Найти тему
euroasia.me

Мафия сардори (Ўттиз тўртинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўттиз тўртинчи қисм)

 

Шоҳруҳ конвертни очиб қаради. Сурат. Икки киши тушган. Бири аёл, иккинчиси эркак. Ҳар иккови ҳам жилмайиб турибди. Эр-хотинга ўхшайди. Расмга тушган жойлар қандайдир денгиз бўйлари. Эркак ҳам, аёл ҳам чўмилиш кийимида.

— Олег Козлов. Олтмиш иккинчи йилда туғилган, — дея изоҳ бера бошлади Боря, — ёнидагиси ўйнаши. Ўтган йили ёзда Дубайда суратга тушишган. Сен шу одамни йўқ қилишинг керак. Албатта, аввал оиласини. Улар Санкт-Петербургда туришади битта ўғли билан. Козлов бизни алдаган. Ҳозир Амстердамда. Қочиб юрибди. Яқинда яшаш манзилини топдик. Оиласи билан ўзига тўрт кун ажратилган.

— Одам эмассанлар! — деди жаҳли чиққан Юлдуз. — Бола билан аёлда нима гуноҳ?

— Ишимиз шунақа, — деди унга ўшшайиб Боря иккала қўлини ҳам ёнига ёзаркан.

— Ишинггаям... — сўкинди Шоҳруҳ.

— Билганинг, — деди Борис бамайлихотир ва чўнтагига қайта қўлини тиқиб самолёт чиптасини олди. — Бирга учамиз. Шунинг учун сенга чиптани беришим шартмас. Ҳа, яна битта гапни айтиб қўяй, уйингдан ҳеч қаерга қимирлама. Акс ҳолда буйруқни бошқа одам бажаради-ю, хонимчанг мурдангни юртингга олиб кетиш ҳақида бош қотиришга мажбур бўлади.

— Қўрқитмоқчимисан мени?! — деди қўли мушт бўлиб тугилган Шоҳруҳ.

— Қандай хоҳласанг, шундай тушун, — деб Борис ортига бурилди-ю, уйдан чиқиб кетди.

Шоҳруҳнинг вужудидан тер қуйилар, асаб толалари таранглашган, кўзлари олайган, қўллари мушт бўлиб тугилганди.

— Шоҳруҳ ака, ўзингизни босинг, — деди унинг аҳволидан хавотирлана бошлаган Юлдуз, — ҳамма нарсага чора бор. Улар адашаётганликларини ҳали билишганларича йўқ. Қайтанга шундай қилганлари маъқул.

— Қандай қилиб ёш болани ўлдираман?! — деди жаҳл отидан тушолмай қийналаётган Шоҳруҳ.

— Сиз сираям ундай қилмаслигингизни яхши биламан. Юринг, аввал ўзингизни босиб олинг, кейин ҳаммасини икковлашиб ҳал қиламиз.

Юлдуз эрини ўпиб қўйди. Сўнг қўлидан етаклаб уни меҳмонхонага бошлади.

Бу сафар унинг ўзи Шоҳруҳга ароқ қуйиб берди. Шундай қилмаса бўлмасди. Чунки йигитнинг қайнаган қони томирларини ёриб юбориши ҳеч гап эмасди. Шоҳруҳ бостириб-бостириб икки пиёла ичганидан кейин бироз ўзига келди.

— Сиз Москвага етиб боришингиз билан мен ҳам бу ердан кетаман. Демак, у ёғига сиз эркинсиз. Фақат бир илтимос, ниҳоятда эҳтиёт бўлинг...

Юлдуз гапини давом этказолмади. Ўхчиди. Ювиниш хонасига югурди. Қайт қилди. Шоҳруҳ унинг пешонасидан ушлаб турди, юзини ювишга ёрдамлашди. Юлдуз ўзига келгунича бироз вақт ўтди.

— Учинчи кун, — деди ҳолсизланиб қолган Юлдуз эрининг бўйнидан қучаркан.

— Нима учинчи кун? — сўради ҳайрон бўлган Шоҳруҳ.

— Уч кундан бери аҳволим шу.

— Йўғ-э, нега унда мен билмайман?

— Хотинингизга эътибор бермайсиз, — деб ним табассум қилди Юлдуз.

— Ёмонроқ нарса еб қўйганмидинг?

— Мен ҳам аввал шундай деб ўйлагандим. Лекин энди бўйимда борлигини сезиб турибман.

* * *

Хонзода бўлажак қудаси ва унинг қизи олдида яна шарманда бўлди. Шаҳло уялмасдан ойисининг кўзига ошкора тик боқиб:

— Бунчалар пасткашсиз! — деб юборди.

Хонзода бўшашди, ҳеч кимга сўз қотмасдан индамай хонани тарк этиб, юқори қаватга чиқди. Бир хаёл ўзини осмоқчи бўлди, аммо журъати етмади. Жойига юзтубан ётганча ўксиб-ўксиб йиғлади. Бу пайт пастки қаватда жанжал авжига чиққанди. Фароғат Шаҳлонинг қўлини сиқиб ушлаб олганча:

— Сени қарғиш урган! На отани биласан, на онани! Бир қанжиқни деб шунчалик оғзингни булғайсанми, уятсиз?! — деб бақирарди. Шаҳло йиғлар, кўзидан дув-дув ёш оқар, ҳеч бир сўз айтмасди. Охири Фотима опа Шаҳлонинг аламли кўз ёшларига ортиқ қараб туролмай, жанжалга аралашишга мажбур бўлди.

