Найти тему
Илҳом ШЕР

ТОЖИКИСТОН – МЕНИНГ ОНАМ!

Комрон САФАР, журналист.

-2

Анчадан буён ўй сураман. 

Она-Ватан тушунчасини бир битигимда ёритишни

истайман. Яъни бу сўзнинг маъносини

қай йўсин англадим,

Ватаннинг буюклигини қандай ҳис қилдим.

Менинг Ватаним - буюк!

Отамнинг ҳовлиси Кўлоб шаҳридаги тепалик этагида жойлашган. Бизнинг маҳалламиз Сайфиддин Сангов номи билан аталади. Уни рамзий тарзда “олтин қишлоқ” дейишади.

Гўдаклигимизда мен ва акам буғдой тортиш учун баландликда жойлашган қўшни тегирмонга борардик. Тепаликка чиқаверганим сайин, Кўлоб водийсининг кенглиги янада яққол кўзга ташланарди. Кўзларим Ёхсу дарёси бўйлаб Хўжасартез ва Хўжамўмин туз тоғларигача кетарди ва тоғлар нигоҳимнинг узоқроқни илғашига йўл қўймасди. Шу йўсинда шаҳар кўз олдимда жилваланарди, теварак-атрофдаги қишлоқлар барчаси ям-яшилликка бурканган бўларди. Ёхсу дарёси ва соҳилнинг у томонидаги тепаликлар сайҳонлигида уйлар бир муддат диққатимни тортарди. Гўдаклик тасаввуримда бутун Тожикистон деб ўйлайдиган кенг ёйилган водий томошасидан фахрланардим ва у томон-бу томонга чопиш билан хурсандчилигимни ошкор этардим. 

Ўша пайтлар телевизорда ва муҳожирликдан қайтган қўшниларимиз оғзидан Россия номини кўп эшитардим, назаримда, тоғлар ортида Россия бўлса керак дея гумон қилардим. Яъни Тожикистон – менинг Ватаним, мен кўзим билан кўраётганларим эди. Йиллар ўтгач, ўлкамизнинг пойтахти – Душанбе шаҳрига ўқишга келдим ва ишга кириб, Тожикистоннинг турли гўшаларига сафарга чиқдим, ўшанда Ватанимнинг чексиз ва буюклигини англаб етдим.

Онасининг “жўги” боласи

Гўдаклигим оғир пайтларга тўғри келди. Тожикистон эндигина фуқаролик уруши гирдобидан чиқиб, ободончилик ва нурли келажак сари қадам қўяётганди. Шу билан бирга, энг яхши айём ва гўзал лаҳзалар эди, зеро шоир айтганидек, “ўз оёғимиз билан юрдигу саргардон бўлдик”. 

Гўдаклик пайтларимдан кўпроқ онам хотирамда сақланиб қолган. У меҳрибон, ҳалим аёл эди ва исмидек гўзал эди. Тилидан бол томарди ва ҳеч қачон унинг асабийлашганини кўрмасдик. Агар бирор ножўя иш қилиб қўйсак, бизга фақат бир нигоҳ ташларди-ю, холос. Ўша боқишлари бизнинг ножўя ишдан тийилишимизга етарли бўларди. Менинг онам нигоҳлари билан сўзларди...

Бир умр ўқитувчилик қилди, бошланғич синф болаларига дарс ўтарди. Мен эрталаб мактабга борардиму у туш пайтида. Ҳар кун эрталаб оч қолмаслигим учун сумкамга, албатта, нон бўлаги, бирор мева ёки бўлмаса ширинлик солиб олишимни таъкидларди. Аммо мен қайсарлик қилиб, майли дердиму бирор нарса олмасдим. У мени дарвоза ёнигача кузатарди-ю, эркаларди:

Болам - онасининг боласи,

Онасининг “жўги” боласи.

