Найти тему
Илҳом ШЕР

ОРАЛИҚ

Охиратингиз обод бўлсин дўсти азиз😔😔

Бойнаев Тошмат 

ОРАЛИҚ.

Жуда яқин эди бизнинг орамиз,

Қўлларим узатсам ўтиб кетарди...

"Энди уфққача шундай борамиз,

Бизнинг бахтимизга ким ҳам етарди!"

Жуда яқин эди, орамиз яқин:

Нафаслар тўқнашар, тафтлар тўқнашар.

Тўқнашса нигоҳлар сочарди чақин,

Билмайин сўнгги бор кафтлар тўқнашар.

Бирдан, осмонимиз тортади хира,

Жуда олис энди, орамиз гулим.

Йироқлаб бормоқда ҳислар... хотира...

Висолинг зулмдир, айрилиқ- ўлим!

      Бойнаев Тошмат

-2

Эшик очиқ, кирсанг бемалол...

Бирор марта қулф осилмаган.

Бунда кўнглинг тусаганин ол

Хилват гўша, из босилмаган.

Эшик очиқ, кирдингми, тамом

Бир умрга қолар бўлсанг кир!

Келганларга― буюк эҳтиром

Чиқиш учун эшик йўқ ахир...

Кетар бўлсанг, олганинг борин

Ташлаб, яна хунин тўлайсан.

Бу хонанинг бузиб деворин

Чиқмоқ учун изн сўрайсан!

Эшик очиқ, кирсанг бемалол...

5.03.21.   Бойнаев Тошмат

-3

ЖАЗО.

Ойдинда ҳалинчак учаётган қиз

Эгиб синдирмагин қуруқ шохимни,

Неча йиллар ўтди, томирлар сувсиз

Қисмат мудом ювар бир гуноҳимни...

Мен мағрур юксалиб осмон фалакка

Бошимда айланган ойга талпиндим.

Қазо қаримтаси қайтди тилакка,

Ердан узилганим англадим, синдим.

Ойдинда ҳалинчак учаётган қиз

Бўйнимга арқон сол, ерга боғлаб қўй.

Иккимиз дунёда бахтсизмиз, ёлғиз

Дардкаш томиримга кўз ёшларинг қуй!

   29.01.21. Бойнаев Тошмат.

ТИЛАК.

Кўзинг булоғига тушсам― чўмилсам.

Лабинг ғунчасига қўнсам― ўпилсам.

Юрагинг уйига кирсам― тилагим,

Ишқинг мозорида ўлсам― кўмилсам!

 Бойнаев Тошмат  2016.

Эгилган кўйича пиёлага чойнак

қолди, ушалмоққа нон ҳам мунтазир.

Хонтахта устида дафтар, кўзойнак...

Бугун ҳеч нарсага хушим йўқ, узр.

Юрак туб -тубида саноқсиз ўкинч,

Бугун томоққача нимадир тўлган.

Ҳаммаси жойида. Бир қарашда тинч.

Фақат... кўнгил ичра нимадир ўлган...

      ***

Саҳродай ҳувиллаб қолганда дунё,―

Билмайман, қачондир, ким экиб кетган

Қисмат қўлларидан мудом норизо,

Ёзда ҳам қаҳратон кунларин кутган

Самум найзалари кўксига ботган

Олис сароблардан― умид ва тўзим...

Энг сўнгги япроғи тўкилаётган

Чўлдаги дарахтга ўхшатдим ўзим.

      ***

Отсиз, ғариб туйғулар соқов,

Фақат, кўксинг тилади ханжар.

Кўздан чиқса, кўради биров...

Қафас ичра турмайди ўжар.

Тонг отмоқда... айланар қуёш,

Айланмоқда билмай коинот:

Кичиккина юрак-ча бардош

Бермаганин, уларга ҳаёт!

     ***

Ҳар кунгидай чиқар бугун ҳам қуёш,

Бечора бошидан томчилайди қон.

Кўзлари милтиллаб юлдуз қўяр бош

Соғинч ёшларини яширар осмон.

Бироз сўнг, тириклик эсар шамоли,

Сокин туйғулардан қолмагай нишон.

Нени йўқотсам-да, кетмас хаёлинг

Ҳар тонг уйғонаман соғиниб, ишон!

      ***

Ҳурликни соғинган қул каби кўнгил,

Қафасдан қутулмоқ истаган бир қуш.

Ҳаёт деганлари― нураган манзил...

Тенг ярми ҳақиқат, қолганлари туш.

Бир кўмир пораси― ёниб бўлган кул,

Фақат юрагида тафти бор ҳали.

Кулдан бино бўлган уйимиз буткул,

Заррача арзимас кўнгил қўйгали.

     ***

Қадоқ қўлларингда хамир қил Она,

Фақат, юрак мисол кулча қилиб бер.

Чой келтир, бошимда бўлиб парвона

Очофат бу замон юрагимни ер.

Ёмғирда завқланиб пуфакчалардан,

Бир лаҳза унутай ҳаёт ғамини.

Бехабар нон каби юракчалардан

Қолганлар ўйласин дунё камини.

      ***

Айланишдан тўхтар бир кун Ер,

Бир кун сўнар кўкда юлдузлар.

Бир кун ҳар ким сўнгги сўзин дер,

Ва сўнгги бор тикилар кўзлар.

Зое кетти барча таваллом,

Оқ қоғозга тикилдим узоқ.

Туғулмади биронта калом

"Хайр" деган сўздан яхшироқ.

      ***

Катта кўча ―дунё сари йўл.

Бўйсинмайди одоб йўриққа

Ким тош отар, ким чўзади қўл

Деворидан ошган ўрикка.

Ўзгачадир ҳар кимнинг ҳукми,

Билолмадим ким бунда айбдор?

Нишонингда йўлми, ўрикми,

Йўловчими, боғбонми, девор?!

 Бойнаев Тошмуҳаммад.

Пўртана бошланар, қутурар денгиз,

Қирғоқда изларим ювилиб кетар.

Бу ҳаёт ўткинчи, яшиндан ҳам тез

Аммо, бир лаҳзаси минг йилга етар.

Ахир шу лаҳзада ҳаётсан, ҳаёт,

Фақат шу лаҳзада яшаганим― чин.

Замон довуллари қилолмас барбот

Юракка босилган муҳаббат муҳрин.

Мен Ерга ишонмай қўйдим-да бирдан,

Энди тушларимни ҳақ-қа йўяман.

СЕНИ СЕВАМАН деб, катта ҳарф билан

Осмоннинг лавҳига ёзиб қўяман!

   ..ОЙга.  22.08.20 Бойнаев Тошмат