Найти в Дзене
Илҳом ШЕР

Илтижом...

💥БИР КАМ ДУНЁ АРМОНЛАРИ💥

( Санобар Юсупова ижоди...):

Эсласанг...

Бир куни эсласанг қачондир бир кун,

Ўша куннинг тонги бўлиб туғилай.

Бир куни эсласанг, қачондир бир кун,

Ўша ўйларингда тўлиб туғилай.

Қачондир эсласанг, кўзинг ўнгида,

Ёнувчи бир ҳилқат бўлиб туғилай.

Саробга берилган сўнгсиз тақдирнинг,

Битта бурчагида кулиб туғилай.

Қачондир эсласанг, эслайсанми айт,

Беиз қолмагандир менинг бу ишқим.

Сенинг ҳам юрагингни битта жойидан,

Бежиз жой олмагандир менинг ишқим.

Эсласанг, тонгдаги саболар бўлай,

Майин шабодада туғилсин жоним.

Ҳаётнинг бешафқат уммонларида,

Борар манзилига улгурсин жоним.

Сен эслаб қўйсанг бас, етгунча бу руҳ,

Ўзининг энг сўнгги масканларига.

Агар эсласангчи, қайтиши бордир,

Яна бу дунёнинг чаманларига.

Унутилган ишқнинг, ожиз бағридан,

Битта вулқон каби отилай ёд эт.

Токи оламда ҳеч қолмасин жабр,

Ишқ ўлдирган жонлар руҳини шод эт.

Сен эслаб қўйсанг бас, мен етиб боргум,

Вафодорлар ётган ўша ҳилватга.

Азобли бу севгим Аллоҳга аён,

Эсласанг насибдир ишқим жаннатга.

Бир куни эсласанг, қачондир бир кун...

Санобар Юсупова .

08.08.2023 йил 00:58.

Илтижом...

Бошимдан юргизса тегирмон тоши,

Ҳаёт синовидан чарчамайман.

Ўзимдан кечишим мумкин дунёда,

Лекин номусимдан бир он кечмайман.

Кимгадир онаман, кимгадир опа,

Ким учун сингил, ким учундир ёр,

Тоза юрак билан меҳр берганга,

Менинг юрагимда муҳаббат бисёр.

Қадримни билганни, буюкдир қадри,

Тақдир зарбасида тобланган жонман.

Соҳта бўлса ҳам дўстларнинг меҳри,

Аллоҳ учун меҳр берган инсонман.

Синовли йўлдаман, пастдир баланддир,

Гоҳ мардга учрайман, гоҳи номардга.

Қоқилиб, йиқилиб ва яна туриб,

Кетяпман синови бисёр ҳаётга.

Биламан, сабрни севади Аллоҳ,

Унинг йўлидан тонмасман зинҳор.

Сиғинсам сиғинай сенга эй Роббим,

Номардлар олдида қилма мени ҳор

Ёниб севдим, сени номингла ёрни,

Аллоҳ учун дедим, меҳриму сеҳрим.

Гуноҳ ҳам қилдимда, балки савоб ҳам,

Ёндирса ўзимни ёндирар қаҳринг.

Мен ҳам бир бандангман, ожиз бир аёл,

Номардлар ҳийласидан ўзинг сақла.

Агар бир кўпикча савобим бўлса,

Мени ҳирс ўтолмас, зирҳ билан зирҳла...

Муаллиф : Санобар Юсупова.

29.07.2023 йил.

Синов...

Билмадим яна бир синовдаманми,

Қоврилар бу жоним қийноқларингдан.

Бир зум йўқ бўлсанг, куним қародир,

Воз кечолмаяпман қароғларингдан

Билмадим яна бир ҳаёт тўқмоғи,

Бошимни нишонга олиб тургандай.

Яна севги билан синаб жонимни,

Ўзи эса мириқиб, ҳузур қилгандай.

Билмадим, яна бир синов синоат,

Қайси бир меҳриму, гуноҳим ажри.

Ростми ёки ёлғон дилингдаги сўз,

Ёки бир умрлик соғинчнинг ҳажри.

Тақдир деймиза, пешона деймиз,

Борини кўришга ўрганиш керак,

Умр имтиҳони шунчалар оғир,

Чарчадим дегани ботинмас юрак.

Ўтиндим бир умр, дунёларингга,

Тақдир севги билан жоним синама.

Бугун севяпману, қалбимда армон,

Айрилиб қолишдан қўрқяпман яна

Билмадим, яна бир синовдаманми,

Сабрим ўтмадими имтиҳонингдан?

Юрак садо берар, бетоқат уриб,

Зада бўлгандай интиқомингдан.

Тақдир севги билан синасанг агар,

Бергин азобларим ажрларини,

Ишқ шодлигин ёз умр дафтарга,

Ўчиргин қизил билан ҳажрларини...

Билмадим, яна бир синовдаманми...

Муаллиф : Санобар Юсупова.

20.07.2023 йил.

Кўнглингиз олмоққа келдим...

Юрагимда йўқдир сизга ёмонлик,

Юрак сирингизни билмоққа келдим.

Ўйламанг озорлар бермоққа эмас,

Нозик кўнглингизни олмоққа келдим.

Нима наф дилингиз оғритганимдан,

Умрингизга қувонч бермоққа келдим.

Ёқармикин сизга қалбим сўзлари,

Гўзал кўнглингизни олмоққа келдим.

Булут қопламасин асло юзингиз,

Кўзингиз шодлигин кўрмоққа келдим.

Энг ширин сўзлардан гулдаста ясаб,

Гулдек кўнглингизни олмоққа келдим.

Бағрингиз титратган, ҳасратларингиз,

Ғаму ситамларни қувмоққа келдим.

Оғриқ жонингизга малҳам бўлай деб,

Бугун кўнглингизни олмоққа келдим.

Биздан бир ёмонлик ўтмас сиз томон,

Ёмонлар ҳийласин бузмоққа келдим.

Бир сипоҳингиздек тинчингиз пойлаб,

Осуда кўнглингиз олмоққа келдим.

Мана сизга кўнглим, сиздан ўтмасин,

Кўнглингизга кўнглим илмоққа келдим.

Лойиқ кўрсангиз гар, биз бир қулингиз,

Қайноқ кўнглингизда қолмоққа келдим.

Аслида кўнглингиз бузмоққа эмас,

Нозик кўнглингизни олмоққа келдим...

Муаллиф : Санобар Юсупова.

31.07.2023 йил 01:00

Кибрлар Султони.....

Бегим, сиз Султонсиз, Кибр юртида,

Мен эса мулозим, Сабр юртида.

Иккимизни сира, кечирмас тақдир,

Айрилиқ Ҳоқон экан, Қаҳр юртида.

Сизнинг кибрингиз, юракка санчиқ,

Менинг сабрим эса, бардошли қамчи.

Шундай яшайдими, севгимиз энди,

Бизни бирлаштирмас, ҳаёт қизғанчиқ.

Кибрингиз осмонни, сиртида юрар,

Менинг сабримни, шамоллар қувар.

Сизга талпинсам, соғиниб орсиз,

Айрилиқ, бошимни, кундага қўяр.

Тақдирга таяниб, яшайман яна,

Ҳажрчи, шодликдан қилар тантана.

Соғинч ўртанар, сиғмай қафасга,

Бу ҳислар Сиз учун, наҳот бегона?

Минг бора бордим, юртингизга мен,

Кибрнинг девори, шунчалар метин.

Остонасин кўзимга, суртиб қайтдим,

Султон дарвозаси, беркдир мен учун.

Майли, юрагим дардларин айтар,

Соғинчим жавобин, ололмай қайтар.

Лекин абадий эмас, Султонлик,

Бир кун Сизни кибр, ташлаб кетар.

Қайтсангиз, Саройдан юрагингиз чўғ,

Гўёки, бир ярадор, кибрингизда ўқ,

Менинг меҳримни, қўмсаб қолсангиз,

Билмадим, мен унда, бўламанми, йўқ....

Муаллиф : Санобар Юсупова.

Муаллифлик ҳуқуқи бор.

Баҳт формуласи...

Баҳт ўзи нимадир? Баҳт формуласи,

Кўп савол беришар, шундай аташар.

Баҳт бу менинг бугун яшаб юрганим,

Баҳтим бу сендирсан, жоиз бўлса гар.

Баҳт, қанчалар гўзал, лекин қисқа ҳарф.

Ҳаммани кулдирар баҳтнинг сўрови.

Баҳтсизлик, узун ҳарф, жудаям узун.

Ҳаммани куйдирар унинг олови.

Шамолдек шошқин бу ўжар ҳаётда,

Ким топмаган баҳтин, ким топган жабр.

Аҳир танда жон бор, руҳда ҳаёт бор,

Баҳт томон илдамлаб боради сабр.

Баҳтми, бу менман, баҳт сенсанда тақдир,

Баҳтимку, боряпман довонларингда.

Гоҳ зарбалар бериб, гоҳ юзим силаб,

Ҳаёт синаяпти тўфонларида.

Синовларда ширин жон қоврилса ҳам,

Боряпман, боряпман ортга чекинмай.

Демак шу менинг асосий баҳтим,

Демак яшаяпман, ҳавфдан беркинмай.

