Найти тему
Типичный узбек

Саодат асри қиссалари (1 - китоб, 221 - 240 бетлар)

Оглавление

Давоми...

Ўтган мақоламизда (201 - 220 бетлар)

Шундан кейин Фил ҳодисасини тафсилотлари билан сўзлаб бердилар.

— Буларни фақат ва фақат яхшилик тилаб гапириб бердик, эй малик. Бошингга бир кулфат тушса, биз учун бениҳоя қайғули бўлади — дедилар.

Ибн Жафна уларни кузатгач, кичкина бир текширув ўтказиб, Абраҳа лашкарининг фожиавий ҳалокати ҳақида аниқ маълумот олди. Дарҳол тайёргарликни тўхтатди. Усмон ибн Ҳувайрисни ҳузурига чақиртирди. Ҳарам ҳудудини фатҳ этишга бундай имконият яратиб бергани учун ташаккур билдирди. Бу ҳали хамир учидан патир, дея бир неча кўйлак ҳадя этиб, эгнига кийдирди. Усмон янги либос кийгани учун кечқурун танасининг қаттиқ қичишаётганини сезди. Қашинган эди, яралар пайдо бўлди. Узини тобора ёмон ҳис қила бошлади. Шундан кейин бирданига:

— Ё, алҳазар... — деб юборди.

Аммо вақт ўтган эди. Кўйлагига заҳар суртилганига ҳеч шубҳаси қолмади. Дарҳол ечди. Бироқ энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмасди. Секин -аста ўлими яқинлашаверди.

Бир неча соатдан сўнг ибн Жафнанинг ҳузурига кирганлар унга Усмон ибн Ҳувайриснинг типирчилаб -типирчилаб, жон берганини билдирдилар.

— Бизга қазиган чоҳга ўзи йиқилди, — деди ҳоким.

* * *

Абдуллоҳ ибн Жаҳш турли жойларга борди, кўп одамлар билан мулоқотда бўлди. Ниҳоят, у ҳам христианликка кирди. Бу дин унинг қалбига ҳузур ва осойишталик бағишлади. Абдуллоҳ қидирган нарсасини топганига ишончи комил эди. Яна Маккага қайтди ва у ерда тинч ҳаёт кечира бошлади.

* * *

Зайд ўртоқлари билан хайрлашиб, уйига келгач, мақсадини аввал хотини Сафийяга билдирди. Ҳадромийнинг қизи Сафийя бундан сира хурсанд бўлмади. Эрини жуда яхши кўрарди. Яхши хулқли, покиза ва суюкли инсон эди. Келишган, басавлат бир киши эди. Узоқ вақт ундан айрилишини ҳеч ҳам хоҳламади.

— Кетма, Зайд, шу ерда ёнимда қол, сенсиз туролмайман, — деди.

Аммо Зайднинг аҳди қатъий эди. Бу шунчаки айтилган гап эмас, кўнглининг туб -тубигача

сингиб кетган дунёқараш эди. Эр -хотин ҳеч келиша олмадилар. Зайд кетиш фикридан бир дақиқага бўлсада, қайтмади. Сафийя кеткизмайман, деб ўжарлик қилиб туриб олди. Зайд Сафийя кўрсатган ҳамма важларни сабр -тоқат билан тинглади, уни кўндиришга уринди, кейин:

— Аммо мен, албатта, ҳақ динни топишим керак. Бу йўлда ҳар қандай оғирчиликка, йўқотишларга ҳам тайёрман, — деди.

— Хўп, биз сенсиз нима қиламиз? Зайд ўғлига ишора қилди:

— Мана, Саид. Боламни бағрингга босиб, ўзингни овутарсан.

Келажакда жаннат хушхабарини ҳаётлик чоғидаёқ оладиган бу кичкина бола «Ашарайи мубашшара»дан (Пайғамбаримиз жаннати бўлганликларидан хушхабар берган ўн кишидан) бири бўлган Саид ибн Зайд ҳазратлари эди. Бироқ бу баҳона Сафийяни ишонтиролмади.

— Айтишга осон. Лекин аёл учун эрининг ўрни бошқа, ўғилнинг ўрни бошқа.

Баҳстортишувлар шу тарзда чўзилиб кетди, Зайд хотинини ҳеч кўндиролмади. Охири, у рози бўлмаса ҳам, йўлга чиқишга қарор берди. Сафийя ҳам, ўз навбатида, уни қандай қилиб бўлсада, олиб қолишга қатъий киришди. Нихоят, ахволни Зайднинг амакиси Хаттобга гапириб берди.

Хаттоб Зайдга панднасиҳат қилди, дўқ урди. Ҳақ дин ҳақидаги хом -хаёлни миянгдан чиқариб ташла, деб қаттиқ огоҳлантирди. Хаттоб Зайднинг хам амакиси, ҳам акаси эди. Зайднинг бобоси Нуфайл ўлганида, орқасидан икки ўғил ва хотини қолган эди. Бири олдинги хотинининг ўғли Амр, иккинчиси энди бева қолган хотинидан туғилган Хаттоб. Нуфайлнинг таъзияси куни ғалати ҳодиса рўй берди. Азага келган хотинлар дод солиб йиғлар эдилар. Араб одатларига кўра, яхши хислатлари таъриф этилган марсиялар ўқиларди. Шу пайт Нуфайлнинг ўғли писиб бориб, бир хонага кирди. Чапга, ўнгга аланглади. Ҳеч кимнинг у билан иши йўқлигидан фойдаланиб, бир зумда қўйнидан чиқарган рўмолни ўгай онасининг бошига ёпди.

