Найти в Дзене
Комилжон Abdulloh

Анархия - давлатчиликка қарши тизим сифатида

Сўнгги пайтларда кўпчилик ҳокимият тушунчаси ҳақида гапириб, эркин шахс ва ҳокимият тузилмалари биргаликда яшаши учун турли хил вариантларни илгари сурмоқда. Албатта, биринчи навбатда давлат, мажбурловчи, куч ишлатар аппарат сифатида кўрилмоқда. Ушбу назарий тузулмаларда анархия ғояси ҳам назардан четда қолмайди. Анархистик мафкура ҳар қандай шаклда ва тарихий шароитда марказлашган ҳокимият ва давлатни бутунлай инкор этишга асосланган. Анархо-индивидуализм асосчиси Макс Стирнер шундай деб ёзади: "Мен учун мендан юқори ҳеч нарса йўқ... Мен ҳар бир давлатга, ҳатто энг демократик давлатга ҳам уруш эълон қиламан". Шахс ролини бундай юксалтириш анархистларга хосдир, лекин Штирнер, албатта, ҳаддидан ошиб кетди ва унинг ғоялари замондошлари томонидан қабул қилинмади. Кенг омма орасида Прудоннинг, айниқса Россияда Кропоткин ва Бакуниннинг номлари анча машҳур бўлиб, уларнинг саъй-ҳаракатлари билан нафақат анархо-синдикализм ва анархо-коммунизмнинг сиёсий ва иқтисодий таркибий қисмлари пухтал

Сўнгги пайтларда кўпчилик ҳокимият тушунчаси ҳақида гапириб, эркин шахс ва ҳокимият тузилмалари биргаликда яшаши учун турли хил вариантларни илгари сурмоқда. Албатта, биринчи навбатда давлат, мажбурловчи, куч ишлатар аппарат сифатида кўрилмоқда. Ушбу назарий тузулмаларда анархия ғояси ҳам назардан четда қолмайди.

Анархистик мафкура ҳар қандай шаклда ва тарихий шароитда марказлашган ҳокимият ва давлатни бутунлай инкор этишга асосланган. Анархо-индивидуализм асосчиси Макс Стирнер шундай деб ёзади: "Мен учун мендан юқори ҳеч нарса йўқ... Мен ҳар бир давлатга, ҳатто энг демократик давлатга ҳам уруш эълон қиламан". Шахс ролини бундай юксалтириш анархистларга хосдир, лекин Штирнер, албатта, ҳаддидан ошиб кетди ва унинг ғоялари замондошлари томонидан қабул қилинмади.

Кенг омма орасида Прудоннинг, айниқса Россияда Кропоткин ва Бакуниннинг номлари анча машҳур бўлиб, уларнинг саъй-ҳаракатлари билан нафақат анархо-синдикализм ва анархо-коммунизмнинг сиёсий ва иқтисодий таркибий қисмлари пухталик билан ишлаб чиқилди, балки анархистик ғояларни ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилган издошларнинг бутун бир синфи шаклланди. Улар орасида энг машҳури, шубҳасиз, афсонавий Нестор Иванович Махно эди, у бир мунча вақт Гуляй Поляда ўзига хос анархистик утопия қуришга муваффақ бўлди. Айтганча, бу энг муваффақиятли анархист амалиётчи чиққан қишлоқнинг рамзий номи.

Гуляй-поле озодлари Троцкий томонидан мағлуб қилинди, аммо Батка Махно ўзининг жасоратида ёлғиз эмас эди. 20-асрнинг бошларида кўп одамлар бундай режаларни ишлаб чиқдилар, шу жумладан Қўшма Штатларда ҳам. Ҳатто у ерда анархистлар кенг кўламли террорни уюштирдилар. Сакко ва Ванзеттининг исмлари ҳали ҳам яхши маълум. Ўшанда ФҚБ (FBI) Эдгар Гувер томонидан анархо-терроризмга қарши кураш воситаси сифатида ташкил қилинганлигини камчилик билса керак. Оқибатда АҚШда анархистларнинг муваффақиятли юришлари тўхтатилди ва ҳаракат сусайишни бошлади, ва сўнгги 70-80 йил давомида анархизм утопик, ҳаётдан ажралган ва умуман амалга ошириб бўлмайдиган мафкура сифатида қабул қилинди.

