Найти в Дзене
Типичный узбек

Саодат асри қиссалари (1 - китоб, 261 - 280 бетлар)

Давоми... Ўтган мақоламизда (241 - 260 бетлар) — Жуда соз, ё Абу Бакр, мен бу мавзу тўғрисида яхшилаб бош қотирайин, — деди у.   Расулуллоҳ (с. а. в.) жондан азиз дўстлари Абу Бакр билан биргаликда ҳузурларига Абди Амр ҳам келганини кўриб, жуда мамнун бўлдилар. Чунки у ҳам имон келтириш, ҳидоят ва саодат йўлига кириш учун келган эди.   Абди Амр шаҳодат калималарини сўйлади. Куфр ва инкор йўлини бундан кейин бутунлай тарк этиш эвазига бу буюк йўлни қозонди.   ⎯ Сенинг исминг Абдурраҳмон бўлсин...   Унга бу муборак исмни пайғамбарларнинг энг буюги бердилар. Ўзларига севимли бўлган бу исмни доимо — бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳамроҳлари бўлажак бир йиғитга бердилар. Йиллар ўтиб ҳам, набийлар сарварининг тилларидан: «Исмларнинг энг гўзали Абдуллоҳ ва Абдурраҳмондир», деган сўзларни эшитган чоқларида ўзини «Абди Амр» бўлишдан халос этган ва «Абдурраҳмон» бўлиш шарафига сазовор қилган Расулуллоҳга (с.а.в) меҳр тўла нигоҳлари билан боқиши шубҳасиз эди бу йигитнинг.   Исми билан бирга жисми ҳа
Оглавление

Давоми...

Ўтган мақоламизда (241 - 260 бетлар)

— Жуда соз, ё Абу Бакр, мен бу мавзу тўғрисида яхшилаб бош қотирайин, — деди у.  

Расулуллоҳ (с. а. в.) жондан азиз дўстлари Абу Бакр билан биргаликда ҳузурларига Абди Амр ҳам келганини кўриб, жуда мамнун бўлдилар. Чунки у ҳам имон келтириш, ҳидоят ва саодат йўлига кириш учун келган эди.  

Абди Амр шаҳодат калималарини сўйлади. Куфр ва инкор йўлини бундан кейин бутунлай тарк этиш эвазига бу буюк йўлни қозонди.  

⎯ Сенинг исминг Абдурраҳмон бўлсин...  

Унга бу муборак исмни пайғамбарларнинг энг буюги бердилар. Ўзларига севимли бўлган бу исмни доимо — бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳамроҳлари бўлажак бир йиғитга бердилар. Йиллар ўтиб ҳам, набийлар сарварининг тилларидан: «Исмларнинг энг гўзали Абдуллоҳ ва Абдурраҳмондир», деган сўзларни эшитган чоқларида ўзини «Абди Амр» бўлишдан халос этган ва «Абдурраҳмон» бўлиш шарафига сазовор қилган Расулуллоҳга (с.а.в) меҳр тўла нигоҳлари билан боқиши шубҳасиз эди бу йигитнинг.  

Исми билан бирга жисми ҳам, руҳи ҳам ўзгарган эди унинг. Бутун вужуди билан кўҳна- эскидан мукаммал янгига ўтган эди Абдурраҳмон.  

Абдурраҳмон ибн Авф имон йўлида ҳамроҳ бўлажак илк мусулмон биродарлари билан танишди. Улар хануз бармоқ билан саноқли эдилар. Пайғамбаримиз (с. а. в) хонадонлари аъзоларини ҳисобга олмаганда Абу Бакр, Усмон, Зубайр ва ўзи...  

Бу ҳисобга Зайдни ва ҳали балоғат ёшига етмаган Алини ҳам қўшсак, жами олти киши бўлардилар. Бепоён дунёда, дунёнинг асл Соҳиби ва Яратувчисига эътиқод қилган, Уни инкор этмайдиган, қудратда Унга тенг келадиган бошқа бир мавжудотни билмайдиган олти киши...  

Абдурраҳмон таҳорат қилиш, намоз ўқишни ўрганди. Намоз ўқир экан, ўқилиши керак бўлган сўзларни такрорлай -такрорлай, ёдлаб олди. Бундан буён бутун ҳаёти давомида ҳар намознинг ҳар ракатида ўқиш лозимлиги уқтирилган Фотиҳа сурасини шахсан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тилларидан эшитди: «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин...» «Ҳамду сано барча оламларнинг Парваридигори бўлмиш Оллоҳ учундир. Меҳрибон ва Раҳмли, Жазо Кунининг эгаси, Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз. Ўзинг бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. (Бизларни) шундай зотларнинг йўлига (бошлагин)ки, Сен ўзинг уларга (тўғри йўлни) инъом қилгансан улар (Сен томондан) ғазабга дучор бўлмаганлар ва залолатга кетмаган (адашмаган)лардир».  

Келажакда Оллоҳ таоло тайинлайдиган вақтга қадар, ҳеч кимсага бу ҳакда оғиз очмаслик, одамларнинг кўзи тушадиган жойда намоз ўқимаслик уқтирилди. Бир оздан кейин Саъд ибн Ваққос мусулмон бўлиш шарафига эришди.  

* * * 

Холид ибн Саид ибн Ос уйқудан уйғониб, юраги тез- тез ураётганини ҳис этди. Бир туш кўрган эди, шу ҳақда суҳбатлашиш учун уйидан чиқди.  

—Йўл бўлсин, эй Холид?  

—Ал-Аминнинг ҳузурига кетаётирман, эй Абу Бакр.  

—Нечук?  

—Бугун кечаси бир туш кўрдим. Унга сўзлаб бермоқчиман. Сен ҳам эшитсанг, фойдадан холи бўлмас...  

Улар биргаликда Расулуллоҳнинг (с.а.в.) уйлари томон йўл олишди. Кўрган тушини йўл- йўлакай гапириб берди:  

— Ваҳшатли бир жарликнинг шундоққина ёқасида эмишман. Бирдан нотаниш кимса пастга итариб юборди. Қутулишим амри маҳол эди. Шу орада бирдан Ал-Амин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ пайдо бўлдию белимдан даст кўтариб, қутқариб қолди. Унга шу тушни айтиб, қандай таъбир қилишини эшитмоқчиман.  

