НИҲОН СИРЛАР АЁН ФАСЛИ
Гўё айғоқчидай келмиш бу шафқатсиз хазон фасли
Мисоли жон сўраб турган Азозил – беомон фасли.
Ажаб, қай кун келиб қўндим хароб карвонсарой узра
Нетай, бошимдадир бу дам умрнинг кўп ёмон фасли.
На улгурдим қилиб тўйлар, бугун боғда хазон куйлар
Хаёлда заъфарон ўйлар, ишончсиз, сергумон фасли.
Бугун кўнгилда истиғфор: “Раҳм қилғил, аё жаббор
Ҳали не-не умидим бор...” Сўрарга ал-амон фасли.
Нидо келди: “ Неча зўрлар, кибрли, дил кўзи кўрлар
Кетишди, қолдилар гўрлар, ўтиб соҳибзамон фасли.
Қилиб куфронаи неъмат, тилингда замзама, миннат
Атарсан кузни шумният, умрнинг нотавон фасли.
Магар кўнглингда “уф" дир куз, демакким, файласуфдир куз
Ки пайғамбар Юсуфдир куз, ниҳон сирлар аён фасли...”
Демак, Абдунаби, тингла, хазоннинг қисматин англа
Сўз айт шукрона оҳанг-ла, бугун сатринг равон фасли.
✍️Абдунаби Ҳамро
Каналимизга обуна бўлинг ва энг сўнгги янгиликларни кузатиб боринг
Jizzaxnews |Тelegram | Facebook | Dzen | YouTubе