Бахт ўзи сенсанку, менинг ҳаётим.

Борлиғим, унутилмас ишқимдир бахт.

Кимнидир севолсанг ёниб ўртаниб,

Демак сен шу бахтдан ясай олдинг тахт.

Бахтнинг формуласи, умр, сабр ,ишқ,

Мен учун шу боғлиқлик бахт саналар.

Умр узоқ бўлса ва сабр бўлса,

Ҳақиқий ошиқлар бир кун сийланар.

Умр баҳтдир дўстим, сабр ҳам бир баҳт.

Чин ошиқларга бир кун насибдир тахт.

Санобар Юсупова.

08.08.2023 йил. 12:03.

Ишқ азоблари...

Осмондаги ойдан сени сўрасам,

Тун чоғи кўрмаганин айтди аста.

Ишқимни олови юракни ўртар,

Ҳижроннинг ҳислари даста, даста.

Ойдиндаги ойнинг шуъласи тушган,

Сувнинг қирғоғига ўтирдим беҳол.

Бир ҳисни туйдим, ёнди вужудим,

Ишқ телба қилган кўнгилда не ҳол?

Оташдек қоврилган юрагим дардин,

Шошқин сувларга ташлагим келди.

Мен мана ўшаман, севгидан тўйган,

Дея исёнимни бошлагим келди.

Вужудим ёндирган ишқнинг оловин,

Хатто сувлар ҳам ўчиролмайди.

Сенсан ўша мени шу ўтга отган,

Ёнган жисмим сени кечиролмайди.

Санобар Юсупова.

09.08.2023 йил 00:24.

Бугун ёнамиз...

Бугун, тонг, мунаввар гўзал,

Қушлар гулга, ўқишар, ғазал,

Бизнинг севги, абадий, азал,

Кел, иккимиз бугун ёнамиз...

Гуллар ҳиди, ҳушбуй ифори,

Дилимизда ишқнинг изҳори,

Босилсин соғинч ҳумори,

Кел, иккимиз бугун ёнамиз...

Эсламаймиз, араз кунларни,

Ушлашайлик, бугун қўлларни,

Қондирамиз, ҳуштор дилларни,

Кел, иккимиз бугун ёнамиз...

Кўнгилда, қолмасин армон,

Қочиб кетсин, беҳуда гумон,

Сени аҳир, соғиндим ёмон,

Кел, иккимиз бугун ёнамиз...

Армонга, бермайлик вақтни,

Қадрлайлик Севгини, аҳдни,

Бизнинг оташ севгимиз ҳаққи,

Кел, иккимиз бугун ёнамиз...

Сени десам, забоним ёнар,

Овозингдан, ҳуморим қонар,

Севгисидан, вафосиз тонар,

Кел, иккимиз бугун ёнамиз...

Сен томонга, бораман шошиб,

Юрагимда, муҳаббат тошиб,

Аразларинг кетдида, ошиб,

Кел, иккимиз бугун ёнамиз...

Муҳаббатга, достон ёзамиз,

Кел, иккимиз бугун ёнамиз...

Муаллиф : Санобар Юсупова.

19.05.2023й.

Ишонч...

Соғинчни аламин, олайлик бугун,

Ҳажрни қафасга, солайлик бугун,

Сен учун севгимни, қадри қанчалик,

Кел, согинчдан баҳс қилайлик бугун.

Вафога, таъриф берайлик бугун,

Садоқатга ғазал битайлик бугун,

Заррача борми, вафонинг қадри,

Бор бўлса, гаштин сурайлик, бугун.

Надомат юракни, эзган дамлари,

Кетмайди ҳажрнинг, оғир ғамлари,

Ҳиёнат кўксимни, қилмасдан пора,

Тарқалсин, соғинчнинг аламлари.

Кўксингга бошим қўяй, эркалаб,

Соғинчни эзди, ҳижрон тилкалаб,

Ишончнинг кўзи, ўйилмай туриб,

Севгидан қўшиқ айтгин, аллалаб.

Бағрга кирмасин, армонлар бугун,

Сенсизлик алами, юракда тугун,

Барчасин ортга отиб, бирма ,бир,

Бемеҳр юракка, меҳрингни бергин.

Ёлғизлик домидан торт, кўнглимни,

Меҳр билан, кўксингга орт кўнглимни,

Сенга ишонмоқда, дардли юрагим

Уйқуда ҳамон, уйғот кўнглимни.

Муаллиф : Санобар Юсупова.

Муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган.

Бир кам дунё армонлари...

Дейдилар бу дунё, беш кунлик дунё,

Шунинг уч куни ҳам, қайғудир гуё,

Бироқ, инсон кўнгли сабрга дарё,

Бир кам дунёнинг армонларида.

Тақдирга битилса, қочиб бўлмайди,

Ишқ ўти зулмкор, ўчиб тинмайди,

Юракнинг саволини, ечиб бўлмайди,

Бир кам дунёнинг, армонларида.

Ким тўкис бу дунё, ғам ҳасратидан,

Топилмас орзу бут, қалби бутидан,

Ҳеч кимса пана бўлмас, алам ўтидан,

Бир кам дунёнинг, армонларида.

Қоврилар бу жонлар, ҳаста азалдан,

Аламин олар қалб, куйу, ғазалдан,

Ким четда қолган, ишқдек ажалдан,

Бир кам дунёнинг, армонларида.

Санобар ҳасратинг, тутун бўлади,

Йиғилса гар, бир уйга ўтин бўлади,

Дўстлар ғам чекару, душман кулади,

Бир кам дунёнинг, армонларида.

Муаллиф : Санобар Юсупова.

20.05.2023й.

КАНАЛИМНИ НОМИГА АТАБ ЁЗИЛГАН ШЕЪР.

Севги...

Ҳар куни, ўзимга сўзлар бераман,

Бўлди, тамом, етар унутдим уни,

Сўздан қайтганим, билмай қоламан,

Шунчалар орсизми, Севги дегани?

Ҳотиржам санайман, ваъдаларини,

Ҳудди, кўкдан юлдуз санагандек,

Яна қўмсайман эртакларини,

Тонгдан Ҳайрли кун, сўрагандек.

Билмай қоламан, яна севганим,

Ёдимдан чиқади, нишлар тиққани.

Унутиб қўяман, инжиқ сўзларин,

Бораман ёнига, тизлар чўккани.

Шунча азобга солган тақдирдан,

Қайси гуноҳимни сўраб қолайин,

Менинг айбимми, кечолмай ундан,

Севгига қул бўлдим, қандай тонайин!

Билмай қоламан, яна севганим...

Муаллиф : Санобар Юсупова.

Армоним...

Мен Сизни...унутмадим, йўқ,

Шунчаки, ўйламай қўйдим, ҳолос.

Аслида Сизсизлик, юрагимда ўқ,

Сиз шуни ҳоҳлайсиз, мен эмас.

Мендан кетгани, биргина жабр,

Юрак ўртаниши, соғинч, изтироб.

Майли, Аллоҳдан сўрайман сабр,

Суймаганга суйкалишдан яҳшироқ...

Муаллиф : Санобар Юсупова.

Тақдир....

Тақдир хукмига ожиз эканмиз,

Бугун бормизу, эртамиз гумон.

Умримиз ўтяпти, билмас эканмиз,

Яна кандай синовда қоврилади жон?

Тақдир дедикда, унга бўйсундик,

Ловиллаб ёняпти, ловиллар ҳижрон.

Топганимиз нима, лекин йўқотдик,

Мен Сизга, Сиз эса менга армон...

Санобар Юсупова.

Муаллифлик ҳуқуқи билан химояланган.

Дардим қолмасин...

Сени нимадир деб кўнглинг оғритсам,

Илтимос кечиргин сўзларимни.

Бунинг ҳаммаси аламдир билсанг,

Соҳталик ўйиб қўйган кўзларимни.

Менга сен эътибор берма ҳаётим,

Эзғин ҳислар бебош, бошин кўтарса.

Кўнглимни эзғилаб ўтган бу тақдир,

Азоб тортар юрак шуни эсласа.

Дилингни билмай оғритсам ногоҳ,

Менга гул совға қил, барин унутай.

Чунки аламларни эслайди ҳаёл,

Ёлғиз эмаслигим қалбимга туяй.

Бардошим синалган кўп бора, аммо,

Унинг асорати вужудимдадир.

Қанчалар уринмай, оғриғи кетмас,

Ҳудди чандиқ қолган кичик ярадир.

Мени кечиргин сен, кечира олгин,

Юрагим туйсин, соф туйғу борлигин.

Ҳали дунёда ишонч ўлмагану,

Ҳамон тоза қалб хукмронлигин.

Менга сен эътибор берма ҳаётим,

Гуллар совға қил, кўнглим яйрасин.

Ҳар битта кўз ёшим томчиларига,

Биттадан гул тутгин, дардим қолмасин.

Муаллиф : Санобар Юсупова.

09.08.2023 йил. 11:00.