— Яхши ўйлабсан, эй Холид. Эҳтимол Оллоҳ таолонинг ўзи сенга ҳидоят тилаган бўлса, ажаб эмас.  

Холид ибн Саид янги бир диннинг тарқалаётганини ва кечаги кунга қадар Ал-Амин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ сифатида таниган кишиси бугунга келиб пайғамбарлик вазифасига тайин этилганлигини йўлда Ҳазрати Абу Бакрдан эшитди.

Бу пайтда Набийи Акрам (с. а. в.) Ажйод деган бир жойда эдилар.

—Бизни нимага даъват қиласиз, ё Муҳаммад?

⎯Сизни Оллоҳдан бошқа хеч бир илоҳнинг йўқлигини ва Муҳаммад Оллоҳнинг пайғамбари эканлигини тасдиқлашга... шу дамгача сиғинганимиз жонсиз — фойда хам, зарар ҳам бермайдиган бутлардан воз кечишга даъват қиламан.

— Мен гувоҳлик бераманки, Сиз даъват қилаётган дин ҳақ диндир. Сиз эса, Оллоҳнинг расулисиз.

Шундан кейин Холид кўрган тушини гапириб берди.

* * *

Бир куни ўта ожиз, қашшоқ бир чўпон қўйларини ўтлатиб юраркан, икки кишига дуч келди.

—Сен кимнинг қўйбоқарисан? — деб сўрашди улар.

—Уқба ибн Абу Муайтнинг...

—Бизни сут билан меҳмон қила оласанми?

Сут боркуя, аммо мен оддий қўйбоқарман, сут билан меҳмон қилишга ҳаққим йўқ. Менга ишониб топширилган нарсага хиёнат қилолмайман.

— Хўп. Унда бизга сути соғилмайдиган биронта қўйни кўрсатгинчи.

Қўйбоқар сурувдан бир қўйни ажратди.

— Мана шу қўй соғилмайди, деди.

Юзидан нур ёғилиб турган киши қўйнинг оёқларини керди, дуо қилди. Бирдан қўйнинг эмчакларидан сут оқа бошлади. Иккинчи киши биронта идиш олиб келишни буюрди. Қўйбоқар ёнида олиб юрадиган сопол товоқни узатди.

Сут соғилди, аввал сутии соғган киши ичди, сўнгра ўртоғига берди. Қолган сут қўйбоқарга тақдим этилди. Ҳаммаси ичиб бўлингач, қўйнинг эмчаклари яна эски ҳолига қайтди. Бир оз олдин сут соғилган эмчакларга сира ҳам ўхшамай қолди.

—Эй олижаноб зот, бу қўйга қандай дуо ўқидинг?

Уни менга ҳам ўргатасанми? — деди қўйбоқар.

—Отинг нима?

—Отим Абдуллоҳдир. Масъуднинг ўғлиман.

—Сени яккаю ягона Оллоҳнинг борлигига ишонишга ва бутларга сиғинишдан воз кечишга даъват этаман.

Расулуллоҳ (с. а. в.) шуларни сўзларканлар, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг бошини силар:

«Оллоҳ сенга марҳамати билан муомала буюрсин, қуллигингда давом этишини насиб қилсин, сен ўрганишга қодирсан», дер эдилар.

Абдуллоҳ калимаи шаҳодатни айтди. Энди у имон лашкарининг жисман заиф, аммо имони кучли бир аскарига айланди.

Ўшанда мўминларнинг сони ўнга якинлашиб қолган эди.

Сал кейинроқ Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Абу Салама, Арқам ибн Абу Арқам, Усмон ибн Мазъун, Убайда ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб мусулмон бўлдилар.

* * *

Бир пайтлар Яман томонлардан келиб Бани Муғийра хонадонидан паноҳ топган Ёсир у ерда Муғийра ўғиллари томонидан Сумаййа исмли бир жорияга уйлантирилган, бу никоҳдан Аммор ва Абдуллоҳ исмли икки фарзанд дунёга келган эди.

Орадан йиллар ўтди ва бу болалар болоғат ёшига етдилар.

Бир куни Аммор Макка кўчаларида айланиб юрганида бир- икки кишининг Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (с. а. в.) ҳақларида баҳслашишаётганини эшитиб қолди. Суҳбат диққатни тортадиган даражада қизғин эди. Шахсан ўзини кўришни хоҳлади. У ҳакда суриштирди. Ниҳоят, Арқам ибн Абу Арқамнинг уйида эканликларини билди ва дарҳол шу томонга жўнади. Суҳайб ибн Санъон Румий ҳам ўша ерда эди. Аммор ҳайрон бўлди:

— Бу ерда нима қилиб юрибсан, эй Суҳайб? — деб сўради.

— Ўзингчи, ё Аммор?

— Мен ичкарига кирмоқчиман ва Муҳаммад Аминнинг сўзларини тингламоқчиман.

— Менинг фикрим ҳам худди шундай.

Биргаликда ичкарига кирдилар. Маънавият оламидан таралиб, Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг дудоқларидан тўкилаётган сўзларни тингладилар, бу калом ҳар жиҳатдан гўзал ва мукаммал эканлигига ишонч ҳосил қилдилар, иккиси ҳам калимаи шаҳодат келтириб, имонли бўлдилар.

Оқшомга қадар Арқамнинг уйида қолдилар.

Кўп ўтмай, Амморнинг отаси Ёсир, онаси Сумаййа ва укаси Абдуллоҳ ҳам мусулмон бўлдилар. Шу тариқа бутун оила аъзолари Ислом динига кирган, кўнгиллари Расулуллоҳ кўрсатган мақсадга йўналган эди.

Қисқа вақт ўтиб, Усмон ибн Мазъун ҳам икки укасини етаклаб, Пайғамбар (с. а. в.) ҳузурларига келди. Кудома билан Абдуллоҳ акалари сингари имон ва Ислом шарафига ноил бўлдилар.

