Қарийб бир ой биз спорт мусобақаларининг руҳи билан яшадик. Париждаги ёзги олимпиадани катта хаяжон ва қизиқиш билан кузатиш асносида, юртдошларимизнинг мағлубиятидан маҳзун бўлдик, ғалабаларидан чексиз қувондик, ғурур туйдик.
Ижтимоий тармоқларни кузатар экансиз, бу жараёнларга турлича муносабатларни учратиш мумкин эди. Ва улар орасида Олимпиада ғолибларига ажратилган пуллар ва мукофотларга скептик ёндошаётганлар ҳам кўп. Жамият плюралистик қарашлар ёрдамида ривож топади, тўғри савол қўя оладиган, конструктив танқид, таҳлил қилиш, адекват мулоҳаза билдириш кўникмасига эга инсонлар билан тараққий этади.
Чиндан ҳам спортга катта маблағ ажратиш шартми, мусобақалардаги ғалабалар нимани англатади, рағбат нима беради, деган савол барчамизда мавжуд.
Келинг, шу саволлар атрофида фикрлаб кўрамиз.
Спортга катта маблағ ажратиш керакми?
Аввало давлатнинг спортга катта маблағ ажратиши шарт ёки шарт эмаслиги турли омилларга боғлиқ. Бу омиллар давлатнинг иқтисодий ҳолати, аҳолининг спортга қизиқиши, халқаро майдондаги мақсадлари ва миллий сиёсатининг устуворликларига кўра, белгиланади.
Маблағ ажратишнинг муҳим жиҳатлари ҳақида гап кетганда, иқтисодий ва инфратузилмавий ривожланишини айтиш мумкин. Яъни катта маблағ ажратиш спорт инфратузилмасини ривожлантириш, янги спорт иншоотларини барпо этиш ва спортчиларни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлади. Бу, айниқса, юқори даражадаги рақобатчи спортчилар тайёрлаш учун аҳамиятли. Кўп давлатлар, масалан, Хитой ёки АҚШ тажрибасида спортга катта маблағ сарфлаб, ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларни тайёрлашда муваффақиятга эришиб келмоқда. Бу йилги олимпиадада ҳам икки давлат гегемонлигини кўриш мумкин.
Кейингиси, жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш: давлат спортга маблағ сарфлаб, аҳолининг умумий соғлигини яхшилашга ёрдам беради. Бу ўз навбатида миллий соғлиқни сақлаш тизимига тушадиган юкламани камайтиради. Масалан, Швеция каби давлатлар спортга сармоя киритиб, аҳолини жисмоний фаолликка жалб қилишни мақсад қилган, бу эса умумий жисмоний ва руҳий соғломликка ижобий таъсир кўрсатади. Соғлом миллат давлатнинг асосий бойлиги экани барчага аён.
Шунингдек, мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш, яъни давлатнинг халқаро майдондаги имиджини яхшилаш учун спортга маблағ ажратиш шарт бўлиши мумкин. Катта спорт мусобақаларидаги ютуқлар давлатнинг дунёдаги нуфузини оширади. Масалан, Бразилия, Қатар, Япония, Жанубий Корея каби давлатлар мунтазам равишда йирик спорт тадбирларини ўтказишга катта маблағ сарфлаб, ўз халқаро имижини мустаҳкамламоқда.
Махсус мақсадларга эришиш учун маблағ ажратиш. Агар давлат спортни стратегик мақсадлар учун, масалан, ёшларни жисмонан соғлом қилиб тарбиялаш, миллат бирлиги ёки ижтимоий барқарорликни таъминлаш мақсадида кўраётган бўлса, катта сармоя ажратиш керак бўлади.
Жанубий Африканинг собиқ президенти, таниқли сиёсий арбоб Нелсон Мандела спортнинг ижтимоий ўзгаришлар ва бирлик яратишдаги ролини юқори баҳолаган эди.