Севмасангиз севдираман...(Ҳазил шеър)

Мени ташлаб кетолмайсиз,

Оёғингиз тойдираман☺️

Қутилдим деб ўйламанг,

Севмасангиз севдираман ❤️

Нозларимни қилманг писанд,

Авворалар қилдираман😉

Қочиб кетолмайсиз энди,

Севмасангиз севдираман❤️

Борар жойим жуда узоқ,

Деб ўйламанг топдираман😳

Мени ҳали билмайсиз сиз,

Севмасангиз севдираман❤️

Кўнглингизни ҳўп сеҳрлаб,

Пуч ёнғоққа тўлдираман😄

Аламларимдан бир чиқай,

Севмасангиз севдираман❤️

Ўйламанг, бир кунлик ишқ,

Эмас севгим, билдираман😘

Мендан ажролмай қоласиз,

Севмасангиз севдираман❤️

Топиб нозик кўнглингизни,

Пичоқ билан тилдираман😒

Сизиб чиққан қонлар ҳаққи,

Севмасангиз севдираман ❤️

Муҳаббатнинг рингида,

Аниқ зарба бердираман😜

Қош кўзингиз бежаб рангга,

Севмасангиз севдираман❤️

Сиз билмайсиз мени ҳали,

Қармоғимга илдираман😉

Тополмайсиз мендай ёрни,

Севмасангиз севдираман❤️

У қиламан, бу қиламан,

Кўксингизни ёндираман😍

Оҳир бир кун тан берасиз,

Севмасангиз севдираман❤️❤️❤️

Санобар Юсупова

04.07.2023 йил.

Туйғулар...

Қалбимга азоб берган туйғулар,

Гоҳ шодлик, гоҳ эзғин қайғулар,

Аммо умримга берар урғулар,

Борингизга шукр, бебош туйғулар.

Ёндирса ёндирар, олови ўчмас,

Қалбга ўрнашса қалови ўчмас,

Сизни ҳеч қачон жиловлаб бўлмас,

Борингизга шукр, бебош туйғулар.

Баъзан ўртаб қўяр аламлари,

Ичингизни тирнар ситамлари,

Аҳир дунёни шу, бир камлари,

Борингизга шукр, бебош туйғулар.

Гоҳо йиғлатар севги азоби,

Гоҳида шодмиз, тутса шароби,

Кўринмас бу ҳиснинг сира адоғи,

Борингизга шукр, бебош туйғулар.

Борсизки умрнинг мазмуни бор,

Борсизки курашда жон тобланар,

Борсиз қаҳр бор, гоҳо меҳр бор,

Борингизга шукр, бебош туйғулар.

Мен хам боряпман, сиз билан аста,

Баъзан шодман, баъзида ҳаста,

Йиғлатиб, сўнг гуллар тутган даста,

Борингизга шукр, бебош туйғулар.

Бир ғамдан кейин, баҳт берар эмиш,

Сабрга олтиндан тахт берар эмиш,

Метин бардошга, нақд берар эмиш,

Борингизга шукр, бебош туйғулар.

Ўтиб боряпмиз довонларингдан,

Ортда қолмай деб, замонларингдан,

Санобар умидвор, омонларингдан,

Борингизга шукр, бебош туйғулар...

Муаллиф : Санобар Юсупова.

09.08.2023 йил. 13:01.

Қадрдон...

Менинг тақдиримда учраган инсон,

Албатта Аллоҳнинг иноятидир.

Аллоҳ ёмонликни соғинмас сира,

Ҳар бир тақдир, ҳаётим саодатидир.

Қадрдон, ҳуш келибсиз ҳаётимга,

Биргаликда бошлаймиз эртакларни.

Бир ширин, орзули қисса ёзайлик,

Унутайлик бемақсад эрмакларни.

Менинг ҳаётим, жуда тўкисмас,

Сал ҳира, нурсиз кунлари ҳам бор.

Агар зериктирса умрим асари,

Мендан ранжиманг, узрим бор такрор.

Балки менинг шундай ажаб ҳаётим,

Ўзгартирмоқ учун келгандирсиз?

Эсимдан чиқар балки, ўша ғамлар,

Менга Аллоҳни ажри бўлгандирсиз?

Ҳаётим калитин берайми сизга,

Бир оз занг босиб қолмадимикин?

Қадрдон, сизни сирдош тутдиму, узр,

Бу юк сизга оғир бўлмадимикин?

Биламан, ҳамма ҳам чидаш бермайди,

Ҳамманинг ўз ҳаёт навоси бордир.

Ғам берган тақдир, баҳтсиз қолдирмас,

Сиз билан баҳтли кун ҳавоси бордир.

Қадрдон, оғирлик қилмаса агар,

Келинг елка тутинг, бошимни қўяй.

Мен орзу қилган мард елкадир бу,

Аламларни унутиб, қувончни туяй.

Менинг тақдиримда учраган инсон,

Албатта Аллоҳнинг иноятидир.

Муаллиф Санобар Юсупова

Эркакларга...

Аёл бордир дунёда, умид бор учун,

Яшайди бир умр номус, ор учун,

Эркаклар, аёлни ҳўрламанг сира,

Аҳир у яшамоқда сиз бор учун.

Қарасангиз қаранг, инсоф билан бас,

Қараманг шайтоний нафс биланмас,

Опангиз, синглингиз, қизингиз дея,

Ҳурмат бажо қилиш наҳот осонмас?

Сиз ҳўрласангиз бу фоний дунё,

Ҳеч қачон жабрни қўймагай ҳато,

Бир куни ширин бир қизчангиздан,

Ҳўрлик қайтиб турса, бу қандай жазо?

Ер юзида юрибди, кичик бир жони,

Наҳотки ютгансиз бугун иймонни,

Сиз уни кўкларга кўтармасангиз,

Кими бор дунёда у ожиз жонни?

Хирс билан қарайсиз, уйда жуфтингиз,

Яна дуодами сизни кафтингиз?

Ахир у бошқани махрами бўлса,

Қаерда қолади эркак лавзингиз?

Шундай қарангки сиз, ҳар аёл зоти,

Бўлмасин ҳеч замонда ёмон отли,

Сизнинг борлигингиз билиниб турсин,

Сиз туфайли бўлсин ҳаёти тотли.

Бир қўрғон бўлинг, бўлинг бир девор,

Сизни кўриб титрасин ҳирслар зор зор,

Аёлнинг шарафи юксалган замон,

Сизга қуллуқ қилар келажак минг бор.

Муаллиф Санобар Юсупова.

09.08.2023 йил. 14:35.

Мағрурман...

Мағрурсиз дедингиз, менга бир куни,

Таърифни бердингиз кибр дарсидан,

Аёлман, мағрур бўлмайин нега,

Ҳирси баланд, юзсиз эрлар дастидан.

Мағрурман, ҳа шундай бўламан ҳам,

Қоқилсам турғизиб қўйолмасангиз,

Мағрур бўламан, аҳир ўзимга куним,

Суянсам бир тоғ бўлолмасангиз.

Йиғлаб ўтказайми, ғамли дамларни,

Кўз ёшим кимгадир бермаса ҳалал.

Қайси бир номардга бошим эгишдан,

Аллоҳим сақласин мени ҳар маҳал.

Мағрур бўламанда, ўзим учун мен,

Ўзимча курашиб яшайман доим.

Сизни меҳрингизга зарра зорим йўқ,

Ўзидан қўймасин мени Ҳудойим.

Бошимни эгаман ёлғиз Аллоҳга,

Саждадан адашиб қолмайин сира,

Саловатим ёлғиз Расулиллоҳга,

Саломим айтишдан толмайин сира.

Мағрур бўлсин мендек барча аёллар,

Ўзининг номусу, ўз маҳрами учун.

Ишончи йўқолиб топмасин озор,

Дунёда мард эркак камлиги учун.

Сиз менга кибрдан дарс ўтманг келинг,

Ўзингиз мардликдан бир сабоқ олинг.

Агар купайса ерда мард эркаклар,

Мағрур аёл қолмас, менга ишонинг.

Санобар Юсупова.

08.07.2023 йил.

Ер бўлсам эди...

Агар бир кун Сизга кимлардир,

Илоҳим ер бўлгин, деб ният қилса,

Ҳеч қачон бу сўздан, бўлманг ҳафа,

Қани эди Ер бўлмоқ насиб бўлса.

Ер борки, уйимиз гўшангамиз бор,

Оёғимиз даъво топар тупроқдан.

Ер борки нонимиз, рисқимиз бор,

Яна не сўраймиз бугун Аллоҳдан.

Ер бўлишлик насиб бўлса қания,

Бағримла кўклатсам, қуруқ жонларни.

Ер бўлишлик насиб бўлса қания,

Сув бериб яшнатсам маконларни.

Нима учун бугун маҳзун бўлайин,

Менга ер бўлмоқни тилаб туришса.

Бу ширин жонимиз тарк этган куни,

Борар жойим аҳир ўша ер бўлса.

Ердан қувват олиб яшаймиз мудом,

Борки жонзотларга кучини бериб,

Ҳеч қандай мурувват кутиб қолмаган,

Ерга таъзим қилай боримдан кечиб.

Майли мен ер бўлайин Қадрдоним,

Сизга осмонларни тилаб қоламан.

Осмон ҳам, осмон эмас ер бўлмаса,

Томири биттадир буни биламан.

Қани эди ер бўлмоқ насиб қилганда...

Санобар Юсупова.

09.07.2023 йил.

Сенинг рашкинг...