— Нега ҳеч нарсадан хабари йўқ қизга ёпишиб олдингиз? Бўлди-да энди, бечора қизни эзиб юбордингиз-ку! Э, садқаи аёл кетинг-эй! — деди овозини баландлатиб.

Фароғатнинг бошига биров гурзи билан ургандай бўлди. Киприкларини пирпиратиб Фотима опага қараб турди-да, ғазаб билан устига бостириб бора бошлади. Унинг важоҳатини кўрган Наргиза дарҳол олдини тўсди.

— Қоч, манжалақи! — деди Фароғат қичқириб.

Бу ҳақоратга Наргиза чидаб туролмади. Ўзи ҳам сезмаган ҳолда рўпарасидаги аёлнинг башарасига тарсаки туширди. Агар шу заҳоти Фотима опа қизини четга тортмаганида, Фароғат Наргизанинг сочига ёпишар, силлиқ таралган қоп-қора узун сочлар бирпасда унинг чангалида хор бўларди. У аламига чидолмай Фотима опанинг ёқасини ғижимлади.

— Ўзингизни босинг, қизим билан гаплашишни менга қўйиб бераверинг, — деди Фотима опа йиғламоқдан бери бўлиб.

— Мен сен ялангоёқларга ҳали кўрсатиб қўяман! Сенлар ўзларингни ким деб ўйлаяпсанлар?! Менга тенглашмоқчи бўлаяпсанларми?! Йўқол бу уйдан икковинг ҳам! — дея жони борича бақирди Фароғат.

Бу тўполондан қутулишнинг ёлғиз йўли эртароқ бу ердан кетиш эканлигини Фотима опа яхши тушуниб турарди, ҳатто илгарироқ кетмаганига афсус ҳам қилди. Бир-биридан қўпол ҳақоратлар ёмғири остида у эшикдан қизини етаклаб чиқаркан, ҳеч нимани эшитмаслик учун иккала қулоғини ҳам кафти билан маҳкам бекитиб олди. Шу алфозда катта кўчага чиқиб машина тўхтатди. Уйига етиб боргачгина боши биров гурзи билан тинимсиз ураётгандай лўқиллаб оғриётганини ҳис қилди. Рўмоли билан маҳкам боғлаб, устма-уст дори ичсаям кор қилмади.

Ором олиш илинжида ётоғига кириб жойига ётган Фотима опа мажбуран кўзини юмди. Энди бошидаги оғриқ етмагандай, кўз олдида бўлиб ўтган шармандали манзара қайта гавдаланди. Бошқа нарса ҳақида ўйлаб, кўрганларини эсидан чиқаришга ҳарчанд уринмасин, фойдаси бўлмади.

Шаҳло эса ундан-да баттар азоб чангалида эди. Фотима опа билан Наргиза кетганидан кейин ҳам Фароғатнинг қарғиши тинмаганди. Шаҳло билан ёлғиз қолгач, баттар жағи очилди. Зумда Шаҳлони фоҳишага, у яшаган уйни эса фоҳишахонага айлантирди. Бу билан ҳам қаноатланмай, қайнукаси ва овсинининг шаънига мағзава ағдарди. Шунда ҳам унинг хумори босилмас, нима қилиб бўлса-да, бу ердан бутунлай ғолиб бўлиб чиқиб кетишни истарди. Аммо Шаҳлонинг жим туриши, юзини бекитиб олиб юм-юм йиғлаши истаги амалга ошишига тўсқинлик қилаётгандай эди. Қанийди, ҳозир Шаҳло ҳам унга сапчиса, у ҳам қарғаса, гўрига ғишт қаласа-ю, жанжал янада авж олиб, Фароғат унинг сочларини битталаб юлса!

Оғзи заҳарли кўпикка тўлган Фароғат ниҳоят чарчади. Гапиришгаям мадори қолмагач: “Илойим, ҳаммангнинг таъзиянгга келайин”, деди у қарғиш сўнгида ва чиқиб кетди. Тинчгина эмас, албатта. Томоқ йиртишга ҳоли қолмаган эса-да, эшитса илон пўст ташлайдиган сўзларни минғирлаб айтганча кетди.

Шаҳлонинг аъзойи баданига титроқ кириб, боши айланди. У секин гилам устига ўтирди. Шу билан бош айланиши ўтиб кетса керак, деб ўйлаганди, лекин ўтмади. Аста-секин кўзидан ҳам мадор қочиб, қовоқларини-да кўтаришга чоғи келмагач, ёнига ағанади ва шу бўйи ҳушидан кетди. Бундан бир неча дақиқа олдин қиёмат қўпган хонадонга бирдан жимлик чўкди.

Иккинчи қаватда йиғлай-йиғлай ахийри ухлаб қолган Хонзода ғалати тушлар оғушида эди. Оққушлар билан қандайдир денгиз соҳилида сайр қилиб юрарди. Гоҳ-гоҳида қушлар унга патларидан инъом қилишар, Хонзода эса патларни кўм-кўк сувга улоқтирар ва бундан ўзгача завқ оларди.

