ИЮНЬ Ҳарорати ошди қуёшнинг, Ой юзидан ювилди пардоз. Ипак қурти учаётган пайт, Бунча секин келаяпсан, ёз! Даласига боққан деҳқоннинг Манглайига ажин тушибди. Бизда шотут тугамай туриб, Қай ҳудудда тарвуз пишибди. Учиб кетган варрагим излаб, Югураман дала, қир оша. Комбайнни кўрмаган қизга, Буғдой ўрими ҳам томоша. Зардолига таъм кирди бирдан, Боғлар аро руҳим кезарди. Илк бор совчи келганин кўриб, Олчаларнинг юзи қизарди. Девор оша кузатар ҳар кун, Қўшни қизни соғинган терак. Мураббони тугатиб тушда, Муздай сувга чўмилар кўйлак. Нур теккандай ҳазин юзига, Кун кўзида униқар айвон. Ҳаммасини бошлаб қўйиб, сўнг Хуррак отиб ухлар саратон! ✍️Кумуш ЎСАРОВА Каналимизга обуна бўлинг ва энг сўнгги янгиликларни кузатиб боринг Jizzaxnews |Тelegram | Facebook | Dzen | YouTubе