– Жалолиддин Румийнинг етти асрдан буён Шарқ тафаккури ва бадиий калом мухлисларини ўзига мафтун этиб келаётган "Маънавий маснавий" асарининг олти китоби таржимасини якунладингиз. Хайрли бўлсин! Суҳбатимизни шу мавзудан бошласак...
– Маърифат оламининг шоҳ асари, олти китобдан иборат “Маънавий маснавий” – рамали мусаддаси маҳзуф ва рамали мусаддаси мақсур вазнида битилган, 25632 байтдан иборат, Қуръони карим ҳамда Имом ал-Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”идан кейинги йўлдоши, шериги йўқ китоблардан саналадиган йирик ҳажмли асар. Румийшунос олим Тожибой Султоний фикрига кўра, “Маснавий”даги байтлар миқдори Ҳофиз девонидан икки баробар кўп ёхуд Саъдийнинг бутун бошли “Куллиёти”даги байтлар миқдори билан тенгдир.
“Маснавий”га илк таважжуҳим ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида, яъни 1963 йилда Расул Ҳодизода томонидан нашрга тайёрланган “Ҳикоятҳои халқии “Маснавӣ” (“Маснавий”да халқ ҳикоятлари”) китоби мутолааси билан бошланган...
Шу ўринда эътироф этиб ўтишим керакки, таржимага қўл урган кезларим мен қишлоқда, адабий муҳитдан бутунлай йироқда яшаганман. Таржиманинг илк намуналарини ижтимоий тармоқларда эълон қилганимда, Санжар Назар, Улуғбек Ҳамдам, Жаббор Эшонқул каби миллат ойдинлари мени қўллаб-қувватлашган. Шу инсонларнинг маънавий рағбати билан бу асар таржимасига жиддий киришиш учун журъат топдим. Тўртинчи китобнинг ярми, бешинчи, олтинчи китобларни қисқа муддатда тўлиқ ўгиришимга, яъни якунлашимга шу саволлар муаллифининг маънавий кўмаги сабаб бўлганини алоҳида таъкидламай иложим йўқ.
– Бу таржима учун ўн икки йил вақт сарфладингиз. Таржиманинг муваффақиятли чиққанини таниқли адабиётшунос олимлар эътироф этишмоқда. Шунга қарамай, савол туғилади: "Маънавий маснавий"нинг бир қисмини раҳматли шоиримиз Асқар Маҳкам шарҳи билан ўзбек тилига ўгирган эди, кейинроқ Жамол Камол олти китобини ўгирди. Яна бир бор ушбу асар таржимасига қўл уришга сизни нима мажбур қилди? Таржима жуда машаққатли меҳнат. Ўн икки йиллик умрингизни ўзбек тилига ўгирилмаган бошқа бир асар таржимаси ёки ўз ижодингиз учун сарфласангиз бўлмасмиди?
– Ўзбекистонда “Маснавий” таржимаси ва шарҳига дастлаб Асқар Маҳкам қўл урганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Афсуски, бевақт ўлим туфайли эзгу ниятлар билан бошланган илмий-тадқиқот даражасидаги бу хайрли иш биринчи китобнинг қарийб ярмида тўхтаб қолди (айни пайтда дўстимиз Абдуллоҳ Зуҳур “Маснавий” шарҳини менинг таржимам асосида давом эттирмоқда). Кейинчалик Ж.Камол таржимасида “Маснавий” бир неча марта тўлиқ нашр этилди. Жамол акани Р.Фишнинг “Жалолиддин Румий” асари таржимони сифатида яхши билардим ва “Маснавий” таржимаси ҳам кўнгилдагидек амалга оширилган бўлса керак, деб ўйлагандим. Аммо... Таржимоннинг меҳнатини, журъатини эътироф этган ва заррача камситмаган ҳолда “Маснавий”ни қайтадан таржима қилиш зарурлиги ва унга киришганим сабабларини айтиб ўтмоқчиман:
Юқорида таъкидлаганимдек, “Маснавий” рамали мусаддаси маҳзуф ва рамали мусаддаси мақсур вазнида ёзилган. Таржимон шу вазнни сақлаб қолишга уринган, аммо жуда кўп ўринларда вазн талабига риоя қилинмаган. Жуда кўп байтлардаги қофиялар ҳам оҳангдошликдан йироқ.
