Найти тему

ГЕОГРАФИК НОМЛАРНИНИГ ИЖТИМОИЙ –ЭКОЛОГИК ЖИХАТЛАРИНИ ТАРИХИЙ УСУЛЛАР АСОСИДА ТАДҚИҚ ЭТИШ

Назиров Бобуржон Бахтиёр ўғли

Фарғона давлат университети магистранти

nazirovboburjon555@gmail.com

https://doi.org/10.5281/zenodo.7780706

Аннотация: Ушбу мақолада географик номларни тарихий усуллар асосида ижтимоий-экологик жиҳатларни ўрганилган, шунингдек тарихий усуллар асосида ўрганишда эса жой номининг пайдо бўлиш даври, унинг эволюцияси ва ўзгариши, шунингдек, янги географик ном пайдо бўлишининг асосини ташкил этувчи ижтимоий муҳитни аниқлаш мумкин.

Калит сўзлар:географик номлар, жой номи, этимология, семантик таҳлил, лингвистик усул, экологик асосга эга жой номлари.

Географик номларниниг ижтимоий –экологик жихатларини тарихий усуллардан асосида тадқиқ этишдa топонимнинг пайдо бўлган даври, унинг эволюцияси ва трансформацияси ҳамда янги географик номнинг пайдо бўлишига асос бўлган ижтимоий муҳитни аниқлаш мумкин. Шу сабабдан ҳар қандай топонимик фактни тадқиқ ва таҳлил қилишда, аниқ тарихий воқеликни ҳисобга олиб иш кўриш, улардан самарали фойдаланиш яхши натижа беради. Кўпинча географик номларнинг семантикаси ўзига хос хусусиятларга эга, улар узоқ тарихий давр давомида шаклланган бўлиб, инсонни табиатга бўлган муносабатини ифода этади.

Географик ном доимо кишилик жамиятининг ижтимоий эҳтиёжи туфайли пайдо бўлганлиги боис, ҳаттоки, табиий географик терминлар ҳам топонимияда географик объектнинг иқтисодий-ижтимоий аҳамиятини белгилайди. Ҳар бир географик ном бу тил орқали ифодаланган ихчам тарих, унинг асоси муайян тарихий даврда яратилган. Тарихий усул ёрдамида тадқиқотчи жой номининг географик аломатларига яна ҳам жиддий эътибор бериши мумкин.

Топонимик тадқиқотларда тарихий усулни қўллаш тарафдори бўлган А.И.Попов ўзининг тадқиқотларида аниқ тарихий шароит ва тарихий манбалардан хабардор бўлмасдан туриб географик номнинг келиб чиқиши ҳақида тўғри фикр билдириши мумкин эмас, деб таъкидлаган. Топонимлар аниқ бир тарихий шароитда пайдо бўлиб, келиб чиқиши жамият ҳаёти, ҳудудда яшаётган ёки қачонлардир яшаган халқлар тили билан чамбарчас боғлиқ. Аниқроқ айтганда, ҳар бир тарихий давр ўзига хос хусусиятларга эга эканлигини, унинг географик номларини ўзига хос манба эканлигини эътиборга олиш зарур.

Географик номнинг асл маъносини (этимологиясини) аниқлашда уни тарихий пайдо бўлган даври билан бирга ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Ҳар бир тарихий давр географик номларнинг муайян қатлами (стратиграфик) ни ҳосил қилган, аниқроғи ҳар бир тарихий қатламнинг жой номларида ўзига хос “изи”, “тамғаси” мавжуд, бу ҳақида иккинчи бобда батафсил тўҳтаб ўтилади.

Тарихий маълумотлар ҳар доим ҳам номлашнинг тарихий жараёнини кузатиш ва тиклаш имконини бермайди. Шу сабабдан кўпинча топонимик маълумотларни тарихий воқеа-ҳодисаларни аниқлашда қўшимча манба сифатида фойдаланиш яхши натижа беради.

Географик номлар албатта бирор халқ тилидан қўйилади, шунинг учун ҳар бир географик номнинг этнологик асоси мавжуд бўлади. Бу ерда географик ном этноним бўлиши (халқ, уруғ, қабила) шарт эмас. У табиий, иқтисодий-географик топонимларда ҳам маълум халқ тилидан қўйилган бўлади. Шуни ҳисобга олиб ҳар қандай географик номнинг қайси халқ тилидан қўйилганлигига эътибор қаратилади. Бу жиҳатдан топонимларни этнологик жиҳатдан тадқиқ этишнинг аҳамияти жуда каттадир. Ҳар бир этносни табиий-ландшафтидан фойдаланиш ва уни мухофаза қилиш сохасида тўплаган маълумотлар базаси географик номларда этносниниг экологик маданияти сифатида сақланиб қолади.

Географик номларнинг тадқиқ этишда олимлар томонидан лингвистик усуллар (топоформантлар асосида, этимологик, грамматик тузилиши) кенг қўлланилади. Номларнинг лисоний таркиби, сўз ва қўшимчалари, уларнинг маънолари ва бирикуви, номланишга асос бўлган ижтимоий-лисоний омиллар ўша давр воқелиги билан баҳоланиши, изоҳланиши ва тадқиқ қилиниши лозим.