Мандела 2000 йилда Laureus World Sports Awards тадбирида “Спорт дунёни ўзгартириш кучига эга. У одамларни бирлаштиришда, умид яратишда ва ижтимоий тўсиқларни енгишда ҳукуматлардан кўра кучлироқдир”, деган эди.
Унинг фикрича, спорт ёшларни бирлаштириш, ўзаро мулоқотларини ривожлантириш, умид ва илҳом олишга ёрдам беради. Мандела спортни Жанубий Африкада қора ва оқ танли инсонлар ўртасидаги бирликни мустаҳкамлаш воситаси сифатида қўллаб-қувватлаган.
1995 йилда Rugby World Cup финали “Springboks” жамоасининг ғалабасини нишонлашда у ўзининг машҳур “Бир жамоа—бир мамлакат” шиорини қўллаган, бу эса бутун мамлакатни бирлаштиришга хизмат қилган эди.
Мандела спортни нафақат миллий, балки глобал миқёсда ҳам ижтимоий ўзгаришлар учун кучли восита сифатида кўрган. У спорт орқали инсонлар ўртасидаги тўсиқларни енгиш ва умидни қайта тиклаш мумкинлигини таъкидлаган. Шу тариқа, Мандела спортнинг кучини ва унинг ижтимоий аҳамиятини тан олиб, уни тинчлик ва бирлик учун кучли восита сифатида кўрган.
Шу ўринда “иссиққина” мисол: Қатардаги футбол бўйича Осиё кубогидан бошланган тенденция Париж олимпиадасида давом этди ва марказий осиёликларнинг жипслиги рамзи сифатида тарихга муҳрланди. Ўзаро ютуқлардан қувониш ҳақидаги постлар, хабарлар, изоҳлар ижтимоий тармоқларни тўлдирди. Айниқса, Олимпиадага мураббийсиз келган қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек уулуга ўзбекистонлик Акмал Ҳусановнинг секунданлик қилгани ва унинг финалга чиқиб, қирғиз спорти учун тарихий натижа кўрсатгани тилларда достон бўлди. Финалда айнан ўзбекистонлик боксчи Абдумалик Халоковга ютқазиб қўйгани қирғизистонликларни асло ташвишга солмади. Улар бу натижа учун ёрдам берган Акмал Ҳусановга миннатдорлик билдириб, олтин билан ўзбекистонликларни чин дилдан табриклашди. Буни қарангки, айни ўша кунлари Қозоғистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ўтказилаётган, унда мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёев минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони билан тақдирланган эди. Яъни давлат сиёсатининг инъикосини амалда бевосита оддий одамлар ҳаётида кўриш мумкин эди.
Халқаро мусобақалардаги ғалаба нимани англатади ва нима беради?
Спорт мусобақаларидаги ғалаба миллатнинг умумий руҳи, кайфияти, потенциалини акс эттиради. Шунгдек, нафақат спортчиларнинг шахсий маҳоратини, балки давлатнинг иқтисодий, сиёсий, ва маданий қудратини ҳам кўрсатади. Уларнинг таъсири жамиятнинг бирлашиши, руҳий кўтарилганлиги ва умумий ирода кучини кучайтиради.
Масалан, Бразилия жамиятида футбол бу нафақат спорт, балки миллий фахр ва бирлик манбаи ҳисобланади. 1970 йилда Бразилиянинг учинчи Жаҳон Чемпионатида ғалаба қозонгани бутун мамлакат учун улкан ифтихор манбаига айланди. Бу ҳодиса бразилияликлар орасида бирдамлик ва миллий идентификацияни мустаҳкамлади.
“Футбол биз учун на фақат ўйин, балки у мамлакатимиз учун ҳаёт тарзи ва миллий фахрнинг ёрқин рамзи”, деб таъкидлаган эди “футбол қироли” Пеле. Бугун бразилиялик футболчиларни ушбу спорт тури мавжуд бўлган барча мамлакатдан топиш мумкин. Иқтисодий жиҳатдан олиб қараганда, Бразилияга футболчиларнинг ўзи миллионлаб доллар фойда келтирмоқда.