Аёл бир сапчиб тушди. Бироқ энди бўлар иш бўлган, рўмол бошига ёпилган эди. Бундан буён Амр ўгай онасининг якка хўжайини бўлиш ҳуқуқини қўлга киритган эди. Истаса унга ўзи уйланади, истаса, бошқа бировга сотиб юборади. Чиркин, аммо кенг тарқалган одат эди бу. Эри ўлган хотин марҳумнинг жанозаси ўқилаётганида аза тутсинми ёки эрининг яқин қариндошларидан бири тўсатдан бошига ёпадиган рўмолдан сақланиш йўллари ҳақида бош қотирсинми? Бошига оғир кулфат тушган аёл ё бутун дардини унутиб, фақат шу ҳақдагина ўйлаши ва овланишдан қутулиши, ё бошига тушадиган ишга рози бўлиши, икки йўлдан бирини танлаши керак эди. Учинчи йўл йўқ эди.

Мархум уйдан олиб чиқиб кетилгач, ов муддати тугарди. Амр ўгай онасининг бошига рўмол ёпиш орқали эгалик ҳуқуқини қўлга киритгач, уни бировларнинг ихтиёрига топшириб қўйиш ниятида эмаслигини очиқ -ойдин билдирган эди. Ўзига маъқул бўлган пайтда унга уйланди. Бу никоҳдан Зайд исмли бир ўғил дунёга келди.

Зайд улғайгач, қавмининг бу аҳмоқона одатларига қарши қалбида жирканиш ҳисси уйғонганини ҳис этди. Тошларга, дарахтларга тангри дея сиғинишнинг бемаънилигини англади.

Бундай хатти -ҳаракатлар нотўғрилигини айтишдан тап тортмади. Аммо бу йўлда илк бор унга қарши чиққан одам ҳам амакиси, ҳам онаси бир ака бўлган Хаттоб эди. Зайд Хаттобдан роса калтак еди.

Шундан кейин Сафийя ҳар сафар Зайднинг йўлга тайёргарлик кўраётганини сезди дегунча, Хаттобга хабар жўнатар, масала шу билан ҳал бўлар эди. Аммо бир куни келиб бу чора -тадбирлар ҳам фойда бермай қўйди. Эрта тонгда ўзини бир ишни назорат қилиш учун чиқиб кетаётгандек кўрсатган Зайд кечқурун уйига қайтмади. Сафийя ўғли Саид билан унинг орқасидан қон йиғлаб қолди.

* * *

Зайд Ҳарам заминини тарк этгач, кунларча йўл юрди. Дуч келган жойда дин арбоблари ҳақида суриштирди, кўнглида ёнаётган дарди бедавога малҳам қидирарди. Ниҳоят, бир христиан руҳонийи унинг саволларига шундай жавоб берди:

⎯ Сенга Исо алайҳиссаломнинг динига киришни тавсия этаман.

— Исонинг дини мени қониқтирмайди.

— Нега?

—Чунки Ҳазрати Исо яккаю ёлғиз бир Оллоҳга иймон келтиришни буюрар эдилар. Сизлар битта Оллоҳни учтага етказдингизлар. Оллоҳ бирдан ортиқ бўлса, учта бўлди нима, уч юзта бўлди нима?! Масалан, менинг ватанимдагилар уч юздан ортиқ илоҳ бор деб эътироф этадилар, ўшалардан қандай фарқларинг бор?

⎯ Сен Исонинг биргина Оллоҳга сиғинишни буюрганини қаердан биласан?

— Чунки Оллоҳ яккаю ягонадир. Ўзига шерик қўшишни амр этадиган кишини пайғамбарлик вазифасига тайинлаши мумкин эмас. Демак, бу — сизларнинг ишларингиз, яъни, уч илоҳ бордир, деб пайғамбар Исо эмас, сизлар айтасизлар. Бир -икки сония тўхтаб қолди, унинг гапларини диққат билан, ҳайрат билан тинглаган руҳонийнинг кўзларига тик боқди:

—Мен эса, фақат яккаю ягона Оллоҳга ишонишни амр этувчи динни қидиряпман.

—У ҳолда сенга, иймон келтирсанг, ҳидоят топадиган бир дин ҳақида маълумот берайин.

— Қайси дин экан у?

—Иброҳим алайҳиссаломнинг динидир.

—У ҳолда менга унинг мохиятини тушунтирсанг.

—Тушунтира олмайман.

—Нега?

Чунки у диннинг асл моҳиятини, ўзагини, мазмунини ўзим ҳам билмайман, биладиган бирон кишининг борлигига ҳам ишонмайман. Зайд у ердан намли кўзлар билан чикди. Яна йўлга тушди.

— Оллоҳим, сен шоҳид бўлгинки, мен Иброҳим пайғамбар динининг тарафдориман. Шу дин йўлида яшашни, шу дин йўлида ўлишни орзу қиламан, — дея йўл босди.

Шундан кейин оғир -оғир қадам ташлаб кетаётган туясининг устида ўтирган ҳолда Иброҳим пайғамбар танитган Оллоҳга сажда этиш мақсадида бошини туянинг бўйнига эгди. «Оллоҳим, Оллоҳим, сенга қандай ибодат қилишни билолмаяпман», дея сўзларди.

