Сотволдиева Мохинур Хазратулло қизи,
АДУ, филология факультети 1 босқич магистранти.
mohinurqodirova97@gmail.com
Тел: +998930988168
https://doi.org/10.5281/zenodo.8028659
Qabul qilindi: 12.06.2023
Crossref DOI: 10.24412/cl-37059-2023-06-34-37
UDK: 801.83
Аннотация: Ушбу илмий ишда, ўзбек халқи тўй маросимларининг ўтмиш ва бугуни, йўқолган ёки буткул янгиланган удумлар, олимларнинг бу борада олиб борган тадқиқотларига атрофлича тўҳталиб ўтилади.
Kалит сўзлар: ўзбек халқи тўйлари, никоҳ тўйи, урф-одатлар, совчилик, унаштириш, уй кўрди, учрашув, фотиҳа тўйи, тўй юбориш (мазар), қиз тўйи (қизлар мажлиси), никоҳ ўқитиш.
Аннотация: В данной научной работе подробно рассмотрены размышления о прошлом и настоящем свадебных обрядов узбекского народа, утраченных или полностью возрожденных традициях, исследования, проведенные учеными в этом отношении.
Ключевые слова: Узбекские свадьбы, обряд бракосочетания, обычаи, сватовство, помолвка, посещение дома, встреча, благословление свадьбы, свадебная посылка (мазар), девичья свадьба (девичья встреча), брачное воспитание.
Annotation: In this scientific work, thoughts about the past and present of the wedding ceremonies of the Uzbek people, lost or completely renewed traditions, researches conducted by scientists in this regard are discussed in detail.
Key words: Uzbek people's weddings, marriage ceremony, customs, courtship, engagement, house visit, meeting, blessing wedding, wedding sending (mazar), girl's wedding (girls' meeting), marriage education.
КИРИШ.
Маълумки, ўзбек тўйларининг вужудга келиш ва ривожланиш босқичлари бир қанча давр, йиллар ортга бориб тақалади. Биз ўзининг тарихан шаклланиб келган анъана ва урф-одатларига эга кўплаб халқларни биламиз. Хусусан, ўзига хос этнографик тарихи йиллар мобайнида шаклланган ўзбек халқи маросимларига тўхталадиган бўлсак, унда шундай одат, расм-русумлар борки, бошқа халқларда деярли учратмайсиз. Улар орасида ўзбек халқи тўйлари-олис ўтмиш замонидан то ҳозирги давргача амал қилиниб келаётган асосий маросимлардан бири ҳисобланади.
АСОСИЙ ҚИСМ.
Ўзбек тўй маросимлари - миллатимиз маданияти, тарихи, ривожланиш хусусияти ва босқичларидаги урф-одат, анъаналаримизни ўзида акс эттирган бебаҳо қадриятларимиздан бири сифатида кўплар томонидан кенг ўрганилган ва ўрганилиб келиняпти.
Бу борада, Д.Д.Манукян, Й.А.Сорокин, Д.А.Гилфанова каби олимлар никоҳ тўй маросимига оид изланишлар олиб борган. “Ҳозирги замон тўй маросимлари номлари билан боғлиқ тадқиқотлар А.Жўрабоев [7,9-35], Ш.Нуриллаева [10,11-39], Ҳ.Исмоилов [8,12-47], О.Бўриев [6,42], З.Ҳ.Орифхонова [4, 36], М.Қахаровалар [13,12-45] томонидан амалга оширилган. Шўролар даврида никоҳ тўйи маросимларида янги урф-одатларнинг пайдо бўлиши О.А.Сухарева, М.А.Бикжанова, Н.П.Лобачёва, Л.Ф.Моногарова, Т.Х.Тошбоева ва М.Б.Савуровларнинг илмий ишларида ўз аксини топган. Тадқиқотчи З.Алимова ҳам ўз илмий ишида форсча-тожикча тўй маросимлари ҳақида тўхталиб ўтган [1, 102].”[1]
Ўзбек халқининг никоҳ тўйи тизимида: совчилик, унаштириш, уй кўрди, учрашув, фотиҳа тўйи, тўй юбориш (мазар), қиз тўйи (қизлар мажлиси), никоҳ ўқитиш, келин туширди, келин салом, чарлари, қуда чақириқ (ота кўрди, қиз кўрди) сингари маросимлар ва улар билан боғлиқ қадимий урф-одатлар бор. Уларнинг аксарияти ҳозиргача сақланиб, нишонланиб келинади.