Аста-секин замин узра қоронғилик этагини ёйди. Чўчиб уйғонган Хонзода кўрган тушидан сармаст ҳолда пастки қаватга тушиб, юз-қўлини ювди-да, ошхонага кирди. Бирон егулик пишириш тараддудида аввал қозонни очиб қаради. Бир қозон палов тегинилмаган турибди. Совиб қолган. Шунда бирдан қош қўяман деб кўз чиқараёзган каромати хаёлига келди. Қизини эслади, лекин у ётган хонага боришга шошилмади. Аввал қозоннинг тагига олов ёқди. “Шаҳло ўша ялангоёқлар билан бирга кетган бўлса керак. Ҳайронман, шу қиз на дадасига, на менга ўхшади. Дадасининг уруғи нобопроқ эди-да, айниқса, анави кичкинаси... Йўқ, униси яхши эди, ўзимни ўзим алдаёлмайман-ку! Кўнглим кетувди, ёқтириб қолувдим. Лекин ўзига-ўзи қилди. Айтганимга кўнганида, егани олдида, емагани кетида, хоҳлаганини кийиб, хоҳлаганини ечарди. Бечора ўлиб кетган бўлса керак”, дея ўйлади.

У меҳмонхонага кирди. Қоронғида ҳеч нима кўринмасди, фақат аллақандай ҳид келарди. Хонзода чироқни ёқмади. “Умр бўйи чўмилмасаям керак бу ялангоёқлар, уйимни саситиб кетишибди”, дея хаёлидан ўтказди у ва эшикни ёпди, ичкарида қимир этмай ётган Шаҳлони кўрмади.

У ошхонага кириб, ошхўрлик қилди, сўнг чой ичди. Бир хаёл қизи билан телефонда гаплашмоқчи бўлди, лекин дарров ниятидан қайтди. Бироз ўтгач, зерикди. Ўзи уюштирган тўс-тўполон ёдига тушиб, жанжал нима билан ниҳояланганига қизиқиши ортди ва энди овсинига телефон қилмоқчи бўлиб турганида, дарвоза қўнғироғи жиринглади. У бирдан деворга осиғлик соатга қаради, унинг миллари кечки тўққизни кўрсатиб турарди. Эринибгина ўрнидан туриб, дарвоза ёнига борди. Унинг кичик табақаси очиқ эди. “Лаънатилар, очиқ ташлаб кетаверишибди-да, ўғри-пўғри кириб ҳамма ёқнинг ағдар-тўнтарини чиқариб ташлаганида нима бўларди?” — дея ўйлади. Жуда безовта бир аҳволда турган Муродга кўзи тушгач эса бирдан асаб толалари таранглашди.

— Ҳа-а, — деди ғазабини зўрға ичига ютиб, — Шаҳлони олиб кетганларинг камлик қилганмиди?

— У шу ерда қолган. Тез кўришим керак, телефонга жавоб бермаяпти, — дея сочини бармоқлари билан тез-тез тарай бошлади Мурод. Одатда, у жуда ҳаяжонланиб кетса шундай қиларди.

— Нима, уйларингга бормабдими? — деди хавотири оша бошлаган Хонзода.

— Йўқ, ойим айтдилар, шу ерда қолган экан. Анави битта хотин бор экан-ку...

— Ё тавба, уйда йўқ-ку! Жаҳл устида...

Хонзода шоша-пиша ортига қайтди. Ошхонага кирибоқ қўл телефонини олиб овсинига қўнғироқ қилди. Аммо у кўтармади, ўчириб қўяверди.

Хонзода меҳмонхонага югурди. Чироқни ёқиб, гилам устида чўзилиб ётган қизини кўрди-ю чинқириб юборди:

— Шаҳло!!!

Мурод ҳам у билан изма-из келганди. Унинг юраги орқасига тортиб кетди. Югуриб борганча севгилисининг бошини кўтарди.

— Сенга нима бўлди? Кўзингни оч, Шаҳло! — деди йиғламоқдан бери бўлиб.

Шаҳлонинг рангсиз юзида мутлақо ўзгариш сезилмасди. У ҳатто нафас олмаётганга ўхшарди.

— Тирик... Тирикми?! — деди қизининг ёнига яқинлашишга қўрқаётган Хонзода.

Мурод саросималаниб аёлга қаради. Унинг боқиши шунақанги қаҳрли эдики, Хонзода беихтиёр ортига тисланди.

— Ҳозир... Ҳозир сув олиб келаман, — дея ошхона томон югурди у. Бир неча сония ичида пиёлани сувга тўлдириб келди.

Юзига намлик теккач, Шаҳлонинг лаблари қимирлагандай бўлди.

— Жоним, кўзингни оч. Мен Муродман. Келдим. Илтимос, мени қўрқитма, ҳозир юрагим ёрилиб кетади, — деди йигит титраганча.

Шунда қизнинг киприклари пирпиради, сўнг уларнинг орасидан ёш сизиб чиқди.

— Мурод ака, — деди қиз ожиз товушда.

— Яратганга шукур! — деди Мурод қувониб, сўнг қизни даст кўтариб ташқарига йўналди.

Хонзода карахт эди. Йигитнинг нима қилаётганини онгига сиғдиролмасди. Қолаверса, у Муроднинг қаҳрли қарашидан жудаям қўрқаётганди. Агар ҳозир бир оғиз гапириб қўйса, йигит унинг жонини суғуриб оладиганга ўхшарди. Бундан бошқа ҳам яна нимадир бор эдики, Хонзода: “Ҳой, қаёққа олиб кетаяпсан?” — демоққа чоғланарди-ю, аммо тили айланмасди.