Онам мактабга келган пайт, югуриб олдига келардим. Менинг оч қолганлигимни дарҳол пайқарди. Салгина ўзгарган феъли билан гапига қулоқ солмаганлигим учун норозилик баён қиларди ва сумкасидан нону ширинлик чиқарарди. Гўдаклик одати – эркалик қилардим, бу кам дердим, у яна нону ширинлик берарди. Энди у ўзининг ҳақини менга илинарди. Олдида ўтириб, барисини еб олардим, бугунгача онамнинг қўлларидан еган ўша нон ва ширинликларнинг таъми оғзимдан кетган эмас. Мен тановул қилардиму у юзидаги ўзига ярашган кулгич билан такрорларди:  

Болам - онасининг боласи,

Онасининг “жўги” боласи.

Онамнинг мени жўгининг боласи дейишининг ўз қиссаси бор эди. Тахминан 5-6 ёшда эдим. Уйимизга иккита жўги хотин келади. Онам уларга нон беради ва ўша пайтда мен кўчадан юз-бошим чангга ботган ҳолда кириб келаман. Мени кўриб, онам жўгиларга юзланади: “О, ўзларинг-ку келдиларинг, нега бу кўдакни олиб келасизлар? Уялмайсизларми?” 

Лўли хотинлар ўзларини йўқотиб, қасам ичишга тушадилар: -“Худо урсин, бизнинг боламиз эмас. Уни биз олиб келмаганмиз”. Онам завқ билан кулиб, уларга: “Кетинглар, бу - ўзимнинг жўги болам”, - дейди. Ўша пайтдан охирги лаҳзаларгача хоҳ мактабда бўлсин, хоҳ кўчада бўлсин мени суйиб, шундай эркаларди:

Болам - онасининг боласи,

Онасининг “жўги” боласи.

Сўнги нигоҳ

Онамнинг сўнги нигоҳи ёдимда қолган. Ўша пайтда 15 ёшда эдим. Ёз фаслининг бошланиши эди ва опамнинг турмушга узатиш тўйига ҳозирлик кўраётгандик. Отам тўй учун у-бу нарса сотиб олиш учун Душанбега кетганди. Ўша куни кечқурун мен ва акам, тақдир ўйинларидан ғофил, ҳовли саҳнида шўхлик қилиб, ўйин билан машғул эдик. Роса ўйнадик ва рақс тушиш учун тайёргарлик ҳам кўрдик. Онам ҳам бизнинг хурсандчилигимизга шерик бўлганди-ю, уятдан опамнинг юзлари қизарганди...

Кечаси мен, акам ва холамнинг студент ўғли дарахт тагида ухладик, опам билан онам эса, уйда ётдилар. Эрталаб соат 6да момоқалдироқ овозидан уйғониб кетдим, аллақачон, қатра-қатра ёмғир томчиларди. Тезда кўрпаларни йиғиштириб, уйга олиб кирдик. Опам, акам ва холамнинг ўғли имтиҳон топширишга тайёргарлик кўришаётганди. Онам мени ёнига чақирди. Бордим. У менга: -“Болам, яқинроқ ўтиргин”, - деди. Жимгина ёнига чўкдим. Онамнинг нафас қисиш касали бор эди ва чанг-ғуборли ҳавода хасталиги қўзғаганди. Менга қараб-қараб қўярди, лекин жони билан овора эди, тез-тез дориларини ичарди, аммо дорилар бечора онамга ёрдам бермасди. Акам ва опам келиб, уни ташқарига олиб чиқишди, мени эса, уйи кўчамиз охирида жойлашган дўхтирни чақириб келишга юборишди. Тўғриси, ўша пайт хаёлимдан нималар кечаётганлигини билмасдим, ҳозир ҳам эслай олмайман. Фақат дўхтирнинг: - “Сен боравер, мен ҳам улгураман”, - дегани эсимда қолган. Югуриб келдим, онамни, аллақачон, дарвоза олдигача олиб келишганди, иккала қўшнимиз ёнида эди. Тобора нафаси танглашиб, энди юришга ҳам мажоли қолмаганди. Улар онамни қўшнимизнинг машинасида беморхонага олиб боришмоқчи эдилар, онам машинага чиқиб ўтиргунча менга боқарди. Бу онамнинг сўнги нигоҳи эди... Ҳозиргача онажонимнинг ўша нигоҳини эслайман ва ҳеч қачон кўзимнинг олдидан узоқ кетмайди. Билмайман, ўша лаҳзаларда онам нигоҳи билан нима демоқчи эди, аммо аниқ нимадир демоқчи эди. Эҳтимол, қўрқмагин, ҳаммаси яхши бўлади, демоқчимиди. Ёки охирги марта “онасининг жўги боласи”, деб эркаламоқчи эдими. Билмайман...