Буюк пайғамбар Ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломнинг тавҳид динини тиклаш мақсадида ҳидоят йўлига чиққан, аммо орзуига етиша олмай ҳаётдан кўз юмган Зайд бу кунларда ҳаёт бўлса, ким билади дейсиз, қанчалар хурсанд бўларди. Аммо тақдирдан қочиб қутулиш хаққи ҳеч кимсага берилмаган. Аммо Зайднинг кичик ёшда етим қолдириб кетган ўғли Саид бор эди.

Мана шу кунларда у вояга етган, камгап, ювош, тарбияли бир ўспирин бўлган эди. Уни амакиси Хаттоб боқиб олган, қизи Фотимага уйлантириб ҳам қўйган, Саиднинг синглиси Отикани эса, ўғли Умарга олиб берган эди. Шу йўсинда Саид билан Умар почча- қайиноға бўлган эдилар.

Аммо поччалардан бири ўта тажанг, сержаҳл ва довюрак, иккинчиси эса, ўта даражада ювош ва камгап...

Бир куни Саид ҳақиқат оламидан келаётган бир даъватга қулоқ тутди. Унга Оллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқлигига ишониш таклиф этилди. Ҳақли бир таклиф эди бу. Отаси Зайд мана шундай бир таклифга рўбарў бўлиш, Оллоҳга олиб борувчи энг тўғри йўлнинг муршидига қовушиш учун бутун вужуди билан беҳисоб чиллаларда ўтирган эди.

Ҳаққа ва эзгуликка чорловчи бир даъватга қулоқ тутмаслик мумкин эмасди. Қисқа вақт ичида рафиқаси Фотиманинг қалбида ҳам имон нури порлади. Шу тариқа ёш эр- хотин биргаликда шаҳодат келтирдилар ва мусулмон бўлиш завқини тотдилар.

Бу орада Ҳазрати Абу Бакр қизи Асмонинг ҳам мусулмон бўлгани ҳақида хушхабар келтирди.

Яна Ҳаббоб ибн Аратт, Умайр ибн Абу Ваққос, Масъуд ал- Корий, Салит ибн Амр, Аййош ибн Абу Робиъа ва хотини Асмо, Хунайс ибн Ҳузофа, Амир ибн Робиа мусулмонларнинг сафига қўшилдилар.

Бир замонлар ҳақ динни топиш мақсадида узоқ сафарга отланган ва христианликни қабул қилиб Маккага қайтган Убайдуллоҳ ибн Жахш ҳам шаҳодат келтирди ва мусулмон бўлди.

Абу Толибнинг ўғли ва Ҳазрати Алининг акаси Жаъфар, унинг умр йўлдоши Асмо бинти Умай, Хатиб ибн Ҳорис хотини Фотима бинти Музаллал, Хатибнинг укаси Хаттоб ибн Ҳорис ва хотини Фукайҳа бинти Йасор, Маъмар ибн Ҳорис, Усмон ибн Мазъуннинг ўғли Соиб, Муттолиб ибн Азҳар, хотини Рамла, Нуайм ибн Абдуллоҳ, Амир ибн Фуҳайра, Хотиб ибн Амр, Утба ибн Робиъанинг ўғли Абу Ҳузайфа, Вақид ибн Абдуллоҳ... — булар яширин даъват кунларида мусулмон бўлганлар жумласидан эдилар.

* * *

Пайғамбар (с. а. в.) тушган оятларни унут бўлмаслиги ва сақлаш қулай бўлишлиги учун ёздириб қўярдилар. Ёзилган оятлар қўлма-қўл ўтиб тарқалар, истаганлар уларни ёдлар эдилар. 

Ваҳий келган пайтларда Жаноби пайғамбаримиз (с.а.в.) хотирадан чиқариб қўйишдан хавотирланиб, Жаброили Амин билан биргаликда қайта- қайта ўқишга ва ёд олишга ҳаракат қилардилар. 

Юксак девондан келган амр у зотга фақат тинглашни буюрди: «(Эй Мухаммад, Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай (пичирламай) қўяқолинг! Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон биз (яъии, Жаброил фаришта) уни (яъни, ҳар бир ваҳийни) ўқиб битганимиздан сўнггина сиз ҳам уни ўқишга эргашинг. Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам, албатта, бизнинг зиммамиздадир»¹⁹

Набийи Акмал бундан кейин юз берган ҳолатларини шундай ифода этган эдилар: 

«Ваҳий ҳолати тугагач, ўз- ўзидан қалбимга жо бўлиб қоларди». ²⁰

Яна бир сафар эса: «Худди қалбимга китоб ёзилаётганини хис этаман»²¹ деган эдилар. 

Эндиги вазифа бу оятларни инсонларга баён этиш ва уларни Исломга даъват қилиш эди. 

* * *

Набийлик вазифаси илк бор юклангандан бери орадан икки йил ўтди. Хаттоб ўғли Умарнинг уйида бирдан севинч кичқириғи эшитилди. 

Эртанги куннинг буюк инсони бўладиган, пайғамбарининг суннатларини шахсан ўз ҳаёти орқали намуна қиладиган ва саҳобаларнинг илк сафларидан ўрин олалиган бу гўдакка Абдуллоҳ исми берилди. 

Аммо Абдуллоҳ шу онда ўзига бу исмнинг берилганидан ҳам бехабар эди. 

* * *

Абу Толиб бир куни Маккадан ташқарида кезиб юраркан, кутилмаган манзарага дуч келди. 

Олдинда жияни Муҳаммад Ал-Амин, ундан бир оз орқада ўғли Али биргаликда ибодат қилардилар. 

—Нима қилаётирсизлар, эй Абул Қосим?! Бу тутган йўлларингизни қандай тушунса бўлади? 

—Амакижон, бу Оллоҳ юборган диндир. Фаришталарининг, пайғамбарларининг ва хусусан бобомиз Иброҳимнинг (а.с.) динидир. Оллоҳ таоло менга ушбу динга даъват қилиш вазифасини топширди. Сиз эса, эй амакижон, мен учун энг самимий, яқин, қадрли ва ҳидоятга қовушишини орзу этадиган кишимсиз. Бу даъватни қабул этишга, қўллаб- қувватлашга энг лойиқ бўлган кишим ҳам сизсиз. 

