Найти тему
Илҳом ШЕР

Шаън давралар

Гулжамол АСҚАРОВА

Шаън давралар

Бир жойда депсиниб турганим етар!!!

Мен шаън давраларга кетмоғим керак.!!!

Кенгликлар бағрига бағрини босиб,

Олис манзилларни соғинди юрак.

Хандон кулгуларим, ўзимга келинг,

Яшамоқ завқига тўлди борлиғим.

Нақадар шарафли, қанчалар яхши,

Бу ёруғ дунёда менинг борлигим.

Шукр, оғриқлиман ишқ дарди бирлан,

Руҳимнинг осмондан ҳомиласи бор.

Не учун чарақлаб ёнмасин кўзим,

Юзимдан бўсалар олганда баҳор.

Йўлимни тўсмангиз, қочинг буҳтонлар,

Мен битим тузганман қайғулар билан.

Ва бутун умримни яшаб ўтарман,

Энг ёруғ, энг гўзал туйғулар билан.

Эй, кир қўлларингни торт мендан фосиқ,

Қоч, чўчитма НУРни, тўсма зиёни.

Мен ахир ГУЛларнинг ЖАМОЛидирман,

Гулларга тўлдириб кетай дунёни!

2014 йил

* * *

Самарқанддан хатлар келмайди,

Узун-узун дардлар келади.

Мен-ку тизлар чўкиб ялиндим,

Ундан мағрур қадлар келади.

«Мени кутгил, бораман» деган,

Вафосиз, ул мардлар келади.

«Бошингни йўлимга қўй» деган,

Ширин-ширин шартлар келади.

Чорлайверсам, жон товонимда,

Дил тубидан додлар келади,

ғурурлари осмондай бўлиб,

Менга яқин ётлар келади...

Кўзим тўла ёшим, кел энди

Оёғингда бошим, кел энди!

1995 йил

Ларза

Жуда бўм-бўш,

жуда бахтсизман.

Руҳим билан орам бузилган.

Тиловатлар учган тилимдан,

Муқаддас ришталар узилган...

Қарочиғим кўз ёшим тутмас,

Севмайман оламни, одамни.

Ўтиб кетган онамни қумсаб,

Чорлайман,

туғилмас боламни.

Ўйлайман, занжирлар узилиб,

Ушатсам ҳасратнинг чўнг тоғин.

Бир қанот қоқсаму учолсам,

Арш тоқига тегса оёғим.

Умидландим, шаън беринг менга,

Бас, кўзимнинг ёшлари тинсин.

Азон айтинг ўлган руҳимга,

Илоҳий белгилар кўринсин!

Руҳим мудом ларзалар ичра,

Борлиғимда чақмоқда чақин.

Тангрим!

Менга қувончла тўла,

Бу азобли лаҳзалар ҳаққин.

31.05.2023 й

ШУКУҲ

Қўшиққа айланди ҳар бир каломим,

Мен шеър ўқиганим ярашди жуда.

Худойим бахш этган узоооқ умримни,

Совурмоқ истамам ҳуда-беҳуда...

Мен шеърлар ёзмайман ўз кўнглим учун,

Менинг шеърларимда халқ дарди яшар.

Шу битта мисрамдан уйғонар очун,

Шу битта сатримдан куч олар башар!

Иддао, инкорлар мен учун эмас,

Мен ахир ёмғирман, бир томчимасман!

Кимлардир башорат қилгани каби,

Фақат алла айтиб ўтмоқчимасман!

Аёл қўлларида қиличми, қалам,

Муҳими қалбида яшар муҳаббат.

Нодира умрини қирққан қайғулар,

Менинг қисматимда бўлмагай албат!

Ҳечам маҳв этолмас зебу зийнатлар,

Маст айлаб қўймагай тиллолар сеҳри.

Шоҳлар тахтидан ҳам азиздир менга,

Шу мунис халқимнинг эъзози, меҳри.

Тупроқ эъзозласа унгай гиёҳ ҳам,

Қуёш эркаласа очилгай ғунча.

Дуо қилинг мени, дўстлар, азизлар,

Шарқнинг овозига айлангунимча.

2012-йил.

Онам ҳўрсиниқлари

(Онам, чиройлигим, маликам Рисолат аянинг ҳеч қачон кўксимдан ўчмас ёди, ўлгунимча руҳимда яшар порлоқ хотирасига бағишлайман.)

Олам бўм-бўш... гул онам қайга кетди ёронлар,

Сув олиб келайин деб, сойга кетди ёронлар,

Юзин артиб қўяй деб, ойга кетди ёронлар...

О-на-жоним-а!

Самарқанднинг бағрида битта қабр кўпайди,

Жафоси кўп жонимга яна жабр кўпайди,

Тушиммас, тақдиримга қаро таъбир кўпайди...

Мустаргинам-а!

Рўмолларин юзимга босиб-босиб йиғлайман,

Руҳимни осмонларга осиб-осиб йиғлайман,

Юрагимда минг азоб, минг таассуф йиғлайман...

Рангпаргинам-а!

Онам бир тўп гул эди, шу гул сўлмасин дебман,

Худо ўз боғидаги гулни юлмасин дебман,

Ўзим ўлсам ҳам, фақат, онам ўлмасин дебман...

Ғарибгинам-а!

Бу ҳаётни бир ширин табассум дерди онам,

Қувончни биз, қайғуни бир ўзи ерди онам,

Бор йўғи 66 дона дур терди онам...

Беҳолгинам-а!