У менга боқарди-ю, мен онамга тикилардим. Онамни олиб кетишди. Опам ва акам ҳам у билан бирга. Мен дарвоза ёнида қолдим. Нима қилишимни билмасдим. Одамсиз катта ҳовлида ёлғиз қолгандим ва бу танҳоликдан қаттиқ қўрққандим... Бирор соатдан кейин онамни олиб келишди...

Ватан, Она маънодош тушунчалар

Мана, 12 йилдирки, онам биз билан эмас. Тақдир бу неъматни биздан юлқиб олиб кетди. Ўсмирлигимдан онасизлик заҳрини тотиб кўрдим. Бу дард, баён этганларимни фақат онасизларгина ҳис эта оладилар...

Барча биродарларнинг кўнглида: -“Онанинг ўрнини бошқа киши ва нарса эгаллай олмайди”, - деган нидо янграйди. Улар ҳақдирлар. Мен ҳам онам йўқлигини ҳар соат, ҳар лаҳзада ҳис этаман. Аммо бирида мен билан бошқача ҳолат рўй берди.

Икки йил бурун биринчи марта ўлкамиздан хорижга – Ўзбекистон Республикасига сафарга чиқдим. Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Ипак йўли дурдонаси” кино фестивали иштирокчиси бўлгандим. Тадбирда дунёнинг 50дан ортиқ мамлакатларининг таниқли режиссёр ва санъаткорлари қатнашишди. Бир ҳафта давомида Ўзбекистоннинг барча минтақаларида кино фестивали ва кино намойишлари ўтказилди. Бизнинг ҳам ташвишимиз катта эди: конференция ва учрашувларда қатнашиш, янги кинолар томошаси, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги кино кунлари тадбирларида иштирок этиш. Биринчи марта шундай тадбирда қатнашганлигим учун, ташвишлар оғушида роса толиқардиму зўрға меҳмонхонага етиб келардим.

Сафаримизнинг тўртинчи куни эди. Кечаси меҳмонхонада онам эсимга тушди. Роса ғамгин бўлдим. Онасизлик ҳисси тинчлик бермасди ва вужудимни тушуниб бўлмас оғриқ қамраб олганди. Бундай ҳолат менда биринчи марта рўй бераётганди. Ўз-ўзимга: - “Менинг онам йўқ”, - дердим. Онамнинг йўқлиги ғами менинг вужудимни кемирарди. Юрагимнинг уқубати кўз ёшларим билан юзларимни ювди. Йўқ, кўзимдан ёш ёмғири ёғарди. Яна бир неча кунни шу ҳолатда ўтказдим. Қайтадиган кун ҳам келди. Самолётимиз Душанбе фазосига кирди-ю, ҳолатим ўзгарди. Гўдаклардек қувондим. Кўнглим тинчиди ва юрагимнинг онамсиз ҳувиллаб қолган ўрнини фақат Ватан тўлдира олишини англаб етдим. Зеро, она қучоғи фарзанд учун энг иссиқ ва хавфсиз жойдир. Ватан ҳам - бизнинг ором олиш маконимиз. Эҳтимол бу ҳиссиёт онамнинг шу юрт тупроғида ётганлиги ва ўша тупроқ билан қоришиб, унинг суви ва ҳавосидан онамнинг ёқимли ҳиди димоғимга етганлигидандир. Ва мен бу муқаддас тупроқ ва Ватанни покликдан туғилган онамдек севаман.

Тожик тилидан 

Искандар Маҳмадалиев таржимаси.

-3