Олти китобдан иборат бу асардаги биргина китобнинг ўзида Қуръони каримнинг олти юздан ортиқ оятига, юздан ортиқ ҳадисга ишора бор. Олдинги таржимада ана шу ишораларнинг ўндан бир қисми ҳам кўрсатилмаган ёки изоҳ берилмаган. Изоҳларнинг деярли йўқлиги ёки мавжуд изоҳларнинг ҳам шошқалоқлик билан, узуқ-юлуқ ҳолда келтирилгани “Маснавий” таржимаси билан ўқувчи орасида жуда катта тўсиқ пайдо қилган.
Бир асарни ўзбек тилига таржима қилишдан асосий мақсад – ўзбек ўқувчисини ўша асар мазмун-моҳиятидан огоҳ этишдир. Ёмон ёки ўртача ўгирилган асарларни асл нусха билан солиштириб ўқиш учун ҳаммада ҳам имконият бўлавермайди. Оқибатда, не-не сара асарлар ўз шукуҳини йўқотади. Афсуски, “Маснавий”нинг амалга оширилган аввалги таржимаси ҳам ана шундай аянчли қисматдан мосуво эмас. Таржимада асл нусхадаги форсий иборалар, қофиялар деярли сақланиб қолинган, тусмоллар, ўзбек ўқувчиси учун тушунарсиз жумлалар, байтлар қалашиб ётибди, асар гўёки “ширу шакар” услубида ўгирилгандай таассурот қолдиради ўқувчида. Бу ҳам етмагандай, аксарият байтлар хато ўгирилган. Ҳурматли ўқувчилар вақтини ўғирламаслик учун айрим мисоллар билан чекланаман:
1. Юз сабрин синдирар бир парча тош,
Чашма оққай шарқираб, айлаб талош. (Ж.Камол таржимаси)
(сабӯ – сабр эмас, кўза)
Сад сабӯро бишканад як пора санг
В-об чашма мезаҳонад бедиранг.
Битта тош юз кўзани синдиргуси,
Лек булоқни қандайин тиндиргуси? (О.Икром таржимаси)
2. Билмадим мендан нечун юз бурганинг,
Икки кўзим, шулми дўстни кўрганинг? (Ж.Камол таржимаси)
(ду дида – икки кўз эмас, бирни икки кўргувчи, яъни ғилай)
Ман надонам он чӣ андешидаӣ?
Эй ду дида, дӯстро чун дидаӣ?
Нега билмай, не хаёлинг ичра бор?
Эй ғилай, қандоқ кўрингай сенга Ёр? (О.Икром таржимаси)
3. “Мен”у “Биз”ни бўйла бунёд айладинг,
Ўз-ўзинг бирлан магар нард ўйнадинг. (Ж.Камол таржимаси)
(нарди хидмат бохтан – нард ўйнаш эмас, ўзгаларнинг хизматини қилиш)
Ин ману мо баҳри он барсохтӣ,
То ту бо худ нарди хидмат бохтӣ.
“Мен”у “биз”ни сен яратдинг, кеча-кун
Ўзгаларнинг хизматин қилмоқ учун. (О.Икром таржимаси)
4. Тангри деб Намрудга чун ном илдилар,
Макр ила чун пасту бадном қилдилар. (Ж.Камол таржимаси)
(Намруд қаердан келди?)
Ҳамчу амрад, ки Худо номаш кунанд,
То бад-ин солус дар домаш кунанд.
Ҳар соқоли чиқмаганни деб “худо”,
Авраб арқонга этарлар мубтало. (О.Икром таржимаси)
5. Битта шахс кўзга кўрингай инчунин,
Гоҳ тўлин ойдир назарда, гоҳи тун. (Ж.Камол таржимаси)
(моҳӣ – ой эмас, балиқ, шаст – қармоқ, тун эмас)
К-андар ин як шахс ҳар ду феъл ҳаст,
Гоҳ моҳӣ бошад ӯву гоҳ шаст.
Унда ҳар икки сифат камроқ эрур,
Гоҳ балиқ ул, гоҳида қармоқ эрур. (О.Икром таржимаси)
6. Бўйла майдирким: майи хуми бало,
Таъсири бир тунда бўлмасдир адо. (Ж.Камол таржимаси)
Бу байтдаги бале – “бало” эмас, “ҳа” дегани. Қуръони карим оятига ишора:
(Эй Расулим!) Вақтида Раббингиз Одам фарзандларининг пушти камарларидан (ўтган ва бўлажак) зурриётларини (зарралар ҳолида) чиқарди ва уларни ўз-ўзларига гувоҳ қилди: «Мен сизларнинг Раббингиз эмасманми?» (деди). Улар: «Ҳа, (Сен Раббимизсан)! Биз гувоҳ бўлдик» дедилар. (Бу эса дунёда куфрга кетиб) қиёмат кунида: «Биз бундан бехабар эдик» демасликларингиз учундир (“Аъроф” сураси, 172-оят).
