САРАТОН Иситмаси ошар бутун борлиқнинг, Фақат яшамоққа имкондир саҳар. Қуёш эркалайди бошини силаб, Тиллари осилиб ҳаллослар шаҳар. Жавдираб боқади атрофга секин, Хўрсинар тақдирга бергунича тан. Ҳавога сув сепиб тиришар, лекин Шаҳарнинг ҳовурин босолмас фонтан. Тобора авжига чиқар ҳарорат Неки бор санчади заррин нинасин. Автолар асфальтни қилиб ҳақорат, Югурар қўлига олиб шинасин. На қишга, на ёзга чидайди башар, Иссиқни лаънатлаб қилганча зарда. Ўзини пана тутиб шилқим қуёшдан Таннозлар юзига тортади парда. Ердан дуд чиқади, не бўлаётир? Алҳазар, урчийди дўзахий хаёл. Қуёшдан чўғлатиб бамайлихотир Замин сиқилганча тутатар сигор. ✍️Қуддус АСАД Каналимизга обуна бўлинг ва энг сўнгги янгиликларни кузатиб боринг. Jizzaxnews |Тelegram | Facebook | Dzen | YouTubе