Абу Толиб жавоб берди: 

— Эй жияним, мен ота-боболаримнинг динидан воз кечишга журъат қилолмайман. Аммо қасам ичиб айтаманки, токи мен ҳаёт эканман, бирон кимса сенга ёмонлик қилолмайди. 

Шундан сўнг ўғли Али томонга ўгирилди: 

— Амакингнинг ўғли сени фақат хайрли ишга даъват этибди. Ундан айрилма, — деди ²²

Энди ваҳий узлуксиз равишда кела бошлади: «Эй (кийимларига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг! Фақат озгина — у (кеча)нинг ярмида (ухлаб ором олинг) ёки (уйқуни кечанинг) ярмидан ҳам бир оз камайтиринг ёхуд унга (бир оз) зиёда қилинг ва Қуръонни тартил билан тиловат қилинг! Зеро, Биз сизга оғир Сўзни — Қуръонни туширажакмиз. Албатта, кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш жуда оғир юкдир ва (лекин у пайтда кундузги безовталиклар бўлмагани учун) энг тўғри сўздир. Албатта, сиз учун кундузи узун — тинимсиз машғулот бордир (шу сабабли кечалари бедор бўлиб ибодат қилинг). 

Парвардигорингизнинг номини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай берилиб (чин ихлос билан бандалик қилинг)! (У) машриқ ва мағрибнинг Парвардигоридир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзигина бордир. Бас, сиз (ўзингиз учун) Унигина вакил (ҳомий) қилиб олинг!»  ²³

Набийи Акрам жанобимиз ушбу оятлар орқали кечалари ҳам тоат‐ ибодат қилишга даъват этилдилар. 

* * *

Ўша кунлари номи ҳали тарихларда битилмаган бир одам жоҳилия даврининг жирканч бир одатини амалга ошириш ҳаракатида эди. 

Бу одамнинг ширингина, севимли бир қизчаси бор бўлиб, уни жуда ҳам яхши кўрарди. 

Чақирган заҳоти «Лаббай, отажон!» деб қошига югуриб келар, ота-онаси уни ўпишар, бағриларига босиб эркалатишар эди. 

Шундай кунларнинг бирида у отини эшитиб, отасининг қошига чопқиллаб келди. Ҳар доимгидай, қучоғига отилди. 

Ота уни қўлларидан тутди, икковлон биргалашиб кўчага чиқдилар. Уйларидан ҳали унча узоқлашишмаган эди. Ота унга ажойиб ва хуштаъм озиқ- овқатлар ҳақида гапирар, яқинда қариндошларидан бирининг тўйида унга совға тариқасида бериладиган кўйлак ҳақида баҳс этар эди. 

Шу аснода қизча бирдан итариб юборилганини ҳис этди. Ота-бола ҳозиргина ёнидан ўтган қудук қизчани қайта чиқмайдиган килиб ўз домига ютди. Аммо йиртқичларгагина ярашадиган бу ишни қилган отанинг қулоқларига: 

— Ё абатаҳ!.. Ё абатаҳ!.. — тарзидаги ингроқ овоз келди. Отанинг сўнгги марта эшитган сўзлари шу бўлди. Пешонасида пайдо бўлган совуқ терларни артиб, яшин тезлигида бу ердан узоқлашди. Ким билади, бечора қизча яна қанча пайт у ерда «Отажон!» дея инграган экан. ²⁴

Мадина даврида мусулмон бўлган бу одам мазкур воқеани пайғамбаримизга сўзлаб берганида, Расулуллоҳ (с. а. в.) соқоллари ҳўл бўлиб кетгунча йиғлаган эдилар. 

* * * 

Бир куни Умар қаватига олти ёшлар чамасидаги қизини олиб, Маккадан ташқарига йўл олди. 

Хилват бир жойга келдилар. Умар елкасидан белкурагини олди ва чуқур қазий бошлади. 

— Нима қиляпсиз, отажон? Нега қазияпсиз бу чуқурни?! — деди қизи атрофида гирдикапалак бўлиб. 

— Бу ерга сени кўмаман, — деб жавоб қилди Умар. 

Қизчанинг ранги оқариб кетди. Отасини яхши одам деб ўйларди. Айни чокда, отасининг бирон гапни зое гапирмайдиган одам эканлигини ҳам жуда яхши биларди. Кўзёшларига тўлган нигоҳлари отага қадалди: 

—Отажон, мени ўлдирманг!.. 

—Сен ҳиқилламай тур! 

Бу сўзлардан кейин ҳам ёлвориш беҳуда эди. Ягона чора қочиш эди. Жон ширин, қизча ўлишни истамасди. 

Пешонасидан оқаётган терларни арта- арта қум қазиётган Умар, бирдан: «Тўхта қочма!» деб бақирди ва қизининг орқасидан чопа кетди. 

Жонҳолатда қочаётган қиз бечоранинг ортидан етиб келган ота дағал қўллари билан сочларидан тутиб, қатъий силтаб тўхтатди. Шундан кейин судраб- судраб, чуқурнинг ёнига олиб келди. 

Қазиш давом этар, гўдакнинг кўзёшлари ҳам бетўхтов ерга юмаланар эди. 

Шу аснода Умар қўлидаги белкуракни ерга қаттиқ урди ва натижада бир сиқим тупроқ сочилиб, Умарнинг юз-кўзи чангга беланди. Ерга ўтириб қолди ва кўзларини ишқалай бошлади. 

Отасини бу ҳолатда кўрган қизча сакраб ўрнидан турди: 

– Отажон, мени ўлдирсангиз, соқолингизни ким тарайди? Юзларингизни ким тозалайди?!  — дея бармоқлари билан Умарнинг соқолларини тарай бошлади. 

Умар уни илкис итариб юборди. Сапчиб ўрнидан туриб, яна қазий бошлади. 

Бир оз ўтгач, Умар тўхтаб қолди. Бошини эгди, бир муддат ўйга толди. Йиғлаётган қизчасига кўзи тушди. Олти йилга яқин силаб- сийпалаб, эркалаб келган жигари эди у. Бундай яқин кишисининг жонига қасд қилиш осон эмасди... 

