Давоми...
Ўтган мақоламизда (221 - 240 бетлар)
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Интизор кутилган тонг
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ бир куни ёлғиз ўзи шаҳарнинг чеккасида сайр қилиб юрган эди.
— Салом сенга, эй Оллоҳнинг Расули!.. — деган сас келди.
Чапга, ўнгга қайрилиб қаради. Ҳеч ким йўқ. Овоз эса, яқиндан келган эди. Эшитилгандек бўлиши мумкин эмас.
— Ассалому алайка, ё Расулуллоҳ!..
Иккинчи марта яна шу овозни эшитди. Яна ён атрофига аланглади. Ҳеч ким йўқ. Бирон жойга яшириниб чақиряптими, деса, ундай жой ҳам эмас эди бу ер.
— Салом бўлсин сенга, эй Оллоҳнинг пайғамбари!.. Учинчи марта эшитганда, овозни ҳам, овоз келган жойни ҳам аниқлади: бу овоз бир тошдан чиқаётган эди. Ал-Амин у ердан узоқлашди.
Оллоҳнинг Расули нима дегани? Кимга қаратилган овоз эди бу? Бунинг маъноси нима эди?
* * *
Энди Ал-Амин ғалати тушлар кўра бошлади. Бу тушларнинг ўзига хос хусусияти шунда эдики, айни тарзда ўнгида ҳам рўй берарди. Қолаверса, у бундай тушларни бир- икки мартагина эмас, олти ой давомида муттасил кўрди. Аҳвол шу даражага етдики, кундузи содир бўлган бир воқеанинг оқибати қандай бўлишини ўша кечаси кўрган туши ёрдамида гапириб бериши мумкин эди. Чунки бу рўёлар қуёш сингари мусаффо, ёруғ тушлар эди. Тафсилотлари бизга қоронғи бўлган бу тушлар бошланганидан бери беш ойдан кўпроқ вақт ўтган, рамазон ойи яқинлашаётган эди. Энди Буюк Аминнинг юрагида қандайдир ёлғизликка интилиш ҳисси пайдо бўлди ва бу интилиш тобора кучайгандан кучайди. Кўчада, бозорда, ҳатто уйида ҳам ҳеч тинчий олмасди, ўта безовта бўлиб қолди. Кимсасиз, танҳо ўзи қоладиган жойларга интиларди. Халқ орасида ҳам унинг дилини оғритган, таъбини хира қилган одам бўлмади.
Уйида эса бирон келишмовчилик бўлиши мумкин эмасди. Хотини Хадича, қизлари Руқаййа, Зайнаб ва Умму Гулсум, боқиб олган ўғли Зайд ва ўз паноҳида вояга етказган Алидан шикояти йўқ эди. Қолаверса, қизлари Руқаййа билан Умму Гулсумни амакиси Абу Лаҳабнинг икки ўғлига, Зайнабни эса, Хадичанинг синглисининг ўғли Абул Осга унаштириб кўйган эдилар. Рўзғордан камчилиги йўқ эди. Шундай бўлса ҳам, ич- ичидан ёлғизликка кучли интилиш ҳиссини туяр ва бу ҳисни ҳеч енга олмасди. Рамазон ойи бошланган кунларда бу туйғу унга бутунлай тинчлик бермай кўйди.
Аслида, бир неча йиллардан буён Рамазон ойи бошланганида Макка халқидан баъзи кишилар каби у ҳам Ҳиро тоғига чиқиб танҳо қолишни, у ерда бир ой яшаб, ўтган- кетганларга меҳмондўстлик қилишни, одамларнинг жоҳилликларидан узоқ бўлишни одат тусига киритган эди. Маккага қайтгач, аввал Каъбани тавоф этар, сўнгра уйи томон йўл оларди. Бу йил ҳам рамазон ойини ўша ерда ўтказмоқчи бўлди. Бу истаги шу қадар кучли эдики, агар кетмаса, биров уни зўрлаб олиб борадигандек ҳис этар эди ўзини.
Қалбидан кечаётган ҳис- туйғуларни энг яқин кишиси, уни ҳаммадан кўра яхшироқ тушунадиган умр йўлдошига очди.
Хадича унинг фикрига тамомила қўшилди. Шундан кейин
Муҳаммадга озиқ- овқат, егулик нарсалар тайёрлади. Ал-Амин ўз ортидан унга бутун борлиғи
билан мафтун бўлган хотини, қизлари, Зайд ва Алининг:
— Хайр, кўришгунча хайр! Бизни у ерда эслаб тур, отажон... — деган овозларини
эшита- эшита, уйидан узоқлашди.
* * *
Хадича Муҳаммад билан турмуш қурган кундан бери уни фазилат йўлида тобора камолот
чўққиси сари илгарилаётган ҳолда кўрар, доимо севиб- ардоқлар, у билан оила қурганига сира
ҳам пушаймонлик туймас эди. Хадичада унга нисбатан чексиз ишонч туйғуси бор эди. Сўнгги
пайтларда бир тошнинг унга: «Салом сенга, эй Оллоҳнинг Расули!..» деганини айтганида:
«Ёлғон гапираётирсан, ахир, тош ҳам гапирадими? Тошнинг гапирганини ким эшитган экан?»
деб эътироз билдирмади. Ёки: «Эҳтиёт бўл, бу тағин жину шайтонларнинг иши бўлмасин?!»
демади, аксинча, бу гапларни эшитиб, ич-ичидан қувонди, кўнглида яқин орада бу ғалати
ҳодисаларнинг ҳаммаси ойдинлашса керак, деган фикр пайдо бўлди.
Бу дафъа ундаги ёлғизликка интилиш ҳиссини ҳам яна яхшиликка йўйди, маънавий
оламдан узатилган бир қўлнинг ўзига чорлаётганига ишончи комил эди.