Шом томонларда учратган бир роҳибга ўз ҳаётини гапириб берди. Шунда роҳиб:

—Эй маккалик биродар, тушунишимча, сен Иброҳим пайғамбарнинг динини қидираётирсан. Сен қидирган динни билувчининг ёки шу динга кирган бир кишининг борлигига кўзим етмайди. У яҳудий эмас эди, христиан ҳам эмасди. Пок ва самимий бир эътиқод билан Оллоҳга топинишни буюрган пайғамбар эди. Яҳудийлик ҳам, христианлик ҳам пайғамбар Иброҳимдан (с.а.в.) кейин келган динлардир. Иброҳим пайғамбар намоз ўқир, сажда қилар ва ибодатларида сенинг ватанингда қад кўтарган Байтга йўналар эди. Зеро, у Байтни ҳам ўзи Оллоҳнинг амрига мувофиқ қурган эди. Сен ҳозироқ орқага қайт, ўз юртингга бор. Чунки Оллоҳ сенинг қавмингдан, сенинг юртингдан бўлган бир кишига вазифа берадики, у пайғамбар Иброҳим томонидан келтирилган ҳақиқий тавҳид ва ханифлар динини ўргатади. У Оллоҳнинг энг суюкли бандасидир. Зайд бундан ортиқ маълумотга эга бўлолмаслигига ишонч ҳосил қилиб, Маккага қайтди. У учрашган дин арбоблари берган энг сўнгги маълумот қидирганини ўз юртида топажагини кўрсатарди.

Юртига келди. Одамлар ҳамон бутларга сиғинишар, ҳамон уларга қурбонликлар қилишар эди. Танишлари ундан:

— Нима қилдинг, нима бўлди? — деб сўрадилар.

— Варақа христианликни қабул этди. Аммо у дин менга тўғри келмади. Мен пайғамбар Иброҳимнинг динига эътиқод қўйдим, — деди.

— У нимага инонарди?

—Нимага инонганини билмайман. Лекин нимага инонган бўлса, мен ҳам шунга эътиқод қилгандек қабул қилишини Оллоҳдан тилайман.

* * *

Бир куни Зайдни ушбу сўзларни пичирлаб юрганида кўриб қолдилар:

— Раббим, чин маънода сенинг амрингга тайёрман. Сенга қул бўлиб, бандалик қилиб буйруғингни бажаришни истайман. Хайрни хоҳлаган бандангман, мутакаббир, муттаҳам эмасман. Оллоҳим, юзимни фақат сенга бурганман. Менга қандай муомала килсанг ҳам, барибир сенга илтижо қиламан. Зайд шу сўзларни айтиб бўлгач, ерга эгилди ва бошини саждага қўйди.

* * *

Зайд шафқат ва мархаматли бир киши эди. Айниқса, қиз болаларни тириклайин тупроққа кўмишларига чидаб туролмасди.

Бу ахмоқона ҳукмни бажаришга бел боғлаган бир отага шундай деган эди:

— Шу гўдакни менга бер. Ўз паноҳимда тарбиялаб, вояга етказаман.

Зайд шу йўсинда бу гўдакни ўлим чангалидан қутқарди. Йиллар ўтиб, ўша гўдак балоғатга етди, ҳуснига ҳусн қўшилди, гўзал қиз бўлди. Ўшанда қизнинг отасига шундай таклиф қилди:

— Хоҳласанг, қизингни ол. Хоҳласанг, яна менинг қарамоғимда қолаверсин.

Зайд шу йўл билан анчагина маъсум гўдакларнинг жонини омон сақлаб қолган эди.

* * *

Хаттоб ўз укаси ва, айни пайтда, жияни ҳам бўлган Зайднинг бошқача одам бўлиб қайтганидан сира ҳам хушнуд эмас эди. Уни қўлидан ушлаб, бутларнинг қошига олиб борди.

⎯ Қани, бир кўрай, Зайд, буларга сажда қилгинчи, — деди.

Зайд бу таклифга асло рози бўла олмас эди. Зинҳор уларга сажда қилмаслик учун шунча пайт бегона юртларда қолиб кетган, юрагини ёндираётган оташни сўндириш учун қанчадан -қанча чўлу биёбонларни ошиб ўтган эди. Юлдузлар чароғон этган осмон остида ёлғиз ўзи қанчадан -қанча кечаларни мижжа қоқмай ўтказди, қанчадан -қанча сафар заҳматларига юзида табассум билан бардош берди, «Оллоҳим, сени қидиряпман. Оллоҳим, сен пайғамбар Иброҳимга (а.с.) жўнатган динингни қидирмоқдаман», дея кўзёшларини оқизди. Энди Хаттоб тугул, бутун жаҳон одамлари қўшилишиб ҳам бу ночор махлукларнинг қошида уни бош эгишга мажбур этолмасдилар.

— Мен бутларга сажда қилмаслик учун шунча пайтгача бегона юртларни кезиб юрдим, — деди.

— Хўш, уларнинг чиндан ҳам илоҳ эканликларига энди ишондингми?

— Йўқ. Улар асло ҳақиқий илоҳ эмасдирлар. Уларга тоат -ибодат қилиш одамларга ҳеч қандай наф келтирмайди. Улардан узоқ юриш ҳам хеч бир зарарга сабаб бўлмайди. Хаттоб ишнинг чўзилиб кетишини сира ҳам хохламасди. Феъли бунга йўл қўймасди. Масалани шартта ҳал этишга қарор берди. Зайдни роса калтаклагандан сўнг, энди бу тентакликка барҳам бериш пайти келди, дея уни ёлғиз қолдирди.

* * *

Макканинг Жидда томонидаги Балдоқ деб аталувчи манзилида яшовчи Абдулмутталибнинг невараси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Зайд ибн Амр билан ҳамфикр эди. Зайд бутларга бош эгиш у ёқда турсин, улардан қаттиқ нафратланадиган Муҳаммад ибн Абдуллоҳни жуда яхши кўрар, унга ихлоси баланд эди. Аммо анча пайтдан буён ахтараётган буюк кишисининг ёнгинасида ўтириб, у билан биргаликда сухбатлашаётгандан мутлақо бехабар эди.