Кўзларинг гўзал сени жуда ҳам,

Алп қоматингга турар ярашиб.

Нигоҳинг бургут, меҳрибонгинам,

Қароғлар чўғдир, орлар талашиб.

Рашкингни пинҳон сақлаганингда,

Сотади ишқингни ўша нигоҳлар.

Чимирилган қошинг туташганда,

Юрагинг дардини айтади, оҳлар.

Севгинги ошкор этмайсан сира,

Яширма, мағрурим йўқдир сирлар,

Чунки айтиб турар қалбингни доим,

Мен томон қадалган ўткир кўзлар.

Қошинг чимирсанг, юракда ҳадик,

Гарчи ўзингга зеб беради жуда.

Шу туташ қошларинг асири бўлиб,

Яшагим келади, тинч ва осуда.

Кўнглимга сира озор бергинг йўқ,

Фақат нигоҳларда айтасан қалбинг.

Шунчалар мени севасанми айт,

Қанчалар, пинҳон дилдаги дардинг?

Нигоҳинг қаъридан айирмасин ҳеч,

Бир умр яшайин қароғларингда.

Қошларинг ҳукмига эгайин бошим,

Кулгунг бўлиб юрай яноғларингда.

Сен мени қизғонасан, озорлардан,

Лекин доим ўзинг озор чекасан...

Санобар Юсупова.

07.07.2023 йил.

Ҳаёлингизда...

Бир куни келади, мана кўрасиз,

Кўзингиз ўнгидан кетмай қоламан.

Ҳаёлларни тамом менга берасиз,

Ҳаёлингиз эгаси ўзим бўламан.

Кўрасизда, кўрасиз қайсаргинам,

Тунингизда гўзал ойдек тўламан.

Кундузда қуёшингиз бўлиб сизни,

Ҳаёлингиз эгаси ўзим бўламан.

Бир куни келади, яқиндир бир кун,

Қалбингиз тўрига қалбим соламан,

Кетолмай қоласиз мени кўнглимдан,

Ҳаёлингиз эгаси ўзим бўламан.

Бугунча майлига, бир четда турай,

Атрофингиз гулдир, сабр қиламан.

Бир куни шу гуллар сарвари бўлиб,

Ҳаёлингиз эгаси ўзим бўламан.

Ишқни жоду дейдилар, мен афсунгар,

Шу ишқ курашида афсун бўламан.

Сеҳрлаб, меҳрлаб қайсар кўнглингиз,

Ҳаёлингиз эгаси ўзим бўламан.

Ўша кун келади жудаям яқин,

Ҳаёлингизда мен бўламан кейин...

Муаллиф: Санобар Юсупова.

31.07.2023 йил.

Соғиниш...

Кўп шоирлар, таърифлаб ўтган доим,

Соғинчнинг ёнувчи хислатларини.

Сиз ҳам бугун менга раво кўрдингиз,

Соғинишнинг азобли иллатларини.

Соғинтириб яшамоқ яхшидир балки,

Лекин бездиргувчи онлари ҳам бор.

Мен соғинтиришга жазм қилмайин,

Кетсам бир, қайтмаслик онтларим ҳам бор.

Ҳижронни жабрини тортаман кўпроқ,

Сиз эса ўзингиз беғам тутасиз.

Бир лаҳза бепарво бўлиб қолсамчи,

Аразда минг чандон мендан ўтасиз.

Соғинишми майли, соғиниб яшанг,

Соғинтириб яшанг, қадрингиз синаб.

Мен эса юракка тугиб қўяман,

Шу бугунги жабрни бошини силаб.

Соғинтириб яшанг, соғиндим тўғри,

Бир ёниб , бир куйиб ўчиб қоларман.

Аммо айтиб қўяй, битта сўзимни,

Қачондир бир куни ўчим оламан...

Муаллиф : Санобар Юсупова.

31.07.2023 йил 00:42

Кўнгил...

Бу кўнгил дегани, жуда нозикда,

Титратиб қўяди бармоғларимни.

Яқинлашай дейман, кўнгилсизларга,

Лекин ҳоҳламас ҳеч бормоқларимни.

Кўнгилсизни кўнглин кўтарай дейман,

Токи юрагида қолмасин нафрат,

Бир куч борки мени, тортади ундан,

Дейди дил оғриғи топганинг фақат.

Япроқдай тўкилган, қовжираган дил,

Тополмас шаънига, бирор сўз мосроқ,

Фақат битта ўйдан куч олар юрак,

Суймаганга суйкалмаган яҳшироқ.

Ишончлари синган кўнгил гулимни,

Яна бир яшнаши бўлармикин а?

Меҳрни чин булоғидан сувлар ичиб,

Чиройидан кўнгли тўлармикин а?

Қовжиратиб қўйманг, тўкилди барглар,

Бағримни кўтарай қучоқларида,

Айтинг ҳаловат бор, кутяпти сени,

Интиқиб, соғиниб денг узоқларда.

Раҳмингиз келсин, эй музлар Шоҳи,

Совқатиб боряпман озорларидан.

Аҳир ишонч деган ажиб бир туйғу,

Топилмас экан, дил бозорларидан.

Ҳар ишонч йўқолса, йўқотдим япроқ,

Фақат қуруқ новдам қолар бўляпти.

Севгилим, ишончим топтама энди

Шундоқ ҳам биргина бўйим қоляпти.

Бу кўнгил дегани жуда нозикда,

Титратиб қўяди бармоқларимни.

Санобар Юсупова

Настарин...

Сен гўзал баҳорнинг, ўжар эркаси,

Гулларнинг малаги, асов ғунчаси,

Ҳуштор кўнгилнинг, сенсан парчаси,

Ифоринг ўзгача, сени, Настарин.

Шамоллар зарбига, тоқатин тикган,

Баҳорни соғинган, бошларин эгган,

Қуёшнинг тафтидан, орин унутган,

Ҳуморинг ўзгача, сени, Настарин.

Боғларим кўркига, кўрк қўшган ўзинг,

Сержилва ғунчангдан, ололмам кўзим,

Соғинчлар қалбимга, берганда тўзим,

Озоринг ўзгача, сени, Настарин.

Капалаклар шайдо, гул чиройингга,

Бол ари ҳумордир, бир ифорингга,

Баҳор ғазал битар, сенинг борингга,

Бозоринг ўзгача, сени, Настарин.

Қийнарми қалбингни, шамолли онлар,

Ёмғирлар зарбаси, булутли, тонглар,

Офтобнинг тафтини соғинган жонлар,

Изҳоринг ўзгача, сени, Настарин.

Сени қалб соғинар, орзиқиб кутган,

Қушларнинг чуғури, наволар битган,

Иссиқни чорлаган, қишни унутган,

Баҳоринг ўзгача, сени, Настарин.

Муаллиф : Санобар Юсупова.

10 май 2023 йил.

Оҳунжон Мадалиев ҳотирасига...Бугун таваллуд куни.

Торнинг жуфт симлари, узилган кун,

Куйнинг овозлари, бузилган кун,

Қўшиққа ғам сатри, тузилган кун,

Наволар Сизсиз, озор бўлдилар.

Сиз ёниб куйлаган, алам етимдир,

Қувончин топмаган, ситам етимдир.

Оҳунжонин излаган, нолам етимдир,

Наволар Сизсиз, ҳумор бўлдилар.

Бир ёнда, "Кўрмасам бўлмас" фиғонда,

"Кўнглимда бир ёр" , ҳамон армонда,

"Туркман қиз" эса, кезар осмонда,

Наволар Сизсиз, бозор бўлдилар.

Ингранар, ҳали ҳам, аламли юрак,

Баъзида излайди, Ҳофизи керак,

Армонни бўйлари, бугун бир терак,

Наволар Сизсиз, бедор бўлдилар.

Ҳали ҳам, даъвосин топмади ҳижрон,

Муҳлислар қалбида, тугамас фиғон,

"Унутмоқ осонмас" Сизни ҳеч қачон,

Наволар Сизсиз, абгор бўлдилар.

"Онамнинг дуоси асрайди" мудом,

Қўшиқлар ўчмайди, қалбда ҳар дам,

Наҳотки куйчалик, боқиймас одам,

Наволар Сизсиз, такрор бўлдилар.

Санобар бўзлама, ҳаёт тугундир,

Эртани сўзлама, соғинч бугундир,

Оҳунжоннинг ёди, ўчмас, бутундир,

Наволар Сизсиз, ашъор бўлдилар.

Санобар Юсупова.

21.05.2023й

Мен ўша...

Мен ўша, ҳали ҳам бир сўз айтмаган,

Ўқилган сатрларда, юрибман ҳамон.

Шоирлик даъвоси, ҳали қайтмаган,

Мен ўша, ўз сатрин топмаган Армон.

Мен ўша, дардини қоғозга тўккан,

Сўнг тақдирини, тушунмай ҳайрон.

Ҳажрга, соғинчин айтолмай қўрққан,

Мен ўша, нишонин топмаган Камон.

Мен ўша, Севгидан ёниб куйлаган,

Садоқатга, сира бермаган имкон,

Марди йўқ замонни, тинмай сўзлаган,

Мен ўша, аламдан куйган Ҳижрон.

Мен ўша, мисралар тугамаган қалб,

Қалами қоғозлардан, бўшамаган он.

