Найти в Дзене
Jizzaxnews

Алишер Саъдуллаевнинг Стендфорддан йўллаган мактуби ёшларга янги мотивация бермоқда

🤓🤓🤓🤓 Алишер Саъдуллаевнинг Стендфорддан йўллаган мактуби ёшларга янги мотивация бермоқда Бугун 31 ёшга тўлдим. Ҳаёт ниҳоятда тез ва ҳайратланарли ўтмоқда. Стенфордда туриб дўстлар йўллаган табрик ва тилакларни ўқияпман-у болалик орзуларим ёдга тушмоқда. Табиийки, энг унутилмас хотиралар онам билан боғлиқ. Эҳтимол, Сиз таниган бугунги Алишер шахсининг шаклланишига ўша воқеалар сабаб бўлгандир. …Тахминан 15 йил олдин. Инглиз тилини ўрганишни энди бошлагандим. Уйимиз шаҳарга яқин эди. Бир куни шаҳардаги ўқув марказига бордим. Ҳаяжондаман. Мақсад: Ўзбекистондаги нуфузли университетлардан бирида ўқиш, кейинчалик ота-онам дуоси билан яхши жойда ишлаш ва юртга хизмат қилиш. Афсуски, марказда менинг даражамга мос бошланғич гуруҳлар йўқ экан. Шу сабаб мени олти ойдан бери инглиз тилини ўрганаётган, савол тузиб, жавоб бера оладиган даражага етган гуруҳга қўшишди. Биринчи дарсда жуда ҳаяжонландим. Ўқитувчимиз дарсни “Нега инглиз тилини ўрганяпсиз?” деган савол билан бошлади. Инглизча жав

🤓🤓🤓🤓

Алишер Саъдуллаевнинг Стендфорддан йўллаган мактуби ёшларга янги мотивация бермоқда

Бугун 31 ёшга тўлдим. Ҳаёт ниҳоятда тез ва ҳайратланарли ўтмоқда. Стенфордда туриб дўстлар йўллаган табрик ва тилакларни ўқияпман-у болалик орзуларим ёдга тушмоқда. Табиийки, энг унутилмас хотиралар онам билан боғлиқ. Эҳтимол, Сиз таниган бугунги Алишер шахсининг шаклланишига ўша воқеалар сабаб бўлгандир.

…Тахминан 15 йил олдин. Инглиз тилини ўрганишни энди бошлагандим. Уйимиз шаҳарга яқин эди. Бир куни шаҳардаги ўқув марказига бордим. Ҳаяжондаман. Мақсад: Ўзбекистондаги нуфузли университетлардан бирида ўқиш, кейинчалик ота-онам дуоси билан яхши жойда ишлаш ва юртга хизмат қилиш.

Афсуски, марказда менинг даражамга мос бошланғич гуруҳлар йўқ экан. Шу сабаб мени олти ойдан бери инглиз тилини ўрганаётган, савол тузиб, жавоб бера оладиган даражага етган гуруҳга қўшишди.

Биринчи дарсда жуда ҳаяжонландим. Ўқитувчимиз дарсни “Нега инглиз тилини ўрганяпсиз?” деган савол билан бошлади. Инглизча жавоб берилиши керак бўлган саволга тайёрмасдим. Босим, ҳаяжон, чорасизлик…

Ёнимдаги боладан ўзбекча жумлани инглиз тилига таржима қилиб беришини илтимос қилдим. Яхшиямки, партадошим инглиз тилини анча тушуниб қолган экан, айтган фикримни инглиз тилига ўгириб берди.

Навбат менга келди. Ўқитувчимиз саволни такрорлади. Мен эса: “Because of my mom,” деб жавоб бердим. Синфда кутилмаганда қаттиқ кулги кўтарилди. Ҳамма куларди. Бир зумда синфдаги ҳарорат ўзгарди. Қизариб кетганим ўзимга-да билинди. “Шунчалар кулгили хато қилдимми? Ҳаммаси устимдан куляптими?” деган фикр чақмоқдек чақиб ўтди.

Яширинишга жой, қочишга куч йўқ эди. Шу пайт ўқитувчи ҳаммага “тўхтанглар” деган ишора қилиб, саволни такрорлади. Мен ҳам ўша жавобни қайта айтдим. Бу сафар ўқитувчимиз сабаб жиддийлигини сезгандай, чуқурроқ таҳлил қилишга киришди. “Why because of your mom?” деб сўради. Мен ўзбек тилида жавоб бердим: “Онам анча йилдан бери бир дард билан курашмоқда. Давони ўзбек тилидаги адабиётлардан ҳамда маҳаллий тиббиёт ходимларидан тополмадим. Шу сабабли хорижий илмий манбалардан излашга қарор қилдим.”

Бироз олдин гулдурос кулгидан зириллаган хонага аллақандай сукунат чўкди. Ҳамма жим. Кулганлар қизариб, уялгандай бўлиб қолишди. Мени бу ҳолат ҳайрон қолдирмади. Чунки бундай қарашларга аллақачон кўниккандим. Мактабда, маҳаллада, кўчада…

Ўқув марказидаги биринчи ҳафтада ўқитувчим инглиз тилини яхши тушуниб мулоқот қилишим учун “Охфорд 3000 Эссентиал Wordс” рўйхатини ёдлашимни тавсия қилди. Эсласам, ўша даврларда кунига 17-18 соат дарс қилган эканман. Ҳовлидаги барча хўжалик ишларини қўлимда луғат, китоб билан бажарардим. Сурункали тайёргарлик сабаб илк ҳафтада 1000 та сўз ёдладим ва сезиларли ўсишни ҳис қилдим. Кейинги босқич – грамматика эди. Тахминан 6 ой ичида бир неча бор юқори гуруҳларга ўтиб, IELTS даражасига чиқиб олдим.

Бу янги даража эди, лекин уни ҳам уддаласа бўларди. Гуруҳ кучли, лекин менда онам учун қилинаётган ҳаракат ундан-да кучли эди. Бу босқичга келиб, хорижий тадқиқотларни ўқиб, тушуна бошлагандим…

Орадан йиллар ўтди. Худога шукр, бугун онам анча бардам. Дадам ва опаларим менга бу йўлда жуда катта ёрдам беришди.

Тасодифни қарангки, бугун Станфордда менга яна шундай мазмундаги савол беришди: “Қандай қилиб Станфордга келдингиз? Сизни бу ерга нима етаклаб келди?”

Мен эса яна ўша қадрли, энг аҳамиятли жавобни бердим: “Because of my mom.”

Онажон, Отажон! Мени бу дунёга келтирганингиз учун раҳмат! Бу умрни Президентимиз раҳбарлигидаги жамоада ёшларга катта имкониятлар, лойиҳалар, яхшиликлар яратиш йўлида сарфлаш – менинг энг катта, энг олий мақсадим.

Маълумот учун: Алишер Саъдуллаев 1994 йил 11 июлда Жиззах вилоятининг Жиззах туманида педагог оиласида туғилган. Жиззах туманидаги 31-мактаб ҳамда Жиззах шаҳридаги 2-сонли умумтаълим мактабларида ўқиган.

Каналимизга обуна бўлинг ва энг сўнгги янгиликларни кузатиб боринг.

Jizzaxnews |Тelegram  | Facebook | Dzen | YouTubе