Фақат угина эмас, бу ҳақиқатдан у пайтлари Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг ўзи ҳам бехабар эди...

Олдиларига дастурхон келтириб ёйдилар. Гўштдан тайёрланган таом қўйилди. Бутларга қурбонлик мақсадида сўйилган молнинг гўшти эмас эди, албатта. Шундай бўлсада, Зайд унга қўлини ҳам теккизмади ва шундай деди:

—Мен на сизларнинг бутлар учун сўйган қурбонлик гўштингиздан ейман ва на Оллоҳдан бошқасининг исмини зикр этиб сўйилган мол гўштини. Мол- ҳолни яратган Оллоҳдир. Унинг яшаши учун кўкдан сув юборган, ердан ўт -ўлан ўстириб қўйган ҳам Оллоҳдир. Шуни билатуриб ҳам Оллоҳга шак келтирасизлар.

* * *

Бир куни яхши одамлиги билан шуҳрат қозонган савдогар бўлмиш Абу Бакрнинг қизи Асмо Каъба ёнидан ўтиб кетаётган эди. У ерда бутларга сиғиниш билан банд бўлганларга қарата шундай дея бошлади:

— Эй қурайшликлар, Худо ҳаққи, орангизда мендан бошқа пайғамбар Иброҳимнинг динига эътиқод қилган кимса йўкдир. Зинодан узоқ юринг. Чунки унинг оқибати фақирликдир. Оллоҳ учун сўйилмаган молнинг гўштини ҳам еманг. Кейин шундай мазмундаги байтларни ўқиди: «Мен юзимни залворли- залворли тоғларни, қояларни кўтариб турган шу ерни яратганга ўгирдим. Мен кўнглимни тотли сув юклари билан тўлиб тошган булутларнинг эгасига топширдим. Шамоллар кимнинг амрига биноан у ёкдан -бу ёққа ва, аксинча, эсиб турган бўлса, мен ҳам ўшанинг йўлига кирдим, унга банда бўлдим».

Асмонинг бу ерда ортиқ туриши хавфли эди. Чунки у ердагилар Зайдга душман бўлиб, нафратдан ўзларини қўярга жой тополмаётганлардан эди. Жанжал -тўполон бошланиб кетиши ҳеч гап эмас эди. Хаттобнинг фикрича, Зайд тоза адабини еган, энди ақли кириб қолган бўлиши керак эди. Лекин, ҳайҳот, у ўз фикридан қайтмабди. Иброҳим динига содиқ қолибди. Қаерга борса, қаерда ўтирса, Иброҳимнинг динидан гап бошлар, бутларнинг оддий тошлардан иборат эканлигини очиқ- ойдин гапирар эди.

Хаттоб уни иккинчи марта тарбиялаш керак деган фикрга келди. У жуда бақувват эди.

Чинор ниҳоли каби бир ўспирин бўлган ўғли Умарни ҳеч аямай дўппослаган пайтлари бўлиб турарди. Аммо Умар калтак еркан, отасига бўлган хурмати боис ломмим демасмиди ёки кучи

етмаслигини билгани учун азобларга чидармиди — буниси бизга маълум эмас.

Чиндан ҳам жуда бақувват, жасур Хаттоб Зайдни олдига солиб, уйига олиб келди, иккинчи марта яна роса калтаклади. Бу калтаклардан сўнг навбат панд- насиҳатлар, танбеҳу дўқ- пўписаларга келди. Бу ҳам кор қилмагач, яна калтаклади ва:

— Бундан буён Макка тупроғига қадамингни босмайсан. Чунки энди одам бўлмаслигинг равшан... — дея қувиб юборди.

Вазият жуда кескинлашган эди. Ўлим хавфи туғилди. Шунинг учун Зайд ватанини тарк этди. Аммо Маккадан узоқлашишни ўйламасди. Макка яқинидаги тоғу тошлардан, ғорлардан паноҳ топди. Кўзёши тўкиб, оташин шеърлар ўқиб, ўзига тасалли бериб юрди. Дунёда қолган биргина орзуи яқинда келадиган сўнгги пайғамбарга етишиш, унинг оёғига қўнган чангларни кўзларига суртиш эканлигини кўкка термула-термула қайта- қайта такрорларди.

Хаттоб Макка ёшларидан бир гуруҳини тўнлаб, Зайдни қаерда кўриб қолсалар, тошбўрон қилишга кўндирди. Зайд бирон хабар эшитиб қоларман, деган умидда ҳар келганида, ушбу безориларни учратар, улар отаётган тошларга нишон бўлар эди.

Бу иш бир неча бор такрорланди. Шундан кейин Зайд яна Шом томонларга бош олиб кетди. Йўл юриб борар экан, шу мазмундаги байтларни ўқир эди:

«Ҳодисалар ақл тарозисига солинса, мен бир Оллоҳга банда бўламанми ёки бир дона илоҳга? Мен Лотдан ҳам Уззодан воз кечдим. Жасоратли ва сабр- тоқатли киши аслида шундай қилиши керак. Мен на Уззони илоҳ деб тан оламан, на унинг икки қизини ва на Бани Амрнинг икки бутини зиёрат қиламан. Бизнинг биргина Роббимиз борки, мен фақат унга ишонаман.

Чунки эс- ҳушим ҳали жойида...»

У Шомга бу гал янги дин қидириб бормади. Фақат юрагида ёнаётган оташ алангасини пасайтирмоқчи эди, холос. У учратган бир роҳиб:

— Қаердан келяпсан, эй туякаш, — деди.