Географик номларни изоҳлаш учун фойдаланиладиган дастлабки усул топоформантлар усулидир. Формант (лотинча “форманс” – ҳосил қилувчи) деб, сўз ясайдиган, лекин мустақил ўзи ишлатилмайдиган унсурларга айтилади. Топонимларни формантларга қараб ўрганиш соҳасида кейинги ўн йилликларда катта ишлар қилинди. Бу усулда номлар таркибида кўплаб такрорланадиган элементлар бир хил маънони англатиши эътиборга олинади. Масалан, топонимикада –зор аффикси билан ифодаланган номлар маълум ўсимлик турининг бир ҳудудда кўп тарқалганини билдиради. Жумладан, Анжирзор, Анорзор, Алчазор, Бодомзор, Гулзор, Дўланазор, Қайрағочзор, Кўкаламзор, Кўчатзор, Лимонзор, Лолазор, Мевазор, Нокзор,Олвализор, Олмазор, Олчазор, Теракзор, Токзор, Толзор, Тутзор, Узумзор, Ўрикзор, Чаманзор, Чилонзор, Шафтолизор Шувоқзор,Ёнғоқзор, Юлғунзор каби қишлоқ ва маҳаллалар номи шу усулда ясалган. Бу усул нафақат географик номларни тадқиқ этишда, балки уларни яратилишида, номланишида ҳам кенг қўлланади, бу ҳақида қуйида яна тўҳталиб ўтамиз.

Географик номларнинг асл маъносини ва мазмунини аниқлашда энг қадимий ва ҳозирда ҳам топонимик фани учун муҳим аҳамиятга эга бўлган этимологик усулни қўллаш кутилган натижани беради. Кўп йиллар давомида этимология топонимиканинг асосий вазифаси саналган. Ҳозир ҳам у бошқа методлар орасида муҳимлиги билан ажралиб туради. А.И.Поповни такидлашича номларнинг этимологиясини аниқлашда тарихий асос ва жойнинг географик хусусиятларини хисобга олишдан маҳрум бўлган филологик таҳлилларга таяниш ҳар доим хам тўғри натижани бермайди. Масалан, Россиядаги Царское Село ҳозирги Пушкин шаҳри номини кўпчилик рус тилидаги царь сўзидан олинган деб ўйлайди ва бу ерда Рус подшоларининг ёзги қароргоҳи бўлганлигини асос сифатида келтирадилар. Бироқ, бу сўз русларга қадар бу ерда яшаган эстонларни саари- орол сўзидан олинганлигини маълум. Айрим мутахассисларнинг фикрича, хусусан, субтарт топонимларни ўрганишда этимологик усулга таяниш кўпинча чалкашликларга олиб келади. Шу сабабдан реал ҳаётда номнинг пайдо бўлишида туртки бўлган ижтимоий-сиёсий, маданий – тарихий ва географик асосини эътиборга олган ҳолда номнинг этимологиясини аниқлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

С.Қораевнинг (2005) таъкидлашича, топонимларни таҳлил қилишда қўлланадиган яна бир усул ном ясашда иштирок этадиган сўзларнинг маъновий жиҳатдан ўхшаш эканлигида ҳам, грамматик жиҳатдан тузилишида, яъни уларнинг қайси гап бўлаклари сифатида иштирок этишида ҳам, ниҳоят, топонимларнинг тузилишида географик номларни ҳосил қилишда кўпроқ иштирок этадиган сўз бўлакларининг таркибида ҳам кўринади. Бир сўздан иборат топонимлар, одатда, отлар ва камдан-кам ҳоллардагина сифатлар шаклида бўлади. Шундай қилиб, географик номлар муайян қолиплар шаклида ҳосил бўлади. Ана шундай қолиплар топонимик моделлар дейилади.Ҳар бир тил топонимлар ҳосил қилишда ўз хусусиятларига ва топонимик моделларга эга. Масалан, ўзбектопонимлари кўпинча бирдан ортиқ унсурлардан иборат бўлади, қўшимчалар ўзакдан кейин келади, сифат отдан олдин туради. Бирор бир жойнинг топонимлари рўйхатида, кўпгина географик хариталарда бу қонуният яққол кўринади. Демак, топонимик моделтопонимларнинг тузилишини билдиради. Масалан, от+от: Арабтепа, Арабмозор, Тошқудуқ, Хўжаариқ, Хўжақишлоқ, Қипчоқариқ, Қўрғонтепа; сифат+от: Оқтепа, Каттақўрғон, Қоратепа, Қизилтепа, Қорақум, Янгибозор; сон+от: Бешариқ, Бешкапа, Олтиариқ, Мингчинор, Яккатут, Учкўприк,Учариқ, Қўштегирмон, Қўштепа; от+феъл: Хўжаўлди, Сойкелди, Қумбостива ҳоказо.

Топонимик тадқиқотлар натижасида қўлга киритилган маълумотларни қайта ишлашда статистик усул яхши самара беради. Бу усул ёрдамида маълум ҳудуддаги географик номларнинг сонини аниқлаш, бошқа шаклдаги номлар билан таққослаш, келиб чиқиши, қайси тилга мансублигини фоиз нисбатларини ўрганиш имконияти мавжуд. Статистик маълумотлар тадқиқотчида минтақа топонимлари ҳақидаги тасаввурини конкретлаштиради ва аниқ хулоса чиқаришга кўмаклашади. Топонимикада картографик маълумотларни таҳлил этишда статистик усулни қўллаш мақсадга мувофиқ.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

1. Аҳмадалиев Ю.И. Топонимика ва географик терминшунослик // Ўқув қўлланма. – Фарғона, “Poligraf Servis”, 2018. 118 б.

2. Ахмадалиев Ю., Комилова Н. Манзиллар. Номлар. Маънолар.- Фарғона, 2005.45б.

3. Дадабоев Я. Хўқанди латиф маҳаллалари ва кўчаларининг номланиш тарихи. “Фарғона” нашриёти, 2007.201 б.

4. Дўсимов З., Эгамов Х. Жой номларининг қисқача изоҳли луғати.- Т.: Ўқитувчи, 1977.175 б.

5. Қораев С. Ўзбекистон топонимларини ҳосил қиладиган асосий Терминлар ва бошқа сўзлар луғати. –Т.: 2001. –176 б.