Саволга, жавоблар топилмаган вақт,

Мен ўша, жавобга бўлмаган Имкон.

Мен ўша, Тақдирга яшаган кўниб,

Ҳар бир азобларга, кўксин тутган жон.

Умрининг ўртасида, севгини топиб,

Ва яна йўқотган, мен ўша Қурбон.

Мен ўша, адоқсиз, жавобсиз Армон,

Мен ўша, ёйи йўқ, қайрилган Камон,

Мен ўша, соғинчдан чарчаган Ҳижрон,

Мен ўша, севгини беролган Қурбон!

Санобар Юсупова.

24.05.2023 й.

Ҳислар...

Мен кетаман, кўнглинг бўлсин тўқ,

Энди қийнамайди, сени васлинг, йўқ.

Юрагимни отдим, музлар юртига,

Чунки, вафосиз ишқ, бўлди унга ўқ.

Ҳислар дейсанми, улар ҳам кетди,

Мен бормаган ўша, манзилга етди.

Менинг елкамдаги, юким оғирроқ,

Сенинг ҳажринг ўқи, ярадор этди.

Севгини гапирма, нафрат беқиёс,

Етмади бу ерларда, унга нафас.

Ҳавоси булғанган, кибр юртида,

Яшамоқ, аслида, севгига эмас.

Соғинч ҳам чарчади, кутишдан қара,

Юзида соғ жой йўқ, бадани яра.

Шунчалар қариб кетдику, кутиб,

Энди қайтолмайди, ёшликка сира.

Меҳрни айтасан, топмади жавоб,

Чарчади пойингни қилиб, тавоб.

Қўл силтаб, охири, нафратга етди,

Энди ҳеч у ҳисдан, кутмагин савоб.

Барча ҳисларимни, озод этдим,

Фақат ,танам билан, ортга қайтдим.

Энди бир умр, яшарман танҳо,

Олов руҳимни, машҳарга элтдим.

Мана турибман, мисоли бир тош,

Қара кўзларимда йўқ, энди ёш.

Осон бўлмади, ҳисларни қувмоқ,

Безиллатди, барчасин бардош.

Бугун севгимни, қабрга элтдим,

Ҳиссиз тана билан, ортга қайтдим.

*****

Мен яшаб юрибман бир шиша мисол,

Менинг умримни шиша деб билгин.

Тақдирнинг бу аччиқ азобларида,

Келсанг қайғу эмас, баҳт бўлиб келгин.

Нега шиша дедим, ўйлаб кўрдингми,

Эговланиб нозик бўлди бу кўнгил.

Сендан ҳам агар у тортса жабрини,

Синиб кетар, яҳшиси тегма қўйгин.

Кел, менга тутмагин косангда шароб,

Тақдир, алдама саробинг билан.

Севаман деб айтма, тинч қўй туйғуни,

Яшаяпман ёлғиз савобинг билан.

Мени ушлаб турган битта илинжим,

Сени менга берган умрингдир паноҳ.

Мусулмон эмасман, ҳиёнат қилсам,

Жанозасиз кетишдан асрагин Аллоҳ.

Мени овутмагин, эртаклар билан,

Улғайдим, тушуниб бўлдим барчасин.

Энди фақат яшай мисралар каби,

Сатрлар овутсин қалбим парчасин.

Ишқдан гапирмагин, инсон аслида,

Унутувчи деган сўзнинг эгаси.

Лекин, биласанми қалбим тўърида,

Бор унут бўлмаган ғамнинг нечаси.

Севаман дема қўй, айтма шу сўзни,

Мени ишонтирма, Аллоҳ севганим.

Ўзининг ишқи билан яшаб юрибман,

Бир Ҳудо севганим, бир шеър севганим...

09.08.2023 йил.23:28.

Тун тилаклари...

Шошилиб тун келар, куннинг ортидан,

Умрнинг лаҳзалари, боғлиқмас онгга.

Азизим, сизни муштоқ кутгандек гўё,

Тонгни кутаман, етқазсин тонгга.

Сизнинг кўзларингиз каби порлайди,

Осмонда юлдузлар, пайкон отгандек.

Кўнглимни бир ширин ҳис эгаллайди,

Ҳудди сиз ҳам мени, эслаётгандек.

Азизим, тунларнинг энг ширин они,

Сизнинг ёнингизда мангуга қолсин.

Мен айланай майли, афсоналарга,

Ишқни эртаклари, кўнглингиз олсин.

Сиздан битта ширин табассум учун,

Умримни тикаман, ўйламай бир зум.

Ҳеч қачон қалбингиз, ғамда қолмасин,

Сизсиз бу дунёга, сиғмайман ўзим...

23.07.2023 йил...00:57.

ҲАЙРЛИ ТУН ҚАДРДОНИМ...

💥Бир кам дунё армонлари💥:

Мен шоир эмасман, шоирликка йўқдир даъвом,

Лекин юракни тинч қўймас, қайнаган бу илҳом.

Дардни ёзарман, дарддан ёнадику бор вужуд,

Барча дарду, азобларга, бугун лутфан Ассалом!

Мени йиқитолмас энди, ҳеч қандай азоб, ҳижрон,

Тинимсиз азоблардан, чиниққан ширин жон.

Шеърларга ҳавас эса, сут билан кирган эҳтимол,

Шунинг учун, айиролмас ундан мени, ҳеч имкон.

Шоирликка даъвом йўқдир, лекин ижод бор дилда,

Ҳар сатрлар, ҳар мисралар, ишқ уйғотар кўнгилда,

Ташлолмайман бу ҳисларни, доим ёнимда йўлдош,

Кетар ўзим билан ҳатто, жон қолмаса бу танда.

29.05.2023 й.

Айрилиқдан қўрқмайман...

Мен яҳшиман, ҳоҳла сўра, ҳоҳла йўқ аҳволим,

Айтгим келди, дилимдаги барча орзу-ҳаёлим.

Сенга етар, балки етмас, армонли изҳорим,

Бағрим ўйган муҳаббатдан, оладиган қасдим бор.

Ўйлаб турдим, ўйларимнинг исботи бор ёстиқда,

Ўй ҳаёлим айтай десам, қалбга ботар, қаттиқда,

Изҳоримни айтмай, кўнглим, ўзим каби тантиқда,

Бағрим ўйган муҳаббатга, айтадиган арзим бор.

Сенсиз қолсам, енголмайди, ишонавер бу фироқ,

Бемалол, мени ташлаб, орзу томон илдам боқ,

Ҳасратлардан, армонлардан, чиниққан савил қалб,

Бағрим ўйган муҳаббатга, айтадиган дардим бор.

Менга ҳам насиб этса, бир кун ўша орзу, баҳт,

Юрагимга тугиб қўйган, истагим бор, бордир аҳт,

Сен фидо бўлолмаган, садоқатдан ясаб таҳт,

Бағрим ўйган муҳаббатдан, оладиган қарзим бор.

Унгача, ҳеч бир қўрқув енголмайди, мени ишон,

Юрагимга тегмайди, тақдир отган, бир нишон,

Айрилиқдан қўрқмас экан, меҳрдан кечган инсон,

Бағрим ўйган муҳаббатга, бериб қўйган Қалбим бор.

23.05.2023 й.

Болаларга беринг дунёни...

Болаларга беринг, дунёни,

Қувончга, тўлдирсин кулиб,

Болаларга беринг, дунёни,

Ғаму алам, кетсин ювилиб.

Болаларча, шўҳликлар билан,

Осмонни, яйратсин улар,

Ғуборсиз, ташвишсиз, кулган,

Бола бор юрт, қувончга тўлар.

Болаларга беринг, дунёни,

Самимийлик, расмини чизсин,

Бор меҳрига, қўшиб руёни,

Соддаликдан ҳарита тузсин.

Гўзалу, соф юраклар билан,

Ғубордан ювсин, замонни,

Ҳолис айтган, тилаклар билан,

Тинчитсин, нотинч осмонни.

Бегуноҳнинг тилаги, вожиб,

Яҳшиямки, ғуборсиз улар,

Кетса бизни, гуноҳлар ошиб,

Бегуноҳлар, жабрини кўрар.

Биламизки, айбимиз бисёр,

Санамоққа, бармоқ етмайди.

Баҳтимизга, болажонлар бор,

Шундан бизни, ер ютмайди.

Болаларга беринг, дунёни,

Ўзларидек, соф сақлайди...

01.06.2023 й.

Онажон...(Ўғилнинг дардлари...)

Онажоним, ёш бола эдим,

Сизни анча, қийнадим аён,

Сўзингизга қулоқ солмасдан,

Чарчатдимда, Сизни Онажон.

Ўсмир бўлдим, қомати бир алп,

Ўйлардим мен, қучоғим осмон,

Ёр сочини силади қўлим,

Сизга эса ташвиш, Онажон.

Уйландим ҳам, ёнимда ёрим,

Ширин сўзлар, унга армуғон,

Сочингизга ёғилган қорни,

Кўрмай қолибманку, Онажон.

Ота бўлдим, қувончим чексиз,

Болам учун бўлсин, садқа жон,

Юзингизга, тушган ажинни,

Нега сезмай қолдим, Онажон?