Ҳаммаси тушдагидай зумда содир бўлди. Дарвозагаям чиқолмаган Хонзода сўппайиб уйда қолаверди. Нафақат қолди, балки эшик ёнида ҳайкалдай қотди. Беш, ўн, йигирма дақиқа ўтди, у қимирламади. Ҳеч нимани ўйламайди, ҳис этмайди, мисоли ҳайкал. Фақатгина бир истак бор: тушига қайтса, оққушлар, оппоқ қушларни кўрса, уларнинг патидан бир дона юлиб олиб, қулоғига қистириб қўйса.

Оёғи толиқди. “Уфф!” деб ичидан нафас чиқарди аёл. Ана шундагина идрок этдики, беш-бегона йигит унинг қизини опичлаб кўтариб кетди. Туғиб вояга етказган она эса каловланганча қолаверди оғзидан суви оқиб.

У уйга қайтиб кирди. Ҳамма хоналарни бирма-бир кўриб чиқди. Ниманидир қидирди, лекин сира тополмади. Ўша нарса нималигини ўзи ҳам билмасди, аммо қидираверарди. Охирги кирган жойи ошхона бўлди. Музлаткични очиб, бўшаган ароқ шишасига кўзи тушди. Шоша-пиша қўлига олиб ичмоқчи бўлди-ю, бир қултум ҳам шайтон суви йўқлигини кўриб йиғлаб юборди. “Бунча омадсиз нотавонман, ҳеч қурса шу ўлгурдан бўлганда нима қиларди?” — деди пичирлаб. Шу заҳотиёқ шиша девор томонга учди. Қарсиллаган товуш чиқиб, ҳамма ёққа шиша синиғи сочилди.

Ниҳоят нима қилиш кераклигини англаган аёл хонасига кириб кийинди: лабини қип-қизил қилиб бўяди, кўкраги кенг калта кўйлагини кийди, юзига, бўйнига атир сепди. Сандиқни очиб, тобора чўғи камайиб бораётган пулларидан бир сиқим мингталикни сумкасига солди.

У ресторанга кириб борганида хўрандалар сони анча камайиб қолганди. Столга ўтириши билан илк буюртмаси ароқ билан газак бўлди. Хизматчи қиз ажабланди. Зимдан аёлга бошдан-оёқ қараб, лабини буриб қўйди. Чунки роса ўзига оро берган Хонзоданинг оёғида уй ичида кийиб юриладиган шиппак бор эди.

Ярим соат (ҳа, ундан бир дақиқа ҳам кўп эмас) Хонзодани маст қилишга етиб ортди. Иягига қўлини тираганча бошини эгиб ўтирган аёл тинимсиз гапирарди. Гапини бошқалар тугул, ўзиям тушунмасди. Ора-чора хаёлан кимлар биландир уришиб ҳам қоларди. Унинг бу аҳволидан хизматчи қиз усталик билан фойдаланди. Хонзодага олиб келинган овқат, спиртли ва салқин ичимлик, газак — буларнинг ҳаммаси ҳисоблаб чиқилганда, ўн фоизлик хизмат ҳақи билан ўн беш минг сўмдан ошмасди. Лекин у эллик мингни қуртдай санаб олди. Бу ерда ишлаётганларнинг одати шунақа эди. Қайсики хўранда кўп ичиб қўйса, хизматчи билан кассир унинг чўнтагини обдан қоқиб олишарди.

Шу кечани Хонзода кимлар билан ўтказганини билмайди. Ресторандан чиққани эсида, қолгани хотирасида сақланиб қолмаган. Лекин қулоғидан эркакларнинг қий-қириқлари кетмайди, кўз олдидан кимларнингдир жун босган гавдалари ўтади. Бошқа ҳамма нарса туман ортида эди.

Кимларнингдир қар-ғиши, лаънатлашидан сўнг кўзини очди. Атрофга қаради-ю, даҳшатга тушди. Чунки бекатдаги ўриндиқ устида ётар, ҳамма ёғи лой, кийимлари йиртилган, оғзидан қўланса ҳид келарди.

— Афтинг қурсин, шарманда! Сендақаларнинг дастидан кўчага чиқолмайдиган бўлиб қолдик. Ҳе, сени катта қилган ота-онангни!.. — деб сўкинарди олтмишлардан ошиб қолган бир киши. Ундан сал нарида турган бир жувон ҳам тинимсиз Хонзодани қар-ғарди. Уч-тўртта қиз эса мутлақо унга қарамас, қиқирлашиб кулишарди.

Хонзода адойи тамом бўлди. Ўрнидан турибоқ бекатдан узоқлашди. Юраётганида билдики, кўйлагининг этаги умуман йўқ.

— Вой шўрим, энди нима қилдим?! Уйимга қандай етиб оламан?! — деб инграганча йўл четидан уятини яширадиган нарса қидирди (ҳеч қурса, сумкаси бўлганида ҳам майли эди, уям қаерларда қолиб кетган). Ҳартугул, каттароқ газета парчаси эпкинда пирпираб турган экан, олибоқ этагини ёпди.

