Найти в Дзене
17 подписчиков

#Хотира_кадрлаш_куни #9май


УРУШ

Уруш тугаб кетган аллақачонлар,
Босилмиш тўзонли жангларнинг чанги.
Тинчлик деб тупроққа тўкилган жонлар
Она Ер қалбидан жой олмиш мангу.

Уруш тугаб кетган,
У энди тарих,
Сарғиш мактубларда қолмишдир доғи.
Оловли йилларнинг шонли ҳам тахир
Ёдидан сўзлайди Ғалаба Боғи.

Уруш тугаб кетган…
Эсланар элас,
Гўё тўзғигандай тонгда ёмон туш.
Лек, дўстлар… у буткул кўмилган эмас –
Ҳандақда пайт пойлаб ётибди Уруш.

Қонсираб, жонсираб тўлғонади у,
Ўлим майдонида саргузашт излар.
Онгларга қуяркан томчилаб оғу,
Алаҳлар: “Туғилсин янги фашистлар!”

Занглаган рамзларни сайқаллаб яна,
Чириган байроқни ямасам, дейди.
Пайҳон гулзор узра қилиб тантана,
Гўдаклар қонини яласам, дейди.

Иноқ кўнгилларга солиб қутқу, кин,
Минг йиллик дўстларни пинҳон қайрагай.
Чиқолмас – тўрига тушиб қолса ким,
Ўргимчак мисоли ямлаб, яйрагай.

Минали далада юрган аскардек
Мажбурмиз ҳар лаҳза бўлмоққа ҳушёр.
Худо, деган элни Ўзи асрар, лек
Қисматнинг беомон савашлари бор.

Биз ерга бир ниҳол қадаган дамда
Қай зотлар минг ажал уруғин экар,
Кўпкари ҳолига тушган оламда
Талашиб ётибди хунхўрлар эгар.

Зангори экранга тикилиб гоҳо,
Инграйсиз қора ғам исканжасида.
Гўё босиб келар ёвуз аждаҳо,
Эзғилаб дилларни кир панжасида.

Зулмат шарпасидан чўчиган қизим
Пинжимга суқилиб, маҳкам ачомлар:
Қучаман: “Қўрқмагил, сен – кулар кўзим,
Уруш тугаб кетган аллақачонлар!»

Жажжи юрагини асрамоқ учун
Қалқонман – қалбини тилмасин хуруж.
Лек… кўз-кўз қиларкан разолат кучин,
Биз учун ҳеч қачон тугамас уруш!
#Хотира_кадрлаш_куни #9май  УРУШ  Уруш тугаб кетган аллақачонлар, Босилмиш тўзонли жангларнинг чанги. Тинчлик деб тупроққа тўкилган жонлар Она Ер қалбидан жой олмиш мангу.
1 минута