.
– Қайси обқўмга?
– Обқўмга-да!
– Ҳозир иккита обқўм бор: қишлоқ хўжалик обқўми, саноат обқўми. Қайси бирига арзингиз бор?
Аёл жавоб беролмай ҳайрон бўлибди.
– Нима масалада келгансиз?
– Эрим урди. Шундан шикоят қилиб келдим. Қайси обқўмларингга киришим керак.
Энди эшикбонлар ҳам ўйланиб қолишибди.
– Эрингиз нима билан урди? – сўрабди улардан бири аёлнинг боши боғланганлигига ишора қилиб.
– Шоли ўргани кетиб, ярим кечаси ширакайф бўлиб келувди, “ўша ёқда тунаб қолавермабсиз-да” девдим, “Э-э” деди-ю қўлидаги ўроқни ирғитиб юборди. Шунда...
– Демак, ўроқ билан экан-да, – дебди эшикбон танга топган калдай илжайиб. – У ҳолда қишлоқ хўжалик обқўмига кираркансиз, опа... Мабодо, болға билан урганда саноат обқўмига кирардингиз.
Каналимизга обуна бўлинг ва энг сўнгги янгиликларни кузатиб боринг
1 минута
23 мая 2024