Қиёматгача хайр, эй Худонинг ёғдуси,

Ҳаётдек аччиқмикан ўлимнинг ҳам оғуси,

Муборак бўлсин Сенга иссиқ жаннат оғуши...

Ниҳолгинам-а!

Тоабад ўчирмасман юрагимдан ғамингни,

Ўзимдан кетказмасман руҳингни – ҳамдамимни,

Қабринг ичига ёқдим менам 40 та шамимни...

Онажоним! Онагинам-а!

2018 йил

Сенинг йўқлигинг

Кулиб турган эдим...

Бирдан кимдан айрилганим ёдимга тушди.

Жилмайиб йиғлаётган одамни кўрганмисан ҳеч?

Ё, доим жилмайиб турган одамни йиғлатишми ишинг? 

Дафъатан ёприлиб келди хотиралар...

Худди соҳилга ёприлиб келган чағалай қушлар янглиғ...

Қанчалар гўзалдир хотиралар, яшалган лаҳзалар...

Гарчи жон берди бугун, лекин барибир ҳаётдир руҳимда улар...

Гулгун даврада, гўзал Шаҳрисабзда, марварид шаҳарда кулиб турган эдим...

Бирдан бостириб келди Сенинг йўқлигинг, ва энди менда ҳеч қачон бор бўлмаслигинг...

Майли, менда, менинг ҳаётимда, ёнимда бўлма.

Лекин, шу сайёрада, шу айланиб турган ер куррасида бор бўл!

Қалбим, юрагим, руҳим сайёрасидан кетма!

Табассум қилиб тургандим,

Фавқулодда, дафъатан ўн саккиз минг олам ичра ёлғиз қолганимни ҳис этдим.

Сенсизлик кимсасизликдир, азизим.

29.06.2022 йил

Қашқадарё

Дугонамга хат

Бунча соғинтирди бизларни бу бахт,

Нечун кўксимизда чўғлар узра чўғ.

Баҳорда орзулар қилгандим, бироқ,

Кузда ҳам бахтимни тополганим йўқ.

Бошимга қорларин ёғиб келар қиш,

Қаҳрли қаҳратон менга қилди дўқ.

Яна бошланди шу машъум зерикиш,

Қишда ҳам бахтимни тополганим йўқ.

Энг яхши дугонам ёз асли менинг,

Кўнгли тоза унинг, ундан кўнглим тўқ.

Ниначидек яйраб парво қилмадим,

Ёзда ҳам бахтимни тополганим йўқ.

Яна баҳор келди, орзулар фасли...

Онамнинг кўксига санчилди бир ўқ.

Келинлик либосин бермади баҳор,

Чунки мен... бахтимни тополганим йўқ.

2006 йил

***

Сен баҳаво ҳовлинг узра жим,

Бу не кун деб йиғлама негун.

Сенга қахр қилмайди Тангрим,

Менга шафқат қилганинг учун.

Сени ҳар кун азобга солиб,

Қийнар экан бўсалар тоти.

Мени ҳар тун ўтлардан олиб,

Ўтга отар гуноҳлар ёди.

Сен қафасга тушган йўлбарсдек,

Ураркансан ўзингни ҳар ён.

Мен қафасга тушган қуш каби,

Термуламан дунёга ҳайрон.

Азал шундоқ ошиқлар ҳоли,

Абад ҳамроҳ васлу айрилиқ.

Ҳарир тунлар олдинда ҳали,

Кел, йўлбарсим қафасингдан чиқ.

Қўй, айлама дилимни пора,

Олма мендан хижронлар ўчин.

Худо севсин Сени минг бора,

Мени бир бор севганинг учун.

Тазарру

Худойим, сенга ноз қилдим, кечиргил.

Мудом тақвони оз қилдим, кечиргил.

Тешик ғалвирга ташлабон савобни,

Гуноҳни боз-боз қилдим, кечиргил.

Гаҳи сабоқ олгач кибру ҳаводин,

Кўксимни мисли ғоз қилдим, кечиргил.

На созим на овозимни созладим.

Ҳамма ишни гўё соз қилдим, кечиргил.

Садо бер деб кетиб, йиғлаб, аразлаб,

Бугун яна роз қилдим, кечиргил.

Гуноҳлардин юзим қоп-қора бўлди,

Нуринг ила пардоз қилдим, кечиргил.

Орзу айлаб учмоқликни умрбод,

Бир лаҳзага парвоз қилдим, кечиргил.

Гулжамолман, Ўзингдин томчиман деб,

Ўзимни мумтоз қилдим кечиргил.

2017 йил

Исмингни айтдим

Азизим, дунёнинг рўйи ўзгарди,

Тахтга кел дедилар, пойингга қайтдим.

Кўзларимга тўлди изларинг гарди,

Исминг не дедилар... исмингни айтдим!

Сен кетар экансан уфққа томон,

Ишқнинг боғларида қиёмат қўпти.

Гарчи бу жанггоҳда қолмасман омон,

Тошни ўп дедилар... Кўнглингни ўпдим.

Азизим, кечиргил, сенда ҳеч айб йўқ,

Севишга муносиб эмасман ўзим.

Энди жим яшайман, юрагимда чўғ,

Хўрлик ёшларига тўладир кўзим.

Бормоқ истагини отдим дарёга,

Дўзаху жаннатнинг сайридан қайтдим.

Исм қўй дедилар икки дунёга,

Бош эгиб, икки бор исмингни айтдим!

Азизим, кўнглингнинг кўйи ўзгарди..

22.06.22йил

Қорақалпоғистон