Найти тему
BU QIZIQ

«Айтишга уяламан, аммо иложим йўқ!»

1-вазият: «Мен ҳам аёлман...»

— Ота-онамизнинг хоҳиши билан турмуш қурдик. Эрим билан тил топишиш бироз мушкул кечган бўлса-да, мана 5 йилдан буён биргамиз. 4 яшар фарзандимиз бор. Эримнинг феъли тор, сал нарсага ҳам жаҳли чиқиб кетади. Бирор иш унинг кўнглидагидек бўлмаса, қўл кўтариши ҳам ҳеч гап эмас. Қолаверса, қариндош-уруғ, таниш-билишларнинг олдида ҳам юзинг-кўзинг демай, мазах қилади. Вазиятни чуқурлаштирмай деб, тилилимни тияман. Хизмат поғонасидан кўтарилиб, маошим эримникидан кўпроқ бўлгач, оиламиздаги муаммолар янада катталашганини сездим. Лекин бирор марта мен сиздан кўпроқ пул топаман, демадим. Сўнгги вақтларда иши юришмаётганидан нолийдиган ва бунга асосий айбдор деб мени кўрсатадиган бўлди. «Сендан бошқасига уйланганимда омадлироқ, бахтлироқ бўлармидим?» деган гапларига-ку аллақачон ўрганиб кетганман. Эҳ, бу гаплар ва қилиқларга чидаб яшаш мумкиндир, лекин... Уриб, сўкиб, мазах қилгани камлик қилганидек, камига ётоқхонада ҳам таҳқирлаганига чидолмаяпман... Хафа бўлганим, бутун баданим зирқираб оғриётгани, бетоблигим, хуллас, ҳеч нарса ҳаттоки ҳайз кунларим ҳам уни қизиқтирмайди. Куч билан ўз эҳтиёжини қондиришни истайди. Мен ҳам аёлман, севиб-севилишни, суйганимдан меҳр кўришни истайман. Шундоқ ҳам қил устида турган турмушимиз, борган сари жарликка қулаб кетмоқда...

Н., 29 ёш.


2-вазият: «Фақат ўзини ўйлайди, мени эса»

— Сўнгги уч ойда қийин даврни бошимиздан ўтказаяпмиз. Бир зум ҳам ҳаловатим йўқ, тушкунликка тушиб қолганман. Қўлим ишга бормайди, кўнглимга ҳеч нарса сиғмайди. Ўзимни мажбурлаб, болаларим оч қолиб кетади деб зўрға овқатга уннайман, фикру хаёлим ўша муаммолар билан банд. Улар ўз ечимини топсагина, хотиржам бўлсам керак. Мени ҳайрон қолдираётгани эрим оилавий муаммомиз бўла туриб, ўзини жуда босиқ тутаяпти. Тўғри, одатда эркаклар ичидагини ташига чиқармайди, сир бой бермайди. Лекин бизда бошқача вазият, у ўзини чалғитиш учун мендан фойдаланади. Алам қилгани ҳам шу. Бўш қолди дегунча, ётоқхонага тортқилайди. Кўнглимга қил ҳам сиғмаётганини билиб турса ҳам... Кўчада бирор енгилтабиат аёлга илакишиб қолмасин деб, ўзимни мажбурлаб бўлса-да райига қарши бормасликка ҳаракат қиламан. Лекин сабрим қачонгача етаркан билмайман...

З., 35 ёш.

«Меҳр берсангиз, «эрим» дейди!»

Азиз АҲРОРОВ, руҳшунос: — Кучли жинс вакиллари доим устунликни талаб этса, ожизалар ҳимояда бўлишни исташади. Аёлларнинг ҳиссиётга берилиб, йиғлаб дардини баён этиш одатини баъзи эркаклар тушунмайди, улар воқеиликка реал қарашади. Жинсий алоқа орқали эркак меҳрини бериш билан бир қаторда чарчоқ ва тушкунликка қарши восита, айрим ҳолатларда эса устунлигини исботлаш усули деб қарайди. Аёлларга маслаҳатим, жуфтингизга у оиланинг ва қалбингизнинг ягона эгаси эканлигини кўрсатинг. Ҳурматли эркаклар, рафиқангизнинг камчиликларини ҳадеб юзига солаверманг. Ижобий жиҳатларини эътироф этишни ҳам ўрганинг, сиз тузатишни истаган ҳолатларни ҳам ошкор қилинг. Аёлни иззат-ҳурмат қилсангиз, у сизни қадрлайди. Унутманг, аёллар қулоғи билан севади. Меҳр берсангиз, балки рафиқангизни ўзи сиз томон интилади.

«Айбни ўзингиздан қидиринг!»

Рамазон НАЗАРОВ, олий тоифали шифокор, андролог-сексапатолог: — Одатда, аёллар бу муаммони ташқарига чиқаришга ва унга қай тарзда ечим топишга қийналишади. Оила ажрим ёқасига яқинлашиб қолса ҳамки, андиша устунлик қилиб, мавзу ёпиқ қозон ичида қолади. Бироқ оила мустаҳкамлиги, эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари ҳамда уйдаги муҳитнинг ижобий тусда бўлишининг асосида жинсий ҳаёт ҳам туришини унутмаслик керак. Мурожаат эгаларига бир қанча тавсиялар бермоқчиман:

1-маслаҳат: одатда аксарият аёллар рўзғор ва фарзандларига бутун эътиборини бағишлаб, эрини деярли унутиб қўйишади. Бу эса оила бошлиғига ёқмайди. «Энди унга керак эмасман» деган ўй туфайли эркакнинг ўзига бўлган ишончи сусайиб боради. Шундан сўнг ғурури топталгандек ҳис қилиб, аламини кимдан олишни билмай қолади. Натижада келишмовчиликлар бош кўтаради. Шунинг учун муаммолар ва болалар қанчалар муҳим бўлмасин, турмуш ўртоғингиз ва унинг хоҳишларини эътиборга олинг.

2-маслаҳат: эркаклар нолийверадиган, ҳуда-беҳудага бақираверадиган аёлларни ёқтиришмайди. Шу сабабдан жуфтингиздан ширин сўзингизни аяманг. Унга сизни безовта қилаётган ҳолат ва вазиятларни ётиғи билан тушунтиринг. Шунингдек, жамиятда ўз ўрнига эга киши ҳеч қачон оиласи ва рафиқасига зуғум ўтказмайди. Сиз эрингизнинг руҳиятини кўтарувчи гаплар билан унинг ўзига бўлган ишончини оширишга ҳаракат қилинг.

3-маслаҳат: турмуш ўртоғингиз сизга уйлангунига қадар ёки турмушингизнинг илк йилида «бақироқ, уришқоқ, тажовузкор ёки меҳрсиз» эмасди. Унинг бу аҳволга келишида балки сизнинг ҳам ҳиссангиз бордир. Шу ҳақда ўйлаб кўринг. Мулоҳаза давомида сиз қаерда хатога йўл қўйганингизни топишга урининг, хатони англагачгина, вазиятни тўғрилашнинг имкони бўлади.