* * *
Муҳаммад бирор соат йўл юргач, Ҳиро тоғига яқинлашди. Энди юқорига кўтарилиши
керак эди. Тошларга тирмашди. Худди олдинда биров чақираётгандек баландликка
кўтариларди. Ниҳоят, бир ғорнинг оғзига етиб борганида:
— Шу ғорда қолавер... — дегандек бир овоз ичичидан келиб, қулоқлари остида янгради.
Энди унда яна баландроққа чиқиш истаги қолмаган эди.
У ўзини гўё илоҳий бир оламдан идора этилаётган қўллар тортиб- тортиб, айнан мана шу
ғор оғзига олиб чиққан каби ҳис қилди.
Муҳаммад ғорга яхшилаб ўрнашиб олди.
* * *
Орадан кунлар ўтди.
Хадича бир куни қаршисида Муҳаммад Ал-Аминни кўриб бениҳоя севинди. У егулиги
тугаганлиги туфайли уйига келган эди. Тез фурсатда озиқ- овқат тайёрланди. Яна уйидан чиқди.
Каъбани тавоф этгач, ўзига маскан тутган ғорга қараб жўнади.
Тақдир уни ҳар томондан қуршаб олиб, кузатиб тургандек эди. На Маккада туришига йўл
қўяр, на бошқа бирор ғорга жойлашишига ижозат берарди.
Муҳаммад яна ўша ғорга жойлашди.
Ал-Амин ғорда нима қилар эди?
Бу нарса тарихларнинг тубсиз теранликларида пинҳон қолган бир сирдир.
Ўқиш- ёзишни билмаган, ёнида суҳбатдоши йўқ, муайян динни қабул қилмаган ва унга
ибодат этиш билан банд бўлмаган одам ғорда нима иш қилиши мумкин эди? Муҳаммад ҳатто
кейинлари ҳам у ерда вақтини қандай ўтказгани ҳақида ҳеч гапирмаган эди.
Эҳтимол, буюк Амин фаришталар оламидаги қатъий қарорга биноан илоҳий ҳукм билан
одамлардан узоқлаштирилгандир. У ерда эртанги куннинг ягона ва буюк ҳалоскори бўлиши
учун зарур қуввайи маънавиййа секин-секин руҳига сингдирилди. Аммо у ўзида фақат
инсонлардан узоқлашишга кучли эҳтиёж сезди, ғорда бунинг лаззатини, сурурини, роҳатини
ҳис этди.
Муҳаммад Ҳиро тоғларининг тик қоялари орасида жойлашган бу ғордан залолатнинг
қутурган селларига ва жаҳолатнинг шиддатли бўронларига асира бўлган одамларнинг қутсиз,
ирганч ҳаётлари туфайли файзини йўқотган муборак шаҳарни узоқдан кузатди. Овқати
тугагандагина Маккага тушиб, тезгина егулик озиғини ғамлаб, яна руҳиятини ардоқлаётган ғор
томон йўл оларди. Рамазон ойининг йигирма олти куни ўтган, тун чўккан эди. Ўша кеча ҳам жуда оддий, фақирона солинган ўрнига ётди. Ҳар кечадаги сингари уйқуга кетди. Эрта тонгда уйғонди. Янада тўғрироғи, ғалати тарзда кимдир томонидан уйғотилди. Қайтиб ухлай олмади.
Орадан бирмунча вақт ўтди, тўсатдан ғорда умрида ҳеч кўрмаган бир хилқат пайдо бўлди. Бу туш эмас, ўнги эди. Оллоҳнинг махсус вазифа билан жўнатилган ваҳий фариштаси Жаброил эди у.
Фаришта Ал-Амин Муҳаммадга:
— Ўқи!.. — деди.
У хаяжон ичида жавоб берди:
— Мен ўқишни билмайман.
Фаришта Ал-Аминни ушлаб, қаттиқ силкитди. Шундай сиқар эдики, Буюк Амин суякларининг қисирлаганини ҳис этди. Сўнгра, қўйиб юборди ва яна:
—Ўқи!.. — деб буюрди.
—Мен умримда ўқиган инсон эмасман.
Фаришта яна уни ёқасидан маҳкам тутди, яна сиқиб, бўға бошлади. Шу даражада қаттиқ сиқар, азоб берар эдики, Буюклар Буюги кучининг қолмагани, дармони кетганини сезди. Бир инсоннинг бунчалик азобга чидаши мўъжиза эди. Яна кўйиб юборди, яна буйруғини такрорлади:
—Ўқи!..
—Мен ўқиган одам эмасман.
Бошқача жавоб бериши ҳам мумкин эмас эди. Шу кунгача ўқишни ўрганмаган эди. Нима ўқиши лозимлигини ҳам билмасди. Фаришта уни учинчи марта тутиб, сиққанда Ал-Амин бутунлай ҳолдан тойди, энди бу дунёдан умидини батамом узди, тақдирга тан берди.
Бу дафъа фаришта беш оятдан иборат илк ваҳийни Муҳаммаднинг хотирасидан сира ҳам ўчмайдиган қилиб руҳи ва онгига сингдирди:
«Яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган. Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз қаламни (яъни, ёзишни) ўргатган ўта карамли зотдир. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди» (Қуръони Карим, Алақ сураси, 1– 5 оятлар). Шундан кейин фаришта ғойиб бўлди.
Буюк Амин умрида кўрмаган, учратмаган, эшитмаган, хаёлига ҳам келмаган ғаройиб ҳодиса қаршисида ўзини йўқотиб қўйган, қаттиқ ларзага тушган эди.
Ўқиш- ёзишни билмайдиган одамга қайта- қайта «Ўқи!» деб буюрилиши, ўқишни билмаслигини айтди, дегунча, қийин- қистоққа олинишининг боиси нимада эди? Нима учун фаришта ваҳий этилган бу беш оятни дарҳол баён қила қолмади?