Орада кўнглига бу ишдан воз кечиш фикри ҳам келди. Қизчасининг қўлидан тутиб, Маккага қайтишни ҳам ўйлади. Шундай қилганида, қанчалар севинарди бу маъсума гўдак... яна ҳаётга қайтгандек бўларди. Ким билади, ҳозир уйда қандай аламли дамлар кечаётган экан, қанчалар оҳлар чекилаётган, кўзёшлар тўкилаётган экан?! 

Аммо бу ишнинг бошқа жиҳати ҳам бор эди. Умар қизини олиб кетди, қўллари титраб орқага қайтариб олиб келди, деб устидан биродарлари кулишмайдими? Умр бўйи қизи олдидаги виждон азобига қандай чидай олади? 

Бир неча сония вақт шундай фикрлар оғушида ўтди. Соатлар, ҳатто кунларга татирли бир- бирига зид фикрлар яшин тезлигида миясидан ўтди. Шундан сўнг яна белкуракка ёпишиб, чуқур қазий бошлади. 

Етарли даражада қазиганига ишонч ҳосил қилганида, ерда фарёд уриб ётган қизча ҳам даҳшатли фожиа соати етиб келганини сезди, ялинчоқ нигоҳларини отасига қадади. 

Аммо отанинг кўзларидан олов сачрарди. Қиз яна тез ўрнидан сакраб турди ва такрор қоча бошлади. 

Умар яна қизининг ортидан югурди, етиб олиб қаттиқ ушлади. Энди қутулиш чораси қолмаган эди. Қизча ҳадеб «Отажон, отажон!» дея чинқирар, силтанар эди. 

Бир латта каби улоқтирилган маъсум вужуд чуқурнинг четларига тегиб пастга юмалаб кетди. Умарнинг бақувват қўллари тупроқ уюмини чуқурга ташлар экан, оёқлари сўнгги кучини йиғиб чуқурдан чиқиб кетишга уринаётган гўдакни босиб турарди. Бошига шувиллаб тупроқ тўкилиб, кўзлари ҳам тупроққа тўлган қизча бир- икки чиранишдан сўнг ҳаракатлари бўшашди, кетма- кет устига тушаётган тупроқ уни тобора босиб, нафасини сиқа бошлади. 

Оёқлари остидаги вужуднинг ниҳоят чиранишдан тўхтаганини англаган Умар енгил нафас олди. Пешонасидаги терларни артиб ташлади ва қолган- қутган тупроқни ҳам чуқур устига ташлаб, ишини тугатди. 

Ўша кеча уйда ҳеч кимнинг овози чиқмади. Умар ҳар доимгидан ҳам асабий эди. Унинг бу қўрқинчли ҳолати уйда бирон кимсанинг чурқ этиб оғиз очишига йўл қўймади. Фақат, қўллар ора- сира кўзлардан юмалаган ёшларни артарди. 

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

ОЧИҚ ДАЪВАТ САРИ ИЛК ОДИМ

Яқин қариндошлар

Ҳиро тоғидаги ғорда илк бор фариштанинг келгани ва «Ўқи!» деган амр берилганидан буён уч йилга яқин вақт ўтди. Атрофдан тоза руҳли инсонлар пухта бир танлов асосида ушбу динга даъват этилди, анча-мунча муваффақият ҳам қозонилди. Даъват қилинганлар орасида куллар ва озод кишилар, аёллар ва эркаклар, бойлар ва камбағаллар бор эди. 

Оллоҳ таоло «Собиқуни аввалин» деб атаган бу шарафли инсонлар бутларнинг қошида бош эгиш ҳақоратидан қутулиб, Оллоҳнинг ҳузурида сажда қилиш саодатига эришган эдилар. 

Бир куни Расулуллоҳга (с. а. в.) ушбу мухим амр келди: 

«Энг яқин қариндош- уруғларингизни (Оллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг! Ўзингизга эргашган мўмин кишилар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, уларга хушхулқ билан камтарона муомалада бўлинг)! Бас, агар улар итоатсизлик қилсалар, у ҳолда: «Албатта, мен сизнинг амалингиздан поқдирман», деб айтинг. Ғолиб ва меҳрибон (Оллоҳ)га таваккул қилинг! У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар орасида ҳам, (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турур. Шак- шубҳасиз, у эшитгувчи, билгучи зотдир».²⁵

Келгуси машаққатли кунларга қараб илк одим шу йўсинда қўйилди. Энди дин мусулмонликни қабул қилмаган тақдирда ҳам уни сир саклайдиган ишончли кишилар доирасидан ташқарига чиқаётган, илк одим яқин қариндошлардан бошланаётган эди. 

Жаноби пайғамбаримиз мехмон бўлиб келган аммаларига аҳволини баён этдилар. Зиёфат бериб, қариндошларини динга даъват қилиш фикрида эканликларини гапирдилар. 

— Истасанг, шундай бир зиёфат уюштир. Аммо зинҳор Абдул Уззони (Абу Лаҳабни) таклиф этма. Чунки у сенинг даъватингни барибир қабул этмайди, — дейишди аммалар. 

Улар укалари Абу Лаҳабнинг феълини яхши билишарди. Сувни орқага оқизишга ҳам қурби етиши, ўта ўжарлиги яхшигина маълум эди. Аммо «яқин қариндошлар» ичида Абу Лаҳаб ҳам бор эди, амакилари эди. Буюк девондан келган амрни ўзгартириш ёки кечиктириш мумкин эмасди. Бир кишигина тўядиган миқдорда гўшт пиширилди. Яна, бир кишига лойиқ сут тайёрланди. Амакилар, аммалар ва улардан ташқари бошқа яқин қариндошлар таклиф этилди. Дастурхонга тортилган гўштдан аввал Ҳазрати пайғамбаримиз олдилар. Сўнгра меҳмонларга: «Марҳамат!» дейилди. Ҳамма тўйгунича еди. Аммо гўшт ҳамон ҳеч тегилмагандай ҳолда қолган эди. 

Навбат сутга келди. Набийи Акмал жанобимиз бошлаб озгина ичдилар. Кейин меҳмонлар ича бошладилар. Ҳамма ичгандан кейин ҳам сут сира камаймади. 