Ёнидан машиналар зувиллаб ўтар, бирортаси тўхтай демасди. Хонзоданинг хўрлиги келар, кўзидан ёши селдай оқарди. Йигирма дақиқалар шу аҳволда тургач, эски “Москвич” ғийқиллаб унинг оёқлари остига тўхтади. Хонзода шоша-пиша эшикни очиб, орқа ўриндиққа ўтирди.

— Акажон! — деди ялинчоқ овозда соқоллари ўсиб кетган, қирқ ёшлар атрофидаги эркакка. — Мени уйимгача обориб қўйинг. Роса абгор қилиб ташлаб кетишди. Йўқ деманг. Қанча сўрасангиз, бераман.

Ҳайдовчи ўгирилиб унга қаради, шундагина Хонзода унинг кўзойнагини кўрди.

— Оббо! — деб юборди ҳайдовчи. — Кўз қурғур яна панд берди-ку!

Хонзоданинг тиззалари дир-дир титрар, юраги гупиллаб урарди.

— Худо хайрингизни берсин. Илтимос!.. — дея умид кўзлари билан қараб турарди у ҳайдовчига.

— Худони тилга олма. Ҳақинг йўқ. Сендақалар Худони билармиди?! Сендақаларни аёл туққанига ишонгинг келмайди. Мошина эски, тир-қиши кўп, лекин шу мошинаниям саситиб юбординг-а! Кўзим унчалик яхши кўрмайди, шунинг учун тўхтагандим. Бу аҳволингда бирон жойга оборолмайман. Туш, сенинг пулингниям кераги йўқ! — деб бақирди “Москвич”нинг эгаси.

— Йўқ! — деди бирдан Хонзода. — Агар уйимга обориб ташламасангиз, мошинангизда ўтиравераман! Милисага сиз мени шу аҳволга солганингизниям айтаман! Ҳеч нимадан тап тортмайман. Ўзингиз шарманда хотинлигимни айтиб турибсиз, шундай экан, уйимга обориб мендан қутуласиз!

— Тушимга алламбалолар кириб чиқувди, бекоргамас экан. Қайси гўрда турасан?! — сўради ҳайдовчи.

Хонзода шошганча манзилини айтди.

Уйга кириб олишнинг ҳам ўзи бўлмади. Биринчидан, қўшниларидан иккитаси кўчада гаплашиб туришарди. Иккинчидан, унинг калити сумкасида эди, сумка эса йўқолган. Бахтига, дарвозанинг пастки бурчагида ёриқча бор эди, аввалдан у ерга, эҳтиёт шарт, калит яшириб қўйиларди. Буни фақат Хонзода билан эри биларди. Аёл ўша калитни олиб дарвозани очишни ҳайдовчидан илтимос қилди. “Москвич” эгаси шу ерга етиб келгунларича хаёлан Хонзоданинг гўрига ғишт қалаб келганди. Аммо ҳашаматли икки қаватли уйни кўргач, бирдан фикридан қайтди, ҳатто аёлга ачинди ҳам. “Бечорани бойлиги учун шу аҳволга солиб кетишган экан-да”, деган ўйга борди ва аёлнинг илтимосини дарров бажарди.

— Мен тушмайман, шу аҳволда тушадиган бўлсам, қўшниларим бир умр гапиришади. Машинангизни ичкарига ҳайданг, — деди Хонзода эркакдаги ўзгаришни кўргач.

Ҳайдовчи сўзсиз уловни дарвозахонага ҳайдади.

Хонзода дарров пастга тушди-ю, кўчадан уларнинг ҳовлиси томонга бурилган машинани кўрди. “Мулла акам”, дея пичирлади унинг лаблари ва Бўрон машина моторини ўчириб эшикни очгунича бир неча сония жойида туриб қолди.

* * *

— Ўзимнинг жоним! — Шоҳруҳ Юлдузни маҳкам қучоқлаб лабига лабини босди.

Юлдуз кўзини юмиб олди. Айни лаҳзадан лаззатлироқ онлар йўқ эди унинг учун. Янгилик Шоҳруҳни жудаям қувонтиришига у ич-ичидан ишонарди. Фақат буни эри қандай қабул қилишини билиш унга жудаям қизиқ эди. Ўпиш, албатта, янгилик эмас, лекин Шоҳруҳ яна нимадир қиладики, у шодликдан осмонга парвоз этади!

Бир неча сониялик бўсадан сўнг Шоҳруҳ уни даст кўтарди. Юлдуз унинг бўйнидан қучоқлаб олди.

— Менга ўғил туғиб берасан, хўпми?! — деди йигит ва уни чирпирак қилиб айлантира бошлади.

— Вой, нима қилаяпсиз? — қийқирди Юлдуз. — Ҳозир йиқилиб тушамиз. Менга ичингиз ачисин!

— Йўқ, аввал сен ўғил туғиб бераман, деб ваъда бер! — деди Шоҳруҳ.

— Худонинг бергани! — деб жавоб қайтарди қиқирлаб кулаётган Юлдуз.

— Худо менга, албатта, ўғил беради. Сен туғиб бераман де!

— Хўп! Хўп! Сизнинг айтганингиз бўлақолсин!

— Ура! — ҳай-қирди Шоҳруҳ Юлдузни ерга қўяркан, сўнг хотинининг лабидан чўлпиллатиб ўпич олди. — Бундан бу ёғига жудаям эҳтиёт бўл, хўпми?!