Бу хилқатнинг ёмон ниятда келмагани аниқ эди. Чунки у беҳад куч- қудратга эга эди. Ўзининг гавдаси, савлатига қараганда, анча кучли бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳам ҳатто унинг қаршисида «Мен ўқиган инсон эмасман», дейиш билангина чекланди, уни қаттиқ тутиб, қийнаган, ёқасидан олиб, сиққанда ҳам қаршилик кўрсатмади «Нима қиляпсан, ўзи?» дея олмади, учинчи марта қийнаганида:
— Етар энди, ҳаддингдан ошма!.. — деб юбормади.
Энди ғорни тарк этиб, уйига қайтиш ҳисси унинг бутун вужудини чулғаб олди. Жуда қаттиқ қўрқувга тушган, эс- ҳушидан айрилаёзган эди. Ғордан чиққан пайтида осмон шафақлана бошлаган эди. Ҳавода саҳар вақтининг саринлиги бор эди.
Кечқурун Муҳаммад ибн Абдуллоҳ тарзида кирган ғордан у тонг саҳарда Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бўлиб чиққан эди. Ер юзини сўнгги марта шарафла безайдиган Буюк Пайғамбар билан самовот орасида бундан буён йигирма уч йил давом этадиган мулоқот Ҳиро тоғидаги ушбу муаззам маросимдан бошланган: илк ваҳий қалби пок Муҳаммадга Жаброили Амин ёрдамида туширилган, онгига нақш этилган эди.
Бир оздан кейин қуёш бутун ҳашамати билан чарақлаб чиқиши керак. Коинот яратилгандан бери ҳали бирон куннинг тонгида қуёш шу даражада хайрли, бу даражада қутлуғ хабар билан чиқмагандир! Аммо асл маънавий қуёш Ҳиро тоғининг тик қоялари орасидаги ғорда порлаган, бутун коинотни қамраб олажак раҳмат тимсоли, ҳидоятнинг энг буюк ва сўнгги йўлбошчиси, Оллоҳнинг энг шарафли, энг суюкли, энг Буюк Пайғамбари ўлароқ қоялар орасидан секин -аста пастга эниб келарди. Бутун борлиғини қамраб олган ва ларзага солган бу муаззам ҳодиса туфайли туғилган ҳаяжон ҳали ҳам босилмаган эди. Қалбида эса, унга ўқишни буюрган ўша қудратли хилқат ваҳий этган сўзлар такрорланарди:
— Яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг!..
Қоялардан пастга тушиб, текис йўлдан юриб кетди. Макка томонга бурилди. Уйига келгунга қадар ғорда бўлган воқеа кўз олдидан кетмади. Фаришта ўқиган оятлар бутун ўй- хаёлини банд этган эди. Хаёли шу қадар банд эдики, ҳатто сўнгги пайтларда доим салом берадиган бўлиб қолган тошнинг саломига ҳам диққати чалғимади.
* * *
Хадича хоним қуёш эндигина чарақлаб чиққанда тўсатдан уйга кириб келган эрининг юзида ғалати ўзгариш кўрди. Бу муборак чеҳра ҳали ғорда юз берган воқеадан ўзига келиб улгурмаган, хиёл титрар эди.
— Менинг устимни ёпинг, тезроқ ёпинг, — деди Муҳаммад.
Устига кўрпа ёпилди. Анчагача шундай ётди. Бир оз тинчлангач, бўлган воқеани Хадичага гапириб берди.
— Жуда ҳам қўрқиб кетдим, — дея сўзларини тугатди.
Ақли расо аёл бўлмиш Хадича кўпдан буён кутаётган хушхабар келганини англади. Бу воқеа оддий воқеалардан эмасди. Инсонларни залолатдан ҳидоятга бошлайдиган Пайғамбарга илк оятларнинг нозил қилиниши, албатта, шу қадар ваҳимали бўлиши керак эди. Хадича сира ҳам иккиланмади. Пайғамбарнинг, қолаверса, оламларга раҳмат бўлмоқ мақсадида вазифа олган энг Буюк Пайғамбарнинг умр йўлдошига муносиб бир виқор, ишонч ва қатъият билан:
— Калла... валлоҳи ла йуҳзи каллоҳу абада... —деди.
«Йўқ, Оллоҳ сени асло, ҳеч вақт ўз ҳолингга ташлаб қўймайди. Чунки сен ҳар доим қариндошларига ғамхўр, мусофирларга меҳмондўст, ожизларга ёрдамини аямаган, фақирларни тўйдириб, фалокатга учраганларга мадад қўлини чўзиб келган буюк инсонсан», дегани эди бу.
Шундан кейин Хадича Муҳаммаднинг (с.а.в.) қўлидан тутиб, амакиваччаси Варақа ибн Навфалнинг ҳузурига олиб борди.
— Тингла, амакимнинг ўғли, — деди Хадича. Варақа Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) сўзларини зўр диққат ва ҳаяжон билан тинглади. Буюк Пайғамбар сўзларини тугатганида, ортиқ ҳаяжонини босиб тура олмади:
— Қуддус... Қуддус... — дея бақириб юборди. — Бу кўрганинг Буюк Оллоҳнинг Мусога (а.с.) юборган Руҳул Қуддуси, Номуси Акбаридир (Булар Жаброил алайҳиссаломнинг бошқача номлари). Кейин бирдан Варақа ўзининг анча қариб қолганини эслаб қолди. Кўпдан бери дин арбоблари, диний китоблар келиш замони жуда яқинлашиб қолганидан хабар берган пайғамбарга ниҳоят етишган эди. Аммо энди унинг ёши анча улуғ, бир оёғи ерда бўлса, бир оёғи гўр лабида эди. Бир пайтлар Сирф қавми сингари тушкунликка тушмаслик, улар сингари бутларнинг қулига айланмаслик учун ватанини тарк этган, неча- неча ҳафталаб йўл юрган, диндор кишилар билан учрашган, ҳақиқатга етишиш йўлида қанчадан-қанча заҳматлар чеккан эди. Сўнгра христианликни қабул қилган, бироқ яқин орада келажак пайғамбар ҳақида шахсан ўзи китоблардан маълумотлар тўплаб, унинг йўлига интизор кўз тутган эди.