Энди Пайғамбари Замон жаноблари мақсадни сўзламоқчи эдилар. Аммо шу пайт Абу Лаҳаб дик этиб ўрнидан турди. Афти- ангори ўзгариб: 

— Худо ҳаққи, бу одам бизни сеҳрлади! — деб бақирди. 

Азбаройи асабийлашганидан, портлагудай аҳволда эди, бақириб- чақирарди. Машваратнинг бу тарзда давом этишидан яхшилик кутиб бўлмасди. Меҳмонлар бирин- кетин тарқалдилар. 

Эртаси куни яна зиёфат чақирилди. Абу Лаҳаб яна бир қилик чиқармасин деб энди у таклиф этилмади. Аммо Бани Ҳошимнинг такрор йиғилганларини эшитиб, таклифсиз келди. «Сен таклиф этилмаган эдингку, нега келдинг?» дейилмади. 

Меҳмондорчилик сўнггида бир кун олдинги разиллигини такрорлади. Оғзига келган гапларни қайтармади. Сўзларини: 

— Қариндошларига сен каби ёмонлик қилган кимса ҳали ҳаётда бўлган эмас, — деб тугатди. 

Кайфият яна бузилди. Асл мақсад ойдинлашмасдан, меҳмонлар яна тарқалиб кетдилар. 

Хўш, Абу Лаҳабнинг нияти нима эди? Нега жанжал чиқариш пайида бўлди? Қирқ йилдан бери ҳамманинг тақдиру таҳсинига сазовор бўлиб келган жиянини ноқулай аҳволга солишдан нима учун бунчалик хушланарди? 

Бунинг ягона сабаби қуйидаги воқеа эди: 

Бир куни Абу Лаҳаб укаси Абу Толиб билан жанжаллашиб қолиб, уни ётқизиб олдида, бўға бошлади. Воқеа устига мазкур жияни етиб келди ва Абу Толибнинг тарафини олди. Абу Лаҳабни унинг устидан итариб, йиқитиб юборди. Шундан кейин калтаклаш навбати Абу Толибга ўтди. 

Абу Лаҳаб мана шу воқеадан кейин жиянига душман бўлиб қолган. «Буни ҳеч қачон унутмайман!» деган эди. 

Абу Лахаб кек сақловчи одам эди. Ҳасадгўйлик иллати бор эди унда. Ичидан ёндираётган бу кек ва ҳасад унинг ҳаққа борадиган йўлини тақа- тақ беркитган, сўз эшитадиган, сўз тушунадиган ҳолатда эмас эди.

Ҳолбуки, Набийи Акрам (с. а. в.) орадаги бу совуқчиликни бартараф этиш учун икки нуридийдалари, севикли қизлари Руқаййа билан Умму Гулсумни Абу Лахабнинг икки ўғлига унаштириб, яхши ниятда яқинлашишни истаган эдилар. Аммо бу тадбир ҳам Абу Лаҳабнинг ичини ёндираётган туйғуларини сўндирмади.

* * *

Орадан анча- мунча ғамгин кунлар ўтди. Жаброили Амин келиб юқорида келтирилган амрни яна такрорлади. Амр адо этилмаса, азоб келиши ҳақида хабар берди.

Жаноби пайғамбаримиз қариндошларини яна таклиф этдилар. Овқат ейилди, сут ичилди, сал кейин Расулуллоҳ (с. а. в.) дарҳол ўринларидан туриб, шундай сўз бошладилар:

— Мард йигит оила аъзоларига ёлғон гапирмайди. Мен эса, ҳаммага ёлғон гапирган тақдиримда ҳам, сизларга сўйламайман. Жами инсонларни алдасам ҳам, сизларни алдай олмайман. Шундай экан, эй Абдулмутталиб авлоди! Қасам ичиб айтаманки, мен келтирган нарсадан ҳам шарафли ва фойдали бир нарсани ҳали ҳеч бир инсон ўз қавмига келтирган эмас!

Мен сизларга дунё ва охиратнинг саодат ва шарафини келтирдим. Оллоҳ таоло менга сизларни ушбу динга даъват этишимни буюрди. Ўзидан бошқа ҳеч бир маъбуд бўлмаган Оллоҳ номидан қасам ичиб айтманки, мен Унинг бутун инсониятга ва хусусан сизларга юборган пайғамбариман!.. Сизлар худди уйқуга кетгандай бир куни келиб ўлишингиз, уйқудан тургандай қайта тирилишингиз муқаррардир. Шундан кейин қилган амалларингизнинг ҳисобини берасизлар. Яхшиликларингизга жавобан яхшилик кўрасизлар, ёмонликларингизнинг жазосини тортасизлар. Жаннат ҳам, жаҳаннам ҳам абадийдир. Орангизда менга ака- укалик қилиб, қайси бирларингиз ёрдамчи бўласиз?

Расулуллоҳ (с. а. в) сўзларини шу тарзда якунладилар. Аммо бирон кишидан садо чиқмади.

Ҳамма бир- бирига қаради, бошларини эгди. Орага оғир сукунат чўкди. Ниҳоят, ҳали балоғатга етмаган Али оёққа турди.

— Ораларингда энг кичиги ва заифи менман. Аммо мен Сизга бажонидил ёрдамчи бўламан, — деди.

Алининг бу хатти- ҳаракати у ердагиларни кулдирди. Айримлар Абу Толибга қаради.

Абу Лаҳаб яна жанжал чиқаришга уринарди:

— Агар унинг бу сўзларини бошқа араблар ҳам эшитиб оёққа турсалар, ўзимизни қутқара олмаймиз, бизни лақиллатяпти бу, — дер, у ердагиларнинг кўнглига вахима солишга уринар эди.

Абу Толибнинт жаҳли чиқди:

— Ҳей кўрқоқ! Нималар деяпсан ўзи? Токи биз тирик эканмиз, худо номи билан қасам ичаманки, Муҳаммадга ёрдамчи бўламиз, қўриқлаймиз! — деди.

Машваратда Абу Лаҳабнинг фикрини қувватлайдиган бирон киши ҳам чиқмади. Имон йўлига кирилмасада, Абу Лаҳаб сингари очикдан- очиқ Муҳаммадга қарши чиққан бирон кимса бўлмаганининг ўзи ҳам яхши бир натижа эди.