— Иброҳим наслининг юртидан.

— Хўш, мақсадинг нима?

— Ҳақиқий динни қидиряпман.

— У ҳолда сен тезда ўз юртингга қайт. У динни келтирадиган пайғамбар ё шу кунларда чиқди, ё чиқиш арафасидадир.

Зайд дарҳол қайтди. Нима бўлса бўлсин, Маккага киришга қатъий аҳд қилди. Босган ҳар бир қадами уни тобора Ҳарам ҳудудига яқинлаштирарди. Лекин Арзи Лахм деган жойга келганида, пешонасида совуқ терлар пайдо бўлди.

Атрофини нотаниш одамлар ўраб олган эдилар. Булар, эҳтимол, қароқчилар эди. Зайдни улар ҳам танимасдилар. Зайд улардан қутулиш учун ҳамма нарсасини беришга тайёр эди. Аммо бу одамларнинг уни қўйиб юбориш ниятлари йўқ эди. Ахийри Зайд оғир зарба еб, бу дунёдан абадий кўз юмди. Бу пайтда қурайшликлар бетўхтов равишда Каъбани таъмирлаш билан машғул эдилар.

* * *

Унинг ўлимига йиғлаганлар орасида Варақа ибн Навфал ҳам бор эди. У Зайднинг шаънига шу байтларни ўқиди: «Эй Амрнинг ўғли, сен тўғри йўлни топдинг. Покиза ҳаёт кечирдинг, аёвсиз куйдирадиган жаҳаннам оташларидан узоқлашдинг. Бу сенинг яккаю ягона бўлган, тенги йўқ Оллоҳга ишонишинг ва бемаъни бутларга сиғинишдан воз кечишинг туфайлидир. Баъзан инсон ернинг етмиш қават остида бўлса ҳам, Роббининг раҳмати етиб бораверади».

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

Фижор урушининг қаҳрамонларидан бири сифатида бизга олдинги боблардан таниш бўлган Умаййа ўғли Ҳарб бир сафар чоғида вафот этиб, йўлдошлари уни ўлим жойида дафн қилган эдилар. Маккага келишгач, унинг ўлганлиги ҳақида хабар бердилар. У машъум хабарни эшитганлар Ҳарбнинг қабри қаердалигини сўрадилар. Ораларидан шоиртабиат биттаси шундай жавоб берди: 

Ва қабру Ҳарбин би макоин кафр, 

Ва лайса қурба қабри Харбин қабр.

Яъни: «Ҳарбнинг қабри сувсиз бир чўлдадир. Унинг қабри ёнида бошқа қабр йўкдир». 

Шундай деб таърифлашга мажбур бўлган эдилар. Чунки қайтиб борсалар, каерга кўмганларини кўмганларнинг ўзлари ҳам топа олмасдилар. 

Энди амавийларнинг етакчиси Ҳарбнинг ўгли Абу Суфён бўлиб қолди. Маккада энг олди аслзода ўн киши бўлса, ўшаларнинг бири Абу Суфён эди, десак сира янглишмаймиз. 

Каъба қайта қурилаётган кунларда Сақиф қабиласининг машхур шоири Умаййа ибн Абу Солт Абу Суфён билан биргаликда Шом йўлида эди. Бир христианлар қишлоғида дам олиш учун тўхтадилар. Қишлоқдаги бир неча киши шоир Умаййа ибн Абу Солтга ҳурмат кўрсатишиб, уни совғалар билан сийладилар. Ўзини меҳмонга чақирдилар. Умаййа улар билан бирга кетди ва анчагача у ерда қолди. Қайтиб келгандан сўнг эгнидаги кийимларини ечди, қоп- қора бошқа бир либосга бурканди-да, Абу Суфёндан: 

— Христиан олимларидан бири билан учрашишни истайсанми? — деб сўради. 

Абу Суфён ҳеч иккиланмай жавоб берди: 

— Йўқ. 

— Нега? 

— Чунки менга хуш ёқадиган гапни айтса, унга ишонмайман. Ёқмайдиган гап гапирса, жаҳлим чиқади. Умаййа яна ёлғиз ўзи кетди. Қайтиб келганида, тун ярмидан оққан эди.  Хурсанд эди, чўзилиб ётди. Тонг отди ҳамки, аммо Умаййанинг кўзларига сира уйқу келмади. 

Чеҳрасидан ҳорғинлиги шундайгина билиниб турарди. У индамас, Абу Суфён ҳам гапирмас эди. Ниҳоят, Умаййа сукунатни бузди: 

—Йўлга чиқмаймизми? 

—Хоҳласанг, чиқаверамиз. 

Сафар яна давом этди. Икки кун юрдилар. Умаййа ҳамон гапирмас, хаёли нималар биландир банд эди. Учинчи куни: 

Бирон нима десангчи, эй Абу Суфён! — деди. 

— Хўш, ўзинг нега индамайсан, Умаййа? Худо ҳаққи, ҳув анави оғайниларингни қишлоғига борганингдан кейин оғзингга талқон солиб, қулф уриб қўйганмисан, деб ўйлаган эдим. Ҳеч сени шу аҳволда кўрган эмасман. Нималар бўлганини тушунтирсангчи? 

— Менгаку, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Мен фақат ўша қайта тирилтирилишни ўйласам, қўрқувга тушиб кетяпман. 

—Қанақа қайта тирилишдан? 

—Ўлгандан кейинги тирилиш ҳақида гапиряпман. 

—Ўлгандан кейин қайта тирилиш тўғрисидаги фикринг чинми? 