Мана, энди унинг уйида пайғамбарликнинг дастлабки зиёлари таралган саодатли дамларда Варақанинг ҳаёт шамчироғи сўнаётган эди. У оғир хўрсиниб қўйгач, сўзларини шундай тарзда давом эттирди:
— Қанийди, халқни янги динга даъват қиладиган кунларингда ёшгина йигит бўлсам. Қавминг сени юртингдан ҳайдаб чиқарган пайтда соғ- саломат бўлсам...
—Улар мени ҳайдайдиларми?
—Ҳа. Чунки одамларни сен каби бирор динга даъват қилган пайғамбарларнинг ҳаммаси душманликка учраганлари тарихдан маълумдир. Агар ўша кунларгача яшасам, сенга кучим етганича ёрдам бераман.
Варақа қаттиқ ҳаяжонланган, қайта- қайта: — Субҳаноллоҳ... Субҳаноллоҳ. Бу Мусога туширилган Номусдир, Жаброилдир, — дер эди.
* * *
Неча йиллардан буён орзиқиб кутилган хушхабарга етишиш қувончи таъсирида Хадичанинг руҳи алғов- далғов бўлган, қалбидаги бу тўнтаришни оддий сўзлар билан ифода этиш қийин эди. Оллоҳнинг энг суюкли бандаси, энг буюк ва энг сўнгги Расулининг умр йўлдоши бўлишдек улкан саодат тожи ўзининг бошига кийдирилганини ўйлаганда, кўзларида севинч ёшлари порлар, бундай армоннинг ушалишидан туғилган ҳис- туйғулар юзида нурдек балқиб тажалли этар эди.
Шу кунга қадар яшаган ҳеч бир аёл Хадича ноил бўлган шараф ва саодатга эришмагани, бундан кейин ҳам эришмаяжагига ишончи комил эди.
* * *
Ҳиро ғоридаги буюк воқеадан кейин масала ёпди- ёпди бўлгандек эди. Орадан кунлар ўтса ҳам, у фаришта бошқа кўринмади. Бир, икки, уч, беш, ўн беш, йигирма кунча вақт ўтди ҳамки, Жаброилдан дарак йўқ эди. Шундан кейин Муҳаммаднинг юраги сиқила бошлади, яна Ҳиро ғорига борадиган бўлди, аммо у ерда фариштани ҳеч учрата олмасди. Баъзан юрак сиқилиши сўнгги, авж нуқтасига етар ва Муҳаммад тушкунликка берила бошларди, баъзан эса, умидсизлик ҳисси шу даражага етардики, у тоғнинг тепасигача тирмашиб чиқиб, ўша ердан ўзини пастга ташлаб юборишга ҳам тайёр бўларди. Аммо ўша онда кўз олдида фариштанинг қиёфаси пайдо бўлиб:
— Ё Муҳаммад, ҳеч шубҳасиз, сен Оллоҳнинг расулисан, — дерди.
Бу унинг юрагида ёнаётган оташ алангасини пасайтирар эди. Гоҳо ёлғиз кезиб юрган пайтларида баъзи тош ва дарахтлар:
— Салом сенга, эй Оллоҳнинг расули! — дердилар.
* * *
Хадича илк бор келган фариштанинг яна ташриф буюргани ҳақидаги хушхабарни зўр ҳаяжон ва интизорлик билан кутар, эри ҳар гал тоғдан қайтганида бирон янгилик бормикан, деган умидда унинг юзига тикилар эди. Аммо Хадича хоним ўта сабр- тоқатли, матонатли аёл эди, масала шу ҳолича қолиб кетмаслигига, эрта тонгда куёшнинг албатта балқишига ишонарди.
* * *
Буюк Пайғамбарнинг юрак сиқилишлари, навбатдаги илоҳий учрашувни орзиқиб кутишлари неча кун ёки неча ой давом этганини биз аниқ билмаймиз. Ҳар ҳолда, бу кутиш икки- уч йилгача чўзилиб кетмагани ҳам, ёки бир ҳафта, ўн кунгина давом этмагани ҳам аниқ. Бу узилишнинг сабаби Буюк Пайғамбарни янаги ваҳийни кутиб олиш учун лозим даражада интиқ қилиш, уни кутиб олишга тайёрлаш мақсади бўлса керак...
Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ойча яшаганидан кейин Ҳиро тоғидан одатдагидек Маккага қайтаётган эди, Батни Водийга етиб келганида бирдан:
⎯ Ё Муҳаммад!.. Ё Муҳаммад!.. деб чақирган бир овозни эшитди. Бениҳоя баланд, қўрқинчли бир овоз эди бу. Чапга, ўнгга қаради. Ҳеч ким кўринмади.
— Ё Муҳаммад!.. Ё Муҳаммад!..
Расулуллоҳ (с.а.в.) бошини кўтарди. Бутун вужуди титраб кетди. Юрагига ғулғула тушди, қўрқувдан чўккалаб ўтириб қолди. Бу Ҳирода келган фаришта эди. Бутун уфқни тўсиб қўйган, таърифи сўзга сиғмайдиган баҳайбат бир мавжудот қиёфасида намоён бўлиб турар эди.
Муҳаммад (а.с.) тез- тез юриб, у жойдан узоқлашди, уйига келди. Ҳамон дағ- дағ титрарди.
— Менинг устимни ёпинглар, ўраб қўйинглар, —деди. Юз- қўлини ювдирдилар. Сўнгра
ётқизиб, устини ёпиб қўйдилар. Бир муддат қимирламай ётди. Бироқ кўп ётишига рухсат йўқ
эди. Энди у ўзи ихтиёрича эмас, балки унга башариятга ҳидоят йўлини кўрсатиш учун
пайғамбарлик вазифасини берган Мавлосининг истагига биноан ҳаракат қилиши керак эди.
