Армон олис, осмон яқин.."..шеърлар. Нажмиддин Эрматов (1993 йил). Нажмиддин Эрматов 1993 йили туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. * * * Сентябр тиғ урди август ортидан, Япроқларга сачраб кетди қон. Ҳолсизланган қуёшни судраб, Кетиб борар эди саратон. Куйиб куйлар эди хотима куйин, Атиргул шохидан кетолмаган қуш. Наводек ҳавога кетолмам сингиб, У ёғи хаёл ва у томони туш. Қайта келаверар армонлар ёдга, Ўтмишга интилиб тасаввур ҳалак. Тирама тиғига урар ўзини Саратон қонига беланган юрак. * * * Келма! Соғинчни ўлдирар сенинг ташрифинг, Дийдорга тўйишдан қўрқаман, келма. Келма! Ҳижроннинг овчиси бўлган висолга Ўлжасин беришдан қўрқаман, келма. Келма! Туғилмаган шеърлар туғилсин ҳали, Уволга қолишдан қўрқаман, келма. Келма! Бир олам бахт билан келарсан, келсанг, Мен бахтли бўлишдан қўрқаман, келма. Келма! Мана шу дард билан, гулим, тирикман, Даводан ўлишдан қўрқаман, келма. * * * Деразадан термилар титраб, Ёмғирлардан шалаббо кеча. Жавдираб