Рўзғор ғори, бугун елкамда,

Ширин таом, боламга ҳар он,

Кўрмай қолдим, ташвишлар ичра,

Тишсиз қолибсизку, Онажон.

Болам учун, жонимни бердим,

Олиб бердим, сўраса осмон,

Энди Сизга, нималар берай,

Кечикдимку, анча Онажон?

Менга мерос, Сиздан азалий,

Болам дейиш, боламга ҳар он.

Жонимни мен тиккан, фарзандим,

Болам бор деб кетди, Онажон.

01.06.2023 й.

💥Бир кам дунё армонлари💥:

Биздан не қолади, бу оламга,

Яҳши нияту, эзгу бир калом.

Нимадир етишмас, доим одамга,

Ширин ўйлару, Орзу Ассалом!

Қуёшга тикилинг, завқли фақат,

Қараманг уни, иссиқ тафтига.

Ғамни тингланг, шавқли фақат,

Дунё сиғмайди, инсон кафтига.

Кундан сўранг, яхшилик доим,

Эзгу ниятда ўтсин, умримиз,

Тундан сўранг, ҳар дам илоҳим,

Гўзал тонгни, кўрсин кўзимиз.

Ҳаммаси қолар Сизу, мендан,

Орқалаб кетмаймиз, Оҳиратга.

Меҳрни севайлик, энди бугундан,

Бағримизни очайлик, оқибатга.

Биздан қолсин, фақат яҳшилик,

Ортимиздан, яхши эди, десинлар.

Насиб бўлса, баҳтни кўришлик,

Аллоҳни ажрини, раво кўрсинлар...

02.06.2023 й.

Армонлар...

Ёлғон ва рост йўғрилган дунё,

Ҳеч бу кўнглим, бўлолмас дарё,

Яна қанча алдайсан, рўё,

Тўйдимку, ситамларингдан.

Кўнгилга ришта боғлайсан,

Сўнг, айириб яна доғлайсан,

Ўз кўнглингни ўзинг, чоғлайсан,

Тўйдимку, аламларингдан.

Қанча кутай, яна нелар бор,

Қай меҳрга, қиласан зор,

Муҳаббатдан қалб бўлди, ҳор,

Тўйдимку, ёлғонларингдан.

Бошимда шунча, савдолар,

Кўнглимда, ситам, ғавғолар,

Вужудимда, ғамдан балолар,

Тўйдимку, армонларингдан.

Ўзимни кўп, ўзим, алдайман,

Гоҳо, дунёларга сиғмайман,

Наҳот, қувончга арзимайман,

Тўйдимку, ҳижронларингдан.

Санобар, бўлди, ўзинг тут,

Қувонч келар, ғам ортидан кут,

Сабр билан, борин яна ют,

Қўрқмайман, замонларингдан.

Аламлардан, соғинч ясайман,

Ситамлардан, қувонч ясайман,

Ҳижронлардан, ўтинч ясайман,

Умидим бор, омонларингдан.

22.05.2023 й.

Синганда кўнгил....

Кутяпман...сониялар ўтиши қийин,

Кутганда вақт ҳам, қийнайди ёмон.

Кетяпман...вақт эса ўтар тинмайин,

Энди қайтмайди, кутсак ҳам ишон.

Қайта тикланмас , синган кўнгил,

Билмасдан, шишани синдириб қўйдинг,

Дарз кетиб ётибди, тўлғониб кўргин,

Ўрнига, нафратни сиғдириб қўйдинг.

Кутишдан чарчаган, безган юракни,

Қайтариб бўлмаяпти, ёмон ўчдида.

Ўсган Соғинчмиди, ёки Теракми,

Бошлари осмондан, ерга тушдида.

Кутганда, вақт ҳам қийнайди ёмон,

Ўшанда келмадинг, эндими фурсат?

Кутавериб чарчади, юрагим ишон,

Сўнг кетди, кўксини ёрдику ғафлат.

Қўй излама, етар унга, ўша синиқлар,

Қайта тикланмас, бўлмайди имкон.

Кўрганмисан, синса кетмас чизиқлар,

Ўрнида, бужмайиб қолади нишон...

Санобар Юсупова.

27.05.2023й.

"Гуллар каби бўл, синдиришса, қўлларида ифоринг қолдир.....бир умр унута олишмасин..."

Қалбимда Сенсан.....

Сен гўзал бир куйнинг, гўзал навоси,

Балки, гўзал баҳор қайтмас ҳавоси.

Сендирсан, оламнинг, тенгсиз Зебоси,

Гулдек яша, сени доим, доим севсинлар...

Таьрифингга, топилмасин гўзал сатрлар,

Сени кўриб, куйиб,ёнсин юрак, бағрлар,

Сийратинг кўз ўнгида, доим ҳотирлар,

Гулдек яшна, фақатгина сени десинлар.

Очилгин, гуллардек тўлиблар, тошиб,

Ақллари қолсин, сени кўрганда шошиб,

Куйингда қолсинлар, тентиб, адашиб,

Гулдек чиройингга ҳайрон бўлсинлар...

Аёлмисан ёки сен, муслима бир қиз,

Юракларда қолдиргин, кетмайдиган из,

Яшолмасин сира ёринг, ҳеч қачон сенсиз,

Гулдек сочил, ҳуморинг тутиб юрсинлар...

Сени агар синдирмоқчи, бўлсалар қачон,

Қўлларин чўзсалар, ногоҳ, сен томон,

Ифоринг қолдиргин, қўлларда шу он,

Бир умр, шу ифорингни қўмсаб ўтсинлар...

Яхши бўлади...

Доим бир ибора дардни енгади,

Кучга куч қўшади, кўнгил тўлади.

Кўплар қалби бундан ором топади,

Бир куни ҳаммаси яхши бўлади.

Дардингдан ҳам йироқ бўласан гоҳо,

Танда ғам, юзингчи маъюс кулади.

Сен ва мен яшаган фоний дунёда,

Бир куни ҳаммаси яхши бўлади.

Аламлар, азоблар титратса бағринг,

Гўёки, очилган гулинг сўлади.

Ўзингни қўлга ол, ўткинчи ҳислар,

Бир куни ҳаммаси яхши бўлади.

Қайсидир дўстимнинг, қилган алдови,

Юрагимни ўртаб, қайғу солади.

Ва яна умидлар келар ёрдамга,

Бир куни ҳаммаси яхши бўлади.

Соғиниб, ўртаниб айтсам севгимни,

Бир сўзинг бор, кўнглим таскин олади,

Мен сени севаман, ўйланма гулим,

Бир куни ҳаммаси яхши бўлади.

Бошимизга солиб турли синовлар,

Ҳаёт қизғин куйин сокин чалади,

Биз эса яшаймизда сабрга кўниб,

Бир куни ҳаммаси яхши бўлади.

Биродар ўртанма, чекма жафолар,

Бесабаб жабрнинг ўрни қолади,

Ўзингни севгин ва шуни шиор қил,

Бир куни ҳаммаси яхши бўлади.

Кўнгилсиздан синиқ кўнгил қолади,

Вафосиз қўлида севги ўлади,

Номард дўст ҳиёнат ажрин олади,

Бир куни ҳаммаси яхши бўлади...

Қачондир...ҳаммаси яхши бўлади...

10.08.2023 йил 17:38.

Ғурур ҳақида...

Сизга дардим, айтдимми келиб,

Ҳудди тошдан, нидо кутгандек.

Нима учун севдим, мен билиб,

Ўзгармайсиз, ҳудди ўшандек...

Севдим десам, бошингиз осмон,

Туйғуларим ўйин қиласиз.

Мен атайлаб, ойни қидирсам,

Алам билан, тошлар отасиз...

Рашкингизни ҳўп яширасиз,

Ғурур номли, сипоҳ ортига.

Сирли бўлиб, қайга борасиз,

Севги етмас, ғурур қадрига.

Менда ҳам бор, ғурур, кибрлар,

Бирдан эслаб қолсам, нетасиз?

Кейин қайтмас, ортига улар,

Безган юрак, қадрин сезасиз.

Кибрланманг, севги бобида,

Мажнунларни севар муҳаббат.

Ғурурларни ҳайдаб, боғидан,

Телбаларни қолдирар фақат.

Фарҳодларга бағрин очади,

Ширинини қидирсин, дея,

Маҳзунликка кўнглин сочади,

Асли севги, шундай тарбия.

Қувинг майли, кибр ортидан,

Мен кетаман зорлар юртига.

Ҳафа бўлманг, энди мендан,

Бир туфладим, кўксим устига.

Сиздан келган, кибр севгини,

Кибри билан қолдирдим мана,

Мен қидириб кетдим, Мажнунни,

Телба ҳислар қилсин тантана...!

Муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган.

Исён....

Севги деса, муҳаббат деса,

Юрагимни ўртайди, ҳижрон.

Агар менга, имконин берса,

Севги сўзин, ёқардим ишон.

Юракларга, унинг ўрнига,

Парча музни, солиб қўярдим.

Соғинч деган, руҳнинг гўрига,

Изтиробни қўшиб, кўмардим.

Ҳижроннинг, қўлин қайириб,

Ёнган оловларга, солардим,

Армонни қалбдан айириб,

Аросатга, ташлаб келардим.