Энди илохиёт оламининг башарият билан бўлган алоқаси тикланган, илохий иродани
инсонларга етказиш пайти келган эди.
Аслида у туғилган кунидан бери ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган эди. Уни йўргакда ётганида
энагасинииг бир кўкрагини қўйиб, иккинчисини эмишга чорлаган қудрат... Бобоси билан ёмғир
дуосини ўкиётганида, бармоқлари билан кўкка ишора қилишга ундаган қудрат... Сафар чоғида
юра олмай қолган туяларнинг оёқларига унинг муборак қўлларини узаттириб теккиздирган
қудрат... Унинг олдига ёйилган дастурхонга баракот ёғдирган кудрат... Унинг муборак
вужудига, вужудидан чиқаётган терга хушбўй ҳидлар ато этган қудрат...
Мана шу қудрат эгаси энди ўзини танита бошлаган эди. Шу кунгача Ал-Аминнинг ўзи ҳам
сезмаган ҳолда унинг учун аталган вазифага даъват этарди.
Энди у ҳаётининг «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ»лик даврини тамомлаб, «Муҳаммад
Расулуллоҳ»лик даврига кирган эди. Бу сафар узоқ ётишига йўл қўйилмади. Жаброил Амин
Муҳаммад Аминни топиб, унинг муборак қалбини ваҳий нури билан тўлдирди. Фақат бу дафъа
Ҳиродагидек, Ҳиродан келаётган пайтида кўринганидек уни кўрқувга солмади. Оллоҳнинг
жўнатган иккинчи амрини қандай бўлса, шу тарзда етказди ва яна ғойиб бўлди. Буюк
Пайғамбар қалбига мухрланган илоҳий хитобни такрорлади:
«Эй (либосларига) бурканиб олган зот, турингда, (инсонларни охират азобидан)
огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан
йирок бўлинг!» (Қуръони Карим, Муддассир сураси, 1 — 5 оятлар).
Набийи Акрамга (с.а.в.) иккинчи илоҳий амр келган ва уни ётган жойидан туришга мажбур
этган эди. Нозил қилинган иккинчи ваҳийни ҳам илк марта Хадича эшитди. Севинчидан ўзини
қўйишга жой тополмай қолди. Неча йиллардан бери кўксида ардоқлаб келган умидини ҳеч
қачон узмаган, эртанги кунни олдинданоқ кўргандек бўлган, эрига «Ё Муҳаммад» деб эмас, «Ё
Расулуллоҳ», деб мурожаат қиладиган кунларни кутавериб кўзи тўрт эди. Мана, энди бу умид
ҳақиқатга айланди.
– Ё Расулуллоҳ, сизнинг пайғамбарлигингизга илк бор иймон келтирган киши мен бўлдим,
— деди. Бу овозда чуқур самимият бор эди. Бу овоз буюк Оллоҳ Ҳабиби Адибига лойиқ кўрган,
аёллар дунёсининг шараф тожи бўлишга энг муносиб хотинга хос улуғворлик ва теран маънога
эга эди.
Имон келтирганлар ягона сафга тизилган кунда энг олдинда, ҳеч ким эгаллай олмайдиган
биринчи ўринда бир кишигина туради... Бу мақому мартабага Макканинг мушрикларига ҳам
ўзини «Тоҳира — Покиза аёл» дея танитиш шарафига муяссар бўлган, жаннатга кирадиган
аёларнинг султони, буюк Хадича — «Хадичатул Кубро розийаллоҳу таоло анҳо» ҳазратлари
мушарраф бўлажак...
Набийи Акрам (с.а.в.) бу хушхабарни олганида Хадича бениҳоя даражада мамнун бўлди.
Ҳолбуки, бунинг ўрнига у: «Ёлғон гапиряпсан. Сен ўзи кимнинг бошини айлантиряпсан?..»
дейиши, буюк даъвонинг буюк байроғи ҳилпираган дастлабки кунда уни тўхтатишга уриниши
ҳам мумкин эди. Йўқ. У энг сўнгги ва энг Буюк Пайғамбарнинг — раҳмат ва ҳидоят
йўлбошчисининг илк одимидан бошлабоқ якка ўзи ҳеч иккиланмай «Ҳаққа юриш йўлига»
қўшилди.
Фил воқеасидан қирқ йил ўтган ва ҳар томонда ғафлат, залолат ва жаҳолатнинг энг
ёрқин намуналари қадам сайин учраб турган бу кунларда Маккада бир пайғамбар пайдо бўлди,
лекин ҳозирча унинг ўз хотинидан иборат биттагина уммати бор эди.
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
ОЙДИНЛИКЛАР САРИ
Имон йўлининг илк йўловчилари
Эндиликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ҳаётларидаги энг муҳим, яъни,
дунёга келишларидан кутилган мақсад ва ғоянинг амалга оширилиш даври бошланган эди.
Бошқа инсонлар Оллоҳ таолони таниш ва унга бандаликни (қулликни) бажо келтириш учун
яратилган бўлсалар, Расулуллоҳ (с. а. в.) яна бир буюк ғоя асосида яратилган эдилар. Бошқача
қилиб айтганда, фақат Оллоҳни таниш ва Унга сиғиниш учунгина эмас, балки Уни танитиш,
Унга қай тариқа сиғинишни ўргатиш учун яратилган эдилар. У зотга ҳидоят йўлииинг энг буюк
раҳбари бўлиш вазифаси юклатилган эди. Илк жўнатилган ваҳий орқалиёқ мазкур вазифага
даъват этилдилар:
«Эй (либосларига) бурканиб олган зот, турингда, (инсонларни охират азобидан)
огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан
йироқ бўлинг!» (Муддассир сураси 1-5-оятлар) Энди Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг ҳаётидаги
тожирлик даври ниҳоясига етган, у зотнинг «Муҳаммадун Расулуллоҳ» бўлишдай буюк
даврлари бошланган эди.