Хоса ин бода, ки аз хумми балист,
На майе, ки мастии ӯ якшабист.
Гар шароб “Ҳа” хуммидан етгуси, бас,
Бир кеча маст айлагувчи май эмас. (О.Икром таржимаси)
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, таржимон форс тили нозикликларидан унчалик хабардор эмас. Мени “Маснавий” таржимасига ундаган сабаблардан айримларини йўл-йўлакай айтдим. Валлоҳи аълам!
– Бир йил олдин “Ҳуррият” газетасида чоп этилган суҳбатда Жамол Камол: “Орзуга айб йўқ, майли, таржима этишсин. Аммо бир шарти бор. Таржимон ўз таржимасини менинг таржимам даражасига етказиши, ҳаттоки ундан ошириши даркор. Акс ҳолда, қилган меҳнатига куйиб қолиши ҳеч гапмас. Китобхон яхши таржима турганда, ҳар нечук, ўртамиёна таржимани ўқимайди”, деган гапларни айтганди. Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, демак, сиз “Маснавий”ни аввалги таржимонлардан ўтказиб таржима қилдим, деб ўйлайсиз?
– Одоб доирасидан ташқаридаги иддао эгасининг даражасига тушиб, у билан ади-бади айтишиш – одобдан эмас... Бу ҳодиса мақоми хусусидаги хулосани ўқувчилар ҳукмига, қолаверса, таржимон виждонига ҳавола этган маъқул, менимча. Ҳақиқий баҳони ўқувчи беради.
– Форс-тожик адабиёти ва ўзбек адабиёти билан бирдай танишсиз. "Замонавий тожик шеърияти антологияси”да олтмишдан ортиқ тожик шоирлари шеърларини таржима қилгансиз. Бу икки миллатнинг замонавий адабиётини таққослаб, нима дея оласиз? Умуман, бугунги адабий жараёндан кўнглингиз тўладими?
– Дарҳақиқат, “Замонавий тожик шеърияти антологияси”да олтмишдан ортиқ тожик шоирларининг ашъоридан намуналар, улар ҳақида маълумотлар бор. Бу китоб ўзбек адабиёти учун керак, деб ўйлайман ва яқин кунларда нашр этилиб қолса, ажабмас.
Бугунги адабий жараёндан қониқиш-қониқмаслигим ҳақида эса ҳеч нарса деёлмайман. Чунки, айрим ёш ижодкорларни ҳисобга олмаганда, бугунги кунда адабий жараённинг ўзи йўқдек, менинг назаримда.
Очиғини айтишим керак, баъзан мен адабий муҳитни адабиётга алоқаси бўлмаган дўстларим орасидан кўпроқ топаман. Улар шеър ёки ҳикоя ёзишмайди, ўз феъл-атвори, ноёб қалби билан шеърга, ҳикояга айланган. Адабиёт фақат сўз эмас. Адабиёт бу – қалб, одоб, мантиқ дегани...
– Сиз нафақат моҳир таржимон, балки катта шоир ҳамсиз. Аммо кейинги йилларда янги шеърларингиздан жуда кам ўқидик. Сиздан янги шеър кутаётган мухлисларингизга буни қандай изоҳлайсиз?
– Шоирлик ва таржимонликни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Яхши шоир яхши таржимон ҳамдир. Рус шеърияти юз йилдан ортиқ давр мобайнида ўзбек тилига ўгирилмоқда. Уларнинг аксарияти ҳашар йўли ёхуд бирор тадбир баҳонасида амалга оширилган. Шу боисдан ҳам Э.Воҳидов таржимасидаги Есенин, А.Шер таржимасидаги Ахматованинг туркум шеърлари ўзбек ўқувчисига етиб келган, холос. Чет эл адабиётидан ўгирилган “Фауст”, “Илоҳий комедия”нинг “Дўзах” қисми, истеъдодли шоирлар томонидан ўгирилган яна айрим таржима асарлар ҳам эътирофга лойиқ. Таржимон меҳнатига баҳо беришда аксарият ҳолларда унинг асл нусхадан ўгирганига урғу беришади. Бу ҳодисани инкор этмоқчи эмасман. Аммо шеърий таржимага қўл урган ижодкор сермаҳсул, серғайратлигидан ташқари талантли шоир ҳам бўлмаса, у асл нусхадан ўгирадими, мўътабар қўлёзмадан ўгирадими, барибир фойдасиз. Бу жараёндан таржимон арзимаган моддий фойда кўриши мумкиндир, аммо ўзбек адабиёти, ўзбек ўқувчиси учун бундан заррача наф йўқ.