Аламларни, солиб қопларга,

Сабр денгизига отардим,

Ҳасратни осиб, дорларга,

Жанозасин, ўзим айтардим.

Шунда қолмас эди, изтироб,

Муҳаббат ҳам, топар ниҳоя.

Соғинч сўзи, бермасди азоб,

Тинч яшашга, шулар кифоя!

Муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган.

Ҳаёл...

Ҳаёл олиб кетар, узоқ манзилга,

Бир зум орзу билан яшайман гоҳо.

Ҳеч кечгим келмайди, шу бир лаҳзадан,

Чунки бу лаҳзада сен ва мен танҳо.

Кўксингга бош қўйиб ҳаёл сураман,

Сенинг қўлинг эса сочларим силар,

Шу биргина лаҳзани чин қилса Ҳудо,

Ишонгин умримдан кечардим агар...

Сен ва мен яшаган шу бир онларни,

Қайсар тақдир бугун кўп кўряптида.

Фақат ўйлар ичра висолни қўмсаб,

Умримиз орзу билан ўтяптида.

Қўйгин, чалғитмагин мени ҳаёлдан,

Орзу оламимда юрай беармон.

Ҳаёлим ҳеч нарса сўрамас сендан,

Мен ҳам сўрамайман эй дунё, ишон.

Лойиқ кўрганингда мурувватингга,

Бугун ўйлар билан қолмасдим танҳо.

Тақдирга тан бериб ҳаёл суряпман,

Шуни ҳам кўп кўрсанг, яшатма дунё!

28.07.2023 йил.

Ҳаёт саҳнаси...

Иккимиз ҳам бугун артистмиз,

Ҳаёт эса бепоён саҳна,

Гоҳ, шодликдан кулиб ўйнасак,

Гоҳ ғамлардан ўртандик яна.

Лекин билки бу шундай саҳна,

Ижро танлаш имконимиз йўқ,

Бу саҳнанинг зўридир ҳаёт,

Айтган сўзи, мисоли бир ўқ.

Қувонч бўлса бугунги қисми,

Шодликлардан бошимиз осмон.

Ғам ҳақида ёзилса асар,

Ўйнаймизда, йўқ бошқа имкон.

Ҳаётнинг бу зўр саҳнасида,

Йиқиламиз, қоқиламиз кўп.

Сўнггидачи, машҳур артистдек,

Юлдуз бўлиб таниламиз ҳўп.

Эндигина ҳаёт саҳнининг,

Паст баланди бўлганида ёд,

Саҳна сени даҳо қилганда,

Умр тугаб қоларкан ҳайҳот.

Муаллиф : Санобар Юсупова.

27.07.2023 йил.

Сезмадингми..?

Сезмадингми кўзларим маъюс,

Қорачиғлар ёшдан қорайган,

Синовга бой сирли дунёнинг,

Эшиклари менга торайган.

Сезмадингми, юзларимдаги,

Бемаҳалда тушган ажинни.

Ёки сочга оралаган қор,

Айтмадими сенга сиримни.

Ҳаммага кенг ажаб дунёнинг,

Тор йўлаги пешонам бўлди.

Шукр қилиб яшадим лекин,

Лойли кулбам кошонам бўлди.

Сезмадингми, илк учрашганда,

Кўнглимдаги айрилиқ заҳрин.

Дунё мени обдон синаган,

Ва юракка жойлаган қаҳрин.

Ўтинчим сен бўлмагин сароб,

Кўзимдаги ёшларни қурут.

Сен туфайли зора бу азоб,

Бир умрга бўлсайди унут.

Сезмадингми, кўзларим маъюс,

Қорачиғлар ёшдан қорайган...

26.07.2023 йил.

Бир ўзингдан сўрай Аллоҳим...

Аллоҳ сендан сўраганим бор,

Ҳеч кимсага муҳтож бўлмайин.

Бўлсин майли дарду, ҳасратим,

Бировларга қараб қолмайин

Мен ҳам ўша гуноҳкор банданг,

Саноғи йўқ гуноҳларимни.

Ажрини ўз кучимга бергин,

Бўлса агар савобларимни.

Бу дунёда суянай десам,

Устунларим қолмаган гуё.

Бир ўзингдан сўрай сўрасам

Ўзгага зор қилмагин Ҳудо.

Миннати йўқ туз,нон бергувчи,

Биттагина ўзинг экансан,

Банданг отар тоши ҳам миннат,

Минг шукрки, сен яратгансан.

Синовларга ташлаган Эгам,

Майли ўтай барча ўтлардан.

Фақат сенга ўтинчим бордир,

Ўзинг асра субутсизлардан...

25.07.2023 йил.

Аёл баҳти...

Дедингиз кўзингда олам акси бор,

Тикилсам ғуборлар кетар тўкилиб,

Мен айтдим, сўзингиз шунчалар гўзал,

Шундан порлар кўзим баҳтга чўмилиб.

Дедингиз ол мисол гўзал юзларинг,

Ҳатто атиргуллар аксини олмиш.

Мен дедим, ишқингиз беқиёс софдир,

Шунинг таъсирида юзларим ёнмиш.

Дедингиз, сочингни ўйноқлар шамол,

Ифори кўнглимни шод айладида,

Мен айтдим, шамолмас сизни қўлингиз,

Тафтидан сочларим бир яйрадида.

Дедингиз, шунчалар ҳушсуръат санам,

Ҳатто қизғонаман ўз кўзларимдан,

Мен айтдим, сиз эса менинг ягонам,

Аяйман ишқимнинг ўт сўзларидан.

Мен асли бунчалар гўзал эмасман,

Сиз бор оламларда тўлиб яшайман.

Аёлдаги тўкис баҳтни сўрашса,

Ёр айтган ширин сўз бўлиб яшайман.

Менинг гўзаллигим аслида сизнинг,

Мен томон талпинган кўзларингизда.

Битта аёл яйраб яшаши учун,

Айтолган ўт мисол сўзларингизда.

Сиздек меҳр берса, ҳар қандай эркак,

Аёли чиройдан ёниб яшнайди,

Қанчалар серташвиш бўлсада ҳаёт,

Аёллар ташвишни баҳт деб яшайди...

23.07.2023 йил.

Мен сизсиз ҳеч кимман...

Юрагим титратса, ҳаётнинг зарби,

Сиз мен учун доим қалқон бўласиз.

Ҳар нафас ёнимда туринг яҳшилар,

Бир кун яҳши қалбга меҳмон бўласиз.

Майли нима деса десин кимлардир,

Бизнинг қўлимизда шеър шамчироғи.

Гоҳ ўчар, гоҳ ёнар, шуълалар сочиб,

Ёнса ижоддан ёнар кўзлар қароғи.

Биз узоқ йўлдамиз, йўлнинг поёни,

Ижод деб аталмиш бир жаннат экан.

Қўлимдан маҳкамроқ тутинг қадрдон,

Чунки унга етмоқлик машаққат экан.

Биз бир кун борамиз, бу орзуларга,

Қачонки юракда бўлмасин ҳасад.

Йўлдан адаштирар, кибр отлари,

Оёғимиз ерда турсинда фақат.

Яхшиларни, яҳшилик билан сийлар,

Аллоҳнинг яҳшиси бўлайлик дўстим.

Фақат бир нарсани биздан сўрайди,

Тоза қалб билан борайлик дўстим.

Олган нафасимда, сиз борсиз доим,

Сизсиз мен орзуни кўра олмайман

Мени ташлаб кетманг қадрдонларим,

Мен сизсиз шоира бўла олмайман...

18.07.2023 йил.

Қадрдон, илоҳий ишқ...тўғрисида қандай фикрдасиз? Илоҳий ишқ...бу Аллоҳга, Аллоҳнинг Расулига бўлган ишқ албатта. Лекин Аллоҳ томонидан кимнидир Аллоҳ учун севган бўлсангиз, у ҳам илоҳий ишқ саналар экан.

У инсондан ҳеч қандай манфаат кутмайсиз, уни бойлиги ҳам, обрўси ҳам, мавқеи ҳам сизни қизиқтирмай қўяди. Ўзи билмайди, лекин унга сиз узоқдир, яқиндир фақат Аллоҳдан узоқ умр сўрайсиз, уни яшаб юришини, доимо сиз яшаётган оламда бор бўлишини сўрайсиз. Бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди сизни...

Сиз шундай кимнидир севганмисиз....?

Агар севган бўлсангиз, Сиз Аллоҳнинг севган бандасисиз, ишқ оламининг эса девона Мажнунисиз...

Агар шундай севги сизда бор бўлса, доим бир сўзни такрорланг...Сизни Аллоҳ учун севдим...шунда севгингиз абадий бўлади ва кўз тегмайди, ИншаАллоҳ, Яратган эгам ўз ажри билан сизни мукофотлайди.

Илоҳий ишқ...

Балки бирга бўлмас тақдир йўлимиз,

Фақат узоқлардан севар кўнглимиз,

Бир умр кўришмоқ бўлар ўйимиз,

Сизни Аллоҳ учун севдим Ягонам.

Қўлингизни ушлаш армоним бўлар,

Сизни севги менинг осмоним бўлар,

Борлигингиз ўзи дармоним бўлар,

Бошқасин сўрамайман, сира Ягонам.