Кунлардан бир кун Расулуллоҳ Макканинг юқори қисмида айланиб юрганларида
рўпараларидан Жаброил алайҳиссалом чиқиб қоладилар. Бу учрашув энди у зотни қўрқувга
солмайди. Аксинча, кўрган заҳотлариёқ Расули Акрам (с. а. в.) қувониб кетадилар. Жаброил
алайҳиссалом товонларини ерга бир урадилар ва ўша урилган жойдан сув отилиб чиқади. Бу сув
билан таҳорат қиладилар. Пайғамбаримизга (с. а. в) ҳам ўзлари кўрсатгандай равишда таҳорат
олмоқни буюрадилар Расулуллоҳ (с. а. в) худди Жаброил алайҳиссалом кўрсатганларидай
таҳорат олдилар: дастлаб қўлларини ювдилар, оғиз- бурунларини чайқадилар, сўнгра юзларини,
кейин эса, қўлларини тирсакларигача ювиб, бошларига масҳ тортдиларда, ниҳоят оёқларини
тўпиқларига қадар ювиб, покладилар. Шундан сўнг Жаброил алайхиссалом имомлик қилдилар
ва икковлон биргаликда намоз ўқишди.
Муҳаммад (с. а. в.) уйларига қайтгач, ваҳий фариштаси кўрсатган тарзда яна таҳорат
қилдилар. Бу таҳоратдан мақсад — У зотни биринчи бўлиб Пайғамбар сифатида таниш
шарафига муяссар бўлган Хадича онамизга ўргатиш эди. ¹⁶
Ҳазрати Хадича онамиз Муҳаммад (с.
а. в.) уммматининг илк бор намоз ўқиган вакиласи бўлишдек улуғ бахтга ҳам шу йўсинда ноил
бўлди.
Ўша пайтда келган ваҳий ва ўқилган намоздан Макка аҳли бехабар эди.
* * *
Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) тарбиялари остида болалик чоғларини ниҳоясига етказаётган
Али бир куни уй ичида ғаройиб хатти- ҳаракатлар бўлаётганини кўриб қолди.
— Нима қилянсизлар? — деб қизиқиб сўради.
— Оллоҳга ибодат қилянмиз, намоз ўкияпмиз, —деган жавобни эшитди.
Шундан сўнг Али улардан шу кунга қадар номаълум бўлган бир ҳақиқатни эшитди. Оллоҳ
таоло юборган бир пайғамбар ва пайғамбарига даъват юки юкланган дин ҳақида дастлабки
маълумотга эга бўлди. Айни чоқда, Али ҳам мазкур динга даъват этилди.
— Бир оз ўйлаб кўрсам, — деб изн сўради.
—Яхшилаб ўйлаб кўр, Али. Бу динни қабул қилмайдиган бўлсанг ҳам, бу ҳақда ҳозирча
бировга гапирмай тур, — деган жавобни эшитиб:
— Фақатгина отам Абу Толиб билан маслаҳатлашсам— деди.
Ўша куни Али юрса ҳам, ўтирса ҳам, хаёли шу мавзу билан банд бўлди. Ҳатто тунда ҳам
шу ҳақда бош қотириб, тонгга қадар мижжа қоқмади. Тонг отиши ҳамоноқ Пайғамбаримиз (с. а.
в.) ҳузурларига ошиқди ва:
⎯ Менинг имоним комилки, Сиз Оллоҳнинг пайғамбарисиз, даъват этаётган динингиз эса,
ҳақ диндир! — деди.
— Абу Толиб билан маслаҳатлашдингми, эй Али?
— Йўқ. Оллоҳ мени яратар экан, Абу Толиб билан маслаҳатлашмади. Мен ҳам Оллоҳни
таниш учун у билан маслаҳатлашишга эҳтиёж сезмадим. Шу тариқа Али (р. а.). шаҳодат
калималарини айтиб, Ислом динига кирган иккинчи мўмин бўлди.
* * *
Кўп йиллар давомида бу уйнинг фарзанди ўлароқ тарбия топиб, ўспирин ёшига етган Зайд
ҳам Оллоҳнинг Расули (с. а. в.) Исломни даъват этганларида, ҳеч иккиланмади:
— Мен шоҳидманки, Сиз Оллоҳнинг бандаси ва пайғамбарисиз, — деди.
Шундай қилиб, бир неча йиллар муқаддам дунёнинг саодат уйига фарзанд сифатида кириб
келган Зайд онаси Хадича ва Али ибн Абу Толибдан сўнг учинчи мусулмон бўлиш шарафига
етишди.
* * *
Абу Куҳофанинг ўғли Абу Бакр кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган соғлом фикрли,
дуруст бир савдогар эди. Шу кунга қадар бутларга бирон марта ҳам бўйин эгиб сиғинмаган,
фойдаси тегмайдиган, ҳатто ўзини ҳимоя эта олмайдиган бир тошдан одамга қандай наф
бўлиши мумкин, деган фикрда юрарди. Маъбудлик билан тош ва дарахт ўртасида бирон
муносабат бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлар эди.
Ҳолубки, ўша дамларда ақли расо, халқ орасида ҳурматэътиборга эга, жамоат орасида
шарафли ҳисобланган кўпгина кишилар бу тош санамлар қаршисида бош эгардилар. Буни улар
шунчаки кўнгилхушлик учун эмас, балки ибодат учун қилардилар. Тошларга астойдил сиғинар
эдилар.
Ичкилик истеъмол қилувчиларнинг нақадар хароб ҳолга тушаётганини кўрган Абу Бакр
оғзига томчи шароб олмаган, айни чоқда, инсонлик шарафига номуносиб бўлган зино ҳам
қилмаган эди.
