Бугун Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим 75 ёшга тўлди Бу жой театрмас. Бу жой ишхона, Аммо фожиага мос эрур таъби. Соат ўн. Эшикдан кирар замона, Уни қарши олар Ҳамлет асабий. Лаблари пичирлар — ичмоқда қасам, «Прима» бурқсийди бармоқларида. Клавдий ўтади ёнидан бардам, У мағрур — шоҳликнинг сиртмоқларида. «Чекиш мумкин эмас» — деворда эълон, Қайдадир телефон жиринглай бошлар. Кафтин манглайига босиб, бекалом — Гўзал Офелия кузини ёшлар. — Пенсия керакмас! Сузимдан қайтдим, Қизларда тартиб йўқ. Урнимда қолдир! Кимгадир ғазабнок сузларни айтиб, Лифтдан чиқиб келар оқсоч қирол Лир Қарсаклар янграйди… Генерал қайтар! Теграсида содиқ мулозимлари, Мусобақадамас, ютгандай жангда, Виқор-ла келади байроқ кутариб. Дездемона уни табриклар босиқ, — Ғолиб генералга олий тортиқ шу. Яго югуради қучоғин ёзиб. Ҳозир рўмолчани топиб олди у. Ишхона — тўрт қават бетон иморат — Элсинор қалъаси билан эгиздир. Соат ун бир ярим… Ғамгин аланглаб, Кечикиб келмоқда ишга Шекспир…