17 подписчиков
😏😀😍😀😏😏😜🤥
ҚАРЗ
Бир куни гапдан-гап чиқиб, ака-укалар ойимга ҳазиллашдик:
— Ҳар ой пенсия оласиз. Шунча пулни қаёққа қўйяпсиз? Сандиққа босяпсизми?
— Сандиқ қатта, болам? — деб кулди онам. — Қарзларим бор. Ўшанга бераманда.
Акамнинг қовоғи осилди:
— Қарз? Ҳали бировдан қарз ҳам оласизми?
— Э, сенга нима, болам! Менинг ишимга аралашиб нима қиласан?
Кейин гап бошқа ёққа айланиб кетди. Бу суҳбатни бутунлай унутиб юборган эдим. Қайси куни эрталаб ҳовлида айланиб юрсам, қўшнимизнинг етти яшар қизчаси Нилуфар чиқиб қолди. Оппоқ бантик тақиб, атлас кўйлак кийиб олибди.
— Ҳа, Нилу, ясаниб олибсан, меҳмонга кетяпсанми? — дедим эркалаб.
— Бугун ман туғилдим, — деди у қоп-қора кўзларини пирпиратиб жилмаяркан.
— Ия, юбиляр экансанда, шошмай турчи, ҳозир...
Уйдан бир ҳовуч конфет олиб чиқдим.
— Мана, ўртоқларинг билан е.
Нилуфар катталардек жиддий бош чайқади:
— Мен ишкалад емайман. Тишим тушган. — Кейин яна ўша жиддий оҳангда қўшиб қўйди: — Бултур пошша бувим менга туфли олиб берувдилар. Туғилганимда. — Қизча ўйланиб қолди. — Кейинчи, Баҳога уч оёқли велосипед, Бахтига кўйлак...
Қўлимдан конфет тушиб кетди...
✍️Ўткир Ҳошимов ( Дунёнинг ишлари китобидан )
Каналимизга обуна бўлинг ва энг сўнгги янгиликларни кузатиб боринг
1 минута
22 апреля 2024