Аллоҳдан сўраганим, бўлинг омон,

Севилиб, соғинтириб яшанг ҳар он,

Доим сизни чорласин гўзал замон,

Зўрларни зўри бўлиб юринг Ягонам.

Майли, яшасангиз бўлди ўтинчим,

Сизни эркаласин мени соғинчим,

Шод юринг шудир мени овунчим,

Ғамингизни кўрмай сира Ягонам.

Билмайсиз, Аллоҳнинг билгани ҳисоб,

Унинг учун пойингиз қилайин тавоб,

Шундай севдимки, гуноҳ ё савоб,

Ажрини Аллоҳдан кутай Ягонам.

Сиз томонга ўтса ногоҳон бир ғам,

Юрагим ўртанар, емирар алам,

Жон десангиз жоним бўлсин малҳам,

Битта қурбон ўзим бўлай Ягонам.

Оёғингизга кирса азоблаб тикон,

Дардли юрагимга санчилар шу он,

Мен учун ўзингизни сақланг омон,

Борсизки бугун мен борман Ягонам.

Баъзан рашк дегани қийнайди қалбим,

Билмадим бу азобми ёки дардим,

Рашк қилсам, ишқда йўқолар қадрим,

Қизғонишга ҳаққим борми Ягонам?

Тинч қўяй сизни, топманг бир жабр,

Қалбимда яширин қолсин бу меҳр,

Емирса ичимни емирсин қаҳр,

Сизга юк бўлмасин ишқим Ягонам.

Сизни Аллоҳ учун севдим Ягонам,

Илоҳий ишқ недир билдим Ягонам,

Севгини мен энди сездим Ягонам,

Аллоҳга бунинг учун шукрона айтай,

Саждага бошим қўйиб, ажрини кутай...

16.07.2023 йил.

Айрилиқ...

Айрилиқдан сўз очманг, сира,

Узилади кўнглим торлари.

Ёдимдадир, ўша кун, ҳира,

Севгимиздан, кечган чоғлари.

Қолавердим, эгиб бошимни,

Бир сўзига, бўлдимда эга.

Сезмади у, тўккан ёшимни,

Бир он, раҳм қилмади менга.

Севги деса, садоқат деса,

Айрилиқни эслайман, ҳар дам.

Ўша кунни, қайтариб берса,

Севмас эдим, уни сира ҳам.

Юрагимга, таскин бераман,

У кетмади, мен кетдим асли.

Мен у кунни, эслаб қоламан,

Кетмагунча, жабрининг қасди...

*******

Қалбим менинг, мисли бир юрт,

Сирти обод, ичи хўп қашшоқ.

Ишқ деган юрт, уни эгаллаб,

Ҳўп ўйнатар, куй чалар машшоқ.

Қалбим мени, балки бир давлат,

Сирти буюк, бир чети мажруҳ.

Соғинч юрти уруш очган вақт,

Енголмаган, ёнгандек куюк.

Қалбим менинг, балки мусофир,

Ўз юртидан қувилган Султон.

Ишқ юртига бўлгандир асир,

Ва азобдан қоврилган бир жон.

Асирликдан чиқиб кетолмай,

Ҳижронлардан егандир камон.

Соғинч жаллод, ундан кечолмай,

Қозонларда қовирар ҳамон.

Қалбим менинг, чинданда асир,

Ишқ юртининг абадий қули.

Ўз юртига қайтмай бир умр,

Соғинчлардан қовжирар гули.

Қалбим менинг буюк бир давлат,

Ишқ деган юрт, бошқарар фақат.

Яшаяпман сиз бор учун...

Изҳорим юракдан интизор учун,

Дардларим бир олам дарди бор учун,

Кўнглимда муҳаббат иҳтиёр учун,

Бугун мен яшаяпман сиз бор учун.

Севгининг севгиси ўтгандир балки,

Қалб ўз куйини топгандир балки,

Бедаво дард ўтиб кетгандир балки,

Бугун мен яшаяпман сиз бор учун.

Ҳастаман жонимда мингта қийноқ,

Қалбимда олов бор, жуда қайноқ,

Сизга боғлиқ унга сувлар қуймоқ,

Бугун мен яшаяпман сиз бор учун.

Ишқ дейсизми, аҳир ишқнинг зўрида,

Фақат сиз яшайсиз қалбим тўрида,

Соғинчдан изтироб юрак қўърида,

Бугун мен яшаяпман сиз бор учун.

Тонгларни тонг каби кутганларим бор,

Ишқсизга қалбимни тутганларим бор,

Сўнг алам заҳрини ютганларим бор,

Бугун мен яшаяпман сиз бор учун.

Бир умр биргаман деган сўзингиз,

Қароғдан ишқини отган кўзингиз,

Дардингга малҳамман деган ўзингиз,

Бугун мен яшаяпман сиз бор учун.

Дардларни зўрини тортяпти юрак,

Гоҳ сув ичиб, гоҳ олов тутяпти юрак,

Сизни бедор бўлиб кутяпти юрак,

Бугун мен яшаяпман сиз бор учун.

Бу дунё сен билан гўзал дедингиз,

Аслида бор дунёим сиз эдингиз,

Қалбни бир умрга асир этдингиз,

Бугун мен яшаяпман сиз бор учун.

Мендан ишқингизни аямаган он,

Ёлғиз юрагимга бўлдингиз мезбон,

Жаннатда ҳам жоним сенла деган жон,

Бугун яшаяпман шу сўзлар учун.

25.07.2023 йил.

Ўтинч...

Ҳаёллар олиб кетар, гоҳ иҳтиёрим,

Умрим оқар сувдек оқиб кетяпти.

Сочимга оралабди қиров ҳам бугун,

Кўнглим нимагадир ҳеч тўлмаяпти.

Яшаяпман, яшайман балки кўпроқ,

Аллоҳ берган рисқга шукрлар айтиб.

Юрагим тўъридан мангу жой олган,

Ижодга борарман мен яна қайтиб.

Ким билсин, етти бор туғилиш бормиш,

Аллоҳнинг беқиёс ҳимматларида.

Мен яна шоира бўлиб туғилай,

Сен эса ёзилгин қисматларимга.

Фақат битта ҳолат ўзгарсин унда,

Сен олисда эмас ёнимда бўлгин.

Ўтинчим, шу қисмин ўзгартир тақдир,

Ҳар куни васлидан юрагим тўлсин.

Бирга яшамоқни, бирга ўлмоқни,

Қанчалар файзини сезиб боряпман.

Аллоҳим бор бўлса қайта туғилиш,

Сендан шу қисматни сўраб қоляпман...

23.07.2023 йил.

Севги азоблари...

Кўздаги ёш эмас, соғинч томчиси,

Йиғламадим мен кўнглим осмонда,

Камонни қўяверинг севги овчиси,

Сизсиз ҳам бу юрак бугун нишонда.

Севгида ёняпман, отманг пайконни,

Бугун муҳаббатга достон битаман,

Кўз ёшимни артинг, қўлингиз билан,

Йўқса шу армонда ўтиб кетаман.

Бошимни қўяй, келинг кўксингизга,

Севгидан титраган лабларим ёнсин,

Бугун нуқта қўйинг, соғинч сатрига,

Васлингиздан қувнаб тонглар отсин.

Йиғламадим мен, кўздаги ёшмас,

Сизнинг ҳижронингиз битта шодаси.

Порлаб турар кўзим, қароғларимда,

Ҳали ичилмаган севги бодаси.

Бугун малҳам бўлинг, олов жонимга,

Ишқингиз порласин кўзларингизда.

Билмадим, жон таслим қилмасам бўлди,

Соғиндимку деган сўзларингиздан...

22.07.2023 йил.

МУҲАММАД ЮСУФни эслаб...

( 31 июль шоирнинг вафот этган куни...)

Биз киммиз, шунчаки оддий инсон,

Яна нималарга даъвомиз бор,

Муҳаммад Юсуфдек азиз бир жон,

Даъвосиз ётибди, қабри лолазор.

Биз киммиз қўлга олиб қаламни,

Шоирлик тамғасин, мадҳ айлагани.

Муҳаммад айтган уша аламни,

Тарашлаб, тарашлаб яна айтгани.

Шоирмиз деймиз борми сўзимиз,

Ўша ашъор билан бизни эслашга.

Муҳаммад тузган битик ўзимиз,

Яна бормоқдамиз ижод излашга.

Айтинг, қайси сўзни янгиладик биз,

Муҳаммад Юсуфдек дардларда оқиб,

Аҳир ҳамасини англаб бўлганмиз,

Шоир айтиб кетган, юракни ёқиб.

Лолақизғалдоқми ёки Райҳонми,

Ҳали ҳам юрибмиз таниш сатрлар.

Муҳаммад айтган ўша айвонми,

Ер, тупроқ, ҳатто кўк уни қадрлар.

Йўқ Шоир, айтмадик биз ҳали бир сўз,

Юрибмиз шоирнинг сатрларида.

Бугун ёшлар билан безаняпти кўз,

Соғиниб лолазор адирларида.

Бугун шу мисралар мерос қолибди,

Янги авлоднинг зўр шоирларига.

Муҳаммад Юсуфдек шоир ўлибди,

Ўтли сўз қолдириб ворисларига...

20.07.2023 йил.