—Албатта, ўлишимиз муқаррар, сўнгра тирилишимиз ҳам. 

—Менинг фикримга қўшилсанг, яхшироқ бўларди. 

—Қанақа фикр экан? 

—Ўлгандан сўнг қайта тирилмайсан. Ажр учун ҳам чақирилмайсан. Буни мени айтди деявер. Умаййа аччиқ-аччиқ кулди: 

— Менинг устимдан кулма, Абу Суфён. Қасам ичиб айтаманки, ҳар кимга ўлганидан кейин қайта ҳаёт берилади. Ҳисоб- китоб қилинади ва натижада одамларнинг бир қисми жаннатга, қолгани жаҳаннамга киради. Абу Суфён кинояли оҳангда сўради: 

—Олим дўстинг фикрича, сенга жаннатдан жой тегадими ёки жаҳаннамдан? 

— Бу ҳакда на дўстим билади ва на мен. Суҳбат шу билан тугади. Умаййа Абу Суфённинг гап уқмас бефаросатлигидан куюнди. Абу Суфён ҳам қовоғини солиб олган дўстига кўз остидан кулимсираб қараб қўйди. Шомдан қайтаётганларида яна бир қишлоққа дуч келдилар. Умаййа яна у ердан хаёли паришон бўлиб қайтди. Абу Суфён энди унинг нима ҳақда қайғураётганини билар, бирон янгилик бўлса, ўзи гап бошлар, деб ҳеч нарса тўғрисида сўрамас эди. Сукунатни яна Умаййа бузди: 

— Нима дейсан, ё Абу Суфён, шу, бир чеккароқ жойга ўтиб гаплашсак. Бир чеккага ўтдилар. 

— Гапирсангчи, ё Абу Суфён? 

— Нима тўғрисида? Сенинг эски сафсатанг тўғрисидами? 

— Утба ибн Робия ҳақида гапир. У зулм, ҳақсизликдан узоқ юрадиган кишими? 

⎯Ҳа, Худо ҳаққи, худди сен айтгандек адолатпарвар одам. 

—Қариндошларининг хукуқини ҳимоя қилиб, қариндош- уруғчиликка риоя этишни буюрадими? 

⎯Ҳа, Робиянинг ўғли чиндан ҳам шунақа. 

— Отаси томонидан ҳам, онаси томонидан ҳам аслзода оиладанми? 

— Бу ҳам тўғри. 

— Курайшларнинг ичида ундан шарафлироқ бошқа кишини биласанми? 

—Йўқ, билмайман. 

—Фақир ва муҳтож бир кишими? 

—Йўқ, жуда бойбадавлат одам. 

—Ёши нечада? 

—Анча катта. 

Бундай савол- жавобдан сўнг Умаййа ғўлдиради: 

⎯ Молмулк ва ёш... Мана, Утбанинг иккита катта нуқсони. 

Абу Суфён унинг нима демоқчилигини тушунмади. 

— Бемаъни гапларни қўйгин. Ҳеч ҳам унақа эмас. Молмулк ва ёш Утбага фақат шон- шараф келтирди. Умаййа Абу Суфёнга ёвқараш қилди: 

—Мен гапимни билиб гапираман. Менинг гапим айни ҳақиқатдир. 

—Сен менга очиқ гапирмаяпсан, Умаййа! Ниманидир яширяпсан. Қани, мақсадингни тушунтирчи! Умаййа эътироз билдирди: 

—Йўқ. Келажакда содир бўлажак ҳодисалар ҳали менинг сўзларимни ёдингга солади. Ўшанда гапларимнинг мағзини чақишга уриниб кўрарсан. 

—Азизим, ахир, бирон нарсани ёрилиб гапирмасанг, ўшанда нимани эслайман? 

— Ўша, хаёлпаришон ҳолатда қайтиб келганимни кўрганингда мен қишлоқда учрашган олимдан яқинда юбориладиган сўнгги пайғамбар ҳақида гапириб беришни илтимос қилган эдим. Орамизда шундай суҳбат ўтди: «У араб миллатига мансубдир», деди. «Азизим, араб бўлишини мен ҳам биламан. Қайси араблардан?» дея сўрадим. «Араблар ҳаж учун бориб зиёрат қиладиган Байт жойлашган шаҳардан». «Дарҳақиқат, бизда ҳам (Тоиф шаҳрида) араблар зиёрат қиладиган бир байт бор». «У Қурайш қабиласидан чиқади...» Шу тарзда бўлган воқеани сўзлаб бораётган Умаййа қолган гапларни қуйидагича давом эттирди: 

—Бошимдан қайноқ сув қуйиб юборилгандек бўлди. Умримда бу қадар кучли ҳаяжонга тушмаган эдим. Дунё ва охират саодатини қўлдан бой берганимга узил- кесил ишонч ҳосил қилдим. Чунки бу сўнгги пайғамбарлик вазифаси менга берилишидан умидвор эдим. Шундан кейин:

«Хўш, унда бу Пайғамбарнинг сифатлари қанақа ва у ким ўзи?» деб сўрадим. 

«Ўрта ёшларга етганда пайғамбарлик вазифаси бериладиган инсон. Зулмдан, ҳақсизликдан узоқ юради. Қариндошлик хақ- ҳуқуқларини назорат қилади. Шундай қилишни тавсия этади. Узи фақир, аммо ҳам ота, ҳам она томонидан аслзодалар хонадонига мансуб. Халқ орасида обрў -эътиборга сазовор. Ёрдамчилари кўпинча фаришталардир», деб жавоб қилди. 