Шеър – кўнгил иши. Шоир юз йил яшаган тақдирда ҳам, сандиқдай-сандиқдай шеърий томликлар яратишини ақлимга сиғдиролмайман. Шунинг учун ижодкорга: таржимага берилиб кетиб, шеърдан узоқлашдинг, – қабилидаги таъналар ўринсиз.
– Шеърларингизда мумтоз адабиётга хос белгилар ҳам, замонавий модерн адабиётига хос белгилар ҳам учрайди. Ўзингизни адабиётдаги қайси йўналиш вакили деб биласиз?
– Ўзини таниган ижодкор оғзининг сувини оқизиб: “мен фалон оқимда ижод қиламан”, деб ҳаргиз айтмаса керак. Бу иддао шаклбозлар учун бир ниқоб, холос. Адабий жараёндаги ҳар қандай йўналиш умри, жону тан, гулу ифор янглиғ, шакл ва мазмун мутаносиблиги билан ўлчанади. Муҳаммад Иқбол бир рубоийсида: “Бу миллат одамларида кўнгил бор, аммо кўнгил ичра Ёри йўқ...” деганда мазмундан мосуво шаклни ҳам назарда тутгандир, эҳтимол.
Ҳар қандай оқим, йўналиш шаклини бир қафас деб тасаввур қилсак, қафаснинг мазмун-моҳияти унинг мунаққаш ё оддийлиги, катта ё кичиклиги, думалоқ ё тўртбурчаклигида эмас, балки ичида шодонми, нолонми, сайраб турган тирик булбулнинг бор-йўқлигида. Янги оқим яратаман деб, сувни челакда эмас, элакда ташийдиганлар ҳам бор...
– Шу ўринда ижодкор маҳорати, дунёқарашидаги кенглик, маҳдудлик, шоир ва шахс мавзусига тўхталиб ўтсангиз.
– Дунёвий билим билан бирга Қуръону ҳадисдан ҳам яхши хабардорларни огоҳ, унга амал ҳам қилганларни эса бутун одам деб биламан. Жоҳиллар, мутаассиблар ҳар икки билимдан мутлақо хабарсизлар ёхуд улардан тўлиқ огоҳ мўминлар орасидан эмас, балки чаламуллалардан чиқади. Бу тоифадагилар ёши бир жойга етгунга қадар: намозга кечиккан киши сафга қўшилиши учун икки қадам қўйиши керакми ёки уч қадамми? – қабилидаги шариатнинг энг ибтидоий қоидалари хусусидаги баҳсу талошлардан бўшамайди. “Авесто” ўзбек тилига таржима қилинса, ҳамма оташпараст бўлиб кетади...” деб ваҳима ичра аюҳаннос соладиганлар, манфаатларига тўғри келмайдиган, Румий, Ғаззолийлар ўз битикларида саҳиҳ санаган ҳадисларни “мавзуъ” деб айтадиганлар ҳам шундай чаламуллалар орасидан етишиб чиқади.
Бундай маҳдудлик ҳодисаси адабиётда ҳам авж олаётгани, ижодкорнинг ижоди бир четда қолиб, ташқи кўриниши, сочи-соқолининг муҳокама қилиниши, силлиқлиги ва ғадир-будирлигига қараб баҳоланиши – ачинарли ҳол.
Тақиқ – Одам Ато давридан буён ҳозиргача ўзига хос ташвиқ вазифасини беармон бажариб келмоқда. Жинларнинг кофиру мусулмони бўлгани каби, тақиқнинг ҳам фойдали ва зарарли жиҳатлари мавжуд... Агар ўша даврдаги ҳукумат махсус қарор чиқариб, номини зикр этишни тақиқламаганида, ном қолдириш илинжида Артемида ибодатхонасига ўт қўйган Геростратни ўз даврида ҳам, бугун ҳам бирор тирик жон эсламаслиги мумкин эди...
