Ўзбекистонда жазони ўтаётган ёшлар замонавий касбларга ўқитилади Президент томонидан 2026 йил 27 март куни “Жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларни замонавий касбларга ўқитишга оид чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Қарорга кўра, жазони ўтаётган ёшлар учун “Иккинчи имкон” номли ижтимоий реабилитация миллий лойиҳаси амалга оширилади. Жорий йил 1 июндан Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги, 2027 йил 1 мартдан эса республиканинг бошқа ҳудудларидаги жазони ижро этиш муассасаларида ёшлар замонавий рақамли касбларга ўқитилади. Курслар 8–12 ой давом этадиган интенсив дастурлар асосида ташкил қилинади. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва оғир бўлмаган жиноятларни содир этган ёшлар курсларга жалб қилинади. Талабалар инглиз, рус, хитой ва бошқа тилларни ҳам ўрганади. Курсни муваффақиятли тамомлаган ёшлар электрон сертификат билан тақдирланади. Мазкур лойиҳа жазони ўтаётган ёшларни жамиятга қайта интеграция қилиш ва уларни замонавий касблар билан таъминлашга қаратилган.