* * *

Даъват йўлида яна бир одим қўйилди. Жанобимиз:

«Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!» ²⁶ амрини олдилар.

Энди ишни яширинча юритиш даври тугаган эди. Яқин- узоқ, таниш- нотаниш ҳамма кишилар бу даъватдан бохабар бўлиши керак эди.

Набийи Акрам жанобимиз мақсадларини амалга ошириш учун маккаликлар энг муҳим ишларни бажаришда тутадиган йўлни тутдилар. Каъба яқинидаги Сафо тепалигига чикдилар, қўлларини қулоқларига қўйдилар ва бор овозлари билан:

— Ё сабахах, ё сабахах!.. — деб бақирдилар. Муҳим бир муаммо юзага чиққани ҳаммага маълум бўлди. Маккаликлар Каъба атрофига тўплана бошладилар. Кела олмаганлар одам жўнатишди. 

Расулуллоҳ (с. а. в.) атрофларини ўраб олган оммага хитобан: 

— Эй қурайшликлар, сизларга шу тоғнинг этакларида бир суворий қўшини ҳужум қилишга тайёр турганини айтсам, менга ишонасизларми? — дедилар. 

Тараддудланмай жавоб беришдики: 

— Сенинг ёлғон гапирганингни ҳали шу пайтгачаэшитмадик, ё Амин! Албатта, ишонамиз! 

— У ҳолда, маълумингиз бўлсинким, мен сизларга буюк, оғир ва машаққатли азобнинг келишидан олдин етишган бир хабарчиман. Сизларни Оллоҳдан бошқа ҳеч бир маъбуднинг йўқлигига ва мен Унинг Расули эканлигимни қабул этишга даъват қиламан. Агар қабул этсаларингиз, жаннатга киришингизга тўла кафолат бераман. Қабул этмасангизлар, сизларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда беролмайман! ²⁷

Шу он унинг сўзи бўлинди. Энг олдинги қаторлардан бирида турган соқолли одам ердан бир тош олиб, унга қарата отди: 

— Лаънат сенга, қўлларинг акашак бўлгур, бизни шунинг учун бу ерга тўпладингми?! — деб ҳайқирди. 

Ким бўлди бу одам? Ким бўларди? Пайғамбаримизнинг амакилари, яна ўша Абу Лаҳабда. Амакилирики шундай муносабат билдираркан, бегона кишилардан нима ҳам кутиб бўларди? 

Келганлар, бошлари эгик ҳолда, тарқалдилар. Ҳолбуки, ораларидан мард бир йигит чиқиши керак эди, ва: 

⎯ Дарҳақиқат, сендан ҳеч маҳал ёлғон гап эшитмадик. Аммо бу дафъа абадий саодатга эришиш ёки ундан маҳрум бўлишдай бир муаммо қаршисида турибмиз. Оллоҳнинг пайғамбари эканлигингни қандай исбот қиласан? — дейиши керак эди. 

Қаерга бошласа, ўша томонга кетаверадиган оломон эмас, нима қилаётганини, нималар қилиши лозимлигини биладиган, билишни истайдиган инсонлар жамоаси эканликларини кўрсатишлари, жавоб ва исбот талаб этишлари керак эди. Қисқаси, Абу Лаҳабнинг бу хатти- ҳаракати бу йиғиннинг тарқалиб кетишига сабаб бўлмаслиги даркор эди. 

Буюк Пайғамбаримиз (с.а.в.) у ерни ўта ғамгин равишда тарк этдилар. 

* * *

Абу Лаҳаб Сафо тепалигидан қайтаркан, зиммасига тушган вазифани адо этганига амин эди. Бир неча кунгина аввал қариндошлари орасида кўрсатган сеҳр- жодулари етмагандай, устига- устак, бутун Қурайш қабиласини ўзига жалб этишга киришганига бефарқ қарай олмасди. 

Акс ҳолда, бу ишнинг натижаси муваффақиятли тугар ва Муҳаммад Амин улкан шуҳрат соҳиби бўлар, Абу Лаҳабдай бир кишини сояда қолдиражак мавқеларга эришар эди... 

Мукаммал ўйланган бир совуқ уруш йўлини тутишдан бошқа чора йўқ, деган фикрга келди у. Муҳаммадни ёлғизлатиб қўйиш ҳамда муваффақиятсизликка учратиш учун қўлидан нима келса, орқага сурмасдан ўшани қилишга аҳд этди. Хотини Умму Жамил ҳам унга ҳамфикр эди. 

* * *

Шу кундан эътиборан ҳатто дарвозаси ҳам бир бўлган қўшнининг, яъни Муҳаммад Аминнинг уйларига девор ортидан тошлар келиб туша бошлади. Эрта саҳарда уйдан чиққанларида, эшик тагига ташланган ахлатга дуч келдилар. Оёғига ботсин, деган ниятда йўлакка ёйиб ташланган тиканларни кўрдилар. Ахлоқсизларча бу хатти- ҳаракатлар жоҳил эр- хотин ўртасида худди мусобакалашаётгандай улкан ғайрат билан давом эттирилди. 

Абу Суфённинг синглиси ва Абу Лахабнинг умр йўлдоши бўлган Умму Жамил Расулуллоҳ (с. а. в) жанобимизга рўбарў келиб қолганда баъзан: 

—Шайтонингдан қандай хабарлар бор? — деб киноя қилар, баъзан қовоғини солиб олар, яна гоҳида: 

—Не хабар кўкларда?.. Кўрайликчи, бугун қандай сафсаталар билан миллатни алдар экансан? — дея минғирлаб, у зотни безовта қилар эди. 

Натижада Жаброили Амин илоҳий девондан қатъийлашган, ўзгармас бир ҳукмни Расулуллоҳга (с. а. в.) етказди:

«Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай (ҳалок бўлгай)! Аниқки) у қуриди (ҳалок бўлди)! Мол- мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! Яқинда унинг ўзи ҳам, унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан, эшилган арқони бўлган хотини ҳам (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!»²⁸

Олий бир ҳақиқат ва адолат бор эди бу сурада. Пайғамбарнинг амакилари бўлса ҳам, Ҳаққа бўйин эгмаган, Мавлойи Зулжалолга итоат этмаган киши ўз бошини ейиши, жазосини тортиши муқаррар эди.