Ваҳоланки, ўша пайтларда зино оддий бир ҳол эди, унинг ҳар хил турлари кенг тарқалган
эди. Ҳатто баъзилар аслзода ҳисобланувчи кишилардан фарзанд орттиришни орзу қилиб, шу
мақсадда ўз жуфти ҳалолини ўшандай кишиларнинг ихтиёрига топширар, сўнгра хотини
ҳомиладор бўлган бўлмагани ойдинлашгунга қадар унга яқинлашмас эди. ¹⁷
Кейинроқ эса,
ўзларига бундай иноят қилган кишиларга совға- саломлар ҳам жўнатар эдилар. Бунинг
натижасида жамиятда насл -насаби номаълум болалар кўпайган эди. Ҳомиладор эмаслиги аниқ
бир аёл бир вақтнинг ўзида саккиз- ўн киши билан зинода бўла олар, бу чиркин иш аёл то ҳомила
орттиргунга қадар давом этар эди. Бола туғилгач, ҳалиги кишиларнинг ҳаммаси аёлнинг
ҳузурига тўпланар, аёл уларнинг ичидан кимни танласа, ўша одам болага оталик қилар ва бунга
ҳеч ким эътироз билдирмас эди. ¹⁸
Судхўрлик ҳам жамиятда чуқур илдиз отган эди. Пулдорлар томонидан қурилган бу
«тегирмон» фақирларни, ожизларни чиғирикдан ўтказар, улар пешона тери билан қўлга
киритган даромад тўппа- тўғри сармоя бериб турганларнинг чўнтакларига бориб тушар эди.
Замона зўрники эди. Ожизлар доимо азоб -уқубатга гирифтор, ҳеч ким ўзини хавфсиз
сезмас, ўзаро ишонч туйғуси қолмаган эди. Бир қабиладан иккинчи қабилага мол олиб бориб
сотиш ва бунда саломат қолиб даромад орттириш мушкул масалага айланган эди.
Қон тўкиш оғир гунох бўлмай қолган эди. Ғазаб отига минган, қасос алангасида ёнаётган
бирон киши душманининг бош чаноғида шароб ичишга қасамёд этишдан ҳам тап тортмас ва бу
онтини сўзсиз бажарар эди.
Халқ орасида обрў- эътибор қозонган шоирлар шеърларида ўзларининг одобсизликларини
ҳам ифода этаверардилар. Чунончи, муаллақа шоирларидан Амр ибн Кулсум бундай деган эди:
«Зинҳор бирон кимса бизга қарши жоҳиллик қилишга отланмасин. Акс ҳолда, биз ҳам жоҳилларнинг жоҳиллигидан фойдаланиб, жоҳиллик билан жавоб қиламиз».
Уларнинг орасида соғлом фикрли, фазилатли кишилар ҳам йўқ эмасди. Аммо борларининг ҳам ҳаётда ҳузур - ҳаловати, тинчи йўқ эди. Чунончи, соф виждонли, чин инсоний фазилатлар соҳиби бўлган Абу Бакр ҳам бу муҳитда бўғилган, жони ҳалқумига келган эди. Ўтириб чин дилдан суҳбатлашадиган, дардини ишониб оча оладиган кишиларнинг сони бармоқ билан саноқли эди.
Абу Бакрнинг энг ишончли, ҳар жиҳати билан тақдирлашга лойиқ ягона биродари Бани Ҳошим уруғидан Абдулмутталибнинг невараси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эди. Уни анчадан бери — Хадича билан турмуш қурган кезларидан танир, эл орасида ёшлигидан «Ал-Амин» деб танилган бу инсоннинг том маънода ишончли эканлигига шубҳаси йўқ эди. У билан дўстлашганининг боиси ҳам шу. Орада ўтган йиллар бу дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлади, икки дўст бир- бирларига кўр- кўрона эмас, самимият ва фазилат узатган қўллар билан боғландилар.
Ўттиз саккиз ёшга кирган Абу Бакр ҳаётида анча- мунча нарсани кўриб қўйган, аммо ўзи яшаётган жамиятдан қаттиқ нафратланар эди.
Шундай фикрлар билан яшаётган Абу Бакр бир куни Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг ҳузурига отланди. У билан дардлашаман, бу мазмунсиз ҳаётдан қутулиш чораларини биргалашиб ахтаришни таклиф этаман, деб ўйлади.
* * *
—Йўл бўлсин, ё Муҳаммад?
—Сенинг ҳузуринпа келаётирман, ё Абу Бакр...
— Мен ҳам сенинг олдингга кетаётган эдим, эй вафоли дўстим.
Икки дўст хилватроқ жойга чекиндилар. Бир неча ойдан бери давом этаётган ғаройиб тушлар, шундан кейин ёлғизликка бўлган интилиш ҳисси ва Ҳиро тоғида келган фаришта... ҳақларида гапирилди. Ниҳоят, Абу Бакр яккаю ёлғиз Оллоҳдан бошқа илоҳ танилмайдиган ҳақ динга даъват этилди.
Абу Бакр заррача ҳам иккиланмади. Чин кўнгилдан чиқаётган самимий сўзлар билан:
— Гувоҳлик бераманки, эй Муҳаммад, Оллоҳ ёлғиздир, ундан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқдир. Яна гувоҳлик бераманки, сен унинг қули ва расулисан, — деди.
Абу Бакрдан худди мана шу жавоб кутилган эди.
Шу йўсинда мусулмонлар — Муҳаммад алайҳиссалом умматлари тўрт нафар бўлди. Комил инсонлар ичида биринчи ўринни Абу Куҳофанинг ўғли Абу Бакр (р.а.) эгаллаган эди.
* * *
Ҳазрати Абу Бакр ўттиз саккиз йиллик ҳаёти давомида бу кеча бўлгани каби осойишта бир ҳиссиёт билан ётоғига кирганини эслай олмасди.
Ўзининг ва барча оламларнинг яратувчисини таниш шарафига эришди. Унга ишониш билан юраклар ҳузур- халоват топишини ўз танасида ҳис қилди.
