Добавить в корзинуПозвонить
Найти в Дзене
Suvanov Bahromjon

#Геополитика #ГлобалХавфсизлик #Стратегия #НАТО #БМТ #ЕвропаИттифоқи #ЭнергетикаХавфсизлиги #Дипломатия #Эрон #МарказийОсиё #ЯқинШар #Логист

Яқин Шарқдаги 10 миллиард доллардан ошган харажат: Нима учун глобал тараққиёт ўрнига уруш танланди? Бугунги кунда АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятлар ҳамда Яқин Шарқ минтақасидаги вайронагарчиликларни, айниқса, нефть-газ инфратузилмаларига етказилган зарарларни ҳисобга олсак, йўқотишларнинг энг кам миқдори 10 миллиард доллардан ошиб кетди. Маълумот учун, биргина АҚШнинг ҳарбий харажатларининг ўзи 6 миллиард доллардан ортгани айтилмоқда. Бундай стратегик ҳисоб-китоблар аччиқ ҳақиқатни очиб бермаяптими? Мазкур низолар минтақа доирасидан чиқиб, энди Европа ва Осиёга, қолаверса, бутун жаҳон иқтисодиётига зарба бермаяптими? Жавоб оддий: ҳа, албатта. Бу уруш нафақат ҳарбий тўқнашув, балки иқтисодий-сиёсий тарафкашликни келтириб чиқариб, Евроосиё қитъасини ўз домига тортмоқда. Техника тараққиёти авжига чиққан XXI асрда инсоният шундай вайронагарчиликларга гувоҳ бўлиб турибди. Биз ҳозирча фақат хом ҳисоб-китоб қиляпмиз, холос. Эртага вайрон бўлган инфратузилмаларни тиклаш учун бугунгидан

Яқин Шарқдаги 10 миллиард доллардан ошган харажат: Нима учун глобал тараққиёт ўрнига уруш танланди?

Бугунги кунда АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятлар ҳамда Яқин Шарқ минтақасидаги вайронагарчиликларни, айниқса, нефть-газ инфратузилмаларига етказилган зарарларни ҳисобга олсак, йўқотишларнинг энг кам миқдори 10 миллиард доллардан ошиб кетди. Маълумот учун, биргина АҚШнинг ҳарбий харажатларининг ўзи 6 миллиард доллардан ортгани айтилмоқда.

Бундай стратегик ҳисоб-китоблар аччиқ ҳақиқатни очиб бермаяптими? Мазкур низолар минтақа доирасидан чиқиб, энди Европа ва Осиёга, қолаверса, бутун жаҳон иқтисодиётига зарба бермаяптими?

Жавоб оддий: ҳа, албатта. Бу уруш нафақат ҳарбий тўқнашув, балки иқтисодий-сиёсий тарафкашликни келтириб чиқариб, Евроосиё қитъасини ўз домига тортмоқда. Техника тараққиёти авжига чиққан XXI асрда инсоният шундай вайронагарчиликларга гувоҳ бўлиб турибди. Биз ҳозирча фақат хом ҳисоб-китоб қиляпмиз, холос. Эртага вайрон бўлган инфратузилмаларни тиклаш учун бугунгидан икки-уч баравар кўп маблағ сарфлашга тўғри келади. Майли, бу-ку пулдир, лекин ҳалок бўлаётган беайб инсонларни қайта тирилтириб бўладими? Табиатга, экологияга етказилган улкан зарарларни-чи, уларни қоплаш имкони борми?

Агарда шу можаро дипломатия йўли билан ечилиб, юқорида қайд этилган миллиардлаб маблағлар "Олтин кўприк" концепцияси асосида сарфланганда эди, дунё қандай ўзгарарди? Эронни минтақанинг асосий бўғини сифатида глобал тараққиёт йўлига йўналтириш қандай натижа берарди?

Тасаввур қилинг, Ғарб ва Яқин Шарқ барқарорлик ва савдодан бирдек манфаат топган бўларди. Жумладан, Эронни замонавий логистика ва энергетика тизимига интеграция қилиш орқали қуйидагиларга эришиш мумкин эди:

· Инфратузилма: Марказий Осиё ва Яқин Шарқни Туркия орқали Европа билан боғлайдиган тўғридан-тўғри энергия ва савдо йўлаги. Эрон бунда асосий "Олтин кўприк" вазифасини ўтарди.

· Энергетика хавфсизлиги: Эрон, Сурия ва Марказий Осиёдан келадиган газ ва нефть учун қуруқликдаги тўғридан-тўғри йўллар Европанинг узоқ муддатли мустақиллигини таъминлаган бўларди.

· Глобал боғланиш: Барқарор Эрон ва Туркия орқали Ҳиндистон ва Покистон бозорларини Европа билан боғлайдиган ишончли қуруқлик алоқаси яратиларди.

Ғарбга тинчлик керак эмасми, тараққиёт-чи? Агар керак бўлса, ягона ечим — дипломатия. Янги замон урушининг қонуни шундай: уни ким бошлаган бўлса, фақат ўша тўхтата олади. Акс ҳолда, ҳеч қайси томон ҳақиқий ғалабага эриша олмайди.

Бу муқаррар — можаро иштирокчилари эртами-кечми Эрон билан музокаралар столига ўтиришади. Аммо ўшанда жуда кеч бўлиши мумкин. Чунки босқинчилик ва қирғинлар Эрон халқининг тарихий хотирасида қолади, келажак авлодлар вайронагарчилик сабабчиларини ҳеч қачон унутишмайди.

Тарих бизни бугунги кечикишлар учун кечирадими? Ҳар бир иккиланиш беайб одамларнинг ҳаётига зомин бўляпти, авлодлар ўртасидаги адоват оловини кучайтиряпти ва ҳеч қандай пул билан тузатиб бўлмайдиган гуманитар фалокатни келтириб чиқаряпти.

Нима учун етакчи таҳлилий марказлар бу стратегик муқобилдан қочишяпти? Нима учун эътибор тинчлик келтирадиган фойдага эмас, балки доимо ҳарбий бюджетларга қаратилади?

Ғарб учун урушлар эмас, балки кўприклар қурадиган дипломатия билан шуғулланиш фурсати етмадими? Эски гегемонизмдан янгича, тенг ҳуқуқлилик принципига ўтиш вақти келди. Вайронкорликни молиялаштиришни тўхтатиб, минтақаларни боғлайдиган "Олтин кўприк"ка эътибор қаратиш энг тўғри йўл эмасми? Инвестициялар ва иқтисодиёт орқали дунёни бошқариш ҳамма учун фойдалироқ эмасми?

Муаллиф Суванов Б.Х.