Sports Value маълумотларига кўра, сўнгги 15 йилда бразилиялик футбол клублари футболчилар трансферларидан тахминан 6,7 миллиард реал (тахминан 1,3 миллиард доллар) даромад олишди. Ушбу даромадлар бразилиялик футбол иқтисодиёти учун жуда муҳим бўлиб, клубларнинг умумий даромадларининг катта қисмини ташкил этади ва телевизион ҳуқуқлардан кейин иккинчи ўринда туради, бу эса шу даврда 12,7 миллиард реални келтирган.
2017 йилда бразилиялик клублар тарихда энг юқори трансфер даромадларини қайд этдилар, бу 960 миллион реал (тахминан 190 миллион доллар) эди.
Бразилиялик футболчилар халқаро бозорларида, айниқса Европада, катта талабга эга бўлиб, клублар ёш талантларга катта сармоя киритмоқда. Англия Премьер-лигаси, Ла Лига ва Италия А серияси бразилиялик футболчилар учун асосий йўналишлардан бири бўлиб, трансфер тўловлари ва маошлар орқали молиявий оқимни оширади. Ушбу тенденция Бразилиянинг футбол талантларини экспорт қилишдаги мавқеини акс эттиради, чунки кўплаб футболчилар ёшлигида чет элга чиқишади ва бу кўпинча ўз клублари учун фойдали трансферларга олиб келади. Умуман олганда, бразилиялик футболчиларнинг халқаро трансферлар орқали иқтисодиётга таъсири сезиларли бўлиб, мамлакатнинг футбол индустриясида футболчилар экспортининг аҳамиятини таъкидлайди.
Ўзбекистонда-чи? Бу борадаги кўрсаткич камтарона бўлса-да, футболчилар сони ва хорижда тўп тепадиганлар сони бўйича Марказий Осиёда етакчи ўринда. Футболчиларимиз Италия, Франция, Туркия, Россия, Қозоғистон, Белорусь, Жанубий Корея, Қатар, БАА, Эрон, Таиланд, Малайзия, Бангладеш, Марказий Осиё мамлакатлари чемпионатларида футбол ўйнамоқда. Улар орқали Ўзбекистон иқтисодиётига маблағ келиб тушмоқда. Биргина Элдор Шомуродовнинг “Рома”даги йиллик маоши 2 млн евро экани маълум қилинган.
Спортчиларга рағбат керакми?
Албатта, керак. Давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш, таълим ва тайёргарлик жараёнларини таъминлаш спортчиларга юқори даражада рақобатлаша олишлари учун имконият беради. Бу, айниқса, ёш спортчиларнинг катта мусобақаларга тайёргарлигида муҳим аҳамиятга эга. Масалан, стипендиялар, тайёргарлик марказлари ва жаҳон стандартларига мос спорт инфратузилмасини яратиш спортчиларнинг муваффақиятини таъминлайди.
Шунингдек, давлат қўллаб-қувватлаган спортчиларнинг халқаро майдондаги ютуқлари жамиятда миллий ғурур ва бирлик-ҳамжиҳатликни оширади. Масалан, Олимпиада ёки Жаҳон чемпионатларидаги ғалабалар давлат ва халқнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Спортчилар ёшларга намуна ўлароқ, спортга қизиқишни ошириб, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади. Спортдаги муваффақиятлар орқали жамиятда жисмоний фаоллик ва саломатлик даражаси яхшиланади.
Қолаверса, спортчиларнинг ютуқлари халқаро спорт тадбирларини ўтказиш имкониятини оширади, бу эса мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, халқаро мусобақалар туризмни оширади ва янги сармояларни жалб қилади.
Хулоса қилиб айтганда, давлат рағбати спортчиларга ўз салоҳиятини тўлиқ амалга оширишга ёрдам беради, шунингдек, жамиятдаги миллий ғурурни ошириб, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга ҳисса қўшади. Спортчиларнинг муваффақияти давлатнинг халқаро нуфузини оширади ва жамиятдаги ижобий ўзгаришларга туртки беради.