— Умаййа, сенинг бу гапларинг ғирт уйдирма ривоятлардан бошқа нарсалар эмас. Агар Оллоҳ пайғамбар юборадиган бўлса, ҳеч шубҳа қилма, ёши улуғ ва шарафли кишини танлайди. 

УКОЗ БОЗОРИ

Укоз араблар кўп йиллардан бери савдо- сотиқ қиладиган энг катта ва марказий бозор эди. Бу ерда олди- сотдининг ҳар хил турини учратиш мумкин эди. Узоқ- узоқ манзиллардан чиқиб, бепоён чўллар оша йўл босган карвонлар бир томони Шом, иккинчи томони Яманнинг кўпгина шаҳар ва қасабаларидан келтирилган молларини шу ерга туширар эдилар. Шом билан Яман орасида чўзилиб кетган юзларча чақиримлик масофа Укоздан ҳам катта ва машҳурроқ бирор бозорни билмасди. Бу қадар гавжум, харидори бунчалик кўп бозорни юз йиллар бўйи араб миллати кўрмаган. 

Бир томонда озиқ -овқат ва кийим- кечаклар, иккинчи томонда аёлу эркак, болалардан иборат қуллар ўз харидорларини пойлар эдилар. Яна бир томонда эса, мол бозори жойлашган эди. 

Шу орада ҳар тарафда дошқозонлар қайнар, келиб- кетувчиларга овқатлар тортилар эди. Махсус вазифа берилган кишилар эса: 

— Ейишга овқат, ётишга бошпанаси йўқлар, қарзини тўлашга пули бўлмаганлар, бу ёққа келинг... Душманидан қўрққанлар, бу ёққа келинг. Озодлигини сақлаб қолишга пул тополмаганлар, бу ёққа, фалон кишининг ёнига келинг... — деб бақириб- чақириб юрардилар. Шоирлар шеърларини ўқир, нотиқлар баланд жойларга ёки бирор туянинг устига чиқиб нутқ сўзлар эдилар. Хадичанинг молларини бозорга олиб келган Буюк Амин Абул Қосим Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳам бу йил Укоз бозорида савдо- сотиқ қиларди. Бозор майдонининг ўртасида қизил туянинг устига чиқиб олиб халққа қарата хитоб этаётган бир қариянинг сўзларини охиригача диққат билан тинглади. Бу киши Ийад қабиласига мансуб машҳур Қусс ибн Соида эди. У араб қабилалари орасида чиройли нутқи билан шуҳрат қозонган эди. Қария араб адабиёти учун ажойиб бир намуна бўла оладиган нутқини шундай тарзда бошлади: 

— Эй одамлар, эшитмадим деманглар, эшитганлар дармонда, эшитмаганлар армонда. Бир нарсани ўргандингизми, ундан фойдаланишни ҳам билинг. Шубҳа йўқки, яшаган ўлади, ўлгач, номи ўчади. Келажакда тақдирда нима бўлса, албатта, ўша юз беради. Ёмғир ва ўсимликлар... Озиқ- овқат ва ноз- неъматлар... Оталар, оналар, жамоалар ва якка ёлғиз кишилар... Ибрат берувчи далиллар, сўнгра яна далиллар... 

Кўкда хабар бор, ерда эса, ибрат. Қоронғи кеча буржлари билангина биргаликда мовий, дунё водийлари билан дунё, денгизлар тўлқинлари билан денгизлардир... Менга нималар бўлаётир ўзи? Одамларнинг кетаётганини кўряпман, ҳолбуки, бу одамлар бошқа қайтмаётирлар. 

У жойда қолишга рози бўлиб, ўша жойда қолдиларми ёки қолдирилдилару уйқуга толдиларми?.. Қусс ҳақиқий бир қасам билан, тўғри йўлдан тоймай, гуноҳ ишларга яқинлашмай соф юрак билан онт ичадики, Оллоҳнинг шундай дини борки, у дин сизнинг ҳозирги динингиздан ғоят мукаммаллиги, севимли ва ҳақиқийлиги билан ҳақ диндир. Бир пайғамбари бордирки, энди унинг замони яқин, сояси устингизда юрибди. Унга етишган ва иймон келтирган, йўлидан юриб ҳидоятга етишганлар нақадар бахтли бўладилар. Унга қарши чиққан ва исён кўтарганларнинг эса, ҳолига вой... Ғафлатда қолганлар, кечмиш асрлар ва ўша асрларда яшаган умматлар ҳалок бўлдилар. Эй Ийад аҳли, қани, қаерда оталар ва боболар? Қаерда қамчисидан қон томган, шиддатидан оёғи остидаги ер ларзага келган ўша фиръавнлар? Қаерда муҳташам биноларни бунёд этиб, тиллаю кумуш билан безатганлар? Қани мол-дунё, авлод аждодлар қани? Ўзидан кетиб қутурган, ўлар -тириларига қарамай бойлик тўплаган, мен сизнинг энг буюк Роббингизман, деган Намруд қаерда, қани? Улар сизлардан кўра бойроқ эмасмидилар? Улар қаерда, қани? Улар сиздан кўра, кўпроқ умр кечирдиларми? Дунё тегирмони уларни ҳам тошларнинг остига олиб босиб янчиб ташламадими? Энди уларнинг чириган суяклари ва бўм -бўш бўлиб қолган гўшаларигина қолдики, у ерларни қурт- қумурсқалар жонлантирмоқда... Йўқ, иш сизлар ўйлаганингиздек, осон ва оддий эмас, асло! Яккаю ягона Оллоҳ бор, ибодатга муносиб зоти Олий Удир. Туғмаган, туғилмаган.. ўлмайдиган... боқий ва чексиз қудрат соҳибидир У... Ўтмиш авлодларимиз ҳаётига чуқур назар солсак, кўплаб ибратли мисолларни топишимиз мумкин. Ўлимга олиб борувчи ва муқаррар бўлган йўлларни кўрганимда, қавмимнинг ёшми -қарими, каттами- кичикми, ҳаммаси вақти -соати билан шу йўлга киришини мушоҳада этганимда, кетганларнинг орқага қайтмаганини ва қолганлар ҳам боқий умр кечирмаслигини тушунганимда, шунга қатъий ишонч ҳосил қилдимки, бандаларининг бошига келадиган ўлим менинг бошимга ҳам келади... 