— Жиннивой! — деди Юлдуз эрининг бўйнидан маҳкам қучоқларкан. — Ўзингиз биринчи бўлиб тартибни бузаяпсиз-ку!

— Қанақа тартиб?

— Чирпирак қилиб айлантирдингиз-ку!

Шоҳруҳнинг бирдан юраги орқага тортиб кетди. Хотинининг елкасидан ушлаб шошиб сўради:

— Бошинг айланмадими? Ўзингни яхши сезаяпсанми?!

— Ҳозирча...

— Ҳозирчани қўй, ҳар доим де!

— Хўп. Бунисини кечираман, лекин бошқа бундай қилмайсиз, хўпми?!

— Сиз нима десангиз, шу бўлади, хоним. Қулингизман, истаганингизни буюраверинг.

— Жиннивой! — деди Юлдуз жилмайиб ва эрининг юзидан чўлпиллатиб ўпиб қўйди.

Янгилик бир тарафдан Шоҳруҳни хурсанд қилган бўлса, иккинчи томондан кўнглининг бир чеккасида ғашлик пайдо бўлди. Юлдуз оғироёқ бўлмаса, унча-мунча қийинчиликларни бемалол енгиб кета олади. Лекин ҳозирги шароитда унга анча оғир бўлиши аниқ. Шу боис гарчи янгиликни нишонлашини айтиб икки қадаҳ ароқ ичган эса-да, аслида кўнгил ғашлигини унутиш истаги кўпроқ бунга сабаб эди.

Унинг кайфи ошди, чунки бироз аввал ҳам ичганди. Йигитларининг хонасига кирди. Стол устидаги бир қути сигаретага кўзи тушиб, беихтиёр ундан бир донасини олди-да, лабига қистириб тутатди. Лекин тутунни ичига ютмади. Чекишни билмасди. Оғзида тутунни бироз ушлаб туриб, сўнг пуфлаб юборарди. “Бор-йўғи бир кундан зиёдроқ имкониятим бор. Шундан фойдалансам-фойдаландим, йўқса, энг пасткаш жиноятчи бўламан ёки ўлиб кетаман туғилажак фарзандимни ҳам кўрмасдан. Акаларим мени кўришдан ор қилишади. Мурдамни олиб боришгандаям кўмишмайди. “Сен кўмишинг керак! Йўқ, сенинг вазифанг!” — дейишиб ўзаро тортишади. Қизиқ, мотам маросими ҳам можарога айланаркан-да”.

Хаёл сураётган Шоҳруҳнинг юзида ним табассум пайдо бўлди. Шу пайт хонага Юлдуз кирди.

— Муборак бўлсин! — деди у жилмайиб йигитнинг қўлидаги сигаретага ишора қиларкан.

— Эй, — дея бармоқлари орасига қаради Шоҳруҳ ҳам, — болалар ташлаб кетишган экан. Кулдонга эзиб қўймоқчийдим.

— Оббо, қулоқсиз болалар-эй, тутатиб ташлаб кетишибди-да! Яхшики каравотнинг устига ташлашмабди, йўқса, ёниб кетармидик!.. — Юлдуз эрининг қўлидаги сигаретани олиб кулдонга эзди. — Агар яна бир марта кўрсам, сиздан жудаям хафа бўламан. Чунки ўғлимга “мана шу отанг” деб кашандани кўрсатолмайман-ку.

— Бўлди, бошқа бундай оғир гуноҳнинг яқинига ҳам йўламаймиз.

Эртаси куни тонгда Бахтиёр қўнғироқ қилди. Сирлигина, жўнгина қилиб: “Кеча роса маишатнинг додаси бўлди, бунақаси аввал сираям бўлмаган. Ҳалиям маишатдан бош кўтарганимиз йўқ. Сизни роса қидирдик, лекин тополмадик. Соат саккиз бўлмай хотинингизнинг қўйнига кириб кетаркансиз-да, ошна”, деди. Юлдуз ҳам уйғоқ эди. Эрининг кўксини силаганча бир нуқтага термилиб ётарди. У ҳам Бахтиёрнинг гапларини тўла эшитди. “Вой сабил”, деди кулиб.

— Ишқилиб зўр бўлдими? — сўради номигагина Шоҳруҳ.

— Зўр ҳам гапми, даҳшат! Сариқ сочлисини кўрганингиздами?! Имм! — дея жавоб қайтарди Бахтиёр шўх овозда.

— Секинроқ, овсар! Юлдуз эшитиб қолади. Майли, кейин гаплашамиз, — деб Шоҳруҳ телефонни ўчирди.

— Индамаса, жа ўзларингдан кетасизлар, — деди Юлдуз аразлаган киши бўлиб юзини бураркан.

— Анавилар хитланмасин деб...

— Биламан. Бошқа гап қуриб қолганмиди? Сариқ сочли эмиш, — деди-ю бирдан кулиб юборди Юлдуз.

Айтилган пайтда Шоҳруҳ билан Борис Москвага учиб кетишди. Шоҳруҳ ҳамроҳини манзилга етгунларича кузатди. У Витя Тимофеевичнинг одамлари Бахтиёр иккисининг суҳбатини эшитганини сезганди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки Шоҳруҳнинг телефонига “қулоқ” қўйилгани аниқ. Айтилган ҳар бир сўз ўн марталаб таҳлил қилинган. Мабодо шубҳаланишганида, Борянинг хатти-ҳаракатидан маълум бўларди.