Бу сура айланиб, Абу Лаҳабнинг қулоғига ҳам етиб борди. Қаттиқ ғазабланиб кетди:

— Мана кўрасан, эй Муҳаммад, ҳақиқий уруш энди бошланади. Кимнинг қўли қуриши, ким мағлубият азобини тортиши аслида энди ойдин бўлади! — деб ғўлдиради.

Шундан кейин девордан ахлат ташлашлар янада авж олди ва Расулуллоҳнинг ҳовлилари юриб бўлмас ҳолатга келтирилди. Жаноби пайғамбаримиз эса, бу разилликларга жавобан:

— Эй Абду Маноф ўғиллари, бу қандай қариндошлик, ахир?! Бу қандай қўшничилик? — дердилар. Ҳар куни алоҳида бир сабр- тоқат, алоҳида бир сабот билан бу азиятларга нисбатан юракларини кенг қилдилар.

Пайғамбар жанобимиз эшикдан чиқишлари билан дуч келадиган фожиавий манзарага ора- сира бир нодон хотиннинг қаҳ- қаҳаси ҳам қўшиладиган бўлди. Бу хотин ўзини тия олмай:

— Амр этгинда, шайтонинг келиб ҳовлингни тозалаб кетсин, — деб бақирар эди.

Бир куни Абу Лаҳаб ғалати бир ҳолга дучор бўлди. Ҳар кунги одатини килиб, ахлатларни бир ифлос челакка солиб, Муҳаммаднинг ҳовлисига тўкиш учун кетаётган эди. Энди тўкаман деб турганида, аллақандай бақувват қўллар орқасига чанг солганини ҳис этди. Ўгирилиб қаради. Қаршисида укаси Ҳамза турарди.

— Нима қиляпсан?.. — деди Абу Лаҳаб довдираганча. Ҳамза ортиқ кутиб турмади:

— Менга бер челакни! — дея шартта олдида, бир ҳамла билан акасининг бошидан тўкиб юборди. Соч- соқоли расво бўлган, юз-кўзидан ювиндилар оқаётган Абу Лаҳаб руҳи сингари жирканч бир овоз билан чинқирди:

— Аҳмоқ, динсиз!

Ҳамза ғурур билан, расвойи жаҳон бўлган акасига тикилиб турар, енгил кулимсирар эди.

Абу Лаҳаб ғўлдиради:

— Уялмайсанми шундай қилишга?

Бу ҳали ҳолва эди. Чунончи, Ҳамза дедики:

— Йўқ, сира ҳам уялмайман. Қайтага, жуда мамнунман. Сен ўзинг ҳар куни укангнинг ўғлига шундай ифлосликни қилганда, нега уялмадинг? Бу ишни бошқалар қилса, олдини олиш ўрнига, сенинг бу қадар пасткашлик қилишинг айб эмасми?

Абу Лаҳаб Масад сурасини ўкиди:

— Хўш, бунга нима дейсан? Одам ўз амакисини ҳам дўзахи қиладими?

Сен шунга лойиқ бўлдинг, ё Абу Лаҳаб. Қани айтчи, унга бу даражада телбаларча разиллик қилган ёки қилаётган яна ким бор? Олдин сен унга қарши душманларча ҳаракатга киришдингми ёки у сенга бекордан бекорга шу сўзларни айтдими? Нега бошқа амакилари ҳақида бундай демадию, сен ҳақингда шундай гапирди? Мен қўрқаманки, эй Абу Лаҳаб, укангнинг ўғли томонидан берилган бу хабар, бежиз эмасдир...

Абу Лаҳаб асабийлашган тарзда тез- тез юриб, уйига кириб кетди.

* * *

Бир томондан амакилари Абу Лаҳабнинг битмас- туганмас одобсизликлари, иккинчи томондан эса, бошқа қўшни Уқба ибн Абу Муойтнинг худди Абу Лаҳаб билан рақобат қилаётгандай кўрсатаётган азиятлари натижаси Расулуллоҳ (с.а.в.) Каъбага яқин бир жойда истиқомат қилувчи Арқамнинг уйига кўчдилар. 

Бутун оила кўчдими ёки фақат пайгамбаримизнинг ўзлари тонг саҳарда кетиб, оқшомда қайтиб келардиларми? 

Бизнингча, иккинчи тахмин ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак. Эҳтимол пайғамбаримиз (с.а.в.) эрталабдан кечгача у ерда бўлгандирлар. Ҳатто баъзан кечалари ҳам ўша ерда ётиб қолгандирлар ва шу йўсинда хотинларию қизларини қўшниларининг безовта қилишларидан халос этган бўлсалар, ажаб эмас. 

Заифа аёлларга қарши уюштириладиган бундай ҳаракатларни араблар ўта чиркин иш деб баҳолардилар. Айниқса, бундай ҳаракатларни Ҳазрати Хадича шахсига йўналтиришни қўшнилари ният қилмаганлар. Мана шу сабабларга кўра, уйдан вақтинча чиқиш билан пайғамбаримиз жаноблари оила аъзоларини тинчлик- хотиржамликка эриштирдилар. Шу воқелик иккинчи тахминнинг ҳақиқатга яқинроқ эканлигини тасдиқлайди.

¹⁹ «Қиёмат сураси», 16- 19 оятлар; Имом Бухорий. 6- жилд, 79- бет.
²⁰ Имом Бухорий, 1/3
²¹ Ибн Ҳишом. Ўша асар, 1/253
²² Ибн Ҳишом. Ўша асар, 1/263
²³ «Муззаммил» сураси 1 -9 - оятлар
²⁴ Доримий. «Сунан», 1/3.
²⁵ «Шуаро» сураси 214 - 220 - оятлар
²⁶ «Ҳижр» сураси 94- оят.
²⁷ Имом Муслим. 4/1877.
²⁸ «Масад» сураси 1- 5 - оятлар.

Давоми, Инша Аллоҳ кейинги мақолаларимизда.

Каналга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан улашишни унутманг!