Шўролар тузумида бутун бошли тақиқ маҳкамалари фаолият юритар, тақиққа учраган мавзулар ҳам истаганча топиларди. Аксарият ижодкорлар дамини ичга ютган ҳолда, тақиқланган мавзуда рост гапни рамзу ишоралар билан айтиб, тақиққа ўрин қолдирмаслик учун катта истеъдод, шунингдек, жасорат талаб этиларди. Зеро, адабиёт тақиқдан ўсиб чиқади. Ўша тузумда яшаб, ижод қилган, Худо берган истеъдодини бандани мадҳ этишдек нораво юмушга сарфламаган, Румий таъбири билан айтганда, “тилла белкуракда гўнг ортиш” ила машғул бўлмай, ўз жабҳасида мактаб яратолган Шахслар борлигини инкор этолмаймиз. Чинакам ижодкор шахснинг вазифаси – яланғоч “шов-шув”га ҳарислик, бақироқлик ёхуд ялтоқланиш эмас, балки ҳар қандай кескин шароитда ҳам сўзнинг ички қудратини ҳис этиш, миллат, қолаверса, бутун инсоният тақдиридаги ғафлатдан, уйғонишдан огоҳ этиш.
Адабиётнинг ривожланишида фақат истеъдодларнинг эмас, балки истеъдодни қадрлай оладиган шахсларнинг ҳам хизмати беқиёс. Бундай шахслар чинакам миллатпарвар, хоксор, ҳақиқий талантларга бағрикенг, сезгир, кузатувчан бўлади. Агар Мирзо Турсунзодадек бир арбоб тан олиб, марҳамат кўрсатмаганда, тожик адабиётининг минг йилда бир марта дунёга келадиган Лойиқ Шералидек забардаст шоири Панжакентдаги қайсидир бир газетада ном-нишонсиз мухбир бўлиб ўтиб кетарди... Адабиётимизнинг яқин ўтмишида ҳам маълум шахсларнинг беминнат хайрхоҳлиги, шарофати билан рўёбга чиққан иқтидорли ижодкорлар кам эмас. Р.Парфи билан Шукрулло, Асқад Мухтор, А.Орипов, Ш.Холмирзаев билан Н.Фозилов, У.Азим билан Шуҳрат, Х.Даврон билан Зулфия, Ш.Раҳмон билан С.Азимов, А.Маҳкам билан Н.Қобул, Ш.Жўраев, М.Юсуф билан Н.Сафаров... лар орасидаги бетаъма, беғубор устоз-шогирдлик муносабати беҳад самарали кечганини тан олмаслик ҳамда ўша удум соғинчини ҳис этмаслик мумкин эмас.
– Адабиёт жамиятни ўзгартиришга қодир, деган фикрга қўшиласизми?
– Адабиёт – онгли жамиятнинг маҳсули. Бир хил фикрлайдиган, тирикчилик ташвишидан бир лаҳза ҳам халос бўлмайдиган, қўли бўшади дегунча енгил-елпи қўшиқлар эшитиб ўзини овутадиган кимсалар дардига даво борми?.. Тожик шоири Озарахшнинг: “Танимда бир йиртиқ кўйлагим билан замоннинг айбини қандоқ ёпарман...” сатрларини эсланг.
– Шеърнинг қийматини мухлисининг кўп ёки камлиги билан белгилашади кўпинча...
– Шоир – кўнгил ва идрок қамровидаги шахс. Шеърхон – дўст. Чинакам дўстлар эса кўп бўлмайди. Шу маънода, шеър қадри, қиймати шеърни қабул қиладиган шеърхон миқдорининг кўпу камлиги билан ўлчанмайди.
Шеър қиймати шоирнинг росту ёлғони, самимийлиги ёхуд сохталиги, жиддийлиги ёки бачканалиги... билан ўлчанади. Биринчи ўринда – маҳорат. Шоир қайси услубда ёзмасин, фикрини, туйғуларини маҳорат билан одамий тилда самимий ифодалаши шарт. Акс ҳолда, у шоир эмас, назмбоздир.
– Дунёда меҳр-муҳаббатдан кўра жиддийроқ нимадир ҳам борми? Хаёт ҳақидаги бугунги хулосангизни билмоқчи эдим.
– Дунёда маърифат бор, ҳақиқат бор. Шу икки умрбоқий ҳодисага асосланган меҳр-муҳаббат ва бошқа ҳар қандай туйғуларнинг умри узоқдир.
Ташаккур!
ОЙДИННИСО суҳбатлашди