— Москвада қариндошинг йўқми? — сўради Боря самолёт қўнишга ҳозирлик кўраётган маҳал.

— Йўқ, нимайди? — деб олдидаги журнални варақлай бошлади Шоҳруҳ.

— Шунчаки аввал келганмисан-йўқми, шуни билиш учун сўрагандим. Балки сенга шаҳарни кўрсатарман. Томоша қилса бўладиган жойлари жудаям кўп.

— Беш йил аввал келганимда хуморимдан чиққунча айланганман. Дўстим шу ерда қурилишда ишлайди. Ғиштни қаймоқни кесгандай кесади ўзиям. Сен умрингда ғишт кесганмисан?

— Бе, нималар деяпсан? Қўлингга ушлаганмисан, деб сўра. Менинг отам ресторан директори бўлган, бобой солиқчиларга кўз-қулоқлик қилиш билан шуғулланган. Шундай экан, уларнинг боласи арзанда бўлади-да.

— Арзанда эмас, “қулоқ” бўлади, — деди Шоҳруҳ кулиб.

— Тушунмадим.

— Тушунмаганинг ҳам яхши. Энди камарингни тақиб ол. Уч марта огоҳлантиришди, — деб суҳбатга нуқта қўйди Шоҳруҳ.

Айни лаҳзада у қилинажак ишлар ҳақида бош қотира бошлаганди. Аввало, Юлдузнинг қаердалигини билиши керак. У Шоҳруҳни кузатиш учун машинага ўтирди, аммо аэропортгача етиб келмади, йўлда тушиб қолиб, бошқа ёққа кетди. Келишув шундай бўлганди. Чунки аэропортга келса, Витя Тимофеевичнинг одамлари гаров сифатида ушлаб қолишлари мумкин эди. Худди шундай бўлишини Витя Тимофеевичнинг йигитлари безовталаниб қолишлари билан сездириб қўйишди. “Ҳаммангнинг энангнинг қорнига!.. — дея ўйлади ўшанда Шоҳруҳ. — Сенлар нима қилишни ўйлаётганларингда, мен тагларингга сув қуйиб улгурган бўламан. Ҳамманг суяксиз оёғингдан нарини кўрмайсан”.

Шундан сўнг секин жуфтакни ростлайди, асирларни бориб кўради. Кейин... Кейинига Худо пошшо!

Уларни икки йигит кутиб олди. Саломатликларини сўрашди. Мулойим оҳангда тавозе билан гапиришди. Гўёки ресторандаги официантлардай. Хушмуомала-ю хушфеъл, бирдай табассум қилиб туради. Худди юзаси сокин оқаётган дарёга ўхшайди, оёғингни чуқурроқ ботирсанг, тортиб кетади.

Аэропорт ҳовлисида қоп-қора “Мерседес” хизматга шай турарди. Ўтирсанг тамом, елдай учади.

Боря орқа ўриндиққа — Шоҳруҳнинг ёнига ўтирди. Ярим кеча, атроф зулматдан иборат. Машинанинг олд чироқлари гўё зулматни кесиб йўл очиб бораётганга ўхшайди. Шоҳруҳ эслади. Мусо пайғамбар денгиз ёнига келиб ҳассасини олдинга чўзади, шунда денгиз иккига бўлиниб йўл очилади. Худонинг кароматини қаранг!

Йигирма дақиқалар ичида машина шаҳарга кириб келди. Дунёнинг бундай улкан шаҳрига Шоҳруҳ биринчи келиши эди. Томоша қилгиси келарди, лекин машина ойнасидан бир мартаям ташқарига қараб қўймади. Ўриндиққа суянганча кўзини юмиб олди. Гўё толиққан, бироз мизғиб оладигандай. Биров унинг оромини бузмади. Фақат магнитофондан қандайдир оғир қўшиқ тараларди. Бу ҳам одамни элтиб, уйқуни келтиради.

— Мана, етиб келдик, — деди “Мерс” тўхтаганидан сўнг Боря.

Шоҳруҳ гўё уйқудан уйғонгандай кўзини очиб атрофга аланглади: пештоқига “Чайка” деб ёзилган ресторан ёнида тўхташибди.

Ичкарида ҳеч ким йўқ экан. Фақат ўртадаги стол шоҳона безатилибди. Дастурхонда чумчуқ сутидан бошқа ҳамма нарса бор. “Бола ўлдиришдан аввал роса қорнимни тўқларканман-да”, — хаёлидан ўтказди Шоҳруҳ.

— Бир одамга шунча нарса жудаям кўплик қилади, чамамда, — деди у ўзига ажратилган жойга ўтиргач.

Боря соатига қаради.

— Роппа-роса ўн дақиқа олдин келибмиз. Бироздан сўнг ҳеч бир стул бўш қолмайди. Ҳа, сенга ажойиб сюрприз бор. Тайёргарлик кўриб тур. Тағин юрагинг ёрилиб кетмасин, — деб ўшшайди Боря.

— Сюрпризларингга кўникиб қолганман. Менимча, ажаблантиролмасанглар керак, — жавоб қилди Шоҳруҳ стаканга минерал сув қуяркан.

— Бўпти, кўрамиз.