Ўзбек тўйлари тарихи, ривожланиш босқичи, жанр хусусиятлари бир қатор олимлар томонидан кенг ўрганилган. Бу соҳада А.Аширов (“Ўзбек халқининг қадимий эътиқод ва маросимлари”), К.Кубаков (“Тўй ва тўй маросимлари ўтмишда ва хозир”), Ҳ.Муин (“Тўй ва аза маросими ҳақида”,) Х.Сулаймонова (“Ўзбекистонда тўй анъаналари тарихи ва бугуни”), Х.Умурова (“Инглиз ва ўзбек тилларида тўй маросими атамалари хусусида”), З.Алимова (“Инглиз ва ўзбек халқларида никоҳ тўйи маросими билан боғлиқ лексемаларнинг қиёсий таҳлили”), Х.Исмаилов (“Ўзбек тўйлари”), М.Асқаров (“Тўй:кеча, бугун, эртага-этнографик таҳлил”) ва бошқалар илмий тадқиқотлар олиб борган.
Ўзбек халқининг никоҳ тўйи тизимида: совчилик, унаштириш, уй кўрди, учрашув, фотиҳа тўйи, тўй юбориш (мазар), қиз тўйи (қизлар мажлиси), никоҳ ўқитиш, келин туширди, келин салом, чарлари, қуда чақириқ (ота кўрди, қиз кўрди) сингари маросимлар ва улар билан боғлиқ қадимий урф-одатлар бор. Уларнинг аксарияти ҳозиргача сақланиб, нишонланиб келинади. Улар орасида никоҳ, бешик ва хатна тўйлари энг қадимги маросимлардан биридир.
20 асргача бўлган муддатда тўйлар-хонадонларда ўтказилган бўлса, 20 асрнинг 70 йилларига келиб, тўй тантанасини ресторан ва кафеларда ўтказиш анъанаси бошланиб кетди. Энг эътиборли жиҳати, тўй сабабчилари бўлмиш келин-куёв либослари ҳам ўзгарди. Келинчакларнинг паранжи ва қалин рўмоли замонавий мода асосида тикилган фата кўйлакка алмашди. Фақатгина куёвнинг эгнига киядиган миллий чопон ва саллагина сақланиб қолди. Қолаверса, тўй маросими иштирокчилари сони нисбатан ортди.
Шунингдек, 70–80-йиллар оралиғида келин-куёв ва уларга “ҳамрох” дўстлар биргаликда шаҳарнинг ёдгорлик ўрнатилган жойларига бориш, гул қўйиш, суратга тушиш, видео тасвирга олиш, келин-куёвнинг бир-бирига узук тақиш каби анъаналари кириб келди. Айни шу даврда, айниқса, пойтахтда келин сарпонинг таркиби ҳам анъанавий буюмлардан ташқари, сервиз, мебел гарнитурдан то музлаткичларгача бўлган буюмлар билан анчагина “қимматлашди”. 20 асрнинг охирларида тўй маросимларида сарф-харажатнинг кескин ортиб кетгани туфайли ҳаттоки Тошкентда чаллар ва қуда чақириқ удумлари биргаликда ўтказила бошланди.
ХУЛОСА.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ўтмиш замонидан бизга мерос бўлиб келаётган тўй маросимлари исломгача ва исломдан кейинги удум, маросимлар билан қоришиб кетган. Хусусан, ёшларни ёмон назар ва бало-қазолардан асраш учун гулхан атрофида айлантириш, бошлари узра катта ёпинғич тутиш, уларнинг турмуши фаровон кечсин дея, ширинлик ва тангалар сочиш, серфарзанд, ували-жували бўлишларини тилаб, болаларни тиззага ўтқазиш, пишган тухум билан меҳмон қилиш, сингари махсус удумлар ўтказилган. «Кўрпа қавиш», «маслаҳат оши», «сабзи тўғрар», «мол ёяр» ва бошқа удумлари эса ҳеч қандай ўзгаришсиз бугунгача етиб келган. Ҳозир ҳам бу русумлар худди илгаригидек қавм-қариндош, қўни-қўшнилар даврасида ўтказилиб келинади. Қолаверса, бу удумларга қўшимча янгиликлар ҳам йўқ эмас. Яъниким, бугуннинг тўйлари аёл ва эркакларнинг баравар иштирокида бўлиб ўтмоқда ва тўйга машхур санъаткорларни олиб келиш ҳам урфга кирган.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
1. Алимова.Б. Инглиз ва ўзбек халқ никоҳ тўй маросими билан боғлиқ лексемаларнинг қиёсий таҳлили-102.
2. Сайдуллаева.Х Ўзбекистонда тўй анъаналари тарихи ва бугуни-2021
3. Аширов.А. “Ўзбек халқининг қадимий эътиқод ва маросимлари”.
4. Муин.Х. “Тўй ва аза маросими ҳақида”-Тошкент.
5. Умурова.Х. “Инглиз ва ўзбек тилларида тўй маросими атамалари хусусида”-Тошкент.
[1][1] З.В.Алимова. (n.d.). Инглиз ва ўзбек халқ никоҳ тўй маросими билан боғлиқ лексемаларнинг қиёсий таҳлили, (p. 102).