Аммо сўнгги бир неча йил ичида ҳамма нарса ўзгарди. Блокчейн технологияларини ташкил қилиш ва амалиётга оммавий жорий этиш, бунинг натижасида криптовалюталарнинг гуллаб-яшнаши одамларга давлатнинг қаттиқ назоратидан чиқиб кетиш ва илгари давлатнинг мутлақ ваколати бўлган: режалаштириш, ҳисобга олиш, мулкни сақлаш, бошқарув регистрлари, шартномаларни бошқариш ва ҳаттоки тўлов воситаларини эмиссияси соҳасида индивидуал ҳаракатларни бошлаш имкониятини берди. Бундан ташқари, блокчейн назарий жиҳатдан давлат тузилмасини бутунлай марказсизлаштиришга олиб келиши мумкин. Давлат аппаратининг назорат ва ижро этувчи функцияларини бутунжаҳон интернет тармоғи орқали ҳеч кимга қарашли бўлмаган операцияларга айлантиради, бу бир томондан инсоннинг заиф томонларига тобе бўлмайдиган ва бошқа томондан репрессив ҳокимият томонидан назорат қилинмайдиган бўлади.

Бизнинг кўз ўнгимизда марксистлар зўр бериб такрорлайдиган асос, жамиятнинг иқтисодий структурасини ташкил этувчи ишлаб чиқариш муносабатларининг йиғиндиси шаклланмоқда. Ижтимоий тузумнинг сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий устки тузилишини алмаштириб, унинг тузилишини ўзгартиришга имкон берадиган асос™.

Мана шу анархия бўлади. Айнан шунда Прудоннинг классик тушунчаси ётади, дунёда автоном шахсларнинг эркин шартномаси, "ўзаро хизматлар" маконини тартибга келтириш мумкинлиги. Бундан ташқари, у "бепул кредит" орқали ишчиларга ўз ишлаб чиқариш воситаларига эга бўлиш ва меҳнат маҳсулотларини алмашиш имкониятини йўлга қўйишга ёрдам берадиган "халқ банки" концепциясини ишлаб чиқди. Шундай қилиб, буржуа тузуми доирасида инсоннинг инсон томонидан эксплуатацияси йўқ қилинади, уни янги моҳиятга, давлатсизлаштиришга олиб келади. Анархистларнинг ғоялари шу эди, энди уни ҳаётга тадбиқ қилиш техник жиҳатдан мумкин.

Яъни, замонавий технологиялар даражаси инсониятни тарихдаги навбатдаги йўлнинг айирилиш жойига яқинлаштирди, бу ерда яна танлов қилиш керак. Аммо, маълумки эртаклардаги баҳодир айрилиш жойида амалда ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларга дуч келади: "Агар чапга борсанг, отингни йўқотасан, ўнгга борсанг ўласан" ва ҳоказолар. Бундай танловни энди инсоният қилиши керак ва асосий қийинчилик - бу пичоқ тиғи устидан қандай ўтишда: бюрократик корпорацияларга айланган гипермарказлашган давлатлардан узоқлашиш ва “тармоқлар, уюшмалар ва жамоалар федерацияси"нинг анархик аросат ҳолатига тушиб қолмаслик. Ёки, бундан ҳам ёмони, индивидуал онгни бузилган шакли: қонун ва ахлоқ тушунчаларини "кўланка" сифатида инкор этган ҳолда, фақат шахсий эркинликка интиладиган, шахсларнинг виртуал ҳамжамиятига.

Шу ўринда афсус билан айтишимиз керакки, аҳолининг аксарияти, умуман олганда, давлат нима эканлигини, унинг мақсади ва асосий вазифалари нимада эканлигини тушунмайди. Давлат "бир синфнинг иккинчи синф устидан ҳукмронлигини сақлаб қолиш машинасидир" деган ленинча формула одамларнинг онгида, ҳатто улар умрида Ленинни ўқимаган бўлсалар ҳам шаклланган. Халқ тафаккуридаги "ҳукмрон синф" - "амалдорлар", "босқинчилар", "олигархлар" ва бошқа "рептилоидлар" кўринишида бўлиши мумкин, аммо бу билан давлатнинг моҳияти ўзгармайди, одамлар барибир давлатни куч ишлатар ва зулм қилиш механизми сифатида қабул қиладилар.

Бунинг маълум бир асоси бор. Гап шундаки, "миллий давлатлар" концепциясига эга Ғарб лойиҳаси шаклланганидан бери бу функция давлат бошқаруви амалиётида устунлик қилди. Бошқача айтганда, давлатнинг нотўғри концепцияси амалга оширилди, унга ўзига хос бўлмаган функциялар берилди, бу эса халқнинг тўлиқ қуллигига олиб келди. Бу ҳолат абадий давом эта олмасди ва қатор ижтимоий инқилоблар давлат тузумига маълум бир ўзгаришлар, эксплуатациянинг энг кескин шакллари юмшатилган ва чиройли қилиб кўрсатилган ҳозирги ҳолатга олиб келди. Аммо давлатнинг роли бу билан ўзгармади. Ва бу ечим талаб қиладиган муаммодир. Инсоният нотўғри йўлдан қайтди ва яна танлов олдида.