Ётоғига кирар экан, ич- ичидан отилиб келаётган бир самимият билан:
— Ашҳаду алла илаха иллаллоҳ ва ашҳаду анна Мухаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ, — дея такрорлар эди.
* * *
Макканинг пастқам бир кўчаси...
Ўттиз ёшлардаги тарбияли, уятчан бир йигит... Ҳазрати Абу Бакрнинг сўзларини жон қулоғи билан тингламоқда...
Яккама- якка қурилган бу суҳбат бирмунча давом этди. Суҳбат сўнгида қўл сиқишдилар. Хайрлашар эканлар, Ҳазрати Абу Бакр:
— Бу бир сир бўлиб қолиши керак, эй Усмон! Худо ҳаққи, сени эзгуликка даъват этдим. Сўзларимни яхшилаб ўйлаб кўр, — деди. Ажралишдилар.
Аффон ўғли Усмон тафаккурини ларзага солган, дунёқарашини беқиёс кенгайтирган бир
таклифга юзма- юз келган эди. Абу Бакр:
—Бу бутлар жонсиз нарсалардир. Бирон кимсага на фойдаси бор уларнинг ва на зиёни...
Яхшилаб ўйлаб кўр, сўзларимнинг тўғри эканлигини англаяжаксан. Уйларимизнинг
пойдеворига ишлатадиган тошлардан, тоғларда, қирадир ва водийларда мавжуд тошлардан ҳеч
фарқи йўкдир бу бутларнинг, — деган эди.
Ақли расо кишининг бошқача хулосага бориши имконсиз ҳам.
Эрта саҳарда Усмон Абу Бакрни қидириб топди.
— Мени Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг ҳузурига олиб бор, деди.
Ҳазрати Абу Бакр самимийлигига ишонса бўладиган ёшлар билан бирма- бир учрашиб,
уларга буюк ҳақиқатни тушунтира бошлади. Ҳар гал яккама- якка учрашар, бутлар ҳақида гап
очар, ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч бир маъбуднинг йўқлигини уқтирар, суҳбатдошида яхши
маънодаги бир ўзгаришни сезса, шундан кейингина Мухаммад Расулуллоҳдан (с. а. в.) гап
бошлар эди. Зубайр ибн Аввом Абу Бакр билан учрашган иккинчи йигит эди. Унга ҳам Усмонга
айтилган гаплар уқтирилди. Зубайр севимли, ҳурматли кишиси Абу Бакрнинг сўзлари сафсата
бўлиши мумкинлигини ҳатто тасаввур ҳам қилолмасди. Қолаверса, Абу Бакр унга пайғамбар
деб танитган Муҳаммад ибн Абдуллоҳни ўзи ҳам жуда яхши танир эди. Чунки Зубайрнинг
онаси Сафиййа Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг аммаси бўлгани учун уларнинг орасида яқин
қариндошлик ришталари мавжуд эди.
Аммо Зубайрга бунинг ўзи етарли эмасди. Азал- азалдан анъанага айланган ва бободан
отага, отадан болага асрлар давомида ўтиб келган ҳаёт тарзидан бутунлай воз кечиши керак, бу
иш эса осон эмас эди. Шу кунга қадар телба эмаслигига ишончи комил бўлган кўплаб инсонлар
— биргина сўз билан юзларча кишилардан иборат қабилаларни ҳаракатга келтира олувчи
бошлиқлар, шоирлару нотиқлар... ҳамма- ҳаммаси бутларга сиғиниб келадилар. Улар маъбуд деб
эътиқод қўйган бутларни тошдан бўлак нарса эмас, дейиш ғоят мушкул эди.
Шундай ўй- хаёллар билан орадан бир неча соат ўтди.
«Мен ақлли бўлсам, нега энди ақлимни ишлатмайин?!»
Яшиндай миясига келиб урилган бу фикр Зубайрни эскилик сарқитидан халос этиб, ақл
билан иш юритишга ундади. Бутларни илоҳ деб билувчи эътиқод кишани ўз- ўзидан парчаланиб
кетди.
Абу Бакр билан иккинчи марта учрашганда, бутлар энди унинг учун ҳам тошга айланган,
жонсиз ва аҳамиятсиз бир нарса бўлиб қолган эди.
– Мени тоғамнинг ўғли билан учраштир, ё Абу Бакр,— деди ҳаяжон ила.
Бир муддат ўтгач, Ҳазрати Хадича онамизнинг имон машъаласи ёнган уйида Зубайр ибн
Аввом исмли бир йигит ҳам қалбининг тубидан отилиб чиққан ва умр бўйи унга содиқ
қоладиган ҳақиқатни ҳар бир калимаси устида тўхтаб- тўхтаб такрорлади: «Ашҳаду алла илаҳа
иллаллоҳ...»
Набийлар сарвари туғилган кечани эсловчилар ўша кеча Оминага ёрдам бериш учун
келган икки аёлдан бири Шифо хоним бўлганини жуда яхши биладилар.
Ушбу ҳодисадан роппа- роса ўн йил ўтгач, Шифо хоним ҳам бир ўғил туққан, унга Абди
Амр деб исм қўйган эди. Абди Амрни айримлар «Абдулкаъба» деб ҳам аташарди.
Хуллас, яхши- ёмон хотираларга бой йиллар ўтиб, Абди Амр ҳам ўттиз ёшга кирди. Аслида
ҳаётининг энг лаззатли онлари ҳам ўша йилларда ўтган бўлса ажаб эмас.
Бир куни Абди Амр ўзи улкан ҳурмат билан қарайдиган савдогар томонидан фикрлашга
даъват этилганида, қўлларини пешонасига қўйиб, чуқур ўйга толиш мажбуриятини ҳис этди.
¹⁶ Ибн Ҳишом. «Ас-сийратун-Набавиййа», 1/260
¹⁷ Имом Бухорий. 6/132
¹⁸ Имом Бухорий. 6/132
Давоми... ▶️