Нурали Умбаров (ижодидан)
***
Четдан қараганда
барчаси бекам:
Мен вазмин эркакман.
Сен жувон,кўркам.
Пошнанг тақиллайди
тош кўчам бўйлаб,
Салом берсанг,бошим
ирғайман беғам...
Хаёлим эргашар.
Музли йўлкада,
босган қадамингда
билингим келар.
Ҳеч кимга билдирмай
нафис елкангда,
Сумкачанг ўрнига
илингим келар.
Ногаҳон чалинса
зулфинг - қўнғироқ,
Очилгим келади
китобинг бўлиб.
"Бугунги мавзумиз -
Тиниш белгилари.
Нуқта,вергул,сўроқ"
Янграгим келади
хитобинг бўлиб.
Ўтган дарс ўтганмиз
ўтган замонни.
Она тили,
ўпай замонларингни.
Адабиёт дарси,
завқли ҳар онинг,
Алпомиши бўлай
достонларингнинг.
Эркалаб эгалик
қўшимчаларин,
Исминг охирига
келар тиркагим.
Севгига синоним,
эш бўлгим келар.
Сенинг дарсларингдан
беш олгим келар.
Аммо,ҳозир таътил.
Ҳаммаси хаёл.
Хаёлим дайди қуш.
Қўнар боғи йўқ.
Мактаб бўш.
Илинган катта харита -
Чамбил деган юрти,
Асқартоғи йўқ.
Биламан,
бир куни тугайди таътил,
Пошнанг товушидан
уйғонар кўчам.
Ҳавони иситар
илиқ саломинг,
Мен эса...
Бошимни
ирғайман беғам.
Четдан қараганда
барчаси бекам.
О,эркам!
Бошимни силкитиб беғам.
Яшайман:
Сувратинг
банд қилган дилни,
Бировга
бермасдан
ижарага ҳам!