Хўш, давлат нима, у нима учун керак? Мавзу катта, лекин жуда қисқа қилганда, давлат умуминсоний мақсадлар билан шартланган ижтимоий шартномага риоя этилишини таъминлайдиган ва бунинг учун зарур ижтимоий атрибутларга эга бўлган механизмдир. Яъни, давлат "ўйин қоидалари"га риоя этилишини назорат қилади, фуқароларга жамиятда кечаётган жараёнлар ҳақида тушунча бериб, ўз хулқ-атворини уларга мувофиқ шакллантириш имкониятини беради. Шу билан бирга, давлатнинг ўзи худди шу қоидаларни ўрнатмаслиги керак, фақат уларни шарҳлаш ва талқин қилиш ҳуқуқи билан чекланган бўлиши керак.

Ҳозир биз замонавий давлат қандай қилиб ҳар бир шахснинг ҳаётига буткул аралашувни амалга ошираётганини, аҳолининг кўпчилиги учун мутлақо тушунарсиз бўлган муносабатларга асосланган ахлоқий ва ҳуқуқий нормаларни ўрнатиб, жорий этишини кўрамиз. Буларнинг барчаси псевдодемократик ҳокимият институтларининг қалбаки ғоялари билан ниқобланган. Натижада, дунёни қайта қуриш ғоялари, айниқса, технологиянинг ривожланиши, виртуал олам ва интернетнинг пайдо бўлиши билан қувватланган юқори даражадаги эгосентризм фонида тобора оммалашиб бормоқда.

Бу ерда бошқа муаммо гирдобига тушиб қолиш хавфи мавжуд. Мисол учун ҳар бир эмпирик шахс ўзини ягона шахс сифатида кўриб, ўзини "омма"га қарши қўйиб, қабул қилинган хулқ-атвор нормаларини инкор этади. Шу билан бирга анархо-индивидуализм ғояларига тўла мувофиқ равишда, ҳуқуқ ва ахлоқнинг ягона манбаи – якка шахснинг куч ва қудратида деб эълон қилади. Назарияда буларнинг барчаси жозибали ва ёқимли кўринади. Лекин аслида қандай бўлиши мумкин?

Келинг, тўлиқ марказсизлаштириш ва назорат функцияларини давлатдан маҳрум қилишнинг фақат битта жиҳатини кўриб чиқайлик - ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг йўқ бўлиши қандай оқибатларга олиб келади? Бу ерда шуни билиш керакки, инсон ижтимоий мавжудотдир ва мутлақ индивидуализм тарафдорларининг мутлақ эркинлик каби барча фантазиялари эртами-кечми ўзгармас воқеликдаги ҳақиқатга дуч келади: улар муқаррар равишда бошқа шахсларнинг эркинлик майдони билан кесишади. Ва бу ерда иккита вариант бор: Гоббснинг "ҳаммага қарши уруши" назарияси ёки куч ишлатиш, бир шахснинг кучи билан бошқа шахс эркинлигини, мажбуран чеклаш. Тарихда бу ҳар доим содир бўлган, айниқса ижтимоий катаклизмлар пайтида. Бу борада махновистларнинг тақдири анча намуна бўлади. Аммо Россиядаги фуқаролар уруши деярли юз йил олдин тугаган, келинг, яқинроқ вариантларни кўриб чиқайлик.

Бу борада Бразилиянинг "Худо шаҳри" номли филми жуда намуна бўладиган филм. Мен филм тафсилотини айтиб ўтирмайман, филм жуда оғир бўлса-да томоша қилишни маслаҳат бераман. Унда ахлоқий қоидалар заифлашганда ва уларга доимий равишда риоя қилиш имконияти бўлмаганда (давлат ўз функцияларини бажаришдан бош тортганлиги сабабли) индивидуаллаштириш нималарга олиб келиши яхши кўрсатилган. Бунинг натижаси жамият ва шахсларнинг даҳшатли таназзулига олиб келади. Аста-секинлик билан ҳудудлардаги Робин Гудларнинг ўрнига, бутун зўравонлик корпорациясига айланган Кичкина Зенинг совуққонли қотиллари пайдо бўлади. Охир оқибат, у ўзининг қабр қазувчисини - ўн икки ёшли қонхўр Мауглини шакллантиради, у келажакдаги қурбонлар рўйхатини тузади, гарчи ёзишни билмасада. Мана шу анархиянинг асл оқибатлари.

Диққат билан кўриб чиқилса, "Худо шаҳри" шундай таассурот қолдиради: бу дунёда ҳеч нарса шунчаки бўлмайди ва жамиятнинг ахлоқий асослари ҳам ўз-ўзидан йўқолмайди, балки кимлардир томонидан ёмон мақсадлар учун ўзгартирилади. Ижтимоий жамият ва инсонга қарши. Лекин бу бошқа мавзу. Ҳозир эса муҳим бир хулосага келамиз: давлат, инсоният жамиятининг ҳаёт учун зарур бўлган фаолиятини таъминлаш воситаси сифатида зарурдир.

Лекин тўғри принципларга асосланган ҳолда.