Нима эмиш, иссиққина нонни узилган заҳоти ейиш зарарли эмиш. Бўлмаган гап, дейсизми? Мен ҳам шундай деб ўйлардим. Қандай қилиб тандирдан эндигина узилган иссиққина, бўрсилдоққина нонлар иштаҳангизни очиб, “Мени е” деб турса-ю, бу ёқда сен унинг зарари ҳақида ўйлаб, “Есамми-емасамми” деб асабийлашиб ўтирсанг, инсофданми? Айниқса, иссиқ ноннинг ёнида бир пиёла қаймоқ ўзини кўз-кўзлаб турганда… Аммо… Бир каттанинг, бир кичикнинг гапига қулоқ сол, деганларидек, “Қани, нимаси зарар экан?” деган мақсадда бу ҳақдаги маълумотларни бир варақлаб кўришга аҳд қилдим. Ё тавба… Нима экан, дейсизми? Сиз ҳам бир ўқиб кўринг-а, балки шунда иссиқ ноннинг олдида менга ўхшаб нафсингизни тийишни бироз ўрганарсиз.
Нон: Фойдалими? Зарарлими?
Ҳеч қачон меъдага тегмайдиган таом нондир, у ҳамма овқатларга қўшиб ҳам, алоҳида ҳам истеъмол қилинади. Буғдой инсоннинг фикрлашига ижобий таъсир этадиган асосий озуқалардан ҳисобланади. Ўтмишда улуғлар гўшт-ёғдан ўзларини тийган бўлсалар ҳам, нондан юз ўгирмаганлар. Ам