Қусс ибн Соида гапларини тугатди. Афсусли томони шундаки, «Оллоҳнинг бир пайғамбари бордир, замони жуда яқинлашиб қолди», дер экан, уни тинглаётганлар орасида ўша шонли Набийнинг, оламларга раҳмат бўлажак ўша Буюк Расулнинг борлигидан, ҳамма катори, у ҳам бехабар эди. Ҳатто яқин йиллар ичида вазифа олиши азалий тақдир зарурати бўлган Буюк Пайғамбарнинг ўзи ҳам... 

Ўша бозорда савдо- сотиқ қилган ўттиз олти- ўттиз саккиз ёшлардаги Ал-Амин Қусс ибн Соида тилга олган ҳақиқатлар хақида кейин ҳам тез -тез ўйларди. Инсонлар том маънода тушкунлик ботқоғига тобора чуқурроқ ботиб бораётган эдилар. Бу аянчли ҳаёт тарзи ўзининг бор -йўқлигидан ҳам бехабар жонсиз тошларни ибодатга лойиқ маъбуд деб ишониш асосига қурилган эди. 

Арзимайдиган бир баҳона ҳам катта жанжалнинг чиқишига сабаб бўларди. Гўдаклик чоғида тириклайин тупроққа кўмилган қизларни кўрганди. Бу чиркин, ваҳшиёна одат тобора кенг тарқалмоқда. Шароб ҳар қандай зиёфатнинг доимий неъматига айланган. Ичмайдиганлар бармоқ билан саноқли даражада кам. Оллоҳнинг яратган шифобахш неъматлари хисобланмиш хурмо, узум сингари мевалардан ҳаром ичкилик тайёрланар ва уни истеъмол қилганлар ихтиёрий жинниликка берилар эдилар. Одамлар худди ҳайвонлардек бозорларда сотилар, сўнгра сотиб олинганлар томонидан ҳайвонлардек ишлатилар эди. Бу бечора қулларнинг ҳам ўзлари сингари бир инсон эканликлари ҳақида ўйламасдилар. 

Баъзан бу аҳмоқона одатларга қарши чиққан кишилар учраб турарди. бироқ улар халқнинг дардига дармон бўлишга қодир эмас эдилар. Ҳотами Тойийнинг шон ва шараф даъвоида қилган, кейинчалик тилларда достон бўлган сахийлиги; Зайд ибн Амрнинг ўлдирилаётган гўдаклардан бир нечасининг ҳаётини сақлаб қолиши; Абу Бакрнинг инсонлик шарафига номуносиб, дея бутга сиғинмаслиги, шароб ичмаслиги ва зинодан узоқ юриши; Қусс ибн Соиданинг Укозда келишига оз қолган бир пайғамбар ҳақида маълумот бериши... Булар бутун бир миллатни, инсониятни жаҳолатдан халос этиш учун етарли эмас эди. Булар жўшқин оқар дарёнинг юзидаги кўпиклар янглиғ гап эди, холос. Бутун шиддати билан қутуриб оқаётган бу жаҳолат дарёсини муаззам бир тўғон ёрдамидагина тўхтатиш мумкин эди. Бу эса, Оллоҳнинг кўмагига муносиб бир Пайғамбаргина қодир бўлган иш эди. 

* * *

Муҳаммад Ал-Амин ҳаетининг ўттиз тўққиз йилу олти ойини яшаб бўлди. Машаққатли хаёт сўқмоқларидан шу кунгача етиб келди. Туғилмай туриб отасидан, олти ёшида онасидан,  саккиз ёшида бобосидан жудо бўлишнинг аччиқ аламларини тортган, Абу Толибнинг уйида йигирма беш ёшга тўлгунга қадар фақирона ҳаёт кечирган, шундан кейин Хадичага уйланиб, беқиёс бойлик, мол-дунёни идора қила бошлаган эди.

Ўқиш, ёзишни билмасди. Бу соҳада ҳеч кимдан сабоқ олмаган эди. Яхши тарбия олиш учун бирон- бир устоз ҳузурига жўнатилмаган эди ҳам. Аслида, бунга имконият ҳам йўқ эди, зарурат ҳам. Чунки ҳар жиҳатдан ҳавас қилса арзигудек одоб, хулқ -атвор эгаси бўлиб етишган, ҳеч кимнинг унга одоб муаллими бўлишига ҳожат йўқ эди. Ён- атрофда унинг барча фазилатларига гувоҳ бўлган, дуч келган кишига лақаб берадиган халқ унга ҳам узоқ синовлардан сўнг «Ал-Амин» лақабини муносиб кўрган эди. 

Уни «Ал-Амин» деб атай бошлаганларидан бери анча йиллар ўтиб кетди. Ҳеч ким уни бу лақабга нолойиқ деб билмасди, ҳатто шундай деб ўйламасдилар ҳам. Ҳеч ким, бу лақабни унга бериб янглишган эканмиз, демади.

Давоми...

Каналга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан улашишни унутманг!