Улар бошқа гаплашишмади. Боря сигарета чекди ва ўрнидан туриб бутун зални айланиб чиқди. Шоҳруҳ сюрприз нималиги ҳақида бош қотирди. Хаёлига тез-тез Бахтиёр келаверди. “Эҳтиётсизлик қилиб қўлга тушиб қолдимикин? Агар шундай бўлса, ҳамма ёқнинг дабдаласи чиқади. Унда ягона йўл — жуфтакни ростлаш... Эҳтимол, азарлар билан тил топишиш керакдир. Ўшанда булар таслим бўлишга мажбур бўлишар... Кўраверайлик-чи”, дея ўй сураркан, бармоқлари билан столни чертди.

Борис айтган ўн дақиқа ҳам ўтди. Ҳеч ким кеч қолмади. Қора костюм-шим кийган кишилар бирма-бир келаверишди. Албатта, уларнинг орасида Витя Тимофеевич ҳам бор эди. Унинг ёнида ниҳоятда сулув қиз келар, жуда юпқа кўйлак кийганидан барра кўкси ўзини кўзкўзлаб турарди. Лабида табассум, Витя Тимофеевичнинг қўлини қучиб олганди.

— Қаҳрамонимиз мана шу йигит, — деди Витя Тимофеевич қизга Шоҳруҳни таништираркан, — ғалати бола. Тўғриси, менда ўзгача қизиқиш уйғотган. Ва албатта, бунақа йигитлар ҳамма вақт ҳурматимга сазовор бўлишади. Исми... Исмини айтишга, тўғриси, қийналаман. Шунинг учун “Шурик” деб қўя қолай. Эътироз билдирмайсанми?

У Шоҳруҳга юзланди.

— Йўқ, албатта, — жавоб қилди Шоҳруҳ мумкин қадар ўзини хушчақчақ кўрсатишга уриниб.

— Бу хонимнинг исми эса Ирина, — Витя Тимофеевич ёнидаги қизга ишора қилди, — соҳибжамол, эндигина ўн еттидан ўтди.

— Танишганимдан хурсандман, — деди Шоҳруҳ кулиб.

Шу заҳоти Ирина ўпиш учун қўлини йигитга узатди. Шоҳруҳ ҳали бирор марта даврада бундай қилмаганди. Йўқ, Оксана ҳам ўзининг жозибали қараши билан бўса олишга қўлини берганди, аммо у вақтда атрофда бегона йўқ эди.

Ҳамма стол атрофига ўтирди. Витя Тимофеевич шампан виноси тўлдирилган қадаҳни қўлига олиб ўрнидан турди-да, тост айтди.

— Бир пайтлар давлат мафияси олдида биз жамиятнинг кераксиз, оддий жиноятчилари эдик, — деди у томоғини қириб олиб. — Ҳа, у даврларда амалдорлар бизни яқинига йўлатишмасди. Ғалати томони, давлат бор-йўғи етти-саккиз кишидангина иборат эди. Энди унинг сафи кенгайди. Қарашса, биз ҳам керакмиз. Дарров ёнларига қўшишди ва асосий ишни биз бажариб келаяпмиз. Улар ҳамма замонларда бўлгани каби, халқчил, оппоқ кишиларга айланиб олишди. Шунинг билан бирга, биздай одамлар билан ҳам ҳисоблашишга мажбур бўлишаяпти. Ҳозир мен сизларга “оила”мизнинг янги аъзосини таништираман, — у Шоҳруҳга юзланди. — Тур ўрнингдан, Шурик.

Шоҳруҳ ўрнидан турди. “Борянинг сюрпризи шу бўлса керак”, дея ўйлади ҳамда ўтирганларга бирма-бир жилмайиб қараб чиқди. Ирина билан кўзлари тўқнаш келган маҳал эса қиз кўзини қисиб қўйди.

— Албатта, бу йигит ҳали бир қанча синовларимиздан ўтиши керак. Шундай бўлса-да, мен унга жудаям катта ишонч билдираман. Ўйлайманки, у мени уялтириб қўймайди. Қани, Шурик учун ичайлик!

Витя Тимофеевичнинг таклифидан сўнг қадаҳлар бир-бирига урилиб жаранглади.

Орадан йигирма дақиқалар ўтгач, Витя Тимофеевичнинг қўл телефони жиринглаб қолди. У ким биландир гаплашди, юзида табассум пайдо бўлди, шу орада Шоҳруҳга қараб жилмайиб қўйди. “Хоним етиб келган бўлса, киритинглар!” — деди шўх овозда.

Шоҳруҳнинг хаёлига лоп этиб Оксана келди. “Падар лаънати, шу етишмай турувди”, дея хаёлидан ўтказиб, ликопчадаги газакдан оғзига солди. Аммо бир неча сониядан сўнг эс-ҳушини айирар даражадаги воқеа содир бўлди. Ресторанга худди Ирина каби юпқа кўйлак кийган, кўйлагининг кўкраги ҳаддан зиёд очиқ, сочлари байрамона безатилган қиз кириб келди. Шоҳруҳ уни кўриши билан ўрнидан туриб кетди. Чунки ишва билан қадам ташлаб келаётган қиз Юлдуз эди. Шоҳруҳни гўё чақмоқ урди. Ўз-ўзидан қўллари мушт бўлиб тугилди.

Шу пайт Витя Тимофеевич столни айланиб ўтди-да, олқиш садолари остида жозиба маликаси — Юлдузни ширин сўзлар билан қаршилаб, лабига лабини босди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз еттинчи қисм)